Видео. Ўзбекистон: Журналист Анора Содиқова яна таҳдидлар ҳақида гапирди ва Япония Тошкентни “Хитой хавфи”дан огоҳлантирмоқчи - O'zbekiston, yangiliklar

anora

Сурат манбаси, BBC O'zbek

  • Журналистлик суриштирув ортидан Rost24'га таҳдид қилингани айтилди;
  • Япония МОни "Хитой хавфи"дан огоҳлантирмоқчи - ОАВ;
  • Ўзбекистонда MAZ машиналарини йиғиш бошланди;
  • Ер назоратига ёрдам берганлар 27 минг сўм билан рағбатлантирилади;

Rost24'га таҳдид?

Rost24 нашри журналисти Анора Содиқова ўзи олиб борган журналистлик суриштирув ортидан босимга учраганини айтмоқда.

13 апрель куни журналист ўзининг Facebook саҳифасида номи Pandora Papers ҳужжатларида ошкор қилинган ўзбекистонлик Жаҳонгир Усмонов ва унга тегишли кўрилган бизнеслар борасида олиб борган суриштирувини ўчириб юборишга мажбур бўлгани ҳақида ёзган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар:

Би-би-си билан суҳбатлашган Содиқова, аслида, суриштирув ортидан таҳдид номаълум шахслар томонидан телефон қўнғироғи кўринишида сайтда ишлайдиган ҳамкасбларига нисбатан бўлганини билдирди.

"Телефонда сизларга муаммо бўлиши, ҳаётингларга хавф бўлишини хоҳламасанглар, материални ўчиринглар, деб талаб қилишди. Ўзи менга таҳдид бўлган тақдирда ҳам, жуда кам ҳолларда мақолаларни ўчираман. Лекин бу сафар ҳамкасбларимга бўлди, шунинг учун материал сайтдан олиб ташланди", деди у Би-би-сига.

Жаҳонгир Усмонов марҳум сенатор Мираброр Усмоновнинг ўғли бўлиб, у бирмунча вақт Ўзбекистон футзал ассоциациясининг вице-президенти лавозимида ишлаган.

Rost24'нинг ўчирилган суриштирувида Жаҳонгир Усмонов ўзига тегишли компанияларнинг солиқ тўламаслиги ва катта миқдордаги маблағларни хориждаги офшор ҳисобрақамларга олиб чиқиш йўлида беш йил аввал ташкил этилган "Эзгу мақсад" халқаро хайрия фондидан фойдалангани иддао этилади.

Анора Содиқованинг журналистик суриштирув ортидан босимга учрагани тўғрисидаги даъволари тез орада жамоатчилик фаоллари, журналистлар эътиборига тушган.

Хусусан, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов "журналистга таҳдид қилишга ҳеч ким ҳақли эмас"лиги ҳақида ёзган.

"Умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас. У замонлар ўтиб кетди. Қайтаришга уринманг. Фонд бу ҳолатни кузатиб боради", билдирган Алламжонов.

"Хитой хавфи"дан огоҳлантириш

japan

Сурат манбаси, President.uz

Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Ҳаяши Марказий Осиё давлатларини Хитойнинг минтақада ўсиб бораётган таъсири оқибатларидан огоҳлантирмоқчи.

Бу ҳақда Япониянинг Kyodo News агентлиги мамлакат ҳукуматидаги манбаларига таяниб ёзмоқда.

Нашрнинг хабарига кўра, жаноб Ҳаяши апрель ойи охирида Ўзбекистон ва Қозоғистонга келишни режалаштирган.

Ушбу ташриф, шубҳасиз, Марказий Осиёда тобора ортиб бораётган Хитой таъсирига қарши ҳаракат бўлади, ёзади нашр.

Шунингдек, июнь ойининг охирига қадар расмий Токио минтақадаги беш мамлакат ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказиб, иқтисодий алоқаларни кучайтириш масаласини муҳокама қилиб олишни режалаштираётгани хабар қилинган.

"Режалаштирилган учрашувда Япония Хитой томонидан минтақа мамлакатларини улар қайтара олмайдиган қарзлар билан жиловлаб олишига доир молиявий хатарлардан огоҳлантириши кутилмоқда", ёзган Kyodo News.

Йиғила бошланган MAZ

maz

Сурат манбаси, MAZ

Беларуснинг Минск автомобиль заводи (MAZ) Ўзбекистонда MAZ автомобилларини йиғишни бошлаган.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистонда комплект йиғмалардан фойдаланган ҳолда йиғилган илк модель MAZ-5337 юк машина��и бўлган.

Хабар қилинишича, мамлакатда автомобиллар йиғиш ишларини компаниянинг расмий дистрибютори бўлмиш "MAZ-TASHKENT" МЧЖ олиб бормоқда.

"Ўзбекистонда йиғиш ишларини маҳаллийлаштириш жараёни MAZ'га Марказий Осиё бозорига чиқиш имконини беради. Истиқболда - Эрон, Афғонистон ва Покистон", билдирган MAZ.

27 минг сўмлик рағбатлантириш

land

Сурат манбаси, Kadastr agentligi

Эндиликда, ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади.

Адлия вазирлиги 14 апрель куни ҳукумат Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаганини хабар қилган.

Низомга мувофиқ, ер назорати ҳокимликлар томонидан, Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология қўмитаси томонидан ўтказилади.

Кадастр назоратини эса Кадастр агентлиги олиб боради.

Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида рағбатлантирилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek