Америка ва ўзбеклар: Америкада бизнес қилиш осонми? Ёш тадбиркорнинг ҳикояси - Видео

  • Ибрат Сафо
  • BBC Uzbek, Майами, АҚШ
Мижозлар Сардорнинг дўконидан тиббий маҳсулотни танлайдилар, тўловни эса суғурта компанияси амалга оширади.
Сурат тагсўзи, Мижозлар Сардорнинг дўконидан тиббий маҳсулотни танлайдилар, тўловни эса суғурта компанияси амалга оширади.

"Бу ерда, бошқа штатларга қараганда, кам солиқ тўлайсиз", - дейди Сардор. Биз унинг қимматбаҳо автомобилида Майами шаҳрида, Атлантика уммони бўйлаб чўзилган йўлда унинг офисига кетяпмиз. Йўл бўйида бири-биридан фарқли данғиллама уйлар ва палмалар баҳор қуёшида қизийди.

Дарҳақиқат, қисман солиқлар камлиги туфайли Флорида штатининг иқтисоди гуркираб ўсяпти. Флорида - шахсий даромад солиғини солмайдиган саноқли штатлардан бири. Унда савдо, кўчмас мулк ва юридик шахслардан олинадиган даромад солиқлари ҳам бошқаларникига қараганда кам.

Охирги йилларда бу штатга ички миграция кучайди. Лекин, азалдан "Қуёшли штат" дея танилган Флоридага нафақадаги америкаликлар кўчиб келиши удум бўлган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ва, албатта, аҳолининг бу қатламига ихтисослашган хизмат турларини кўрсатувчи бизнеслар ҳам кўпайган.

"Мен бу ерда тиббий маҳсулотлар ва ускуналарни етказиб берувчи бизнес очганман. Айнан Флорида штати ёши катталар кўп бўлгани учун мен учун катта бозор эди", - дейди Сардор.

Сардор отаси киритган сармоя билан тинимсиз ишлаши керак бўлганини айтади.
Сурат тагсўзи, Сардор отаси киритган сармоя билан тинимсиз ишлаши керак бўлганини айтади.

Сардор Мўминов 26 ёшда. Бир неча йил аввал оиласи билан Тошкентдан Ню-Йоркка келиб жойлашганида Бруклиндаги тиббий маҳсулотлар компаниясига ишга кирди. Соҳани ичидан ўргангач, шу йўлда ўз бизнесини очишга қарор қилди.

"Тиббиёт соҳасида тўлиқ ўқимаганман, дипломим йўқ. Лекин, шу соҳанинг мутахассислари ўтказадиган маълум курслар бор, шуларга бориб кўриб ўргандим. Лицензия олиш учун имтиҳонларини топширдим", - дейди у.

Алоқадор мавзулар:

АҚШда, айниқса Флорида каби штатларда, "small government policies", яъни давлатнинг инсон ҳаётидаги имконқадар кичик роли афзал кўрилади. Бу эса ҳар қандай соҳанинг тижорийлашишини англатади. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг ҳам.

Сардорнинг "Better Life - Medical and surgical supplies" (Яхшироқ ҳаёт - тиббий ва жарроҳлик маҳсулотлари) компанияси офисига етиб келдик. Икки томондаги расталар ортопедик оёқ-кийимлардан тортиб ногиронлик аравачалари, қанд касаллиги ўлчагичларидан тортиб катталарнинг памперслари билан тўлган каттагина офисда икки жуфт қариялар ўзларига оёқ-кийим танлашяпти.

Сардор дарҳол тиззасига чўккалаб кекса аёлга юмшоқ пойафзални кийдиришга ёрдам беради. "Қулайми, ёқдими?" деб сўрайди американча хизмат соҳасига мансуб илтифот билан.

У сўнг менга қанд касаллиги билан оғриган беморлар киядиган оёқ-кийимларини олиб кўрсатади. Ҳеч қандай вазни йўқ ҳушбичим кроссовкани қўлимга оламан. "Диабетга оёқ-кийимнинг қандай алоқаси бор?"

"Диабетиклар учун мана бу жойлари оёқни шилинмайдиган қилиб чиқарилган. Қанд касали бўлган одамлар ярага жуда сезувчан бўлиб қолади, яра бўлганда битиши қийин. Ичида махсус юмшоқ қатламиям бор. Ва жуда енгил", - дея тушунтиради у.

BBC

Сардорнинг компанияси бу маҳсулотларни тўғридан-тўғри беморларга сотмайди. У штатдаги энг катта Medicare, Medicaid каби тиббий суғурта компаниялари билан шартнома тузган. Беморлар аввал шифокорга учрайди, шифокор уларга йўлланма бергач, улар Сардорнинг шоурумига келишади ва маҳсулотни танлашади. Маҳсулот учун тўловни Сардорга суғурта компаниялари оширади.

"Ҳамма маҳсулотларимиз бу ерда йўқ. Штат бўйлаб бешта омборимиз бор. Масалан, қанд касалликлари учун глюкозани ўлчаб сўнг танага инсулин юборадиган қурилмамиз омборда бор", - дейди Сардор.

Нимани кўрсам, Ўзбекистонга илинаман

Ўзбекистон учун тиббий суғурта - ҳали жуда янги тушунча. Уни 2026 йил охиригача тўлиқ жорий этиш режалаштирилмоқда. Режага биноан, аввалига Давлат тиббий суғурта жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ти��имига ўтказилади, 2027 йилдан эса мустақил жамғармага айланади.

Аммо, суғуртасиз ҳам бу каби тиббий маҳсулотларга Ўзбекистонда эҳтиёж бор. Шахсан ўзим яқин қариндошимга Лондондан электрон қон босими ўлчагичини олиб борганимни ва инглиз тилидаги кўрсатмаларни узоқ таржима қилиб берганимни эслайман. Қанд касаллиги билан оғриганлар учун ҳам Ўзбекистондаги муолажа турлари эскирган, шу туфайли статистикада бу касаллик билан бевақт вафот этаётганлар сони юқори.

"Шу ишни бу ёқда кўрдим, қилдим. Энг биринчи бўлиб, Ўзбекистонга илинаман шу нарсаларни. Биздаям халқ қийналмаса, шундай маҳсулотларни ола олса, дейман. Мана шу тиббий маҳсулотларни қандай қилиб Ўзбекистонга олиб кирсам бўларкан, дейман доим. Америкада нима яхши нарса кўрсам, ҳар доим илинаман", - дейди Сардор.

Унинг бу хиссиётлари фақат хиссиёт эмас, амалга кўчган. Яқинда у Ўзбекистонда ҳам офис очиб, 10 кишини ишга олгани ва уларга шу соҳани ўргатаётганини айтади.

"Ўзим бориб ўргандим, бизда бу ҳали ривожланмаган. Асосан, бундай маҳсулотларни кимнингдир таниши бўлса, Америкадан жўнатган", - дейди у.

Санъаткорнинг ўғли

Тиббий маҳсулотлар таъминоти бизнесини Сардор Мўминов Ўзбекистонда ҳам кенгайтириш жараёнида.
Сурат тагсўзи, Тиббий маҳсулотлар таъминоти бизнесини Сардор Мўминов Ўзбекистонда ҳам кенгайтириш жараёнида.

Сардор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда Собиржон Мўминовнинг ўғли. Грин карта тизими орқали хонанданинг ўзи ҳам аёли ва фарзандлари билан АҚШга кўчган ва Ню-Йоркда яшайди.

Америка, албатта, имкониятлар мамлакати ва унда бизнесга тўсиқлар кам. Лекин, ҳамма ҳам бу имкониялардан фойдалана оладими?

Сардор ҳам машҳур хонанда отасининг молиявий ёрдамисиз бугунда қиймати, ўзи айтганидек, 8-10 миллион долларга тенг компанияни юрита ва кенгайтира олармиди?

"Компанияни очаётганимда албатта дадам ёрдам берганлар, албатта ўз сармояларини киргизганлар. Чунки бу бизнесни қилиш учун ҳам кам пул кетмайди. Масалан, лицензия олиш жараёнларида катта пул керак", - дейди Сардор.

Суҳбатимиз давомида Сардорнинг ўз отасига бўлган ҳурмати ва меҳрига бир неча бор гувоҳ бўлдим. У қайта-қайта отаси берган тарбия ҳақида сўзлади.

Отанинг сармояси муҳим, аммо Сардордек узоқни кўра билувчи тадбиркор ўғил бўлмаганда, бу бизнесга киритилган сармоя балки пучга чиққан бўларди?

"Мана, кўришингиз мумкин, палмаларда пул ўсмайди бу ерда. Бу ёқдаям ҳаракат қилиш керак, бу ёқдаям ўқиб, билим олиб, қийналиб бир нарсага эришасиз. Осон деган нарса бутун дунёда йўқ", - дейди Сардор.

Сардорнинг орзуси - ўз компаниясини Америкадаги энг йирик тиббий маҳсулот таъминотчиларидан бирига айлантириш. Аммо, дейди у, орзу ва мақсаднинг фарқи бор.

"Дадам бизга ҳар доим айтганлар, мақсадсизликдан ёмон нарса йўқ. Мен ҳам бир нарсани орзу қилиб ўтираверсам, у орзу бўлиб қолаверади. Орзуга эришиш йўлида аниқ мақсадлар қўйилиши керак. Бир ҳафтага, бир ойга, бир йилга аниқ мақсадларим бўлиши керак. Мақсадларим - орзуга эришиш йўлидаги токчалар", - дейди у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002