Украина уруши ва Россия: Руслар фақат ёлғон-яшиқ ва Путиннинг гаплари билан озиқлантирилмоқда Putin Ukraina AQSh yangiliklar

  • Женни Ҳилл
  • BBC News, Москва
Намойишчилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бучада тинч аҳолининг ўлдирилиши халқаро ҳамжамиятни ғазаблантирди, аммо Россия бу қотилликлар саҳналаштирилганини даъво қилмоқда

Кремль ҳамма нарсани рад этади: Буча кўчаларида ётган жасадлар, оммавий қабрлар ва гувоҳларнинг даҳшатли кўрсатмалари. Давлат телевидениеси эса бу раддияларни тўтидек такрорлайди.

Алоқадор мавзулар:

Киев атрофидаги ҳудудларда Россиянинг шафқатсизликлари ҳақида далиллар пайдо бўлганидан бери Россия ТВ теледастурлар муҳаррирлари бу далилларни Украина ва Ғарб томонидан уйдирилган ёлғон, дея уқтиришга кўп ҳаракат қилишди.

Россия телевидениесини бир неча ҳафта кўрсангиз ғалати параллель дунёга тушиб қолгандек бўласиз, у ерда ўзига оро берган бошловчилар ва яхши кийинган экспертлар Украинадаги муваффақиятли "махсус ҳарбий операция" ҳақида тинмай гапиради: Уруш бўлмаяпти, балки қаҳрамон рус аскарлари тинч аҳолига ҳужум қилмасликка ҳаракат қилмоқда, ўз ватанларини ҳимоя қилмоқда...

Бучадаги даҳшатли аҳвол лавҳалари эфирга узатилади, кетидан томошабинларга даҳшатли манзаралар Украина расмийлари томонидан ва Ғарб ёрдамида саҳналаштирилгани айтилади.

"Буни профессионаллар, эҳтимол, инглизлар қилишган. Улар ахборот операциялари соҳасида энг зўр, - дейди шарҳловчи Геворг Мирзарян. - [Улар қандай қилиб] жасадларни тўғри жойлаштиришни, ҳамма нарсани тўғри қилишни, некрофил Ғарб онгида чиройли тасаввур яратишни билади."

Ўтказиб юборинг Twitter пост , 1
Twitter контентига рухсат бериш

Айни мақолада Twitter томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Twitter ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Охири Twitter пост, 1

Ток-шоу бошловчиси Олеся Лосева Буча шаҳри атайлаб танлангани, чунки президент Жо Байден яқинда Владимир Путинни "қассоб" (butcher) деб атагани, "америкаликлар учун бу сўз тушунарли бўлиши керак", деб ҳам иддао қилди.

Бу каби айбловлар олдида Кремль қўллайдиган тактика ўша ўша - рад этиш, ёлғон деб беписанд қараш ва иложи бўлса, бошқа бировни айблаш.

Айрим нашрлар, жумладан, кремлпараст "Комсомольская правда" газетаси Бучада тинч аҳолини Украина аскарларининг ўзи ёки жангарилар ўлдирган деган мазмунидаги хабарларни чоп этди.

Газета, шунингдек, "Киев пропагандистлари"ни "Ғарбдаги кураторлар" йўналтириб туришини иддао қилган. Буюк Британия рус аскарлари украиналик аёлларни зўрлаётгани ҳақидаги сохта хабарларни тарқатишни ўз зиммасига олган эмиш, гўёки Би би си, Guardian ва Independent буни тарғиб қилишга ёрдам берганмиш.

Худди шундай ёндашувни собиқ президент, ҳозирда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам тутмоқда. У Украина қуролли кучларини "Россияни дегуманизация қилиш ва имкон қадар камситиш мақсадида" ўз фуқароларини ўлдирганликда айблашгача борган.

Владимир Путин ва унинг мулозимлари доимий равишда Украинани тажовузкор, Ғарбни эса Россия хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Улар Украинани Ғарб кўмагида ядро қуролига эга бўлишга ва Россияга қарши қўллаш учун биологик қурол ишлаб чиқишга уринаётганликда айбладилар.

Владимир Путиннинг босқинчилик учун энг севимли баҳоналаридан бири бу Украинани "денацификациялаш" кераклигидир. Бу Россиянинг Иккинчи Жаҳон урушидан қолган узоқ ва аламли хотирасига асосланган тез-тез такрорланадиган чўпчак.

Нацизм ҳақидаги иддаолар мутлақо асоссиз, бироқ Ташқи ишлар вазирлиги яқинда Киевдаги ҳукуматга нацистлар мафкураси сингиб кетгани ва "даҳшатли жиноятлар" содир этганликда айблади.

Кўпчилик украиналиклар, жумладан, президент Владимир Зеленский ҳам Россия давлат ахборот агентлиги Риа томонидан нашр қилинган ва Украинадаги геноцидни оқлайдиган мақоладан даҳшатга тушди.

Тимофей Сергейцевнинг мақоласида айтилишича, украиналикларнинг катта қисми "пассив нацистлар" бўлиб, улар "нацистлар кучи"ни қўллаб-қувватлаган ва панд берган. Унинг таъкидлашича, Украина миллий давлат сифатида яшашга қодир эмас ва уни қуришга уринишлар мантиқан нацизмга олиб боради. "Денацификациялаш муқаррар равишда де-Украинизация бўлади", дея қўшимча қилди у.

Медведев "мақсад украиналикларнинг келажак авлодлари уйғунлиги ва Лиссабондан Владивостокгача очиқ ЕвроОсиё қуриш имкониятидир", деб таъкидлаб, бу мавзуни кўтарганга ўхшайди.

Россия оммавий ахборот воситалари учун Бучадаги ваҳшийлик Украина тажовузкорлигининг янги намунаси - "ахборот уруши".

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинанинг Россия ҳарбий жиноятлари ҳақидаги "уйдирмаси"ни халқаро хавфсизликка таҳдид солувчи "провокация" деб атади.

Русларнинг қанчаси ўзларига айтилаётган ҳамма нарсага ишонишини айтиш қийин. Аммо Россияда сезиларли мустақил ��ммавий ахборот воситалари қолмади ва ижтимоий тармоқларга кириш жуда чекланган.

Владимир Путин

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Кремлга кўра, Владимир Путин Бучадаги қотилликларни Киевнинг "қўпол ва уятсиз провокациялари", деб баҳолаган

Ижтимоий сўровлар, ҳатто мустақил сўровлар ҳам Россияда қийин манба ҳисобланади, чунки одамлар Кремлга қарши фикр билдиришдан эҳтиёт бўлишади. Шундай қилиб, улар Владимир Путинни ва унинг "махсус ҳарбий операциясини" юқори даражада қўллаб-қувватлашни айтмоқдалар.

Деярли ҳар куни бўлиб ўтадиган урушга қарши кўча намойишлари камайди.

Ўтказиб юборинг Twitter пост , 2
Twitter контентига рухсат бериш

Айни мақолада Twitter томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Twitter ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Охири Twitter пост, 2

Шубҳасиз, ташқи ва мустақил хабарларга киришга муваффақ бўлган ва ўз мамлакати номидан қилинаётган ишлардан даҳшатга тушган ва бундан уяладиган одамлар ҳам кўп.

Аммо уларга кучли Кремль ташвиқот машинаси ва норозиликни тезда бостирувчи давлат қаршилик қилмоқда. Бу Россияда ҳақиқатан ҳам битта овоз бор. Ва у Владимир Путиннинг овози.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.