Янгиликлар. Туркия президент сайлови: Эрдоған кетдими ё қолдими? Turkiya Dunyo Yangiliklar

Turkiya prezidenti

Сурат манбаси, TURKISH PRESIDENCY / MURAT CETINMUHURDAR / HANDOUT

Сурат тагсўзи, Президент Эрдоған ҳалиям биринчи босқичда ғалаба қозониш умидида

Овозлар деярли санаб бўлинди.

Алоқадор мавзулар:

Тарихий ёки "аср" сайлови

Якшанба кунги президент ва парламент сайлови Туркия учун тарихийси экани айтилмоқда.

Сайлов Туркияда амалдаги президентининг 20 йиллик бошқарувига чек қўйиши мумкин.

Бу гал мухолифат номзодда илк бор Режеп Таййип Эрдоғанни енгиш имконияти бор.

Ҳозир саналмаган бор-йўғи 1% ча овоз қолган.

Эълон қилинган натижалар эса, биринчи турда ҳеч бир номзоднинг ғалабасига далолат қилмаётир.

Улардан ҳеч бири ҳалича лозим, деб кўрилган 50 фоизлик овозни тўплай олмаган.

Агар вазият ўзгармайдиган бўлса, ғолиб 28 май куни бўлиб ўтадиган иккинчи босқичда аниқланади.

Шу соатларда сайлов пойгасида 49,51 фоиз овоз билан Режеп Таййип Эрдоған пешқадамлик қилиб турибди.

Унинг сайловдаги асосий рақиби - "Миллий альянс" номзоди Кемал Қиличдарўғлиники эса, 44,88%.

"Миллий альянс" Туркиядаги олти мухолиф партияни тамсил этади.

Туркия президентлигига учинчи номзод Синан Оган эса, ҳозирча овозларнинг 5,21 фоизини қўлга киритган.

11 май куни ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилганига қарамай, Муҳаррем Инжи 0,43 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган.

Муносабатлар

Turkiya prezidentligiga asosiy nomzodlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кемал Қиличдарўғли эса, иккинчи турда ғалаба қозонишига ишончи комил эканини иддао қилмоқда

Ҳар икки асосий номзод ҳам дастлабки натижалар борасида ўз фикрларини билдириб бўлишган.

Президент Эрдоған ҳалиям биринчи босқичда ғалаба қозониш умидида.

Аммо халқ истаги иккинчи босқични талаб қилса, бунга ҳам қаршилик қилмаслигини айтган.

"Якуний натижалар ҳалича эълон қилинмаган, аммо шуни айта оламанки, биз яққол фарқ билан олдиндамиз", - дея баён қилган Туркиянинг амалдаги президенти.

Унинг рақиби, умумий мухолифат номзоди Кемал Қиличдарўғли эса, иккинчи турда ғалаба қозонишига ишончи комил эканини иддао қилган.

"Иккинчи тур эълон қилинса, биз унда албатта ғалаба қозонамиз. Жамиятда ўзгариш истаги 50%дан юқори", - деб айтган у.

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Сайловнинг иккинчи турга ўтиши деярли барча социологик сўровлар томонидан башорат қилинган.

Аммо уларда биринчи босқичда лидерлик Кемал Қиличдарўғлига берилганди.

Сайловда учинчи номзод Синан Оган эса, иккинчи турда бу икки асосий рақибдан қай бирини қўллаши борасида тез орада бир қарорга келишга ваъда берди.

Аҳолиси кўп йирик шаҳарлардаги овоз бериш натижалари маълум бўларкан, икки бош даъвогар ўртасидаги тафовут ҳам аста-секинлик билан қисқариб бормоқда.

Жорий пайтда Режеп Таййип Эрдоған олдинда бораётганига қарамай, Кемал Қиличдарўғли Туркиянинг уч йирик шаҳри - Истанбул, Анқара ва Измирда машҳур.

Бу уч шаҳардаги овозлар натижаси якуний рақамларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.

Якуний натижаларнинг эса, 19 май куни расман эълон қилиниши айтилаётир.

Истанбулда 16 миллион, пойтахт Анқара ва ғарбий Измирда 10 миллион одам истиқомат қилади.

Бу уч шаҳарда ҳам санаб бўлинган овозларнинг фоизи мамлакат бўйлаб қайд этилаётган ўртача кўрсаткичдан анча паст.

Ҳозиргача 45 миллионга яқин овоз санаб бўлинган, бу рўйхатга олинган сайловчилар умумий сонининг учдан икки қисми, деганидир.

Якуний натижалар бир неча кундан кейин эълон қилинса-да, сайловчиларнинг фаоллиги (88.92%) юқори бўлганига ҳеч бир шубҳа йўқ.

Аммо ҳозир аксарият кузатувчилар ва журналистлар ўз эътиборларини туркларнинг сайлов натижаларига қанчалик ишониш-ишонмасликларига эътибор қаратишган.

Президент Эрдоған икки ҳафтадан сўнг бўлиб ўтажак 2-тур сайловида ютиб чиқиши-чиқмаслигидан қатъиназар, у биринчи босқичдаёқ Кемал Қиличдарўғлининг ғалабасини башорат қилган кўплаб таҳлилчиларнинг умидларини чиппакка чиқара олган.

Туркиянинг "Anadolu" ахборот агентлиги келтирган айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, президент Эрдоған иттифоқчилари билан бирга ҳали парламентда ҳам кўпчилик ўринларни қўлга киритиши мумкин.

14 май куни президент сайловига ҳамоҳанг Туркияда парламент сайлови ҳам ўтказилган.

Шу пайтгача парламент сайловида берилган овозларнинг 95% санаб бўлинган.

Туркия ва Эрдоған

Prezident Erdog'an

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу гал мухолифат номзодда илк бор Режеп Таййип Эрдоғанни енгиш имконияти бор

Режеп Таййип Эрдоған Туркияни 20 йилдан буён бошқариб келади.

Кузатувчилар бу вақт оралиғида унинг ислоҳотчи Бош вазирдан автократ президентга айланганини қайд этишади.

Аммо, аксарият таҳлилчиларнинг эътирофларича, президент Эрдоған Туркияни Европанинг бир чек��асидаги қашшоқ дунёвий демократиядан ўзига тўқ исломий минтақавий қудратга айлантира олган.

Туркияни Мустафо Камол Отатуркдан бери кузатилмаган бир даражада тубдан ўзгартиришнинг уддасидан чиққан.

Уларга кўра, бу янгиланишлар шунчалик бардавомки, ўзи ва партияси 14 май кунги президент ва парламент сайловида ютқазган тақдирда ҳам, янги Туркия бу яқин орада ўзгармайди, узоқ йиллар Эрдоған давридагидек қолади.

Туркия сўнгги йилларда халқаро саҳнада янги геосиёсий ва геоиқтисодий ўйинчига айланишнинг ҳам уддасидан чиққан.

Дунёнинг эътиборида бўлган қуролли можароларда ўз сўзини айтиш даражасида кучга етган.

Туркиядаги сўнгги президент ва парламент сайловлари Россия ва Ғарб манфаатлари тўқнашган Украина уруши фонида бўлиб ўтган.

Бу аксарият кузатувчи ва таҳлилчилар Туркиядаги сайловлар арафасида ўз эътиборларини қаратган яна бир муҳим факторга айланган.

Туркия дунёнинг Ғарб бошчилигидаги энг йирик ҳарбий иттифоқ - НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлади.

Аммо амалдаги президенти Режеп Таййип Эрдоған Россия ва Путин билан алоқалари яхши сиёсатчи, унинг сайловдаги асосий рақиби Кемал Қиличдарўғли ҳамда унинг иттифоқчилари эса, Ғарбга мойил деб кўрилишади.

Ўзбекистондан етакчи минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг ёзишича, "Туркия геосиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлат. Ҳокимият ўзгарса - Туркия ташқи сиёсати ҳам жуда ўзгариб кетади".

Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, "дунёдаги иккита энг йирик геосиёсий қутб - Ғарб ва Шарқ бу сайловларни аниқ умидлар билан кузатишмоқда".

Кемал Қиличдарўғли Туркия демократияси ва НАТОдаги иттифоқчилари билан муносабатларини жонлантиришга ваъда берган.

Президент Эрдоғаннинг ҳукумати эса, Ғарбни уни ағдариш фитнасида эканликда айблаган.

Европа Иттифоқи Туркиянинг аъзолиги масаласини узоқ вақтдан буён чўзиб келаётганлигини ҳам эслатган.

Сўнгги сайловлар Туркия кучли инфляция ёқасида қолган ва февраль ойидаги ҳалокатли зилзилалардан энди-энди ўзига келаётган бир пайтга тўғри келган.

Бунақанги рақобатли сайлов ҳам Туркиянинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан дунёнинг эътиборини ўзига тортган.

Янгиликлар: Мухолифатчи сайловдан ўз номзодини олди, бу Эрдоғанга қўл келадими ёки Қиличдарўғлига?

Муҳаррам Инже номзодини қайтариб олган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муҳаррам Инже номзодини қайтариб олган

Янгиликлар: Мухолифатчи сайловдан ўз номзодини олди, бу Эрдоғанга қўл келадими ёки Қиличдарўғлига?

Мухолифатдаги "Мамлакат" партиясининг лидери Муҳаррам Инже сайловга уч кун қолганда Туркия президент сайловидан номзодини чиқариб олди. Инже 2018 йилги президент сайловида Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП)дан номзод бўлган ва 30 фоиз овоз тўплаб Эрдоғанга муносиб қаршилик кўрсатганди.

Кейинчалик "Мамлакат" парятисидан номзодини қўйган Инже сайлов натижаларига жиддий таъсир қиладиган номзодлар��ан бири сифатида кўрилаётганди.

"Сўнгги 45 кунда бошимга тушганларни 45 йил кўрмадим. Сохта квитанциялар, асли йўқ тасвирлар, расмлар. Исроил порно сайтидан бир тасвирни олиб, бошини кесиб менинг бошимни монтаж қилишди", деган Муҳаррам Инже.

14 май куни бўлиб ўтадиган сайловда 4 номзод иштирок этаётганди.

Муҳаррам Инже ўз номзодини олиши сайлов бюлетенларини ўзгартирмаслиги айтилди.

Қонунга кўра, Инжега шу вақтгача берилган ва сайлов куни берилажак овозлар ҳам ҳисобланади.Агар Инже 51 фоиздан кўпроқ овоз олиб олса ҳам, номзодини чиқариб олгани учун иккинчи турда иккинчи ва учинчи ўриндаги номзодлар курашади.

Инже номзодини чиқариб олишини айтган вақтда партия биноси олдига тўпланганлар қарорни ҳиссиёт билан кутиб олишган. Айримлар ушбу қарорни эшитиб кўз ёшини тиёлмаган.

Баъзилар эса Инжега қарши кампанияда унинг ёнида туриб бермагани учун журналистларни айблаган.

"Афсуслар бўлсин, сайлов қутиларига ЖҲПни кўмамиз", деб бақирганлар ҳам бўлган.

Бир вақтлар ЖҲП партиясидан президент сайловига номзодини қўйган Муҳаррам Инже кейинчалик ундан ажралиб чиққан ва янги "Мамлакат" партиясига асос солган.

Бу сайловда мамлакатдаги 6 сиёсий партия ЖҲП раиси Камол Қиличдарўғлини номзод сифатида тақдим қилаётган бир паллада Инженинг ўз номзодини қўйиши мухолифатчиларнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Юмшоқтабиат Қиличдарўғли қудратли Эрдоған учун бошоғриқ бўладими?

Камол Қиличдарўғли 2019 йилдаги норозилик намойишида гапираётган пайти

Сурат манбаси, Mahmut Serdar Alakus/Anadolu Agency/Getty Images

Сурат тагсўзи, Камол Қиличдарўғли секинлик, бироқ қатъият билан мухолифатдаги Жумҳурият партиясини сайловда одамлар овозини ютоладиган партияга айлантирди

Эже Гокседеф

BBC News

Яқин одамларидан бирининг айтишича, ҳамкасблари баъзида асабий ҳолатга тушганда ҳам, Туркия мухолифат етакчиси Камол Қиличдарўғли босиқликни сақлай олади.

74 ёшли Камол Қиличдарўғли 20 йилдан буён мамлакатни бошқараётган энг қудратли шахс Режеп Таййип Эрдоғанни курсисидан турғазиб юборишга ҳозирча энг яқин келиб турибди.

Феъли ҳалим, хушмуомала бўлган собиқ давлат хизматчиси бўлмиш Қиличдарўғли Туркиянинг ҳозирги президентининг том аксидир.

У 2010 йили Жумҳарият Халқ Партиясига (ЖХП) раҳбарликни қўлга олганидан бери бир қанча сайловларда енгилган. Партиянинг аввалги етакчиси никоҳдан ташқари муносабатлари сабабли вазифасидан кетишга мажбур бўлган эди.

Алоқадор мавзулар:

Эрдоғанга қарши олти мухолиф партия кучини бирлаштирар экан, у эҳтимол яққол номзод бўлмаслиги ҳам мумкин.

Аммо Камол Қиличдарўғли тажрибали сиёсатчи саналади. У жаноб Эрдоған партияси ҳокимиятга келган 2002 йили сайланган, бир қанча ҳужумлардан омон қолган ва Туркиянинг энг кўп нишонга олинган сиёсатчиларидан бири бўлди.

Етакчи сифатида 13 йилдан буён фаолият кўрсатар экан, у партиясини кенгайтирди, ўзи айтганидек, "мамлакатдаги турли рангларни қучоқ очиб қабул қилди".

Kemal Kilicdaroglu here (C) with his wife Selvi (R), Istanbul Mayor Ekrem Imamoglu (2-R) and Ankara Mayor Mansur Yavas (L) on 6 March

Сурат манбаси, NECATI SAVAS/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли(ўнгдан иккинчи) ва Анқара ҳокими Мансур Яваш(чапдан биринчи) ҳам президентликка номзодмлардан деб кўрилган

ЖХП ўзини замонавий Туркиянинг асосчиси бўлган дунёвий Кемал Отатуркка тақайди.

Бу партия 1960 йилдан буён тўрт марта ҳокимиятни ағдарган ҳарбийларга яқин деб ҳисобланган, давлат ва динни ажратишда энг муросасиз деб кўрилган. 1980 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг бу партия мактаблар ва давлат хизматида аёлларга ҳижобни тақиқлашни қўллаб-қувватлаган.

Камол Қиличдарўғли Туркия шарқидаги Тунжели шаҳрида уй бекаси ва давлат хизматчиси оиласида етти фарзанднинг тўртинчиси бўлиб дунёга келган. Унинг оиласи асосан сунний бўлган Туркиядаги озчилик диний мазҳаб - алавийлардан эди.

Унинг оиласи отасининг иши тақозоси билан мамлакатнинг турли ҳудудларида кўчиб юрган ва у кўплаб мактабларда аълочи ўқувчи бўлган. Кейинчалик Анқара университетининг иқтисод факультетини тамомлаган.

У Туркиянинг турли молиявий давлат ташкилотларида узоқ йиллар ишлаган ва Ижтимоий ҳимоя институтида директор бўлганида коррупцияга қарши беаёв курашгани билан танилган.

Парламентдаги етти йиллик фаолиятдан сўнг у Туркиядаги энг қудратли ва обрўли лавозимлардан бири - Истанбул мэри лавозимига номзод бўлди. Пойгада ютқазганига қарамай, унинг сайловолди кампанияси муваффақиятли ўтди ва ўшанда 37% овоз билан ЖХП иккинчи бўлганди.

Ушбу муваффақиятдан кейин бир йил ичида ЖХПнинг ўша пайтдаги етакчиси никоҳдан ташқари алоқаларини тасдиқловчи видеолар пайдо бўлгач, истеъфога чиқди.

Жаноб Қиличдарўғли янги етакчи лавозимига асосий номзод сифатида пайдо бўлди.

Камол Қиличдарўғли 2010 йил 5 сентябрдаги юриш пайти партия дастакловчилари билан

Сурат манбаси, ADEM ALTAN/AFP

Сурат тагсўзи, Шу пайтгача жаноб Қиличдарўғли партияси рейтингини 25 % дан юқори кўтаролмаганди

У аввалига можародан фойдаланиб, партия етакчиси бўлиб олишни истамади ва номзодини қўйишдан бош тортди. Аммо кейинроқ розилик берди, пойгада катта фарқ билан ғалаба қозонди.

Ўшанда Режеп Таййип Эрдоған ўз қудрати чўққисида эди ва 2011 йилги сайловларда унинг Адолат ва Тараққиёт партияси овозларнинг деярли ярмини олгач, Туркиянинг замонавий давридаги энг муваффақиятли бош вазирига айланди.

ЖХП иккинчи ўринни эгаллади, лекин барибир олган овозлари аввалгидан беш фоизга кўп эди. Ўшандан бери унинг етакчиси овозлар миқдорини чорак қисмдан ошириш учун курашиб келди.

Аммо 13 йиллик раҳбарлик даврида у партия ичида сокин инқилоб қилди. У Рамазон ойида ифторлик қилиш, партиянинг эски милитаристик тутумларини ўчириш каби ишоралар орқали исломчилар билан ярашишга ҳаракат қилди.

"Мен у билан биринчи марта учрашганимда, уни инқилобчи эмас, балки эволюцион лидер деб ўйладим", дейди собиқ партиядош ҳамкасби Мелда Ўнур.

"У ўз мақсадини аниқ қўяди, унга ақл бовар қилмас хотиржамлик билан интилади ва охир-оқибат сизни ишонтиради. У бирор нарсани тўғри ҳисобласа, жуда қатъий киришади".

Ўнурнинг фикрича, шунинг учун президентликка номзодини қўйиш учун партиясини ўзгартириш ва унинг қўллаб-қувватловига эришиш учун унга 13 йил керак бўлди.

Ўз касбига содиқ қолган ҳолда, у ҳам қаттиқ молиявий интизомни сақлади. "У жуда пухта ва кераксиз нарсага ортиқча пул сарфламайди", дейди унинг яқин шериги Ўкан Кўнуралп.

Вақт ўтиши билан у ЖХП ўзгарганини турк жамиятига кўрсатиш учун диний арбоблар, курд ва аёллар ҳуқуқлари фаолларини партияга жалб қилди.

«ЖХП эркаклар ҳукмрон бўлган тузилмадир, у бу деворни бирдан ағдара олмасди, аммо аёлларни ҳам жалб қилишни истайди», дейди Ўнур хоним.

Republican People's Party (CHP) leader Kemal Kilicdaroglu (C-L), Saadet Party's leader Temel Karamollaoglu (C-R), leader of 'Good Party' (IYI) Meral Aksener (L), leader of Democracy and Progress Party (DEVA) Ali Babacan (2-R), Democratic Party leader Gultekin Uysal (R) and leader of Gelecek Party (Future Party) Ahmet Davutoglu (2-L) during their meeting in Ankara, Turkey, 26 January 2023

Сурат манбаси, Alp Eren Kaya HANDOUT/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Туркиядаги олти сиёсий партия Президент Эрдоғанга қарши бирлашишга, ягона муқобил номзод илгари суришга қарор қилдилар

Яна бир партиядоши Би-би-сига у ҳеч қачон овозини кўтариб гапирмаганини айтади.

"Баъзида ишлар пачава бўлади, асабларимиз дош бермайди, бақирворамиз. Аммо Қиличдарўғли босиқликни сақлайди".

Кимдир хонага кирса, у дарров туриб, қўл бериб кўришади, ҳеч ким билан стол орқасида ўтириб гаплашмайди ва ҳеч кимнинг сўзини бўлмайди, дейди унинг бир ҳаммаслаги.

Унинг бундай хушмуомала ва босиқлиги, собиқ ҳинд етакчисига ўхшаши сабабли унга "Ганди Кемал" деб лақаб ҳам беришган.

Шунингдек, унинг ўзига қарши қилинган жисмоний ҳужумга муносабати ҳам ана шундай бўлган.

2014 йили у ўз партиясидан депутатларга нутқ сўзлаётганида бир одам икки марта унга мушт туширган, юзи ва кўз атрофлари кўкарганига қарамай, у ҳамкасбларидан босиқ бўлишни сўради ва "демократияга йўл тўсиқларга тўла" деди.

2016 йили у кетаётган машиналар карвони Курд жангари гуруҳи PKK отган ракета ҳужумига учраган, бир йил ўтиб эса ИШИДнинг бомба ҳужумидан омон қолган.

Kilicdaroglu was attacked in a soldier's funeral in Ankara in 2019

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 2019 йили аскар жанозасида Камол Қиличдарўғли ҳужумга учради

У 2019 йили бир аскарнинг жанозасида оломон қилинишига сал қолган эди.

У қочиб яширинган уйни бир аёл ёқиб юборишга чақирган эди ўшанда.

Полиция уни хавфсиз ҳудудга олиб кетгач, "булар бизни йўлимиздан қайтара олмайди" деди.

Аммо 2016 йилдаги муваффақиятсиз давлат тўнтариш уринишидан кейин Камол Қиличдарўғлининг обрўси Туркиядан ташқарига ҳам ёйилди.

Президент Эрдоған фитначиларга алоқадор деб ҳисобланган минглаб туркларни ҳибсга олиш ва ишдан бўшатиш орқали норозиликни бостирган бўлса, мухолифат етакчиси Анқарадан Истанбулгача 450 км масофани босиб ўтиб, "Адолат учун юриш"ни бошлади.

Юриши муваффақиятли чиққанига қарамай, у ўз имкониятидан фойдаланиб, кейинги йил президентликка номзодини қўймасликка яна беш йил кутишга қарор қилди.

Turkey's main opposition Republican People's Party (CHP) leader Kemal Kilicdaroglu during the 'Justice Rally' on July 9, 2017 in Istanbul, Turkey

Сурат манбаси, Erhan Demirtas/NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Адолат деган шиорни кўтариб Камол Қиличдарўғли мухолифатни президентга қарши юришга бошлади

У аниқ номзод эмас эди, бошқа мухолиф партияларни ўзининг таклифини қўллаб-қувватлашга ишонтириш учун унга бир неча ой керак бўлди.

ЖХПда яхши нотиқлар, Истанбул ва Анқара ҳокимлиги учун курашда ғолиб чиққан нуфузли шахслар бор.

Аммо унинг асосий рақиби энг заиф ҳолатда бўлганида, партиядошлари ўз етакчилари учун қулай фурсат келганига ишонишарди.

Шунингдек, у ўз атрофида муштарак жиҳатлари кам бўлган олтита мухолифат партиясини бирлаштиришга муваффақ бўлди.

"Мен унинг оғзидан бирорта ҳам нафрат сўзини эшитмаганман. У кимгадир жаҳли чиқиши мумкин, лекин хотиржам бўлиб, кейин ўша одамни осон кечиради", дейди Ўкан Кўнуралп.

"Шундай қилиб у ўтмишда унга қаттиқ қаршилик кўрсатган сиёсатчилар билан бирга ишлай оларди".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002