Россия камбағал хорижликларни Украина урушига алдаб, жалб қилмоқдами?

  • Гурприт Сингх Чавла, Балла Сатиш, Олег Болдирев
  • Би-би-си
Муҳаммад Асфаннинг ортидан хотини ва ҳали иккига тўлмаган икки боласи қолди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Асфаннинг ортидан хотини ва ҳали иккига тўлмаган икки боласи қолди

Муҳаммад Асфан Ҳиндистон жанубидаги Ҳайдаробод шаҳридан Россияга жўнаб кетганида оиласининг умид ва орзуларини ўзи билан олиб юрди.

Кийим дўкони менежери бўлган Муҳаммад "ҳарбий ёрдамчи" бўлиб ишлайман деб ўйлаган.

У YouTube'да ойига 1207 доллар миқдорида юқори маошли иш ваъда қилинган видеони кўрди. Яна у олти ой ичида доимий яшаш ҳуқуқини ҳам олиши мумкин экан.

"У Украина билан фронтга юборилмайди ва фақат армия штабида ёрдамчи бўлиб ишлайди", дейди унинг укаси Имрон Би-би-сига.

Унинг айтишича, Асфан уларга Украина чегарасидан қўнғироқ қилиб, паспорти олиб қўйилгани ва ўзи жанг қилишга мажбур бўлганини айтган.

Имрон акасидан икки ойдан ортиқ хабар ололмади. У Ҳиндистоннинг Россиядаги элчихонасига қўнғироқ қилиб, Асфан ҳақида сўраганида, унинг вафот этганини айтишган.

"Агар акам ўлган бўлса, жасадини зудлик билан бу ерга олиб келиш керак. Унинг хотини ва отам хавотирда юришибди", дейди Имрон.

Асфаннинг хотини ва икки ёшга тўлмаган икки фарзанди қолди.

iqtibos

Яқинда армияда «ёрдамчи» бўлиб ишлаш умидида Россияга йўл олган камида икки ҳиндистонлик эркак фронтдаги жангларда ҳалок бўлди, дейди уларнинг оилалари.

Худди шу каби YouTube'даги ишга ёллаш видеоси декабрь ойида 23 ёшли каштачи Хемил Мангукияни ҳам Россияга жалб қилди.

"Ҳемилга армияда ёрдамчи бўлиб ишлаши ва уч ой давомида машғулотлардан ўтиши айтилган", дейди унинг отаси Ашвин, Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатидан.

"Аммо у Россияга борганида, урушга тайёрлашаётганини билган."

"Одам савдоси тармоғи"

Яқинда Ҳиндистон ёш йигитларни Украинада жанг қилишга мажбурлаш учун иш ваъдалари билан Россияга олиб кетадиган "катта одам савдоси тармоғи"ни фош қилганини эълон қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Марказий тергов бюроси маълумотларига кўра, ҳозиргача ушбу схема бўйича 35 га яқин одам Россияга жўнатилган.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши учун алдаб олиб кетилган ҳар бир ҳиндистонлик ҳолати Москва билан "қаттиқ муҳокама қилинганини" айтди.

Ижтимоий тармоқларда эркаклар ўз аҳволи ҳақида гапираётган видеолари тарқалмоқда.

Шу ойда чоп этилган хабарлардан бирида етти кишидан иборат гуруҳ Ҳиндистон ҳукуматидан уйларига қайтишга ёрдам сўраб, Россияга туристик визалар билан келганликларини, аммо энди Россия армиясида хизмат қилишга мажбур бўлганликларини айтишган.

Ижтимоий тармоқларда эркаклар ўз аҳволи ҳақида гапираётган видеолари тарқалмоқда.
Сурат тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда эркаклар ўз аҳволи ҳақида гапираётган видеолари тарқалмоқда.

Гагандип Сингх мурожаат қилганлардан бири.

Унга Россия армиясида хизмат қилиш буюрилган, акс ҳолда, 10 йилга қамаласан дейишган, дейди унинг онаси Балвиндер Каур.

"Ўғлимиздан ҳар кун хабар кутамиз, - дейди у Би-би-сига. - Унинг айтишича, улар Украинадаги урушга юборилмоқда. Ҳаммамиз жуда қайғудамиз".

Бошқа панжоблик оилаларнинг Би-би-сига айтишича, уларнинг фарзандлари Дубайга сайёҳлик визаси билан ёки Беларусга бориб, алдовга учиб, Россияга кетишган.

Улар агентлар томонидан қандай қилиб юқори маош ваъдаси билан алдаб, жанг майдонига жўнатилгани ҳақида гапириб берган видеолари уларнинг оилаларини шокка солиб қўйди.

Жабрланганлар ва уларнинг оила аъзолари айтишича, агентлар бир неча ойлик ҳарбий хизматдан кейин Россия паспортини ваъда қилиб, сафар учун 300 минг рупий (3621 доллар) сўраган.

Камида 254 нафар хорижлик ҳалок бўлган

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Украинадаги урушда Россия 350 минг одам йўқотган. Котиб қурбонлар ва ярадорлар сонига аниқлик киритмади.

Би-би-си Рус хизмати 46 678 аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳолат нега рус армияси чет элликларга тобора кўпроқ мурожаат қилаётганини кўрсатади.

2022 йилда Мудофаа вазирлиги билан камида бир йил муддатга шартнома имзолаган ва олти ой жанг қилган хорижликлар Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Январь ойида президент Путин процедурани янада соддалаштирувчи янги фармонни имзолади.

Кўпчилик хорижлик жангарилар иқтисодий муҳожирлар бўлиб, уларнинг аксарияти Марказий Осиё республикаларидан, биринчи навбатда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келади.

Россия сафида жанг қилаётган хорижликлар орасида Куба, Непал, Ҳиндистон, Сурия, Ироқ, Сербия, Афғонистон, Сомали, Шри-Ланка ва Малайзия фуқаролари ҳам бор. Уларнинг умумий сони минглаб.

Би-би-си Рус хизмати маълумотига кўра, 2023 йил декабрь ойи охирига келиб, Россия армиясида жанг қилган камида 254 нафар хорижлик ҳалок бўлган.

Декабрь ойида Непал ҳукумати Россиядан непаллик ёлланма аскарларнинг олти нафари жасадини қайтаришни сўради.

Катманду полициясига кўра, контрабандачилар Россияга туристик визалар билан кириш учун ҳар бир кишидан 9000 долларгача пул ундиришган.

Migrantlar

Сурат манбаси, GOVERNOR OF MURMANSK/TELEGRAM

Би-би-си Рус хизмати Россияда виза қоидабузарлиги сабабли қўлга олинган мигрантлар ҳам хавф остида эканлигини аниқлади.

Ўтган йил ноябрида Россиянинг Финляндия чегарасида иммиграция қонунларини бузгани учун қўлга олинган хорижликлар бир неча кун ўтиб, Украина билан чегарадаги ҳарбий лагерга ўтказилган.

Авад (исми ўзгартирилган) Сомалидан бўлиб, ёши 40 атрофида.

У ноябрь ойи ўрталарида ҳибсга олинди, 22 доллар жаримага тортилди ва депортация қилинмагунча ҳибсда қолган.

Унинг айтишича, депортациядан олдинги марказда сақланаётган пайтда унга камида ўнлаб маҳбуслар билан бирга ҳарбий амалдорлар мурожаат қилган.

Унинг айтишича, уларнинг барчасига "давлат учун иш" таклиф қилинган.

Авад уни алдаб, рус армиясига олиб боришганига қатъий ишонади. У ўзини менга қилинган таклифни тўлиқ тушунмагандим деб оқлайди.

"Йўқ дедим, чунки нима имзолаётганимни билмайман, бу мен тушунадиган тилда ёзилмаган, - дейди у. - Мен аскар эмас, бошпана изловчиман".

"Бизга тайёргарлик, яхши маош билан бир йиллик шартнома айтишди, лекин Украина чегаралари ва уруш йўқ эди. Бизга айтилганларнинг ҳаммаси ёлғон экан".

Улар автобусда Украина билан чегара яқинидаги ҳарбий лагерга олиб кетилган. Норозиликлардан сўнг баъзиларга таҳдид камайди. Камида бир муҳожир депортация қилинган ва Авад ҳозир Россиядан бошпана сўрамоқда.

У ҳибсда қолиб, депортация қилинишини кутмоқда ва суд жараёни ҳали белгиланмаган.

Би-би-си Рус хизмати Ички ишлар вазирлигидан хорижлик маҳбусларга озод этилиши эвазига армия шартномалари "таклиф қилинаётгани" ҳақидаги иддаоларга изоҳ сўради, бироқ ҳеч қандай жавоб олмади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002