Ўзбекистон: Бу қишда светдан умид қилиш мумкинми? O'zbekiston elektr

Светсизлик

Сурат манбаси, Social media

Ҳали қиш бошланмасдан, аллақачон, мамлакатнинг турли бурчларидан свет муаммоси яна бўй кўрсатаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаган.

Шундай бир вазиятда ўзбекистонликларни азалий бир саволнинг жавоби қизиқтирмоқда: свет бу қишда ўчмасмикан?

Энергетика вазирлигининг охирги хабарига кўра, келаётган қиш мавсумида ҳам узлуксиз электр таъминотини йўлга қўйишнинг имкони бўлмаслиги мумкин.

10 ноябрь куни вазирлик электр энергияси таъминотида кузати��аётган қувват танқислиги сабабларини маълум қилган.

Расмий хабарда айтилишича, шу кунлардаги свет муаммосига сабаб бўлаётган омиллар - юз берган кучли шамол ва чанг-қумли бўрон ҳамда сув танқислиги.

23 фоизлик танқислик

Эски симёғоч

Сурат манбаси, BBC O'zbek

4-5 ноябрь кунлари кузатилган кучли шамол ва қум-чангли бўрон республикадаги икки йири�� иссиқлик энергияси станциясида муаммоларга сабаб бўлган.

Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларининг энергоқурилмаларини қалин чанг қоплами босиб қолган.

"Бу эса, бевосита ишлаб чиқариш ҳажмини кескин камайишига олиб келди", дейилади вазирлик расмий релизида.

Энергетика вазирлиги станцияларда чангдан тозалаш ишлари олиб борилиб, муаммо бартараф этилганини билдирган.

"Мазкур олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайди ва бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилди», маълум қилинган вазирлик хабарида.

Бироқ ушбу релизда узоқ муддатли истиқболда муаммоларга сабаб бўлиши эҳтимоли юқори бошқа хавотирли ҳолат ҳам тилга олинган.

Симёғоч

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Бу - республика сув ресурсларида юзага келаётган танқислик.

Табиий, ушбу танқислик гидроэлектр станциялар ишлаб чиқариш қувватига таъсир қилган.

Маълум қилинишича, бу йил республикадаги сув ресурслари ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан паст бўлган.

Оқибатда, йил якунига қадар мавжуд ГЭСлар 5 миллиард кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Бу эса режага нисбатан 1,5 миллиард кВт.соат ёки 23 фоизга кам.

"Мазкур 1 млрд 500 млн кВт.соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин", изоҳлаган Энергетика вазирлиги.

Бир вақтнинг ўзида сув танқислиги қўшни Қирғизистон электр энергияси тизимида ҳам хавотирларга сабаб бўлган.

Мамлакат энергетика ва саноат вазири ўринбосари Таалайбек Ибраев октябрь охирида Тоқтогул сув омборидаги сув сатҳи "ўлик чегара" даражасига қадар тушиб кетиши эҳтимоли ҳақида гапирган.

Светдан умид борми ўзи?

Электр узатиш трансформатори

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, бу куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга ўтган мавсумдагидан кўра 12,5 фоизга кўпроқ электр энергияси етказиб берилади.

Бундан ташқари вазирлик охирги беш йил ичида узунлиги ўн минглаб километрга тенг узатиш линиялари, 13 мингга яқин трансформаторлар янгиланганини билдирган.

Февраль ойида 2021 йил давомида мамлакатда 11 та янги ГЭС қурилиб, 587 мегаватт электр қуввати яратилиши хабар қилинган эди.

Шунингдек, ҳукумат муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ҳам эътибор қарата бошлаган.

Масалан, шу йилнинг август ойида Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган биринчи йирик қуёш фото электр станцияси ишга туширилган.

Йил охирига қадар қуввати 1,800 МВтга тенг иссиқлик ва қуёш электр станциялари ишга туширилиши борасида хабарлар чиққан.

Аммо Энергетика вазирлигининг огоҳлантиришича, бундай қадамлар ҳам узлуксиз электр таъминотига замин ярата олмаслиги мумкин.

"Ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмлари қанча кўп оширилмасин, агар ушбу ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланилмаса, кўрилаётган чоралар ўз самарасини бермаслиги мумкин", маълум қилган вазирлик.

Электр таъминоти тизимига ноқонуний уланишлар эса муаммони янада жиддийлаштиради, таъкидлаган вазирлик.

Таъкидланишича, куз-қиш мавсумида иситиш учун электр энергиясига бўлган талаб уч баробар ошиб кетиши кузатилмоқда.

Лекин аномал иссиқ туфайли бу йил ёз ойларида ҳам мамлакат бўйлаб чироқ ўчиб қолиши кузатилган эди.

Июль ойида, ҳатто, пойтахтнинг кўплаб мавзелари чироқсиз қолган.

Светофорлар, метро поездлари ҳаракати маълум вақтга тўхтаб қолган.

Ҳафта бошида Сенат раиси Танзила Норбоеванинг электр таъминоти муаммоси "тарихда қолгани" тўғрисида айтган ф��крлари ўзбекистонлик Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари ўртасида жиддий мунозаралар ва саволларни келтириб чиқарган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek