Нега Британия сайловларида Лейбористлар ғалаба қилди?

Британиянинг янги бош вазири Сэр Кир Стармер

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Британиянинг янги бош вазири Сэр Кир Стармер

Британияда 4 июль куни бўлиб ўтган Жамоатлар палатасига муддатидан олдинги сайловдаги овоз беришлар натижасида қудратдаги Консерваторлар Партияси парламентдаги кўпчилик ўрнини Лейбористларга ютқазди.

Дастлабки натижаларга кўра, 650 ўринлик Жамоатлар палатасидаги 411 ўринни Лейбористлар қўлга киритди.

Ҳокимиятда бўлган Консерваторлар партияси эса парламентдаги 249 ўрнини йўқотди, бу эса Консерваторларнинг 14 йиллик бошқаруви тугаганини англатади.

Алоқадор мавзулар:

Британияда ҳокимиятни қўлга киритиш учун Жамоатлар палатасида 326 ўринни қўлга киритиш талаб қилинади, парламентдаги кўпчилик ҳукуматни шакллантиради.

Шу вақтгача Консерваторлар ташкил этган 345 кишилик фракция билан парламентда кўпчиликни ташкил этиб турган эдилар.

Бош вазир Риши Сунак тарихий сайловда мағлубиятга учраганларини тан олди.

Лейбористлар етакчиси Сэр Кир Стармер энди Британия Бош вазири бўлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Лейбористлар партиясининг собиқ раҳбари Жереми Корбин ҳам Лондон шаҳри шимолидаги округдан парламентга мустақил номзод сифатида сайланди, уни Лейбористлар партиясидан чиқариб юборган эдилар.

Нега Консерваторлар мағлубиятга учради?

Риши Сунакнинг "Чиқиш" ёзуви остида сайловолди кампаниясини бошлагани ёмон аломат деб кўрилганди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Риши Сунакнинг "Чиқиш" ёзуви остида сайловолди кампаниясини бошлагани ёмон аломат деб кўрилганди

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, асосий сабабларидан бири Ториларнинг аҳоли турмуш даражасини пасайтириб юборган иқтисодий сиёсатидир.

Британ сайловлари таҳлили билан танилган нуфузли политолог Сэр Жон Кертис нега Консерваторларнинг қўллаб-қувватлови тушиб кетганининг бир жиҳатига эътибор қаратди.

Қайси ҳудудларда ипотека кредити олган хонадонлар кўп яшаган бўлса, улар бу гал Консерваторларга овоз бермаганлар.

Буни атиги 45 кун бош вазирлик лавозимини эгаллаган Лиз Трасс пул сиёсатининг оқибати сифатида талқин этиш мумкин, Трасс хоним бошлаган иқтисодий сиёсат молиявий инқироз ва Англия Банки фоиз ставкасини оширишига олиб келди, кўтарилган фоиз ставкаси ҳалигача пасайтирилгани йўқ.

Британлар турмуш даражаси 1950 йиллардан буён кўтарилиб келаётган эди, Консерваторлар бошқаруви йилларида пасайгани сабабларидан яна бири 2008-2009 йиллардаги молиявий инқироз туфайли давлат харажатларини кесишга қарор қилингани, 2016 йили Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш референдумидан кейин савдо-сотиқ ва сармоялар пасайиб кетгани ҳамда Ковид пандемияси бўлди.

14 йил давомида Консерваторлар партиясига Дэвид Кэмерон, Тереза Мэй, Борис Жонсон, Лиз Трасс ва Риши Сунак етакчилик қилдилар, қудратдаги партия қатор хатоликларга йўл қўйиши билан бирга бир неча шармандали можароларни бошидан ўтказди.

2019 йилги сўнгги парламент сайловидан кейин Консерваторларнинг мунтазам обрўси тушиб кетаётгани кузатилаётган эди.

Лейбористлар қандай режалар билан ҳокимиятга келди?

Британиянинг янги бош вазири Сэр Кир Стармер

Сурат манбаси, .

Аксар кузатувчилар фикрича, Лейбористларнинг ғалабасига уларнинг халқ орасидаги қўллаб-қувватлови ортиб боргани эмас, Консерваторлардан воз кечиш истаги кўпроқ ҳисса қўшди.

Лейбористлар ўзларининг сайловолди дастурида қатор ваъдаларни бердилар.

Уларнинг энг устуворлари иқтисодий барқарорлик, соғликни сақлаш тизими, яшил энергияга ўтиш билан янги иш жойлари барпо этиш ва энергетика тўловларини пасайтириш, мамлакатга келаётган ноқонуний муҳожирлар сонини камайтириш, полиция ходимларининг сонини кўпайтириш билан жамоат хавфсизлигини кучайтириш, янада кўп сонда ўқитувчиларни ишга ёллаш ва Англия мактабларида бепул нонуштани йўлга қўйиш деб кўрсатилган.

5 июль куни Бош вазир Риши Сунак Консерваторлар партияси раҳбарлигидан истеъфо берганини эълон қилди.

Яқин кунларда янги Жамоатлар палатасининг мажлиси ўтказилади.

Сэр Кир Стармер бош вазир сифатида Британия Қироли Чарльз III қабулига киради.

Британиянинг янги Бош вазири Сэр Кир Стармер ким?

Кир Стармер университетдаги талабалиги йилларида
Сурат тагсўзи, Кир Стармер университетдаги талабалиги йилларида

Кир Стармер 1962 йили Лондон шаҳрида туғилган, кейинроқ оиласи Сарри графлигига кўчиб ўтган.

У Лидс ва Оксфорд университетларида ҳуқуқшуносликни ўрганган.

Фаолиятини инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган юридик фирмадан бошлаган.

2008 йили Кир Стармер Қироллик Прокурорлик хизматининг директори этиб тайинланган.

Англия ва Уэльснинг энг катта прокурори ҳисобланадиган бу лавозимда жаноб Стармер 2013 йилгача фаолият юритди.

Шунинг учун ҳам у 2014 йили р��царлик мартабасига муносиб топилди ва Сэр унвонига эга бўлди.

Сэр Кир Стармер сиёсатга кеч кириб келди, сиёсий фаолиятини бошлаганида ёши 50 дан ошган эди.

У Лондоннинг Холборн ва Сейнт-Панкрас округидан 2015 йили парламент депутати этиб сайланди.

2019 йилги Британия парламенти сайловида Лейбористлар мағлубиятидан кейин партия етакчиси Жереми Корбин истеъфо берди, Стармер унинг ўрнини эгаллади.

У ўзининг илк сайловолди дастурларида мамлакатдаги электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти билан шуғулланадиган ширкатларни давлат бошқарувига ўтказиш ва университетларда ўқишни текин қилиш ваъдаларини берди.

Бироқ ҳозирга келиб у мамлакат иқтисодий аҳволи ўша ваъдаларни ҳаётга татбиқ этишга имкон бермайди демоқда, бироқ кейинги беш йил ичида барча хусусий темир йўл ширкатларини давлатнинг битта йирик компанияси таркибига бирлаштириш ва одамлар учун транспорт тўловларини пасайтиришга ваъда бермоқда.

Лейбористлар Британиядаги хусусий мактаблардаги таҳсил учун тўловга қўшимча даромад солиғини солиш мақсадида эканликларини айтмоқдалар.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002