Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди, $1,4 милл��он пора ва ўзбек олимлари кашфиёти - O'zbekiston, koronavirus

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўзбекистон: Янги коронавирус рекорди, $1,4 миллион пора ва ўзбек олимлари кашфиёти - 2 июль куни Ўзбекистонда 297 ҳолатда касаллик қайд этилган. Меҳнат муҳожирларини тиббий дастаклаш дастури ишга туширилди. ДХХ эса, коррупцияга қарши тезкор тадбирлар ўтказди - bbcuzbek.com дайжести.

2 июль куни Ўзбекистонда 297 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Шу куннинг ўзида аҳоли орасида рекорд даражада касаллик аниқланган - 113 та.

183 касаллик ҳолати эса карантин муассасаларида бўлган одамлар орасида қайд этилган.

Шунингдек, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида коронвирус аниқланди, дея хабар берган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

3 июль соат 10:00 ҳолатига кўра эса, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 121 нафарга кўпайиб, 9199 нафарни ташкил этмоқда.

"Янги касалланиш ҳолатларининг 69 нафари Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 48 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 32 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 16 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Тошкент вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида) аниқланган", маълум қилган ССВ.

Шу вақтга қадар 6034 нафар бемор соғайган, 3138 нафар бемор эса шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 16 нафари ��ғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда экани айтилади.

BBC

Меҳнат муҳожирларини тиббий дастаклаш дастури ишга туширилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотига кўра, дастур доирасида Москва шаҳри ва вилоятида СОВИД-19 касаллиги билан алоқада бўлган ёки бирга яшаб келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари, шунингдек ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бўлганлар коронавирусга қарши антитаначалар мавжудлигини бепул текшириш имкониятига эга бўлади.

Ушбу дастур Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва Халқаро Шодиев фонди ҳамкорлигида амалга оширилаётгани айтилган.

Ўзбекистонлик олимлар коронавирус РНКсини тез ажратиш усулини топишди

Hujjat

Сурат манбаси, UzFA

Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари СОВИД-19 РНКсини ажратишга мўлжалланган диагностик тўплам ишлаб чиқишди. Бу ҳақда ЎзФА матбуот хизмати хабар берди

"Ушбу тўплам ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши, қулайлиги ва арзонлиги каби устунликларга эга", дейилади хабарда

Маълум этилишича, вирус РНКсини ажратишга мўлжаллаб ишлаб чиқилган ушбу тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган аналоглари билан таққосланганда сезгирлиги, ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30 фоизга арзонроқ) каби устунликларга эга.

Қайд этилишича, унинг клиник синовлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида, шу жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг махсус лабораториясида ўтказилган ва ижобий натижаларни кўрсатган.

У «ЭНКОР» номи билан рўйхатдан ўтказилган ва кенг кўламда ишлаб чиқариш учун рухсат берилган.

ДХХ коррупцияга қарши тезкор тадбирлар ўтказди

Pul

Сурат манбаси, BBCuzbek

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бош бошқармасида ишловчи мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар оралиғида жойлашган 1 гектар бўш ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога расмийлаштириб беришни ваъда қилади ва эвазига 1 млн. 400 минг АҚШ доллари сўрайди, дея маълум қилмоқда ДХХ матбуот хизмати.

Хабарга кўра, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимларининг шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахс келишилган пулдан 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, қўлга олинган шахс ушбу пул маблағларини Чилонзор тумани ҳокимлигида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи раҳбар ходимга бериши кераклиги маълум бўлгач, тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олган.

Бундан ташқари Янгийўл туман ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими маҳаллий фуқарони "Чинобод нефть база" масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган

Ўтказилган тезкор тадбир давомида у келишилган пулдан 10 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали ёнида олаётган вақтида ушланган.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ноқонуний ишларга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? Мирзиёев, O'zbekiston - BBC News O'zbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

II Мақом санъати халқаро анжумани ўтказилади

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича халқаро тадбир жорий йилнинг 5-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда ўтказилиши режалаштирилган.

Хабарга кўра, халқаро анжуманни иккинчи бор ўтказиш қарори 30 июнда Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган йиғинда олинган.

I халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида ўтказилган бўлиб, унда 75 мамлакатдан яккахон хонандалар, фольклор жамоалари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek