Мусулмон оламидаги бугунги урушлар пойдеворини бир аср олдин Ғарб қуйганми?

Ғазодаги оила

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозирги айрим урушлар илдизи узоқ йилларга бориб тақалиши мумкин.

Ғарб чизган чегаралар ҳамон Яқин Шарқда уруш ва можароларга сабаб бўлмоқда, деб ёзган эди ҳали бир неча йил олдин журналист Тариқ Усмон. Сўнгги йиллардаги низоларга қараганда, мазкур фикр қанчалик мустаҳкамланди ёки йўқ?

Мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Алоқадор мавзулар:

20-аср иккинчи ўн йиллигида оддий қалам билан харитага чизилган чизиқ инглиз-француз режасида кўзда тутилган амбиция ва аҳмоқликни кўрсатади. Айнан ана шу чизиқлар бугунги Яқин Шарқни яратган эди.

Чизғич билан чизилган тўғри чизиқлар оддий чегараларни пайдо қилди. Мана нима учун 1916 йили Британия ҳукумати вакили Марк Сайкс ва Франция вакили Франсуа Жорж-Пико ўртасидаги келишув тўғри чизиқлардан иборат эди.

Сайкс ва Пико тамоман "империя одамлари" эди. Ҳар иккиси ҳам зодагон, мустамлака маъмуриятида суяги қотган ва Европа империялари бошқаруви бу ҳудуддаги одамларга наф беришига қаттиқ ишонарди.

Уларнинг ҳар иккиси Яқин Шарқни яқиндан биларди.

Биринчи Жаҳон уруши айни қизиган вақтда ошиғич шаклда ўтказилган музокара ва келишув бугунги кунгача минтақага ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Аммо Сайкс-Пиконинг тўғри чизиқлари 20-аср биринчи ярмида Британия ва Францияга асқатган бўлса ҳам, уларнинг минтақа халқларига таъсири тамоман бошқача бўлди.

Бу икки киши чизган харита 16-асрдан буён Усмоийлар ҳукмронлиги остида бўлган ҳудудни парчалаб ташлади ва янги давлатларни пайдо қилди. Бу янги давлатлар эса икки катта таъсир доирасига ажратилди:

•Ироқ, Трансиордан ва Фаластин Британия тобелигига

•Сурия ва Ли��ан Франция тобелигига

Бу икки кишига Шимолий Африкадаги араб давлатлари чегараларини чизиш ваколати берилмаганди. Аммо у ерда ҳам таъсир доираси бўлиб олинганди: Британияга тобе Миср ва Францияга тобе Мағриб.

Махфий келишув

Аммо Сайкс-Пико келишувида вужудга келган геосиёсий тартиботда учта муаммо юзага келди.

Биринчидан, бу Британиянинг 1910 йилларда арабларга берган асосий ваъдасини эътиборсиз қолдирарди. Унга кўра, агар улар Усмонийларга қарши исён кўтарса, империянинг қулаши уларга мустақиллик олиб келиши керак эди.

Биринчи Жаҳон урушидан сўнг ваъда қилинган мустақиллик рўёбга чиқмади, мустамлака кучлар 1920-, 30- ва 40-йилларда ҳам ўз таъсирини араб дунёсига ўтказаверди. Араб дунёси сиёсати йўналиши аста-секин либерал-конституцион ҳукумат қуришдан (20-аср бошларида Миср, Сурия ва Ироқда шундай бўлганди) мустамлакачилардан қутулишни мақсад қилган миллатчилик ва шунга мувофиқ бошқарувга ўта бошлади.

Ана шу жараёнлар 1950-йиллардан 2011 йилги араб қўзғолонларигача кўплаб араб мамлакатларида ҳукмронлик қилган ҳарбий режимларнинг пайдо бўлишида асосий омил бўлди.

Қавмий чизиқлар

Иккинчи муаммо тўғри чизиқлар чизиш тенденцияси эди.

Сайкс-Пико Шомни диний секталар бўйича ажратишни кўзлаган эди:

• Ливан насронийлар (айниқса маронитлар) ва друзлар учун бошпана сифатида

• Каттагина яҳудий жамоаси бор Фаластин

• Икки давлат чегарасида жойлашган Бекаа водийси шиа мусулмонларига

• Минтақадаги аҳолининг энг кўпи бўлмиш сунний мусулмонлар учун Сурия.

Якин Шарқ харитаси
Сурат тагсўзи, Яқин Шарқда тортилган чегаралар ҳам одамлар ҳаёти, ҳам геосиёсатни ўзгартириб ��борган.

География ёрдам берди.

Салб юришлари тугаши ва 19-асрда Европа кучлари келиши оралиғида, минтақадаги жонли ўзаро савдо маданиятига қарамай, турли мазҳаблар бир-биридан айро яшаган.

Аммо Сайкс-Пиконинг ғоялари амалга ошмади. Бу янги чизилган чегаралар ҳақиқий мазҳаб, қабила ва этник тафовутларга мос келмасди.

Аввало, арабларнинг Европа кучларини сиқиб чиқариш учун кураши ва кейин араб миллатчилиги кенг тарқалиши бу тафовутларни бузиб юборди.

Шафқатсизлик

Ғазодаги оила

Сурат манбаси, MAJDI FATHI/BBC

1950-йиллар охири ва 1970-йиллар охири оралиғида, айниқса, Гамал Абдун Носирнинг Мисрда ҳукмронлиги гуллаган даврида (1956 йилдаги Сувайш инқирозидан 1960-йиллар охиригача) араб миллатчиллари бирлашган араб дунёси орқалигина ижтимоий-демографик фарқларни йўқотиш мумкин деган ғояни тарғиб қила бошлади.

1980 ва 1990-йилларда араб дунёсидаги кучли шахслар - Сурия ва Ироқдаги Ҳофиз Асад ва Саддам Ҳусайн, Шимолий Африкада полковник Муаммар Қаддафий кабилар ўзгача фикрни бостиришди, кўпинча, ўта шафқатсиз усуллардан фойдаланди.

Аммо мавжуд тафовутлар туфайли юзага келган кескинлик йўқолгани ёки заифлашгани йўқ. Бу давлатларда ёриқлар пайдо бўла бошлаганда - аввалига бу кучли шахсларнинг аста ўртадан кўтарилиши ва бир қанча араб давлатлари ворисийлик асосида бошқарилувчи кичик иқтисодий манфаатдор гуруҳлар назоратидаги феодал мамлакатларга айланиши ва, айниқса, 2011 йилги тўнтаришлардан кейин кўздан панада бўлган ўша тофовутлар яна қалқиб чиқа бошлади.

Ўзликни англаш учун кураш

Араб баҳори

Учинчи муаммо шундаки, Биринчи жаҳон урушидан кейин яратилган давлат тузумлари арабларнинг ўзликни англаш билан боғлиқ ўтган бир ярим аср давомида қийнаб келган дилеммани - бир томондан миллатчилик ва дунёвийлик, бошқа томондан, мусулмонлик (баъзи ҳолларда христианлик) ўртасидаги зиддиятни ҳал қила олмади.

Араб либерал даври асосчилари - 19-аср охиридан 1940-йилларгача - давлат институтларини қурдилар (масалан, 1861 йилда Тунисдаги дунёвий конституция ва икки Жаҳон уруши оралиғида Мисрда либерал демократиянинг бошланиши) ва кўплаб ижтимоий гуруҳлар (айниқса, ўрта синф вакиллари) қўллаб-қувватлаган ғояларни илгари сурдилар. Аммо бу ғоялар жамиятдаги ўта диндорлик ва консерватизмни юмшатиб, ижтимоий модернизацияга йўл оча олмади.

Саноатлаштиришдаги сезиларли ютуқларга қарамай, юқори ўрта синф ва аҳолининг катта қисми ўртасидаги кескин тенгсизликлар сақланиб қолаверди. Араб миллатчилиги етакчилари аксар халқ қўллаб-қувватлови билан бошқача (социалистик ва баъзан милитаристик) мафкурани дастакладилар ва бу дастаклов фуқаровий ва сиёсий эркинликлардан кечиш эвазига бўлди.

Ўтган қирқ йилликда эса араб дунёси ўзидаги ижтимоий зиддиятларга қарши курашиш учун бирор тайинли миллий лойиҳа ёки жиддий уринишни кўрмади.

Янги авлод

Намойишчилар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Бир неча йил олдин Араб дунёсини намойиш ва норозиликлар тутди.

Ўша давлат тузилмалари демографик ўзгаришлар туфайли портлаш арафасида эди. Охирги қирқ йил ичида араб дунёси аҳолиси икки баравар кўпайиб, 330 миллион кишидан ошди, уларнинг учдан икки қисми 35 ёшгача бўлган ёшлардир.

Бу авлод ўзи сабабчи бўлмаган ўткир ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммоларни мерос қилиб олган, уларнинг оқибатларини - таълим сифати, иш ўринлари, иқтисодий истиқболдан тортиб келажак олдидаги хавотирларгача бўлган оқибатларни бошдан кечираётган эди.

Аслини олганда, 2011 йилда бошланган араб қўзғолонлари тўлқини ҳозирги авлоднинг Биринчи жаҳон урушидан кейин вужудга келган давлат тартиботи оқибатларини ўзгартиришга уринишидир.

Ҳозирда амалга оширилаётган бу ўзгаришлар яхши келажакка интилаётган янги авлоднинг умидлари ва келгуси йилларда минтақани қамраб олиши мумкин бўлган бетартиблик тўлқинини ҳам қамраб олади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002