Марказий Осиёда сув танқислиги фавқулодда ҳолатга олиб келди, Президентнинг Каъбага кириши нега танқид қилинди? Қозоғистон Россияга қарамликдан қутиладими?

Имомали Раҳмон Каъба ичига 3 марта кирган

Сурат манбаси, President.tj

Сурат тагсўзи, Имомали Раҳмон Каъба ичига 3 марта кирган

Марказий Осиёда қурғоқчилик ортидан сув етишмаслиги ҳукуматларни кескин чоралар кўришига олиб келмоқда. Расмийлар нега мигрантларнинг пулларига кўз олайтиряпти? Тожикистон президентининг 5 чи умраси кескин танқид қилинди. Минтақанинг муҳим хабарлари.

Қозоғистон нефтини экспорт қилишда Россияга қарамликдан қутила олмайдими?

Қозоғистоннинг vlast.kz мустақил сайтида чиққан мақолада айнан шу масала кўтарилган. Бир нечта экспертларнинг фикри келтирилган мақолада айтилишича, Марказий Осиёнинг нефтга бой давлати қисқа муддатда ёки яқин келажакда табиий бойлигини Россияни айланиб ўтиб четга сотишнинг уддасидан чиқолмайди.

Унда таъкидланишича, Қозоғистон ўнлаб йиллардан бери нефтни экспорт қилиш йўлларини турфахиллаштириш борасида айтиб келади, бироқ амалда ҳеч нарса қилинмаган. Қозоғистоннинг Россия орқали ўтадиган қувурлари Ғарб санкциялари таҳдиди остида қолган. Муқобил йўл топиш учун сармоя ва вақт керак, аммо улар ҳам Россия йўли билан солиштирганда кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Мамлакатдаги сиёсий муҳит четдан сармоядорлар келишига тўсқинлик қилмоқда, дейилади мақолада.

Қирғизистон энергетика соҳасида 3 йил фавқулодда ҳолат жорий қилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2023 йилнинг 1 августидан бошлаб мамлакат энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий қилинишини маълум қилди. Расмий сайтда айтилишича, фавқулодда ҳолат 2026 йилнинг 31 декабригача амал қилади.

Шу муносабат билан чиқарилган Президент фармонида айтилишича, фавқулодда ҳолат жорий қилишдан мақсад иқлим ўзгариши муаммолари, Норин дарёсида сув озлиги ва энергияга бўлган талабнинг тез ўсиши натижасида уни етказиб беришдаги муаммолар туфайли келиб чиққан мамлакатдаги энергетик инқирозни бартараф этишдир.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда юз бераётган қурғоқчилик дарёларда сувларнинг камайиб кетишига олиб келган. Натижада Қирғизистон электр энергияси етишмовчилигидан азият чекмоқда.

Қирғизистон Энергетика вазири Талайбек Ибраевнинг айтишича, мамлакатда бу йил 3 млрд квт соат электр энергия етишмайди, 2026 йилга келиб бу кўрсатгич 5-6 миллиард квт соатга етиши мумкин.

Президент фармонида сув тақсимлашнинг минтақавий сиёсатини ўзгартиришга чақириқ бор.

Маҳаллий журналистлар йирик гидро энергетика салоҳиятига эга давлатда ток етишмаслиги жамиятда норозилик келтириб чиқариши ва мамлакатда ижтимоий-сиёсий таранглик пайдо қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Туркманистон сув етишмаслиги сабаб пойтахтдаги фаввораларни ўчирди

Архив расм
Сурат тагсўзи, Архив расм

Сув муаммоси минтақанинг яна бир давлати Туркманистонда ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани хабар қилинмоқда.

Германияда жойлашган Turkmen News сайтининг ёзишича, пойтахт Ашхободдаги фавворалар 17 июлдан бери ишламаяпти. Коммунал хизмат кўрсатувчилар пойтахтдаги барча фаввораларнинг ишламаслигини сув етишмаслиги билан изоҳлаган.

Нашр сув муаммоси фақат Туркманистонда эмас, балки Марказий Осиёнинг барча давлатларида муаммо бўлаётганини айтган. Айниқса, Туркманстоннинг Болқон вилоятида аҳвол фалокатли эканлигини айтилмоқда. Ҳазар шаҳрида юқори қаватларга сув умуман чиқмаяпти.

Мигрантлар пулига ҳам Россия ҳамда Тожикистон давлати кўз олайтирмоқдами?

Migrantlar

Сурат манбаси, AFP

Тожикистоннинг Asia-Plus агентлиги ёзишича, Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг пулларига нафақат Тожикистон балки Россия расмийлари ҳам кўз олайтиришмоқда.

Нашрнинг ёзишича, "Адолатли Россия" партияси раҳбари Сергей Миронов мигрантларнинг маошини оширишни, аммо шу билан бирга пул ўтказмаларига солиқ жорий қилишни таклиф қилган.

Миронов олдинроқ Россияга МДҲдан келувчи мигрантларга виза жорий қилишни ва уларнинг Россияда ишлашини мураккаблаштириб, иш берувчи мигрантларни ишга олишдан олдин ўйлаб кўришга мажбурловчи чораларни жорий қилиш таклифи билан ҳам оғизга тушганди.

Asia-Plus нинг ёзишича, мигрантларнинг пул ўтказмаларига солиқ жорий қилиш таклифи Тожикистон ҳукуматида ҳам янграган. Ушбу ташаббус эгалари пул ўтказмаларидан тушган солиқлар мигрантларнинг пенсияларига ишлатилишни кўзда тутишган. Бироқ ҳозирча ушбу таклиф амалга ошмаган.

Президентнинг бешинчи умраси кескин муҳокамаларга сабаб бўлди

Имомали Раҳмон

Сурат манбаси, President.tj

Тожикистоннинг Мухолифатдаги Payom.net сайти аксил исломий қарорлари билан танилган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яна Каъба ичига кириб ибодат қилди, деб ёзди.

Сайтга кўра, Имомали Раҳмон мамлакатдаги барча диний мактабларни ва 60 фоиз масжидларни ёпган. Нашрга кўра, Тожикистон президенти 5 чи марта Умра амалини бажарган ва 3 марта Каъба ичига киришга муваффақ бўлган.

Иқтибос

Варшавада жойлашган Azda TV янгиликлар канали юртидаги мусулмонларнинг бир мартадан ортиқ Маккага боришини танқид қилган Президент Раҳмон ўзи бешинчи умрасини а��алга оширди, деб ёзди.

"Имомали Раҳмон мамлакатдаги Ислом ва мусулмонларга қарши курашини кучайтирмоқда. У бир неча маротаба мамлакатдаги ҳижобли аёллар ва соқолли эркакларни марказий ОАВ орқали камситди. 18 ёшга тўлмаганларни масжидга киришни тақиқлаган ва 45 га тўлмаганларга хажга боришига тўсиқ қўйган", дейди Azda TV.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002