Янгиликлар: Муслима аёлнинг ҳинду болалари - бу қандай юз берган? Dunyo Musulmonlar Yangiliklar

Musulmon oilasi

Сурат манбаси, CV LENIN

Сурат тагсўзи, Жаъфархон ва Сридҳаран 49 ёшда, биологик жиҳ��тдан қариндош эмас - Жафъархон мусулмон, Сридҳаран эса ҳинду

Уч боласи ҳинду мусулмон аёли диққат-эътиборга тушди.

Алоқадор мавзулар:

Гап нимада?

Ҳиндистоннинг жанубий Керала штатида уч ҳинду болани боқиб олган мусулмон аёл ҳақидаги янги фильм ушбу оиланинг ноодатий тақдирига одамлар эътиборини қаратган. Би би си Ҳинд хизматидан Имрон Қурейши фильмга илҳом берган ака ука ва опа сингиллар билан суҳбатлашди.

Жафъархон илк марта Энну Свантам Сридҳаран (Самимият билан, Сридҳаран) фильмини кўрганда кўзига ёш келгани ҳақида гапирди.

Аммо тасвирга олиш жараёнида унинг ёнида ўтирган укаси Сридҳаран "ўзини тута олмай йиғлаб юборди".

Жаъфархон ва Сридҳаран 49 ёшда, биологик жиҳатдан қариндош эмас - Жафъархон мусулмон, Сридҳаран эса ҳинду.

Жафъархондан Сридҳаран сен учун ким деб сўрангиз, у шундай жавоб беради: "У укам. Аммо у бундан ҳам муҳимроқ. У доим мен билан. Билмайман ким у. У саати (ҳамроҳ).

Уларни бирга улғайтирган аёл Жафъархоннинг онаси, Теннадан Субайда 2019 йили вафот этган. Унинг ҳаёти инсонийликнинг диний фарқлиликдан устун келганини кўрсатади. У ҳақдаги ҳикоялар мамлакатда диний қутблашув ва ижтимоий бўлинишлар авж олган бир вақтда омма эътиборини тортди.

Субайда Сридҳаран ва унинг икки опаси - Рамани ва Лилани 1976 йили ��наси кўзи ёраётган чоғда вафот этганидан кейин боқиб олган. Туғилган бола ҳам яшамаган эди. Болаларнинг онаси Субайданинг уйида уй хизматкори бўлиб ишларди.

Ака укалар айтишича, ўша вақтда қонунлар ҳозиргидек қаттиқ бўлмагани учун Субайда болаларни қонуний расмийлаштириб боқиб олмаган. Ўша вақтда болаларга қарайдиган қариндошлари бўлмаган, оталари эса Субайдага болалари учун ғамхўрлик қилишига рухсат берган. Отанинг ўзи болаларга қарай оладиган аҳволда эмасди.

Субайданинг ўша вақтда икки фарзанди бор эди - Жаъфархон ва опаси Шонавоз. Тўрт йил ўтиб қизи Ёшинани туққан. Болаларнинг бари биргаликда аҳил катта бўлишган.

Muslima ayol Subaida

Сурат манбаси, .

Улар ҳақидаги хабарлар 2019 йили Субайда вафот этганида матбуот сарлавҳаларига чиқди. Ўша вақтда Сридҳаран Уммонда ишларди. Уммасига (онасига) атаб Facebook'да марсия ёзди ва дўстларидан унинг ҳақига дуо қилишларини сўради.

Исми ҳиндуча эркак нега онасини "умма" деб атаётгани кўпчилик эътиборини тортган.

"Улар: "Сиз кимсиз, ҳиндмисан ёки мусулмон?" деб сўрашарди. Шундай сўрашлари табиий эди, чунки исмим Сридҳаран", дейди у.

Саволлар кўп, баъзан ёқимсиз эди. Аммо Сридҳаран уларнинг барчасига сабр билан жавоб берди, ҳатто оғир мусибат ҳолатида ҳам.

Субайда ҳам, унинг турмуш ўртоғи Абдулазиз Ҳожи ҳам асраб олинган фарзандларини ҳеч қачон Исломга ўтказишга уринмаганини таъкидлайди Сридҳаран.

"Хафа бўлдим. Ота-онам бизга ҳар доимо табақа ва дин муҳим эмаслигини ўргатган", дейди у.

"Энг кераги яхшилик эди. Эътиқодга ўзгартириш киритадиган биз ўзимиз, одамлармиз".

Субайда ана шу фалсафа билан яшаган ва фарзандларини ҳам шу билан тарбиялаган.

Ҳозир 51 ёшда бўлган Лиланинг ��йтишича, онаси уни "истаган вақтда" маъбадга олиб борган - ўша пайтда транспорт унчалик ривожланган эмас эди, шунинг учун улар одатда байрамларда гуруҳ бўлиб чиқишарди.

"Онам ҳар доим ҳинду, мусулмон ёки насроний бўлишнинг фарқи йўқлигини айтарди. Ҳамма дин бизга бир хил нарсани ўргатади - ҳаммани севиш ва ҳурмат қилиш", дейди Сридҳаран.

Унинг туғишганларининг ҳам ўз болалик ҳикоялари бор.

Шонавоз онаси икки ёшли Сридҳаран билан уйга қайтган кунни эслайди.

"Унинг орқасида Лила ва Рамани бор эди. Онам уларга қарайдиган ҳеч ким йўқлиги учун энди биз билан яшашларини айтганди", дейди у.

Шундан сўнг улар бир оила бўлишди.

Шонавоз полда ёнма-ён ухлаган болалар ҳақида, тўрт йилдан сўнг Ёшина туғилганда улар ҳис қилган қувонч ҳақида гапиради.

Улар ўсиб улғайган сари, Сридҳаран ва Жаъфархон ўртасидаги ришталар чуқурлашиб борди, улар ҳамма нарсани бирга қиладиган "эгизаклар каби" эди.

Шонавоз ва Жаъфархоннинг айтишича, гарчи "Сридҳаран онамизнинг ошкора суюклиси" бўлганига қарамай, улар деярли жанжаллашмасди.

"Мендан фарқли ўлароқ, Сри [Сридҳаран] барча топшириқларни бажарар ва жуда ҳалол эди. Шунинг учун ҳам умма уни кўпроқ яхши кўрар эди", деб кулади Жаъфархон.

Yangi filmdan olingan tasvir

Сурат манбаси, SIDDIK PARAVOOR

Сурат тагсўзи, Сиддиқ Паравурнинг "Энну Свантам Сридҳаран" фильмидан олинган тасвир

Опа-сингилларнинг айтишича, улар ҳам ота-оналаридан муҳим ҳаётий сабоқ олган. Мисол учун, Шонавоз онаси одамларга кастаси, синфи ёки динидан қатъи назар, ёрдам бериш учун қанчалар ҳаракат қилганини эслайди.

"Ҳар ким онам олдига келиб, таълим, турмуш қуриш ёки соғлиғи учун пул сўраши мумкин эди. Онам эса бир йўлини қилиб берарди, кўпинча қарз олар, кейин эса ерининг бир қисмини сотиб қайтарарди", дейди у.

Бу ҳикоялар режиссёр Сиддиқ Паравурнинг "Энну Свантам Сридҳаран" фильмига асос бўлди.

Паравур Сридҳараннинг Субайда ҳақида Facebook'да ёзган постидан таъсирланган одамлардан бири эди.

"Бу ҳикояда шунчалик инсонийлик борки, жамият бу ҳақда билиши керак", дейди у ва фильм орқали инсоний муносабатлар гўзаллигини етказишга ҳаракат қилганини айтади.

9 январь куни Кераладаги театрда фильмнинг махсус намойиши бўлиб ўтди. Паравур энди унинг тижорий тақдимоти учун маблағ йиғишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозир турли шаҳарларда яшаётган ака-ука ва опа-сингилларнинг айтишича, уларнинг онасига бундан ортиқ ҳурмат бўлмаса керак.

"Уммамиз ҳақида фақат яхши хотиралар қолди. Бу хотиралар чекли бўлиши ҳақида ўйлаш одамга алам қиларди, лекин фильм бу хотирани сақлаб қолади", дейди Лила.

"Умма вафот этгандагина одамлар орамиздаги фарқни кўрганини билдик", дейди Шонавоз.

"Аммо биз ҳозир ҳам ўшандаймиз."

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002