Ҳисобот: Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон атайин депутатларни алдаган - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Борис Жонсон бугун эрталабки югуриш чоғида.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Борис Жонсон бугун эрталабки югуриш чоғида.

Британия собиқ бош вазир Борис Жонсоннинг парламентда ёлғон гапиргани ёки гапирмаганлигини аниқлаш учун ўтказилган парламент тергови уни депутатларни "атайин чалғитиш"да айбдор деб топди.

"Очиғини айтайлик: улар уни ёлғон гапирди дейишяпти", дейди Би-би-сининг сиёсий масалалар бўйича мухбири Крис Мейсон.

Алоқадор мавзулар:

"Агар Британия парламентнинг бир неча асрлик тарихини ўқисангиз, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган", - дейди Би-би-си мухбири Роб Уотсон.

Парламент тергови Борис Жонсоннинг Ковид пандемияси давридаги карантин чоғида Даунинг Стритдаги қароргоҳида бир неча базмларга мезбонлик қилиши ва сўнг улар ҳақида парламентга берган кўрсатмаларини таҳлил қилган.

Махсус қўмита терговига кўра, Жонсон нотўғри кўрсатма бериш орқали парламентдаги демократик жараёнларнинг белига болта урган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳакамлар ҳайъати Жонсонни парламентдан буткул четлатиш чорасини ҳам ҳисобга олганлар, аммо сўнгра уни 90 кунга четлатишга келишганлар.

Аммо, Жонсон ўтган ҳафта ушбу терговнинг илк хулосаларини кўргач, ўз депутатлигидан истеъфо берганди ва ҳозирда парламент аъзоси эмас.

PA Media

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, Британияда 220 минг одам Ковид-19дан ўлган.

Собиқ бош вазир қўмитани уни "сиёсий қатл қилиш чорасидаги охирги санчилган ҳанжар" дея қоралади. Унга кўра, қўмита унинг ёлғон гапирганига ҳеч қандай далил-исбот келтирмаган.

Тергов, шунингдек, Жонсонни парламент қўмитасига беҳурматликда ва қўмитага қарши олиб борилган кампанияни қўллаб-қувватлашда айблади.

Қўмитага кўра, унга парламентга кириш учун собиқ депутатларга бериладиган рухсатнома берилмаслиги керак.

Ҳисоботда Борис Жонсонга қарши кескин танқидлар янграган. ��усусан, қўмита авваллари Британия тарихида ҳеч қандай бош вазир парламентга бу қадар беҳурмат муносабатда бўлмаганини айтади.

Жонсонга қарши парламент тергови ўтган йил июнида бошланган эди. Ўшанда полиция ва ҳукумат терговчиси Сю Грей карантин пайтида ҳақиқатдан ҳам Даунинг Стритда базмлар бўлган, дея хулоса қилгандилар.

Бир неча партиялар аъзоларидан ташкил топган қўмита Жонсон Даунинг стритда барча Ковид қоидаларига бўйсунилган дея парламентни "атайин ёки эҳтиётсизларча чалғитган"ини аниқлаш учун тузилган эди.

Борис Жонсон бош вазирлиги давридаги базмлардан бирида.

Сурат манбаси, Cabinet Office

Сурат тагсўзи, Борис Жонсон бош вазирлиги давридаги базмлардан бирида.

Базмлар фош бўлгач, Жонсон парламентда бир неча чиқишлар қилиб, аввалига ҳеч қандай Ковид қоидалари бузилмаганини айтган, сўнг эса қоидалар бузилгани ҳақида уни ҳеч хабардор қилмаганини даъво қилган.

Базмлар ўтган даврда қоидалар аниқ эди: Жонсоннинг ўзи кундалик теле-брифингларда Британия аҳолисига қоидаларни эслатиб турган.

Ковид-19 даврида оила аъзоларидан айрилганлар гуруҳи бу ҳисобот собиқ бош вазири оилалар ўлим тушагида ётган яқинлари билан Zoom орқали видолашаётганда "базмлар қилиб вақтичоғ бўлган"ига яна бир эслатма, деб айтди.

"Жонсон пушаймон бўлганини кўрсатмади", - деди "The Covid-19 Bereaved Families for Justice UK" гуруғи воизи Дейвид Гарфинкел.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.