Биз киммиз - танамизнинг ярмидан кўпи одамзодники эмасми? Илм-фан, Янгиликлар

  • Жеймс Галлаҳер
  • Би-би-си
Body-bacteria illustration

Танангизнинг ярмидан ортиғи инсонники эмас, дейди олимлар.

Танамиздаги ҳужайраларнинг 43 фоизи инсонники эмас - улар микроскопик колонистлардир.

Бизнинг ана шу қолган ярмимизни - микробиомимизни ўрганиш аллергиядан тортиб Паркинсонгача бўлган касалликлар ҳақидаги тушунчаларимизни ўзгартириб юбормоқда ва даволашда инноватив усулларга йўл очмоқда.

"Улар соғлиғимиз учун жуда муҳимдир, - дейди Макс Планк университети Микробиом тадқиқотлари бўлими директори, профессор Рут Лей. - Танангиз фақат сиздан иборат эмас."

Қанчалик кўп чўмилманг, бундан қатъи назар, танангизнинг ҳар бир қисми микроскопик жонзотлар билан қопланган.

Булар бактериялар, вируслар, замбруғлар ва археадир (буларни илгари бактерия билан битта гуруҳда хато таснифланган). Бу микроскопик ҳаётнинг энг гуллаган жойи бизнинг кислороддан ҳоли қаъримиз - ошқозон-ичакларимиздир.

Brain and gut illustration

Сан-Диегодаги Калифорния университетидан профессор Роб Найтнинг Би-би-сига айтишича, "сиз инсондан кўра кўпроқ микробдан иборатсиз".

Аввал-бошда бизнинг ҳужайраларимиз ўн марта кўп деб ишонилган.

"Кейинроқ бу аниқлаштирилиб бирга бир экани аниқланди, аммо охирги ҳисоблашлар биз ҳужайра сонини ҳисоблаганда танамизнинг 43 фоизини ташкил қиламиз холос," дейди у.

Аммо генетик томондан биз янада орқадамиз.

Инсонни вужудга келтирувчи генетик инструкциялар, яъни инсон геноми 20000 гендан иборат.

Агар микробиомнинг генлари билан қўшиб ҳисобласак, бизнинг генлар икки ва 20 миллион микробиом генлари орасида бўлиб қолади.

Калтехдан профессор Саркиз Мазманияннинг таъкидлашича, "Бизда геном сони битта эмас, балки бизнинг фаолиятимизга таъсир қиладиган микробиомимиз иккинчи геном ҳисобланади.

"Менинг фикримча, бизни инсон қиладиган нарса бизнинг ДНКмиз ва ичакларимиздаги микробиомнинг ДНКсидир."

Бунча микроскопик жонзотларни шунчаки кўтариб юрамиз, уларнинг танамизга ҳеч қандай таъсири йўқ деб ўйлаш соддалик бўларди.

Фан микробиомнинг овқат ҳазм қилиш ва иммун тизимимизда қанчалик роль ўйнаши, бизни касалликлардан ҳимоя қилиши, муҳим витаминларни ишлаб чиқаришини аниқлаб бормоқда.

Профессор Найт шундай дейди: "Бу майда жонзотлар бизнинг соғлиғимизни яқин-яқингача тасаввур ҳам қилинмаган даражада қанчалик ўзгартириб юборишини кашф этяпмиз".

Бу микроскопик дунё ҳақида янги тушунчадир. Шу пайтгача бизнинг бу дунё билан муносабатимиз асосан "уруш ҳолати" эди.

Микроскопик жанг майдони

Сувчечак, сил микробактерийси, метициллинга чидамли стафилакок бактериялари каби микроскопик жонзотларга қарши антибиотик ва вакциналар асосий қурол бўлиб келган.

Бу жуда яхши ютуқ эди ва миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолган.

Аммо айрим тадқиқотчиларнинг айтишича бизнинг бу ёмон микробиомга қарши урушимиз танамиздаги "яхши бактерия"ларга катта зарар беради.

Профессор Лейнинг айтишича, "Ўтган 50 йилда юқумли касалликларни камайтириш учун даҳшатли ишларни қилдик. Аммо, айни пайтда, автоиммун касалликлар ва аллерия шу даражада кўпайди".

"Патогенларга қарши курашимиз натижасида юз берган микробиомдаги ўзгаришлар мутлақо янги турдаги касалликлар тўпламларини пайдо қилдики, энди улар билан ҳам шуғулланишимиз керак."

Микробиом, шунингдек, ичак яллиғланиши, Паркинсон, саратон дориларининг самарадорлиги ва ҳатто депрессия ва аутизм каби касалликлар билан ҳам боғлиқ.

Семизлик яна бир мисол. Оила тарихи ва турмуш тарзи ҳам роль ўйнайди, аммо ошқозон-ичаклардаги микробиом ҳақида нима дейиш мумкин?

Ана шу ерда чалкашликлар келиб чиқади.

Eating illustration

Бургерлар ва шоколад семизлик хавфини оширади ва ошқозон-ичакларда қандай турдаги микробиом пайдо бўлишига таъсир қилади.

Ичимиздаги ёмон бактериал таркибнинг овқатларимизни қандай ҳазм қилиши семизликка сабаб бўлаётган бўлсачи, буни қандай биламиз?

Профессор Найт санитар жиҳатдан энг тоза муҳитда туғилган сичқонлар устида тажриба ўтказди.

Уларнинг бутун вужуди микробиомдан холи эди.

"Биз ориқ ёки семиз одамдан ахлатини олиб, улардаги бактерияни сичқонларга жойладик. Ориқ одамдан олинган бактерия жойланган сичқон озиб кетиши, семиздан олингани эса тўлишишини кўрсатиб бердик", дейди у.

Семизларига ориқларнинг бактерияси жойланганда эса у ҳам оза бошлаган.

"Бу жуда қизиқ топилма, аммо масала шундаки, буни и��сонларга қўллаш мумкинми?

Бу соҳадаги катта умиддир, яъни микробиом дори шаклида қўлланиши мумкин. Бу микробдан дори сифатида фойдаланиш бўлади.

Ахборот кони

Wellcome Trust Sanger Institute'дан доктор Тревор Лоули билан учрашдим. У соғлом ва беморлардан олинган микробиомларни ўстириш билан шуғулланаётган эди.

"Беморларда қайсидир бактерия бўлмайди, бундай вазиятда ўшани аниқлаб, уларга ўша бактерияни бериш керак."

Докторнинг айтишича, беморнинг микробиомини яхшилаш язвали колит каби ичаклар яллиғланиши касалликлардан халос бўлишга ёрдам беришини тасдиқловчи далиллар ошиб боряпти.

"Биз ўрганган кўплаб касалликларда 10-15 тур бактериялар аралашмаси беморларга берилиши мумкин", дейди у.

Микробли даволаш ҳозирча бошланғич босқичда турибди, аммо айрим тадқиқочиларнинг ўйлашича, микробиомимизни доимий кузатиб бориш соғлиғимиз ҳақидаги муҳим кундалик ахборот манбасига айланиши мумкин.

Профессор Найт шундай дейди: "Ҳар бир қошиқча чиқадиган ахлатимизда тонналаб DVD дискларни тўлдирадиган микроб ДНК маълумотлари бор. Ўша маълумотлардан бир қисми чиқариб юборилса ҳам, катта миқдордаги ахборот чиқиб кетади."

"Айнан қайси турдаги ахборотлар чиқиб кетаётгани соғлиғингиз қайси томонга ўзгаришини кўрсатиб беради."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002