Ғарб Украинага янги қуроллар беради

патриот

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ, Италия, Нидерландия, Руминия ва Украина қўшма баёнотида Киев яна 5 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини олиши айтилди.

"Биз Украинага давом этаётган Россия тажовузидан, жумладан, Россиянинг Украина шаҳарларига, фуқаролик ва ўта муҳим инфраструктурасига атайин қилаётган ҳужумларидан ҳимояланиш учун кўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини бермоқчимиз", дейилади баёнотда.

Режага кўра, Киев АҚШ, Германия ва Руминиядан 4та Patriot тизимини ва Нидерландия ҳамда бошқа ҳамкорлардан унга бутловчи қисмларни, шунингдек, Италиядан битта SAMP/T тизимини олади.

"Ушбу 5 та ҲҲМ стратегик тизими Украина шаҳарлари, тинч фуқаролар ва аскарларни ҳимоя қилишда ёрдам беради".

Германия ва Руминия 2та Patriot юборишини маълум қилди, Нидерландия ҳукумати эса Киев учун битта тизим йиғиш устида ишлаётганини айтди.

Олдинроқ Жо Байден Вашингтонда қилган чиқишида келгуси бир неча ой давомида Ғарбдаги ҳамкорлар Украинага "қўшимча равишда ўнлаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тактик тизимларини" тақдим қилиши ҳақида гапирганди.

иқтибос

"Тарихнинг ушбу онлари бизнинг жамоавий кучимизни талаб қилади. Путин Украинани тўлиқ бўйсиндириш, Украина демократиясини тугатиш, Украина маданиятини йўқ қилиш ва Украинани ер юзидан супуриб ташлашдан бошқа нарса истамаяпти. Путин Украина билан чекланмаслигини биласиз. Украина Путинни тўхтатиши мумкин", деган у НАТО саммитида.

Қўшма баёнотда аниқлик киритилишича, АҚШ ва ҳамкорлари яқин ойларда Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоясини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун ўнлаб Ҳаво Ҳужумидан Мудофаа тактик тизимларини, жумладан, NASAMS, HAWK, IRIS T-SLM, IRIS T-SLS ва Gepard ларни бериш ниятида.

Зеленский янги тизимлар учун ҳамкорларига миннатдорчилик билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ ва Ғарбдаги бошқа ҳамкорларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бераётгани учун миннатдорчилик билдирди. Унинг айтишича, бу тизимлар Россия ҳаво терроридан украинларни ҳимоя қилишда ёрдамлашади.

У Х да "Вашингтондаги НАТОнинг илк ишчи куни аниқ натижа билан бошланди", деб ёзди.

"Украинага ҳамкорларидан келадиган қўшимча Patriot, SAMP/T ва IRIS-T SLM зенит ракета мажмуалари, шунингдек, бундан бошқа тактик ракета мажмуалари бизга Россия дронлари ва ракеталарини йўқ қилишда ҳамда кеча бизнинг бош болалар касалхонамизга бўлган шафақатсиз ҳужум каби Россия ҳаво терроридан украинларни ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшади", деган у.

9 июл: НАТО Украинани олмоқчими, Москвага муҳим сигнал, Путин ҳозирча жим...

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украинанинг блокларга қўшилмаслик мақоми Киев билан тинчлик музокараларида Москванинг асосий талабларидан бири бўлади

Путин ва Россия учун муҳим бўлган масала кун тартибига чиқадими?

Алоқадор мавзулар:

Germaniya va NATO bayrog'i

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Вашингтонда НАТО саммити иш бошлаётир.

Унда Украинанинг НАТОга аъзолиги борасида муҳим баёнотнинг янграши кутилмоқда.

Украина барибир НАТОга кирадими?

Саммит Россия ва Путин учун муҳим бўлган бу мавзуни яна кун тартибига олиб чиқди.

Путин НАТОнинг шарққа кенгайишига қарши.

Худди шу нарса Россиянинг Украинага тўлақонли уруш очишига ҳам сабаб бўлган.

НАТО дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ бўлади.

32 аъзолик мазкур альянс Россиянинг геосиёсий рақиблари бўлган Ғарбнинг етакчи давлатларини ҳам ўз ичига олади.

Мазкур иттифоққа уч постсовет давлати - Латвия, Литва ва Эстония ҳам киради.

Аммо Путин НАТОнинг Шарқий Европада янада кенгайишини истамайди.

Унга Грузия ва Украинанинг кириши борасида муросага бормаслигини расман ва ошкора баён қилиб келади.

НАТО Бош котиби сўнгги бор шу йил март ойида минтақага қилган сафари чоғида Грузиянинг иттифоққа аъзолиги масаласига ўзининг баҳосини берган.

Йенс Столтенберг НАТО Грузиянинг бу истагини қўллаб-қувватлашини баён қилган.

У Грузиянинг НАТО билан ҳамкорлиги ҳануз давом этаётганлигини ҳам билдирган.

Грузия НАТОнинг Евро-Атлантика Ҳамкорлик кенгашига киради.

Унинг НАТОга кириш нияти иттифоқнинг 2008 йилда Бухарестда бўлиб ўтган саммити чоғида қўллаб-қувватланган.

Худди ўша йили бу жараёнга бошчилик қилиши айтилган НАТО-Грузия комиссияси ҳам иш бошлаган.

Аммо бу йўлдаги асосий тўсиқ Грузиянинг икки бўлгинчи минтақаси - айнан Абхазия ва Жанубий Осетиядаги Россия қўшинлари экани айтилади.

Буёғи нима бўлади?

Ukraina prezidenti va rafiqasi

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Володимир Зеленский Украинани тезроқ НАТОга олишга чақириб келади.

Вашингтондаги саммит якунлари бўйича қабул қилиниши кутилаётган ��ўшма коммюнике дастлабки лойиҳаси матни шу соатларда Ғарбнинг етакчи оммавий ахборот воситаларининг эътиборини ўзига тортган.

Маълум бўлишича, унда Украинанинг барибир НАТОга кириши айтилган.

Бу ҳақда CNN мавзудан бохабар учта манбага таяниб хабар берган.

НАТОнинг бу борада Украинага қанчалик кучли кафолатлар бериши кераклиги масаласи эса, саммит олдидан асосий муҳокама мавзусига ҳам айланган.

Ҳужжат лойиҳаси матни ҳали ўзгариши мумкин, аммо унинг борлиги Киев ва Москва учун муҳим сигнал бўлади, деб ёзмоқда CNN.

Телекомпания манбаларидан бири, америкалик мулозимнинг айтишича, агар Киевнинг демократик ислоҳотлар йўлидан қайтмаслиги ҳам тасдиқланса, якуний ҳужжатда "барибир" сўзининг бўлишини қўллаб-қувватлайди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожига ҳозирча Россия томонининг муносабати имконли эмас.

Украинанинг блокларга қўшилмаслик мақоми Киев билан тинчлик музокараларида Москванинг асосий талабларидан бири бўлади

Украина ва НАТО

Iqtibos

Йенс Столтенберг ўзининг ўтган йил апрелида Киевга қилган илк ташрифи чоғида Украинанинг келажаги НАТОда эканини баён қилган.

НАТО Бош котиби ўшанда "бу ишнинг вақти келиб амалга ошишини" айтган.

У билан бирга қўшма матбуот анжмуани берган президент Володимир Зеленский эса, Украинани тезроқ НАТОга олишга чақирган.

Зеленский "бу борада тегишли қарор қабул қилишнинг вақти келганлиги"ни айтган.

Украина президенти айни мазмундаги баёноти сабабини "ҳозир НАТОга аъзо давлатлар ва мамлакати аҳолисининг кўпчилиги буни қўллаб-қувватлаши" билан изоҳлаган.

НАТО жорий пайтда Украинани дастаклаш бўйича узоқ йиллик ташаббус устида ишлаётганини маълум қилган Йенс Столтенберг эса, "энг муҳими - Россиянинг Украина билан ҳеч қачон уруша олмаслигини таъминлашга эришиш экани"ни баён қилган.

Украина уруши арафасида Россия талабини рад этаркан, АҚШ томони НАТОнинг "очиқ эшиклар сиёсатидан воз кечмаслиги"ни таъкидлаганди.

Аммо НАТО Бош котибининг Киевдаги мазкур баёноти иттифоққа аъзо давлатлар томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Германия Мудофаа вазири ўшанда Украинанинг тез орада НАТОга қўшилиши ғоясини рад этиб чиққан.

У бундай қарорлар фақатгина бирдамлик ҳисси билан қабул қилинмаслигини билдирган.

Германия Мудофаа вазири Украинанинг НАТОга аъзолиги борасидаги қарор фақат "совуқ ақл ва қайноқ юрак" билан берилиши кераклигини айтган.

У бу борадаги вазият Киевга ҳам маълум эканини баён қилганди.

Iqtibos

Саммит арафасида яна нима гап?

АҚШ президенти Вашингтондаги саммит арафасида Россиянинг Украинага берган сўнгги ҳалокатли зарбаларини қоралаган.

Жо Байден бу "Россиянинг шафқатсизлиги ҳақида даҳшатли эслатма" эканини таъкидлаган.

Россиянинг душанба кунги ҳужумлари қурбонлари сони ҳам ортган, улар камида 38 кишини ўлдиргани маълум бўлган.

АҚШ президенти НАТОнинг Вашингтондаги саммити арафасида Украинанинг ҳаводан мудофаасини кучайтиришга ваъда берган.

Унинг сўзларидан бу масала ҳам саммит чоғида кўрилажаги маълум бўлган.

Саммитда Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг ҳам иштироки кутилмоқда.

Бугун сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Украинанинг сўрови билан йиғилади.

Rossiya hujumlari oqibati

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина президентининг маълум қилишича, Россия душанба куни ўзларига қарши 40 дан ортиқ ракета билан зарба берган.

Киев мэри Виталий Кличко эса, пойтахтдаги қонли ҳужумлар ортидан 9 июлни мотам куни, деб эълон қилган.

Украина президентининг маълум қилишича, Россия душанба куни ўзларига қарши 40 дан ортиқ ракета билан зарба берган.

Киев, Днепр, Кривой Ров, Славянск ва Краматорскдаги 100 га яқин бинога зиён етказган.

Вашингтондаги НАТО саммити, бошқа томондан, Жо Байденнинг АҚШ президентлигига қайта номзодлигини ё бор ва ё йўқ қилиши кутилмоқда.

Республикачи рақиби Дональд Трамп билан илк муваффақиятсиз телевизион дебати ортидан Жо Байден сайлов пойгасидан чиқиш босими остида қолиб келади.

АҚШнинг демократчи президенти ҳозирча ўз мавқеида қатъий, президентлик учун яна беллашаман, деб турибди.

8 июл хроникаси

Россия Киев болалар шифохонасига зарба берди

Зеленский ижтимоий тармоқдаги постида одамлар шифохона вайроналари остида қолиб кетганини айтди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Зеленский ижтимоий тармоқдаги постида одамлар шифохона вайроналари остида қолиб кетганини айтди.

Украина пойтахти Киевда болалар шифохонасига жиддий зарар етди, Россиянинг мамлакат бўйлаб уюштирган зарбалари оқибатида 24 киши ҳалок бўлди, дейди расмийлар.

Киевда камдан-кам учрайдиган кундузги ҳужумда камида 10 киши ҳалок бўлди. Оҳматдит болалар касалхонасидан олинган кадрларда унга катта зарар етказилганини кўриш мумкин. Шаҳар ҳокими портлашда қурбонлар борлигини айтди.

Алоқадор мавзулар:

Украинанинг марказий қисмидаги Кривой Рог шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбарининг айтишича, у ерда камида 10 киши, шарқдаги Покровск шаҳрида яна уч киши, Днепрда бир киши ҳалок бўлган.

Хавфсизлик шартномасини имзолаш учун Полшага ташриф буюрган Украина Президенти Владимир Зеленский Россия тинч аҳолига берган зарбаларининг оқибатларига жавоб бериши кераклигини айтди.

"Турли шаҳарлар: Киев, Днепр, Кривой Рог, Словянск, Краматорск. Ҳар хил турдаги 40 дан ортиқ ракеталар. Турар-жой бинолари, инфратузилма ва болалар шифохонасига зарар етди", - деди жаноб Зеленский.

Пойтахт Киев бўйлаб тутун булутларини кўриш мумкин, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эса Охмадит болалар шифохонаси ичи ва ташқарисидаги вайронагарчиликлар акс этган.

Жаноб Зеленский ижтимоий тармоқдаги постида одамлар шифохона вайроналари остида қолиб кетганини айтди.

"Ҳозир ҳамма вайроналарни тозалашга ёрдам бермоқда - шифокорлар ҳам, оддий одамлар ҳам", — деб ёзди президент.

Соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг айтишича, портлаш оқибатида саратон ва интенсив терапия бўлимлари зарар кўрган.

Воқеа жойидан олинган фотосуратларда ёш болалар, баъзилари томир ичига томчилаб юборилувчи дорилар билан касалхона ташқарисида ўтирганини кўриш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг айтишича, портлаш оқибатида саратон ва интенсив терапия бўлимлари зарар кўрган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг айтишича, портлаш оқибатида саратон ва интенсив терапия бўлимлари зарар кўрган.

Киев мери Виталий Кличко шифохонадан бу бомбардимон уруш бошланганидан бери пойтахтга қилинган "энг ёмон ҳужумлардан бири" бўлганини айтди.

Унинг айтишича, шифохонага қилинган ҳужумда "ҳалок бўлганлар" бор ва аниқ рақамга аниқлик киритилмоқда.

Кривой Рог ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул Телеграмда шаҳарга ҳужум натижасида камида 10 киши ҳалок бўлгани ва 31 киши яралангани ҳақида хабар берди. Улардан 10 нафари оғир яраланганини айтди.

Кривой Рог жаноб Зеленскийнинг туғилган шаҳри бўлиб, 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери Россия томонидан бир неча бор ҳужумга учраган.

Днепр вилояти раҳбари Сергей Лисакнинг айтишича, Днепр шаҳрида бир киши ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган. Унинг қўшимча қилишича, кўп қаватли бино ва бизнесга зарба берилган.

BBC

Россия қўшинлари сўнгги ҳафталарда қатор қишлоқларни ўз назоратига олган шарқий Донецк вилоятининг Покровск шаҳрида уч киши ҳалок бўлди.

Россиянинг бу ҳужуми Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди икки кунлик давлат ташрифи билан Москвага келган ва душанба куни Кремлда Президент Владимир Путин билан музокара ўтказиши керак бўлган пайтга тўғри келди.

Москва ҳозирча ҳужумлар ҳақида изоҳ бермаган, бироқ аввалроқ ўз ҳарбийлари фуқаролик инфратузилмасини нишонга олмаслигини таъкидлаганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси сўнгги ойларда Россия ҳаво ҳужумларини янгилагани туфайли тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётганини маълум қилган. Яқинда берилган ҳисоботда айтилишича, май ойи деярли бир йил ичида тинч аҳоли учун энг ҳалокатли ой бўлган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.