Ҳоким нега қурувчиларни ногиронлар аравачасига ўтқазди? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ногиронлар учун қайғураётган илк Ўзбекистон раҳбари бўлдими? У ўз телеграм каналида Андижон шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишиш чоғида қурувчиларни ногиронлар аравачасига ўтирғизиб ишининг сифатини текширгани туширилган видеони тарқатди.

«Битта ногиронни ҳеч қайсинг уйингга олиб киролмайсан. Қилаётган ишимиз бир тийин бўлмайдими?», деб айтган Шуҳрат Абдураҳмонов.

sh_abdurahmonov

Сурат манбаси, Rasmiy

Алоқадор мавзулар:

Андижон вилояти ҳокими матбуот хизмати Шуҳратбек Абдураҳмоновни янги Андижон шаҳри лойиҳаси бўйича қурувчи ва лойиҳачилар билан учрашув ўтказгани, янги қурилаётган кўп қаватли уйларда имконияти чекланган кишиларнинг ҳаракатланиш имкониятини текширгани борасидаги бир неча видеотасвирларни эълон қилди.

- Масалан, мен ногиронман, ёки ногирон қариндошим бор. Уни уйингни ичига олиб кирасан. Қаергача борасан, кўрамиз, дейди ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Ҳоким ўзи билан 7 та ногиронлик аравачаси келтиргани кўринади.

«Уй қургандан кейин ҳамма ёғи билан қуриш керак. Ҳозир битта ногиронни олиб келинг, олиб кира олмайсанг уйингга. Ҳеч биринг олиб кира олмайсан, - дейди ҳоким атрофидагиларга.

Шуҳратбек Абдураҳмонов очиқ гаплашишни таклиф қилади. У рўпарасидаги уйни кўрсатиб, дўконига ногиронларга кириш йўлаги йўқлигини кўрганини айтади.

Ҳоким Кореянинг Инжон шаҳрида кўрганларини қурувчилар билан ўртоқлашади.

- Инжонда янги шаҳар қуришган, 4 йил бўлган қурилганига. Кириб кўрдим, худди шу каби шаҳар. Уйларнинг таг қисми, йўл юзалари - 100 фоиз хизмат кўрсатиш тармоқлари. Эртага шунча одам яшаяпти, қаерда хизмат кўрсатиш бор? Уйда яшайдиган одамга дорихона керак, тўғрими? Қаердан дори олади? Агар сизлар бир хилда қилиб чизиб бермасанглар, камида 1-қаватнинг 50 фоизини хизмат кўрсатиш қилиш керак, - дейди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Ҳоким

Яна бир кадрда ҳоким янги уйларнинг атрофини, йўлларни текшираётгани кўринади. Уй ҳовлисида кўплаб одамлар тозалаш билан банд.

Ҳоким ногиронлар учун қурилган йўлакни текширишга қарор қилади ва «нотўғри қурилгани»ни айтган кишини ногиронлар аравачасига ўтиришини буюради. Ҳоким талаби билан киши махсус йўлакдан аравачада кўтарилишга уринади. Аммо ярмига ҳам чиқа олмайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

sh_abdurahmonov

Сурат манбаси, Rasmiy

- Сиз соппа-соғсиз, тўғрими? Энди тасаввур қилинг, ногирон одам бўлса, нима қилади? Нега тўғирлаб қурмайсизлар? - койиди ҳоким.

Шу тариқа бир неча қурувчилардан ногиронлар аравачасида ўзлари қурган йўллар ва уйларга киришни талаб қилади.

Аравачаларнинг баъзиси ғилдираги йўлнинг чуқур жойига тиқилгани, яна бирида уйнинг йўлагига ҳам кира олмагани кўринади.

- Энди тасаввур қил, шу уйингни ногирон бир одам олди, дейлик. Нима қилади шу одам? Кўз олдингизга келтиринглар. Ёки ногирон қариндоши келса? Ё соғ одам олиб, ногирон кишига уйини сотса? Бу боланг бўлиши мумкин, отанг, энанг ё қариндошинг бўлиши мумкин. Кимнингдир ўғли-қизи бўлиши мумкин, бу бечоралар нима қилади? Ҳамманг қурдим-қурдим деб кетяпсизлар, ҳаммаси яхши деяпсизлар. Президентимиз «жамиятда ҳамма тенг бўлиши керак», деяптилар. Ҳамманинг ўз ўрни бўлиши керак. Ногиронлар ҳам инсон, инсон қадри деганда уларни ҳам инобатга олиш керак. Янги Андижон шаҳрида шуни инобатга олмасак, ҳамма қилаётган ишимиз бир тийин бўлмайдими? Ҳеч қанча юрганинг йўқ, уйнинг ичига киролмайсан. Қандай кирасан, кирадиган йўл ҳам йўқ», — деди Шуҳрат Абдураҳмонов.

Ҳокимнинг қурилиш ишларини текшириш жараёнидаги яна бир видеотасвирда текис кўринган йўлда ногиронлик аравачасини қийинчилик билан бошқараётган киши кўринади.

sh_abdurahmonov

Сурат манбаси, Rasmiy

- Асабинг қанча бузилади, кўраяпсанми? Доимий мана шундай юрган одам қанча асабийлашади, дейди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Яна бир янги уйга кириш йўлагидан ногиронлик аравачасида кўтарилаётган эркак ярмигача бориб аравани бошқара олмай, тушади.

- Бу битган уй, қандай қилиб чиқади ногирон одам? Сен шунча кучинг билан 5 дақиқага чидамадинг. Умрбод шундай юрган одам нима қилсин. Ўзи аравачаси эски, бечора ҳаракат қилаётса келиб бир тошга қадалади. Бу сифатсиз ишда, - сўроққа тутди ҳоким.

Ҳоким Абдураҳмонов қурувчилар билан учрашуви ва текширувида янги қурилиш иншоотларида қуёш панел, сенсорли лампочка, иситиладиган ҳожатхона, ногиронга шароит бўлиши кераклигини айтди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek