Британия: Чарльз III илк бор Қирол сифатида халққа мурожаат йўллади

Обращение Карла III к нации

Сурат манбаси, PA Media

Буюк Британия қироли Чарльз III олий ҳукмрон сифатида илк бор халққа мурожаат қилди. Унинг олдинроқ ёзиб олинган телевизион мурожаати Лондондаги авлиё Павел черковида хотирлаш маросими бошланганидан сўнг эфирга узатилди.

"Сизга чуқур қайғу билан мурожаат қиляпман. Қиролича Зоти Олиялари, менинг суюкли онам ҳаёти давомида менга ва оиламга илҳом манбани ва ўрнак бўлди. Бошқа ҳар қандай оила сингари биз унинг муҳаббати, садоқати, йўлбошловчилиги ва ўрнаги учун бир умр қарздормиз".

"Унинг олий ҳукмдор сифатида ишга бўлган фидокорлиги ҳар доим, ўзгаришлар даврида ҳам, олдинга интилганда, ҳурсандчилик даврида, байрам қилганида, қайғу даври ва йўқотишга учраганида ҳам барқарор эди. Оиламиз бошидан чуқур қайғуни кечираётган бўлса-да, биз Бирлашган Қироллик ва Қиролича давлат раҳбари бўлган барча давлатлар, Ҳамдўстлик давлатлари ҳамда бутун жаҳондаги барчангизнинг онам кўплаб давлатларга қиролича сифатида хизмат қилган 70 йилдан ортиқ бўлган даври учун миннатдорчиликларингизни ҳис қилмоқдамиз."

Қирол қадриятлар ўзгармасдан қолишини айтди.

"Қадриятларимиз сақланади ва ўзгармасдан қолиши керак. Монархиянинг ро��и ва мажбуриятлари менинг шахсий эътиқодим сифатида томир отган Англия черковига нисбатан ҳам ҳам ўзгармасдан қолади".

Лондон

Сурат манбаси, PA Media

"Қиролича каби қатъий садоқат билан Худо берган қолган умрим давомида халқимиз қалбида бўлган конституцион принципларни ҳимоя қилишга тантанали тарзда ваъда бераман", деган у.

Қирол фуқаролари қаерда бўлишидан қатъий назар уларга фидокорлик, ҳурмат ва муҳаббат билан хизмат қилишга ҳаракат қилишини таъкидлади.

Қирол Чарльз ўғли Уильям Уельс шаҳзодаси бўлишини эълон қилди.

Қирол кенжа ўғли, Сассекс герцоги шаҳзода Ҳарри ва рафиқаси Меганни ҳам эслаб ўтди.

"Мен ҳаётини қуришни хорижда давом эттираётган шаҳзода Ҳарри ва Меганларга муҳаббатимни билдираман", деган у.

Қирол бир ҳафтадан сўнг халқ сифатида бир ерга тўпланиб онасини сўнгги манзилга кузатишларини билдирди.

"Қадрли онажоним, сиз менинг қадрли ва марҳум отам билан қовушиш учун сўнгги буюк йўлга отланаркансиз, сизга шуни айтмоқчиман: раҳмат сизга.

Муҳаббатингиз, оиламизга ва сўнгги йилларда қаттиқ ишлаб халқларимиз оиласига бўлган садоқатингиз учун ташаккур айтаман," деган у.

politsiya

Сурат манбаси, Reuters

Тахтга ўтириш расмий маросими шанба куни бўлиб ўтади, бироқ анъанага кўра, у онасининг вафотидан сўнг пайшанба куни дарҳол қиролга айланди.

Тахтда ҳаммадан кўп ўтирган Британия Қироличаси Елизавета II пайшанба куни Шотландиядаги Балморал қасрида оила қуршовида тинч оламдан ўтди.

yosh

Сурат манбаси, Reuters

Қиролича ўлими ҳақида янгиликни эшитар экан, кўплаб одамлар унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришмоқда. У яшаган уй, қароргоҳ ва саройларга гуллар келтиришмоқда.

Букингем саройи дарвозаси остига минглаб одамлар гуллар қўйишмоқда. Қироллик уйида ярим туширилган байроқни суратга олишмоқда.

Дарвозага эса қолипга солинган эълон осилди - унда Қиролича Елизавета Иккинчининг вафоти ҳақида ёзилган.

Қиролича Шотландиядаги Балморал қароргоҳида вафот этди. Ёмғирга қарамасдан одамлар бу ерга ҳам гуллар келтиришмоқда.