Янгиликлар: Мирзиёев Туркияга шунчалик яқинлашдими ёки Эрдоған Ўзбекистонга? Turkiya O‘zbekiston Мирзиёев Dunyo Yangiliklar

Туркия ва Ўзбекистон президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Расмий Анқара минтақамиздаги туркий давлатлар сиёсий ва геосиёсий мустақиллиги, ҳарбий салоҳияти учун жиддий ҳамкорлик қилиш ниятида..."

Туркиядаги якшанба кунги президент сайлови Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар эътиборида.

Кўпчиликни қизиқтирган савол битта - президент Режеп Таййип Эрдоған сайловда ютқазса, буёғи нима бўлади?

Эрдоған эса, 14 май кунги Туркия президентлиги сайловида икки асосий рақибдан биттаси бўлади.

Шавкат Мирзиёев, шу йил март ойида пойтахт Анқарада экан, туркияликларни Эрдоған учун овоз беришга даъват этишгача борди.

Бунақаси эса, ҳар икки давлат дипломатик алоқаларининг тарихида кўрилмаган.

Бу галги президент сайлови ўта кескин кечиши, мухолифатчи рақиби президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг Туркиядаги узоқ йиллик бошқарувига якун ясаши мумкин, деган башоратлар бор.

Туркия дунёнинг энг йирик туркий тилли ва НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлади.

Ўзбекистон эса, минтақанинг энг катта туркийзабон ва мусулмон мамлакати саналади.

Аммо бу икки қардош, тилдош ва диндош давлатнинг ўзаро алоқалари яқин-яқингача силлиқ бўлмаган.

Мирзиёев Туркияга шунчалик яқинлашдими ёки Эрдоған Ўзбекистонга?

Алоқадор мавзулар:

Узоқ танаффус ва янги марралар

Фазлиддин Мадиев

Сурат манбаси, ...

Фазлиддин Мадиев

Халқаро сиёсий-иқтисод магистри, Анқара, Туркия

Ўзбекистон мустақиллигини илк ва биринчи навбатда тан олган мамлакат сифатида тарихда қолган қардош мамлакат бўлса-да, Ўзбекистоннинг Туркия билан ўзаро муносабатлари 29 йил давомида бир шаклда паст-баланд бўлиб давом этиб турди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2016 йилда Самарқандга ташрифи тарихий учрашув сифатида баҳоланди ва ушбу учрашувдан кейин иккала давлат муносабатларидаги янги босқич амалда тезда билина бошлади.

Бунга иккала давлат раҳбарларининг 2016-2020 йиллар ичида уч маротаба расмий учрашгани ва бошқа халқаро платформаларда норасмий равишда тўрт маротаба кўришганини ҳисобга оладиган бўлсак, жами етти марта.

Бундан ташқари, 2022 йил ҳисобидан расман уч марта 29-30 март кунлари Тошкентда (бу учрашувда иккала давлат ўртасида жуда катта сиёсий ва иқтисодий келишувлар имзоланди), 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида (бу учрашувда Туркия давлати раҳбари Ўзбекистоннинг энг юқори даражадаги орденларидан бири бўлган Имом Бухорий ордени билан тақдирланди) ва бунинг ортидан 10-12 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитида иккала давлат раҳбарлари яна бир орага келишди.

2023 йил ҳисобидан эса, бир марта Туркиянинг жанубида бўлиб ўтган машъум зилзиладан кейин, 15 март куни расман Анқарада кўришдилар.

Бу умум ҳисобда 7 йил ичида 11 марта учрашув деганидир.

Кўриниб турибдики, Туркия ва Ўзбекистон орасидаги учрашувлар жадвали жуда ҳам тиғиз ва оддий тил билан айтганда, иккала давлат ўз тарихидаги энг маҳсулдор йилларини яшамоқда.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official/illyustrativ

Лекин деярли ўттиз йил кечиккан муносабатларнинг энг юқори чўққисига чиқиш учун бу икки давлат орасида ҳали қилинадиган ишлар жуда ҳам кўп.

Ўзбекистон тарафидан қарайдиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев 21 йиллик танаффусдан кейин Туркияга давлат раҳбари даражасида расман ташриф билан келган Ўзбекистоннинг илк президенти сифатида ҳам тарихда қолганини алоҳида эслаб ўтишимиз керак.

Ўзбекистон президентининг бу ташрифи, умумий тарих ва маданий меросга эга бўлган иккала мамлакатнинг ҳам Турк дунёси билан муносабатларини яхшилаш истагида эканлиги ҳамкорликни кучайтириб, тезлаштирувчи омил бўлди.

Мирзиёевнинг ташрифи билан 2016 йилда қайта тикланган муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Биз эътибор қилаётган фаол дипломатик борди- келдининг асл сабабини эса, бу икки раҳбарнинг давлатлари орасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга бўлган жиддий истаги деб таърифласак тўғри бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан фарқли равишда фаол ва ҳар тарафлама очиқ ташқи сиёсат юритиб келмоқда.

Анқара учрашувида иккала мамлакат учун ҳам "йўқотилган йиллар" деб ном олган даврни орқага ташлаб, икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантириш, бошқа Туркий тилли давлатлар орасидаги ўзаро муносбатларда ҳам Ўзбекистоннинг алоҳида ўринга эга бўлишига жиддий диққат қаратилган эди.

Умумий тарих ва маданиятга эга бўлган бу икки давлатнинг Туркий тилли давлатлар билан ўзаро алоқаларда муносабатларни жадаллаштиришга бўлган эътибори бу ҳамкорликнинг асосий омилидир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарининг 2020 йилдаги Туркияга ташрифи Президентлик Миллий кутубхонасининг очилиш маросимига мос равишда амалга оширилгани жуда муҳим аҳамиятга молик эди.

Бу борада Туркия президенти ўз нутқида алоҳида тўхталиб ўтганидек: "ушбу маъноли бир кунда Миллий кутубхонамизнинг очилиш маросимида зоти давлатлари билан биргаликда айни маданиятимиз борасида бутун дунёга ғоят муҳим хабарни бераётганимизга ишонаман."

Ўзбекистон президентининг бу маросимга алоҳида ҳурмат билан чақирилиши албатта жиддий маънога эга эди.

Туркий тилли давлатларнинг иккинчи ва ҳар томонлама энг йирик давлати бўлган Ўзбекистон стратегик ва маданий қардош давлат сифатида Туркия билан ёнма-ён бўлиши Туркий тилли давлатлар сиёсати ва дунё ҳамжамияти учун алоҳида аҳамият касб этишини унутмаслигимиз керак.

Маданий ва иқтисодий алоқалар

Истанбул

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Ўзбекистон ва Туркия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби иттифоқларда бир-бирларини ҳар доим қўллаб-қувватлашларини, минтақада ва дунёда тинчлик, ҳамкорлик ва ривожланиш тамойили томонида бўлишлари борасида доим ҳамфикрдирлар.

Икки давлат раҳбарлари ривожланиб бораётган бу ҳамкорлик натижаси бутун Туркий тилли давлатлар дунёсини ҳам қамраб оладиган даражада юксалиши зарурлигини илгари сурди.

Бу борада Ўзбекистоннинг 2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги (Турк Кенгаши)га аъзо бўлиб киришининг аҳамияти ҳам катта бўлди.

Ҳатто Ўзбекистондан кейин Туркманистон ҳам бу Кенгашга кузатувчи бўлиб кириш истагини билдирди.

Шу ва шунга ўхшаш ҳамкорликларда ўзаро бирга иш юритиш иккала давлат учун жуда муҳим ва аҳамиятлидир.

Зеро бундай ташкилотлар фақатгина сиёсий мавзулар билан машғул бўлиб қолмасдан, кўпроқ маданий мерос ва ҳамкорлик муносабатларига жиддий эътибор қаратаётгани бунинг маҳсулидир.

Турк Кенгашига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши, ҳам иккала қардош давлатнинг ҳамда бошқа Туркий Тилли Давлатларнинг ҳамкорлигида жуда муҳим аҳамият касб этади.

Чунки, айни пайтда Ўзбекистон сиёсати қўшни давлатлар билан муаммоларни бартараф қилиш ва ҳамкорликни жипслаштириш тамойилига жуда жиддий эътибор бермоқда ва бу борада жиддий ютуқларга эришилди ҳам.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг TÜRKSOY аъзолигига давом этаётгани ва тарихий шаҳар Бухоронинг 2020 йилда Турк Дунёси Маданият маркази, деб эълон қилиниши ҳам алоҳида ютуқ ҳисобланади.

Toshkent

Сурат манбаси, official/illyustrativ

Иқтисодий ҳамкорлик

Икки давлат раҳбарларининг барча учрашувларидаги энг муҳим мавзу иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб келаётгани ҳам алоҳида урғуга эга.

Булар қаторига кейинги йилларда ҳарбий ва хавфсизлик борасидагаи ҳамкорлик ҳам қўшилди.

2017 ва 2018 йиллар оралиғида имзоланган ҳамкорлик борасидаги келишувлардан бири ва энг муҳими Ўзбекистон давлати 2019 йилнинг 10 февралидан бошлаб бир томонлама тўхтатиб қўйилган Туркия ватандошларига бериладиган 30 кунлик виза беришни яна қайта тиклади.

Натижада Ўзбекистоннинг бу ҳаракати икки томонлама ишончни мустаҳкамлади.

Ўзбек ва Турк ҳаво йўлларининг Самарқанд, Бухоро, Наманган, Фарғона ва жорий йилнинг март ойида очилган Анқара-Тошкент авиақатновлари жиддий натижа бўлди.

Айни пайтда, тижорат ва банк соҳасида ҳам жуда қисқа муддатда яхши натижаларга эришилгани кўринди.

Масалан, Турк Зираат Банки Ўзбекистондаги илк 100 % ташқи сармояга эга бўлган банк сифатида тарих саҳифаларига кирди.

Бу икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми кундан кунга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон-Туркия президентлари

Сурат манбаси, .

Масалан, 2018 йилда 1.8 млрд. долларик натижага эришилган бўлса, 2019 йил бу кўрсаткич 2.2 млрд. долларга етди.

Айни пайтда Туркия Ўзбекистоннинг энг кучли бешликка кирувши тижорат ҳамкоридир.

2022 йил Туркия президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифида 5 млрд. $ га етган ўзаро тижорат ҳажмини 10 млрд. долларга етказиш борасида ҳамкорликка эришди ва Туркия инвесторларининг Ўзбекистонга келиш ҳажмини жиддий ошириш борасида келишувга эришдилар.

Иқтисодий ҳаракатлардан маълум бўлаяптики, бу мақсадга эришиш унчалик қийин кечмайди.

Янги давр Ўзбекистони учун келаётган туркиялик ишбилармонлар сони кундан кунга ортмоқда. Охирги Анқара ташрифи эса бу давр учун тезкорлик кайфиятини ҳам қозондирди.

Ўтган йиллар мобайнида Тошкентдаги Эски Шаҳар туризм ҳудуди, Тошкент City супермаркети, Чорвоқ тоғли ҳудудидаги туризм иншоотлари лойиҳаси Турк ишбилармонлари ва Туркия билан ҳамкорликнинг бир қанчасидир.

Бундан ташқари, Самарқандда ҳам уй қурилиш борасида катта лойиҳага келишилган.

Ўзбекистон қадимий маданият ва тарихий бинолари борасида туризмни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Бу борада эса Туркия катта тажрибага эга давлат.

Самарқанд

Айни замонда, Туркия транспорт, логистика, хизмат кўрсатиш ва саломатлик борасида биз ҳавас қиладиган Европа стандартидан ҳам юқори даражадаги муваффақиятларга эришмоқда. Айнан шу соҳаларда ҳам ҳамкорликни жадаллаштириш долзарб масала.

Туркия бу борадаги тажрибасини нафақат Ўзбекистон балки бутун Туркий тилли давлатлар учун амалда ёрдам беришга тайёр бўлган давлатдир.

Айни пайтда, грант асосида Туркияда таълим олиш учун келаётган ёшлар кундан кунга ортмоқда.

Шунингдек, Yurtdışı Türkler ve Akraba Topluluklar (YTB) - Хорижлик турклар ва қардошлик жамоаси Туркия грантлари ўзбекистонлик талабалар учун бу йил катта квота (1000 дан ошиқ) ажратди ҳамда яқинда Ўзбекистонда бир неча жойларда бу борада учрашувлар ўтказди.

2022 йилдаги учрашувда Туркия-Ўзбекистон Университети қурилиши учун ҳам таълимотлар берилгани айтиб ўтилган.

Бундан ташқари, Туркия ёрдами ва ҳамкорлигида Имом Мотурудий ҳамда Имом Бухорий инстутларининг очилиши ҳақидаги қарор ҳам тезроқ амалга ошиши мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу иккала қардош давлатнинг ҳам сиёсий ҳам иқтисодий имкониятлари ниҳоятда катта.

Изчил ҳаракат қилинса, ўртадаги баъзи кичик муаммолар ҳам барҳам топиб бораётганини кўриб бормоқдамиз.

Ҳар икки томонлама консулликларни кўпайтириш, жомадон тижоратига қулайлик яратиш, Туркияда ишлаётган ўзбекистонликлар учун яшаш ва ишлаш рухсатларининг олинишини юқори даражада мукаммаллаштириш ва қулайлаштириш, авиабилетларнинг барчага маъқул бўладиган нархини белгилаш, Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган Зираат банкининг пул трансфери учун хизмат ҳақини пасайтириши каби муаммолар мақсадли вазифаларнинг энг бошида турибди.

Яна, Ўзбекистонда Юнус Эмро институти шуъбасининг очилиши ва Ўзбекистоннинг халқаро Турк Академияси каби Турк дунёсининг ҳамкорликдаги лойиҳаларига бош қўшиши Ўзбекистон-Туркия ва бошқа Туркий қардош халқлар учун муҳим ҳисса қўшишини айтиб ўтишимиз керак.

Кўриниб турибдики, узоқ 29 йиллик танаффус бу иккала қардош давлат учун жуда катта масофаларни бирга босиб ўтишга йўл бермаган.

Аммо бу давр мобайинида Туркия катта ютуқларга эришди ва янги давр Ўзбекистони учун беминнат ёрдамга тайёр.

Чунки ҳар томонлама муносабатларда Ўзбекистон билан ёнма-ён туриш Туркия сиёсатининг бошда келаётган стратегиясидир.

"Ота-юрт" ёки тубдан ўзгарган сиёсат

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, .

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

"1991 йилда Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигини эълон қилганда, Туркия дунёнинг қудратли давлатлари оғзига қараб ўтирмади.

Биринчи бўлиб, шу заҳотиёқ Ўзбекистоннинг мустақиллигини сўзсиз тан олди ва ўзининг иттифоқчиларини ҳам шундай қилишга жуда фаол даъват этди.

Глобаллашаётган дунёда давлатлар ва жамиятлар яшовчанлигини таъминлашнинг асосий шарти шуки, кучлар ва имкониятларни бирлаштириш керак бўлади.

Ишончли бирлашув, иттифоқлар замирида эса, яқин ёки айни ўзликлар туради.

Ўзбекистон ва Туркияни боғлаб турувчи бу нафақат айни ўзликлар ҳисобланади, балки тарихий бирлик ҳамдир.

Туркия Ўзбекистонни "ота-юрт", деб атайди, буни Туркия сиёсий элитаси, мутафаккирлари ва кенг жамоатчилиги кўп такрорлашади.

Ўзбекистон биринчи маъмурият даврида ташқи дунёдан деярли иҳоталанган ҳолда иқтисодий ривожланишни ўз кучи асосида амалга оширишга ҳаракат қилди. Лекин бу йўл ўзини оқламади.

Иккинчи маъмурият эса, барча тарафлар билан имкон қадар ишончли, геосиёсий зўриқишлардан холи ёки бундай зўриқишларга урғу бермаган ҳолда геоиқтисодий муносабатларни жадал ривожлантириш йўлини танлади.

Ўзбекистон бутун Марказий Осиё давлатлари каби икки йирик географик қудратли давлатлар ўртасида қолиб кетмоқда.

Булар - Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси.

Бу давлатлар Ўзбекистоннинг иккинчи ва биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади.

Бу икки давлатнинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий қудрат-салоҳияти қанчалик ўсиб борса, Ўзбекистон каби туркий-мусулмон давлатларига билвосита ёки бевосита босим шунчалик ошиб бораверади.

Сабаби, Хитой Халқ Республикасининг ички хавфсизлик ва давлат яхлитлиги борасидаги биринчи ташвиши - уйғур сепаратизми, яъни, бўлгинчилиги билан боғлиқ.

Путин бошчилигидаги Россия ҳам Марказий Осиё давлатлари иштирокидаги интеграцион лойиҳаларни амалга оширишни, минтақа устидан геосиёсий назоратни тўлиқ тиклашни орзу қилади.

Мана шу фонда расмий Тошкент олдида жиддий икки йирик вазифа туради.

Биринчиси - ички иқтисодий ривожланишга эришиш орқали давлатнинг иқтисодий қудрати ва сиёсий салоҳиятини таъминлаш.

Бунинг учун ташқи иқтисодий алоқалардаги барча имкониятларни ишга солиш назарда тутилади.

Prezident

Сурат манбаси, official/illyustrativ

Иккинчи вазифа - Ўзбекистоннинг геосиёсий, хавфсизлик борасидаги муносабатларини тақсимлаш, жумладан, Туркия мисолида ишончли ҳамкор ва норасмий ёки расмий иттифоқчи шакллантириш вазифаси туради.

Истиқболда Ўзбекистон борган сари Пекин ва Москвани тегиб турувчи ёки бу давлатлар билан алоқаларни мувозанатга солувчи ҳамкорликларга эҳтиёжи ошиб бораверади.

Бу - Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллиги учун муҳим шарт ҳисобланади.

Туркия - Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллигига раҳна солмайди, аксинча, бу икки давлатнинг ўтмиши бир бўлгани каби, келажакда ҳам ишончли ҳамкорликка асос беради.

Бугун Туркия дунёнинг иқтисодий ривожланган 20талигига кирувчи, қудратли иқтисодиётга эга бўлган, қурилиш сектори, туризм, оғир ва енгил саноати ўта ривожланган, замонавий ҳарбий технологиялар борасида ҳайратли ютуқларга эришаётган давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон эса, бу соҳаларни барчасида ҳамкорликка, сармояларга ва тажриба алмашинувига ўта муҳтож давлат ҳисобланади.

Одатда, иқтисодий ҳамкорлик замирида ҳам маълум сиёсий мақсадлар ётади.

Ўзбекистон каби туркий-мусулмон давлатларнинг ривожланиши расмий Анқара учун табиий иттифоқчиларнинг қад кўтаришини англатади.

Расмий Анқара халқаро майдонда ўзининг ишончли дўстларига, қардошларига эга бўлишни истайди.

Иқтисодий ва демографик ўсиб бораётган ва минтақа ишларида жиддий амбиция кўрсатаётган расмий Анқарага ташқи босимларни ўсиб бориши ҳам табиий.

Кейинги йиллардаги Марказий Осиё ва Кавказдаги геосиёсий вазият шуни кўрсатадики, расмий Анқара минтақамиздаги туркий давлатлар сиёсий ва геосиёсий мустақиллиги, ҳарбий салоҳияти учун жиддий ҳамкорлик қилиш ниятида.

Туркий давлатлар учун мустақилликни йўқотиш қандай ачинарли ҳолатга олиб келишини бугун ҳам кўрсатиб турган мисол мавжуд - бу Шарқий Туркистон.

Prezidentlar

Сурат манбаси, official/illyustrativ

Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият алмашгач, расмий Тошкент ўзининг ташқи сиёсатини мутлақ қайтадан кўриб чиқди.

Туркия билан муносабатлар мутлақ янгиланди, ишончли ва дўстона алоқалар кайфияти ўрнатилди.

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим йўналишлардан бири ҳам айни Туркия ҳисобланади.

Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик, товар айланмаси ҳам ошиб бормоқда.

Лекин Ўзбекистонга турк бизнеси иштирокининг салмоқли ошганлигини кўрмадик.

Назаримда, ҳали турк бизнеси Ўзбекистондаги ҳуқуқий-сиёсий муҳитга тўлиқ ишонч ҳосил қилганича йўқ.

Каримов давридаги давлат босимига учраган турк бизнесменларининг тақдири ҳамманинг ёдида.

Аслида, Туркия бизнесида Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш салоҳияти мавжуд.

Бу салоҳиятни фақат давлат раҳбарларининг ишончли муносабатлари орқали ишга тушириб бўлмайди.

Бунинг учун Ўзбекистондаги ҳуқуқий тизимга бўлган ҳалқаро миқёсдаги ишонч шакллантириш керак бўлади".

Янги импульс ёки стратегик шерик

Фарҳод Толибов

Сурат манбаси, .

Фарҳод Толибов

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Иккинчи маъмурият даврида Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ташкилоти деган ташкилотга аъзо бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, мана бу форум бўладими ёки кейинги номи ташкилот деб аталиб, ташкилот бўладими, Ўзбекистоннинг аъзолигисиз унда йирик бир бўшлиқ сақланиб келган эди.

Чунки Ўзбекистон йирик туркийзабон мамлакат, албатта, туркий дунёнинг катта бир бўлаги, нуфузли, обрўли бўлаги, деб ҳисобланади.

Мана шу Ўзбекистоннинг аъзолиги билан Туркий тилли давлатлар ташкилотидаги шу пайтгача бўлиб келган, энди шартли равишда айтишим мумкин, бўшлиқ тўлдирилиб, Туркий тилли давлатлар деган ташкилотнинг фаолияти жуда жадаллашди.

Барча аъзолар Ўзбекистоннинг аъзолигини жуда ҳам ижобий баҳолашди.

Энди Ўзбекистон нафақат қўшилди ёки аъзо бўлди, қолаверса, мана шу ташкилотнинг фаол иштирокчиси бўлиб, бир қатор ташаббуслар билан ҳам иштирок этиб келаяпти.

Туркия ўзининг ҳам халқаро саҳнада обрўси, роли фаоллиги тобора кучайиб боргани сайин, албатта, Ўзбекистон учун Туркия айнан стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат деб ҳисобланади, стратегик шерик деб ҳисобланади.

Қолаверса, Ўзбекистон билан Туркия орасида нафақат оддий бир иқтисодий, инвестицион ҳамкорлик давом этаяпти.

Энди, айнан ҳарбий соҳада ҳам - бу машқлар бўлсину, ҳарбий техника таъминоти каби йўналишларда ҳам, мана шу дронлар деймизми, Ўзбекистон билан Туркия орасида ҳозир ҳамкорлик динамикаси янги даражага кўтарилаяпти, айнан стратегик деб баҳоласа бўладиган даражага кўтарилаяпти.

Чунки бу даражада, бу соҳада энди ҳарбий ўлчам ҳам мавжуд бўлиб, хавфсизлик масалалари ҳам кун тартибига қўйилаяпти.

Мана шуларнинг ҳаммасини назарда тутиб айтишимиз мумкинки, Туркия билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар ҳозир фақатгина ижобий баҳоланиб, жудаям жиддий, катта бир даражага кўтарилди.

Ҳаттоки, мана, Эрдоған жаноблари Ўзбекистонга ташриф буюрганда ҳам, ҳам бевосита президент билан учрашувларда, ҳам Олий Мажлисда алоҳида маъруза қилган ҳолда мана шу янги кайфият пайдо бўлганлиги, икки давлат орасида янги бир иқлим , янги муҳит пайдо бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Демак, мана шуларнинг ҳаммасини хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, динамика жуда ҳам ижобий ва энг муҳими стратегик даражаларга кўтарилди.

"Муҳим" Туркия

Туркия президенти

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Сурат тагсўзи, Туркия дунёнинг НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлади...

Янги маъмурият даврида бунга янги бир импульс, янги бир туртки берилди.

Объектив нуқтаси назардан қаралганда, Туркиянинг муҳимлиги ҳеч қачон шубҳа туғдирмаган.

Ўзбекистон учун доим, ҳаттоки, 90-йиллар бошида модел изланганда, Ўзбекистоннинг ривожланиш модели, деб изланганда, қанақа янги йўл танлаш керак, ёш давлат, деганда, ҳаттоки турли моделлар орасидан Туркия модели, деган бир ибора юрарди сиёсий ва илмий доираларда.

Яъни, Туркиядан андаза олиш, Туркияга ўхшаш дунёвий, демократик давлат бўлиб ривожланиш деган моделлар ҳам доим муҳокамада бўлар эди.

Демоқчиманки, объектив нуқтаи назардан, Туркиянинг муҳимлиги доим аниқ эди.

Ҳозир эса, янги маъмурият орқали янги туртки берилди. Бу туртки ҳам Ўзбекистон-Туркия муносабатларида намоён бўлди ва ҳам Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо бўлишида.

Туркий тилли давлатлар ташкилоти бу - дипломатик форум. Кўплаб ташкилотлар қаторида бу ҳам янги бир ташкилот.

Давлатлар эса, ҳар қандай ташкилотларда имкон қадар янги платформа, янги дипломатик минбарлардан фойдаланиб, манфаатларини ифода этишга доим ҳаракат қилган.

Бу Ўзбекистон учун фақатгина янги ташкилот бўлмади. Балки айнан туркий тилли давлатларни бирлаштирувчи бўлганлиги учун ҳам, Ўзбекистоннинг ҳозир айнан Марказий Осиёда олиб бораётган ташаббускорона сиёсати учун жуда ҳам қўл келади ва муҳим, деб ўйлайман.

Чунки айнан мана шу Марказий Осиёда жойлашган қўшни давлатлар ҳам туркийзабон, деб ҳисобланади. Гарчи Тожикистон туркийзабон дейилмаса ҳам, ҳатто ҳозир экспертлар шундай ташаббусни илгари сураяптики, Тожикистон ҳам бу ташкилотга аъзо бўлиб кириши мумкин, қўшилиши мумкин, ҳеч бўлмаганда, бошида кузатувчи сифатида, деб гапиришаяпти.

Яъни, бу ташкилотдан ҳам, унинг платформаси, нуфузидан фойдаланган ҳолда айнан Марказий Осиёдаги жараёнларни ҳам жадаллаштириш мумкин. Ва бу ҳозир Ўзбекистоннинг устувор йўналиши, деб ҳисобланади.

Биродар халқ

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Туркия, биринчидан, биродар халқ.

Ҳафтанинг ҳар куни Туркияга авиа-рейслар ташкил этилган, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Туркия Ҳаво йўллари томонидан.

Яъни, Туркия бизнинг тожирларимиз учун ҳам, туристларимиз учун ҳам, олимларимиз учун ҳам, талабаларимиз учун ҳам жудаям жозибадор бир йўналиш бўлди. Бу жиҳатдан ҳам Туркиянинг жозибадорлиги аниқ кўриниб турибди.

Туркия НАТОнинг иккинчи йирик армияси саналади. Ҳарбий, хавфсизлик салоҳияти жиҳатдан ҳаттоки НАТОдек улкан ташкилотнинг энг кучли давлатларидан, аъзоларидан ҳисобланади.

Бу ҳам Ўзбекистон учун жудаям муҳим. Яъни, бу давлат, бир томондан, биродар халқ, яна НАТОнинг ҳам нуфузли, обрўли.

Туркия бу томондан ҳам Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёнинг хавфсизлиги масаласида, албатта, катта ҳисса қўшиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан ҳам, Туркия стратегик аҳамиятга эга деб, бежизга айтаётганим йўқ.

Биласизми, ҳар доим давлат раҳбарлари кўришганда, саммитларда бу ҳозирги эришилган даража, савдо кўлами бўладими ёки бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик - тўла потенциалини ҳали тўла ёймаган, очмаган, олдинда жуда катта салоҳиятлар бор, катта истиқбол мавжуд деб бежиз айтишмайди.

Шунинг учун ҳам саммитлар бўлади, шунинг учун ҳам давлат раҳбарлари, ҳукумат вакилларининг бир-бирларига доимий ташрифлари бўлади. Ҳеч қачон ҳамкорликни мукаммал даражага етди, деб бўлмайди.

Чунки ҳаёт мураккаб, сиёсий муҳит ҳам ўзгарувчан, халқаро муҳит ҳам ўзгарувчан, шу нуқтаи назардан, бўлажак стратегик шериклик учун, албатта, салоҳият бор, мавжуд, очиқ ва яширин салоҳият бор. Ва шу йўналишда энди тадрижий равишда давом эттириш керак, холос.

Туркия ва ўзбекистонликлар

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Би-би-си: Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002