Эрон ҳужумлари Исроил фойдасига ҳам ишлайдими ё ким ютди, ким ютқизди?

Исроил ва Эрон байроғига бўялган муштлар

Сурат манбаси, Getty Images

"Эрон фойдасига дуранг". Баъзи таҳлилчилар Эроннинг Исроил тупроғига биринчи ҳужумини шундай таърифламоқда.

Исроил армияси маълумотига кўра, Теҳрон шанба куни кечқурун Исроил томон 300 дан ортиқ дрон ва ракета учирди.

Эрон армияси айтишича, бу ҳужумлар "Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қилинган ҳужумга жавобан амалга оширилган ва барча мақсадларга эришилган".

Алоқадор мавзулар:

Эрон аввалроқ 1 апрель куни Дамашқдаги консуллигига Исроил ҳаво ҳужуми уюштирганига кескин жавоб бериш билан таҳдид қилган эди. Рейдда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар аъзоси ва олти нафар Сурия фуқароси ҳалок бўлганди.

Исроил консулликка ҳужум уюштирганини айтмаган, бироқ унинг ортида тургани тахмин қилинмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Фойда ва зарар

Эрон Исроилга ҳужумни муваффақиятли деб атади.

Бироқ, эронлик тадқиқотчи ва Лондонда жойлашган Араб-Эрон тадқиқотлари маркази директори Али Нуризодага кўра, бу ҳужум Эронга ҳеч қандай фойда келтирмаган. Тўғрироғи, у Эрон режимининг ожизлигини фош қилди, чунки бу ҳужумлар Исроил ичидаги ҳеч қандай нишонга айтарли таъсир қилмаган.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Бу ҳолат Эрондаги баъзиларнинг масхараларига сабаб бўлди.

Нуризоданинг фикрича, агар Эрон ўзи атаган "психологик уруш"ни давом эттирса, бундан ҳам кўпроқ ютуқларга эришиши мумкин эди.

Бошқа томондан, Тел-Авив университети қошидаги Моше Даян марказининг Яқин Шарқ тадқиқотчиси доктор Эрик Рундтскийнинг айтишича, Исроилнинг кучайтирилган огоҳлик ҳолатини эълон қилиши мағлубият эди. Унинг айтишича, бу исроилликларда хавотир уйғотган, кўпчилик бундай ҳужумлар такрорланишидан қўрқади.

Нуризоданинг айтишича, Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳу ҳозир ўзини янада кучлироқ ҳис қилмоқда. Ҳужум илгариги кучли танқидлардан сўнг Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Исроиллик тадқиқотчи айтишича, Исроил ҳужумдан маълум фойда олган бўлиши мумкин, аммо бошқа томондан ютқазди.

Унинг фикрича, ҳужум Исроилнинг Яқин Шарқдаги куч динамикасини фаҳмламагани ва ўз чегараларида Эрон зарбалари олдини олишга қодир эмаслигини кўрсатди.

Бошқа давлатлар "пинжига" қайтиш

Байден ва Нетаняҳу

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Байден АҚШ Исроилни қўллашини таъкидлаган.

Исроиллик тадқиқотчи Эрик Рундтский Эрон ҳужуми Исроилга ҳам фойда келтиради, деб ҳисоблай��и. Унинг айтишича, бу сиёсий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин, чунки Исроил бир неча ой ичида биринчи марта Ғарб томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Унинг айтишича, Исроил муносабатлардаги мисли кўрилмаган кескинликдан сўнг бу давлатлар, айниқса, АҚШнинг "пинжига" қайтиши мумкин.

Аксинча, эронлик тадқиқотчи Али Нуризода Теҳрон сиёсий жиҳатдан ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда ютқазди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, Эрон қўшни давлатларнинг қўллаб-қувватлашини йўқотган ва умуман ҳеч бир давлат томонидан қўллаб-қувватланмаган. Унинг таъкидлашича, айрим доираларда Эронни АҚШ билан тўғридан-тўғри урушга тортишга уринишлар бор.

Ҳар икки тадқиқотчи иккала давлатга нисбатан ички босим мавжудлигини тан олади.

Рундтский Исроилда катта хавотир борлигини айтади. Унинг айтишича, уруш билан бир қаторда ички сиёсий муаммолар юзасидан ғазаб кучайган, буни сўнгги пайтларда Ғазо секторида гаровга олинганлар озод қилинмагани сабабли кучайган.

Нуризоданинг ишонишича, Эрон олий раҳбари Али Ҳоманаий нафақат кўчаларда, балки режим ичидаги таниқли шахслар томонидан ҳам кучли босимга дучор бўлмоқда.

"Исроил томонидан Қуддус кучларининг етти нафар етакчиси ўлдирилганидан сўнг, Эрон инқилоб қўриқчилари томонидан босим кучайган, чунки улар қасос олишни талаб қилмоқда".

Эроннинг айтишича, Исроилга қилинган ҳужум Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужум учун қасос эди.

Дамашқда вайрон бўлган Эрон ваколатхонаси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Эрон ўтган 1 апрель куни Суриядаги ўз консуллигига қилинган ҳужум учун Исроилни айблайди.

"Ўт билан йўлланган хабар"

Ҳарбий ва стратегик эксперт ва Байрутдаги Яқин Шарқ стратегик тадқиқотлар маркази директори, истеъфодаги ливанлик генерал Ҳишам Жобир Би-би-си Араб хизматига "ҳужумнинг кутилмаган томони шундаки, бу ажабланарли эмасди" деди.

Унинг айтишича, бу ҳаво ҳужумидан олдинги икки ҳафталик "психологик уруш" бўлиб, Исроил "ваҳима ичида" бўлди.

Унинг айтишича, кўплаб объектлар ишдан тўхтагани ва кўплаб Исроил фуқаролари ўз уйларини ташлаб кетишгани сабабли руҳий ва моддий зарар етказилган.

Жобир Эроннинг "операцияси"ни Исроилга чуқур кириб бориш ва Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг тайёрлигини синаб кўриш қобилиятини на��ойиш қилиш учун мўлжалланган "ўт билан йўлланган хабар" деб таърифлайди.

Унинг фикрича, ҳужум Эронга сўнгги йиллардаги "стратегик сабр сиёсати"дан сўнг йўқотилган сиёсий обрўни тиклашга имкон берди, шунингдек, ҳарбий ва стратегик фойда келтирди.

Ливанлик ҳарбий эксперт, шунингдек, Эрон Исроил ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини чалкаштириб юбориш учун шунчалик катта миқдорда дронларни учирди, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг "Темир гумбази"нинг ўзи барча ракеталарни тўхтата олмаган ва Яқин Шарқдаги базаларда жойлашган АҚШ ва Британия кучлари ёрдам беришга мажбур бўлган.

"Агар Исроил ҳарбий жавобни танласа, - дейди Жобир, - унинг ракеталари Эронга бемалол етиб бора олади, аммо Эроннинг эҳтимолий кескин жавоби туфайли чуқур кета олмайди".

У қўшимча қилади: "Исроил учоқлари, албатта, Эронни аниқ бомбалаши мумкин, аммо улар Эрон огоҳлантирган араб давлатлари ҳаво ҳудудидан учиб ўта олмайди, АҚШ ҳам ўз базаларидан учишга рухсат бермайди".

Ишончни тиклаш

Лондон Иқтисодиёт мактабининг халқаро алоқалар профессори Фаваз Гергеснинг таъкидлашича, зарбалардан Исроил Эронга қараганда кўпроқ фойда кўрган.

Унинг тушунтиришича, Эроннинг зарбалари Исроилга катта зарар ва қурбонлар келтирмаган ва камига ҳозир бутун Ғарб Исроилни қўллаб-қувватламоқда. Унинг айтишича, АҚШ Ғарбнинг Исроилга қурол-яроғ, разведка соҳасида ҳамкорлик ва молиявий кўмак кўринишида ёрдамини сафарбар қилишга уринмоқда.

Гергеснинг айтишича, АҚШ Президенти Жо Байден Исроилни қўллаб-қувватлашни кучайтириш учун шошилинч равишда Катта Еттилик - G-7 саммитини ўтказишга чақириб, Исроилни жабрланган сифатида кўрсатмоқда. Нетаняҳу эса Ғазодаги вайроналикдан эътиборни вақтинча бўлса ҳам чалғитиш имконига эга бўлди, дейди Гергес.

Унинг таъкидлашича, Нетаняҳу Ғарб давлатлари, хусусан, Президент Жо Байден билан муносабатларни тиклашдан наф кўради. Чунки Ғарб давлатлари Исроилни Ғазо секторидаги "зулмлари" учун кескин танқид қилаётганди.

"Исроил учун стратегик йўқотиш"

Аммо Гергес Исроил учун салбий оқибатларни ҳам кўради ва бу стратегик йўқотиш, мамлакат заифлигини кўрсатувчи ҳолат дейди.

Унинг айтишича, Эрон ўз халқи, иттифоқдошлари ва душманларига Исроилга қарши туришга тайёрлигини тўғридан-тўғри намойиш этишдан манфаатдор эди.

Гергеснинг фикрича, Эрон Исроил ўзини ёлғиз ҳимоя қила олмаслиги, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Иордания каби иттифоқчиларига суянишини кўрсатиб қўйди.

Унинг қўшимча қилишича, Исроилнинг сўнгги пайтларда Эронга қайта-қайта зарба беришдан асосий мақсади Эроннинг заиф ва урушга киришга журъат этмаслигини кўрсатиш эди. Бироқ, унинг айтишича, ҳужумлар бу тасаввурни бузган.

У минтақа сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий инқироз ёқасида эканлигидан огоҳлантиради.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002