Темир ўпкада яшаган инсон: Пол Александр қандай қилиб бунча яшай олди?

  • Кэтрин Сноудон
  • Би-би-си
Филипп Александр акаси темир ўпка ичидаги акаси Пол билан

Сурат манбаси, Philip Alexander

Сурат тагсўзи, Филипп Александр акаси темир ўпка ичидаги акаси Пол билан

Пол Александр уйқудан уйғониб, ўзини катта метал цилиндр ичида кўриб, даҳшатга тушди. ��илиндрнинг бир томонидан унинг бошигина ташқарига чиқиб турарди. Ўшанда у атиги 6 ёшда эди.

У қандай қопқонга тушиб қолганини тушунолмасди, ёрдамга одам чақиришга уринди, аммо овози чиқмасди.

Пол оғир полиомиелитдан омон қолдию, аммо фалаж эди. Фавқулодда трахеостомия операциясидан сўнг, у темир ўпка ичида яшашга мажбур эди.

Яқинда у 78 ёшида вафот этди. Пол ўзининг темир ўпкасида етмиш йилдан кўпроқ яшади, ҳали ҳеч ким темир ўпкада бунча кўп яшамаган.

Pol

Сурат манбаси, GoFundMe

Унинг кўплаб тақдирдош тенгдошларидан фарқи нима эди ва нима унга яшаб кетишига ёрдам берди?

Полиомиелит 19-аср охири ва 20-аср бошларида кенг тарқалиб, кўплаб болаларни ўлдирди ва майиб қилди.

Алоқадор мавзулар:

1952 йилда Техасдаги касалхонада Пол атрофида шу аҳволга тушган бошқа болалар кўп эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар 200 полиомиелитга чалингандан бемордан биттаси доимий фалаж бўлиб қолади. Фалажланганлар орасида 5-10 фоизида нафас олиш мушаклари ишламай вафот этади.

Ноаниқ келажак

Касалхонада икки йил ўтгач, шифокорлар Полнинг келажагига шубҳа қила бошладилар.

Шу сабабли ота-онаси дадил қарор қабул қилди: уни ва унинг темир ўпкасини уйига олиб кетишди. Аммо у ўлмади. Пол ота-онаси қарамоғида уйда кучга тўлди.

Темир ўпкалари манфий босим тизимидан фойдаланади. Двигателда ишлайдиган насос цилиндрдан ҳавони сўриб, беморнинг танаси атрофида вакуум ҳосил қилади ва ўпканинг кенгайишига ва ҳавони тортиб олишга ёрдам беради. Ҳаво орқага қайтса, худди шу жараён тескарига айланади - ўпка тораяди. Қурилманинг ишлаши учун энергия манбаи керак.

Электр узилишлари пайтида насосни қўлда ишлатиш керак эди; қўшнилар ёрдамга келишди. Полнинг отаси, агар шошилинч ёрдамга муҳтож бўлса, оғзи билан жиринглатса бўладиган сигнал қўнғироғини ясади.

Вақт ўтиши билан Пол томоқ мушаклари ёрдамида ҳавони ютиб, ўпкасига ҳаво киритишни ўрганди. У буни қурбақа нафаси деб атарди.

Унинг укаси Филипп Би-би-сига кучукча ваъдаси Полни жасур бўлишга ва темир ўпкасидан ташқарида глоссофарингеал (қурбақа нафаси учун тиббий атама) нафас олишнинг мураккаб техникасини ўрганишга рағбатлантира олди.

"У, албатта, бўғилишдан қўрқарди, - дейди Филипп. - Уч дақиқа турсанг, хоҳлаган кучукчангни оласан, дейишди. У буни уддалади.

Пол дўсти Кэти Гейнс билан

Сурат манбаси, Rotary Club of Park Cities Dallas

Сурат тагсўзи, Пол дўсти Кэти Гейнс билан

Унинг ўзига ишончи ва кучи ошгани сайин, темир ўпкадан ташқарида кўпроқ вақт ўтказа олди. Ҳаётни кўпроқ ҳис қила бошлади. Унга болаликдаги дўстлари билан ногиронлар аравачасида сайр қилишига рухсат берилди, чарчаганида эса темир ўпкага қайтади.

"У мен учун оддий ака эди. Биз жанжаллашардик, ўйнардик, севдик, суҳбатлашдик, концертларга бирга бордик - у оддий ака эди", - дейди Филипп.

Пол мактабни уйда тугатди, ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киришдан олдин коллежда ўқиди.

huquq

Сурат манбаси, University of Texas

Филипп Полнинг Остиндаги Техас университетида ўқиган вақти ҳақида "ақл бовар қилмасди" деб эслайди. Унинг ота-онаси Полга темир ўпкаси билан яшашга ёрдам беришди, кейин эса у ёлғиз қолди - унинг ёлланган ёрдамчиси доим ҳам қарай олмаганида қийналди.

"Унинг ҳақиқатан ҳам ғамхўрлари йўқ эди. У ётоқхонада эди ва турли одамлар унга ғамхўрлик қилишди. Улар уни кампус атрофида [ногиронлар аравачасида] олиб юришди», дейди Филипп.

Пол Даллас марказида адвокатлик қилди. Унинг офисига келиб, уни темир ўпкада кўрган мижозлар ҳайратга тушгани аниқ.

"Буни кўриш осон эмас, фақат боши чиқиб туради, - дейди Филипп. - Одамлар дарҳол шокка тушади. Буни кўп марта кўрганман».

Пол ҳаётининг кўп қисмини ёлғиз ўтказди, бу эса ҳожатхонадан фойдаланиш ёки оддий сув ичиш каби асосий инсоний эҳтиёжларини қондира олмайдиган одам учун бу муҳим аҳамиятга эга.

Филипп айтишича, у одамларга ёрдам бериш орқали уларнинг ҳам ёрдамини олган.

"У ўзига хос ғамхўрликка муҳтож эди. Ҳатто профессионаллар ҳам темир ўпкада яшайдиган фалаж одамга ғамхўрлик қилишга ўргатилмаган", дейди Филипп акасини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ улкан масъулият ҳақида.

"Ғамхўрликнинг аксарияти соқол олиш ва озиқлантириш каби оддий эди. Аммо уни ҳаракатга келтириш учун бармоғини қисиб қўймаслик ва ҳоказолардан эҳтиёт бўлиш керак эди".

Полга қарайдиган одам қидириб берилган эълонларига нима деб жавоб бериш ҳам қийин эди.

iqtibos

"Улар йўл-йўлакай ўрганишарди, - дейди Филипп. - Кўпчилик бир-икки кун ичида кетиб қоларди. Бир куни бир нечта соҳага доир марказларга бордим, вазиятни айтганимда, уларнинг юз ифодалларини кўрсангиз эди».

Полнинг ҳаётида ўнлаб йиллар давомида бўлган битта ғамхўри бор эди. Кети Гейнс вафот этганида, унинг ўлими Полни қаттиқ тушкун қилиб қўйди.

Филиппнинг айтишича, у ҳар доим ўзини акасининг ғамхўри сифатида кўрган, лекин у Полнинг ёрдамчиларига қойил қолган: "Унинг ҳаётида жуда кўп ажойиб дўстлари бор эди, баъзилари жуда зўр одамлар эди".

Ёрдам керак

Бу одамлардан бири Полнинг ҳаётига жуда зарур вақтда кириб келган.

2015 йилда унинг темир ўпкаси тешила бошлаган. Бу каби ўпкалар ўша пайтда жуда ноёб бўлгани сабабли, муҳим таъмирлаш ишларини бажара оладиган одамни топиш вақтга қарши пойга эди.

Илтимоснома ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг, бутун дунёдан жавоблар келди. Лекин ечим уйга анча яқин жойда экан.

Полнинг Далласдаги уйидан ўн миль нарида Брейди Ричардсга тегишли бўлган Экологик синов лабораторияси жойлашган эди.

Жаноб Ричардс бир бинони тозалаш пайтида иккита темир ўпкани топганди. Бир куни фельдшер келиб: "Шу ерда темир ўпка машинаси бор деб эшитдим." деганини эслайди.

Темир ўпка ишдан чиққани учун Полнинг жонини сақлаб қолиш учун тиббиёт ходимлари уни касалхонага олиб бориб, олиб келиб юришди. Вазият умидсизликка чўлғанган вақтда, хабар жаноб Ричардсга етиб борди.

Брэди Ричардс омборида

Сурат манбаси, Brady Richards

Сурат тагсўзи, Брейди Ричардс омборида

"Ўша пайтда мен Пол Александрни мутлақо танимасдим", дейди жаноб Ричардс. Фавқулодда вазиятдан хабар топгач, у дарҳол омборидаги бузилган машиналардан бирини тиклашга киришди.

У баъзи қисмларни нолдан ясади, бошқаларини бошқа қурилмалардан олди ва тушундики: "Темир ўпкалар жуда ишончли машиналар. Улар узоқ вақт хизмат қилиш учун мўлжалланган.

Бу оддий қурилма, шунинг учун мен унинг қандай ишлашини осон билиб олдим. Сиз нафас олиш тезлигини ва босимни оширишингиз ёки камайтиришингиз мумкин."

Таъмирланган машина тайёр бўлгач, жаноб Ричардс уни Полнинг квартирасидаги бузилганига алмаштирди. Барини бепулга бажарди.

Аммо бу ҳикоянинг охири эмас эди. Ўша куни кечқурун жаноб Ричардсга Полнинг хизматчиси қўнғироқ қилиб, машина ишламаётганини айтди.

Жаноб Ричардс Полнинг квартирасига қайтиб борди ва тезда бўйин ёқаси нотўғри тақилганини ва бўшашганини аниқлади.

"Биз муаммони ҳал қилиш устида ишлаётганимизда, Пол: "Мен яхшиман, мен яхшиман", дейди, - деб эслайди жаноб Ричардс. - Гап шундаки, у ўша вақтда кўкариб кетган бўларди."

Бундай умидсизлик пайтларида Пол темир ўпкадан кўра бошқачароқ ишлайдиган кўпроқ портатив нафас олиш аппаратларидан фойдаланди.

"Мусбат босимли респираторлар беморнинг боши машина ойнасидан ташқарига чиқиб қолгандек ҳис қилдиради. Бу туйғу ҳаммага ҳам ёқмайди", деб тушунтиради Лондондаги Сент-Томас касалхонасидаги Лейн Фокс нафас олиш бўлимининг етакчи клиник маслаҳатчиси доктор Патрик Мерфи.

Пол ҳеч қачон ушбу ниқоб қурилмаларни доимий ишлатмаган.

Англия шимолидаги Йорк шаҳрида яшовчи полиомиелитдан омон қолган яна бир киши қурилмасини ўзгартирган.

78 ёшли Жеймс Портеус

Сурат манбаси, James Porteous

Сурат тагсўзи, 78 ёшли Жеймс Портеус

78 ёшли Жеймс Портеус Пол билан бир йилда полиомиелит билан касалланган. У ҳам дастлаб темир ўпкага жойлаштирилган.

У ҳаётини нафас олиш ёрдамисиз ҳам ўтказиши мумкин бўлган даражада тузалиб кетди, лекин аксар полиомиелитдан омон қолганларда бўлгани каби, кексайгани сари кўпроқ ёрдамга муҳтож бўла бошлади.

Ҳозир у кунига тахминан 17 соат нафас олиш ниқобидан фойдаланади: "Темир ўпкада бўлганимни кўп эслай олмайман. Оёқ-қўлларни деформациядан сақлаши учун аввалига бошдан оёқ гипсда бўлганман", дейди жаноб Портеус, Британия полиомиелит жамиятининг минтақавий президенти.

Жаноб Портеус узоқ вақт биржа савдоларида қатнашган, кейин эса Nestlé таркибига кирувчи Rowntree's компаниясида турли юқори бошқарув лавозимларида ишлаган. Оилали, тўрт қизи бор. У дунё бўйлаб саёҳат қилди.

mashinasida

Сурат манбаси, James Porteous

"Умримнинг охиригача тиззамда гиламча билан ўтиришим мумкин эди, лекин давом этишга қарор қилдим. Ҳозир чарчадим, кўчага чиқмаяпман, лекин ҳаёт ажойиб. Яхши оилам, яхши дўстларим бор. Умрим давомида кўришни истаган ягона нарса - бу бутун дунёда полиомиелит бутунлай йўқ бўлишидир", дейди у.

Пол ҳам бутун дунё бўйлаб полиомиелитга барҳам берилишини қаттиқ истарди. У бу ҳақда 2020 йилги хотира китобида ёзган. Бу китобни у оғзида тутилган қалам билан компьютер клавятурасини териб ёзган.

Филиппнинг айтишича, китоб нашр этилгандан кейингина у акаси бутун дунё одамлари учун қандай илҳом бахш этганини англаган: "Унинг ҳурмат қилиниши кўп жиҳатдан унинг шахсияти билан боғлиқ эди. У жуда сертабассум ва жуда меҳмондўст, илиқ одам эди. Одамлар унинг олдида ўзини жуда ҳотиржам тутарди."

Брейди Ричардс йиллар давомида Полга кўмак берди. У Полга керак бўлганда уйдан уйга кўчганда ёрдам берди ва темир ўпкани мунтазам равишда таъмирлаб, кўз-қулоқ бўлиб турди: "Полнинг ёнида бўлиш доим завқли эди - у жуда кўтаринки ва некбин инсон эди".

Доктор Мерфи Полга ғамхўрлик қилган одамларни қаттиқ ҳурмат қилади.

Сурат манбаси, NHS

Сурат тагсўзи, Доктор Мерфи Полга ғамхўрлик қилган одамларни қаттиқ ҳурмат қилади.

Доктор Мерфи Полга ғамхўрлик қилган одамларни қаттиқ ҳурмат қилади.

"Унинг ота-онаси ўғлини уйига ўша пайтда нисбатан юқори технологияли машинада олиб кетишган. Бундан ташқари, трахеостомия ҳам бор эди, бу алоҳида эътибор талаб қилади. Улар бир вақтда ҳам муҳандис, ҳам ҳамшира, ҳам шифокорлар бўлишлари керак эди.

"Малакали кўплаб шифокорлар ёки ҳамширалар билан гаплашсангиз, улар нафас олиш етишмовчилиги бўлган беморни даволай олишларига унчалик ишонишмайди, аммо Пол ва унинг оиласи буни уйда мустақил равишда уддалашди. Камситиб бўлмас жасоратдир бу», дейди доктор Мерфи.

Жаҳон рекорди

Ўтган йили Пол темир ўпкада энг узоқ умр кўрган шахс сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Филиппнинг ҳайрати анча чуқур: "Мен унинг ҳаётида жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирганини кўрганман. Мен уни соғинаман. Бирор муаммом бўлса, доим унга қўнғироқ қилардим».

Унинг айтишича, бутун дунё Пол темир ўпкада бунчалик узоқ яшаганига ҳайрон бўлиши мумкин, аммо ота-онаси бунга ҳайрон бўлмасди: "Улар унга ишонишди. Улар унга жуда кўп куч ва севги бердилар. Улар учун шундай бўлиши табиий эди."

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002