Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи – бу нима дегани? Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Toshkent

Сурат манбаси, official

Тошкент: Туркия Ўзбекистонга ҳарбий жиҳатдан яқинлашмоқчи - жорий пайтда Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори бўлади. Буёғи нима бўлади?

Энди эса, Туркия Ўзбекистон билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик қилмоқчи.

Туркия Миллий Мудофаа вазири бунга тайёр эканликларини яқинда, яна пойтахт Тошкентда баён қилди.

Ўзбекистоннинг президент Мирзиёев бошқаруви билан кечаётган сўнгги тўрт йил ичида Туркия билан ўтказган илк қўшм�� ҳарбий машғулотларининг ўзиёқ четда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Ўзбекистон халқаро рейтингларда минтақанинг армияси энг қудратли, жанговар мамлакати ҳисобланади.

Туркия эса, дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ - Натонинг ягона мусулмон ва туркий тилли давлат бўлган қудратли аъзоси саналади.

Турк Армияси генерали Ҳулуси Акар ўтган ҳафта минтақага сафари доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлди.

Пойтахт Тошкентда экан, Туркия Миллий Мудофаа вазирини шахсан президент Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Бу каби баёнот Туркия Яқин Шарқ ва постсовет ҳудудида ўзининг геосиёсий манфаатларининг парваришлаш ҳаракатига тушиб қолган, айнан Россия ва яна бунга қўшимча АҚШ билан муносабатлари анчайин таранглашиб бораётган бир манзарада янгради.

Дунёнинг иккита йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси сифатида кўрилувчи Хитой аксарият минтақа давлатларининг асосий савдо-иқтисодий шериги, кредитори ва сармоячисига айланиб бўлган бир вазиятда бўй кўрсатди.

Шундай экан, Туркия томонининг айни мазмундаги баёноти булар барчаси фонида нимани англатади?

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

"Туркия сиёсий элитаси тафаккурида аъанавий шаклда туркий давлатларга алоҳида эътибор доим бор бўлган.

Ҳокимиятга Эрдоған келгач, туркий ва исломий ўзликларни мустаҳкам пайванд қи��иш, демократик институтлар асосида Исломий зеҳният ва фаолликни кучайтириш кузатилди.

Шу сабаб, Туркия Марказий Осиёга ҳар доим алоҳида эътибор билан қараб келган.

Ўзбекистонда 2016 йи��да ҳокимият ўзгаргач, икки давлат алоқаларини қайта кўриб чиқиш ва ижобийлаштириш имконияти пайдо бўлди.

Икки томон ҳам олдинги хатолар ва совуқ муносабатлар такрорланишини истамайди.

Туркия туркий дунёнинг энг катта ва салоҳиятли вакили, Ўзбекистон эса, туркий давлатлар ҳамжамиятидаги иккинчи катта давлат.

Бунинг устига, Туркия ўзининг тарихий илдизларини англаган ҳолда, Ўзбекистонни "ота юрт", деб номлайди.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Бугунги ЕврОсиё қитъаси ва глобал геосиёсий вазият Туркияни ўзига қўшимча иттифоқчилар қидиришга ундайди.

Ғарбий Европа, араб давлатлари ва АҚШда "туркофобия" - Туркия давлати ва унинг амбицияларидан қўрқиш, хавотирланиш кучайиб бормоқда.

Эрдоғаннинг ташқи сиёсатдаги гиперфаоллиги жуда кўпчилик томонидан салбий қабул қилинади.

Бугун Туркия атрофида унга қарши бўлган салоҳиятли давлатлар иттифоқи шаклланиб бормоқда.

Шу сабаб, Туркия учун Марказий Осиё, Кавказ минтақаларидаги туркий давлатлар тимсолида реал ва фаол бўлган иттифоқчилар намоён бўлиши жуда муҳим.

Бу Туркияга туркий давлатлар коллектив овози спикери мақомини бериш салоҳиятига эга.

Айни пайтда, Марказий Осиёдаги геосиёсий ва хавфсизлик масалалари кейинги йилларда анча таранглашган.

Liderlar

Сурат манбаси, official

Шу йил бошида Россия президенти Владимир Путин томонидан, "Совет Иттифоқидан улкан рус ерларини олиб чиқиб кетган давлатлар бор" экани мазмунида айтилган ҳудудий таъна сўзлари Қозоғистонда жуда оғир қабул қилинди.

Лекин расмий Нур-Султон имкон қадар совуққонликни сақлаш ва юқоридаги гап бамисоли энг аввало унга қаратилмагандек қиёфа қилишга уринди.

Қолаверса, Марказий Осиё давлатларидаги Хитой қарзлари, сармоялари улуши ниҳоятда тез ўсиб бормоқда.

Пекин бугун минтақанинг энг асосий сармоячиси, қарз берувчиси, биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори.

Марказий Осиё геосиёсий жиҳатдан Россия босимини ҳар доим ҳис қилган ва бу ҳолат ҳали анча вақт сақланиб қолади.

Геоиқтисодий жиҳатдан эса, Пекиннинг босими шиддат билан ошиб бормоқда.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Мана шу фонда, Марказий Осиё минтақасининг икки ўзак давлати - Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳар доимгидан кўра ҳам кўпроқ ташқи муносабатларни янада тақсимлаш, хавфсизлик ва мудофаа масалаларида ишончли ҳамкорлик чораларини излаши тайин.

Туркия ўзининг туркийлигига алоҳида урғу бериб, дуневий бошқарув асосидаги мусулмон давлат сифатида юқори иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик тараққиётини намоён қилар экан, бу Тошкент ва Нур-Султон учун фақат ижобий имкониятлар эшиги сифатида кўрилиши табиий.

Сурия, Ливия ва Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ минтақасидаги ҳарбий операциялар шуни кўрсатдики, бугунги Туркия янги ҳарбий ва хавфсизлик технологиялари борасида Россия каби қудратли давлатлардан илдамлаган ютуқлари мавжуд.

Бу ҳолат Тошкент ва Нур-Султон учун Туркия хавфсизлик ва мудофаа тизимини тезроқ ва кенгроқ ўрганиш, ўзлаштиришга йўналиш беради.

Туркия ҳам бу борада Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши Анқаранинг узоқ муддатли стратегик манфаатларига тўғри келишини англайди.

Агар минтақа давлатлари ўзларининг геосиёсий ва сиёсий мустақилликларини йўқотадиган бўлишса, энг аввало Туркия ўзининг табиий иттифоқчилари, улкан туркий ҳудуд ва халқларни йўқотиши бўлишини яхши билади.

Хулоса қилиш мумкинки, Туркия Миллий Мудофаа вазирининг Нур-Султон ва Тошкентга келиши - икки тарафлама манфаатларни тўлиқ ифодалаб, минтақа давлатларининг мудофаасини мустаҳкамлашга қаратилган.

Toshkent

Сурат манбаси, official

Айни пайтда, Туркиянинг минтақамизда икки тарафлама муносабатлар доирасида фаоллашуви энг аввало Россияда анча совуқ ва жиддий бир рашк билан қаршиланиши эҳтимоли юқори.

Лекин, Кремль шуни ҳам тушунадики, бу муносабатлар - минтақа давлатларининг икки тарафлама муносабати ҳисобланади, лекин коллектив эмас, блок кўринишига эга эмас.

Марказий Осиё минтақасида Туркия билан ҳарбий-сиёсий платформа, блок мавжуд эмас ва бу яқин орада шундай ташкилотлар шаклланиши эҳтимоли ҳам кўзга ташланмайди.

Иккинчидан, бу муносабатлар замирида фақат мудофаа мақсадлари ётади, лекин асло ташқи дунёга тажовуз эмас.

Бошқача қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатларининг Туркия билан ҳарбий ва хавфсизлик борасидаги ҳамкорлиги на Россия ва на Хитойни қўрқитади.

Чунки бу давлатлар, ҳарбий салоҳиятига кўра, дунёнинг иккинчи ва учинчи қудратли давлатлари ҳисобланишади.

Айни пайтда, на Ўзбекистон, айниқса, Қозоғистон ёки минтақанинг бошқа давлатлари, Туркия билан қанчалик ишончли ҳамкорлик қилишмасин, Россия билан муносабатлар мустаҳкамлигича қолаверади.

Туркия билан алоқалар Москвага қарши ёки у билан алоқаларни узиш, деб талқин қилинмайди.

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Би-би-си: Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, ��станбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Глобал коронавирус пандемиясига қадар бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб турган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek