Аёлларни яланғоч сазойи қилиш Ҳиндистонда одатий хабар Yangiliklar

  • Гита Панди
  • BBC News
talabalar

Сурат манбаси, Getty Images

Ўтган ой бошларида Ҳиндистонда бир аёлни ечинтириб, одамлар олдидан олиб ўтишгани норозиликларга сабаб бўлган эди. Гарчи бу матбуотда ёқимсиз сарлавҳаларга сабабчи бўлса ҳам, ҳуқуқшунослар ва аёллар ҳуқуқлари фаоллари қонунлар бундай жиноятларга қарши курашиш учун етарлича мукаммал эмаслигини айтмоқда.

Диққат: Мақоладаги айрим тафсилотлар ўқувчи дилини хира қилиши мумкин.

11 декабрь куни соат 1:00 атрофида Сасикаланинг [исми ўзгартирилган] уйига ўндан ортиқ одам бостириб кирди.

42 ёшли аёлни судраб олиб чиқиб кетишган, ечинтириб, яланғоч ҳолатда қишлоқ бўйлаб юришган, электр устунига боғлаб, бир неча соат калтаклашган.

Ҳиндистон жанубидаги Карнатака штатининг Белагави ту��анидаги Хоса Вантамури қишлоғида яшовчи бу аёлни 24 ёшли ўғли 18 ёшли севгилиси билан қочиб кетгани учун жазолашди.

Presentational grey line

Алоқадор мавзулар::

Presentational grey line

Қизни оиласи бошқа йигитга унаштирган ва эртаси куни тўйлари бўлиши керак экан. Унинг ғазабланган оиласи улар қаерга қочганини аниқламоқчи бўлишган.

Полиция воқеадан хабар топиб, эрталаб соат 4 ларда қишлоққа етиб борган ва Сасикалани қутқариб, касалхонага олиб кетган. Хабар қилинишича, у жиддий жароҳат олган. Кейинроқ унинг эри давлат вазирига "Хотиним ҳам, мен ҳам ўғлимизнинг бундай муносабати борлигини билмасдик", деди.

Ўндан ортиқ киши ҳибсга олинди, маҳаллий полиция ходими эса "ўз вазифасига совуққон бўлгани" учун ишдан четлатилди.

Ҳодиса мамлакат матбуоти сарлавҳаларига чиқди ва расмийлар эътиборига тушди. Карнатака бош вазири Сиддарамая буни "ғайриинсоний амал" деб атади ва адолат қарор топишини ваъда қилди.

Ҳукумат, гарчи унга етказилган зарарни қоплаб бўлмаслигини билса ҳам, аёлга ер ва пул берди.

Полицияни чақириб, суд мажлисини бошлаган Карнатака Олий суди раиси Прасанна Варале ва судья МГС Камал замонавий Ҳиндистонда бундай ҳодиса юз берганидан «шокда» эканликларини айтишди.

Аммо бу каби воқеалар оз эмас ва улар сўнгги йилларда Ҳиндистонда матбуот сарлавҳаларига айланмоқда.

namoyishlar

Сурат манбаси, Getty Images

Presentational white space

Глобал ғазабга сабаб бўлган бундай воқеалардан бири июль ойида шимоли-шарқдаги Манипур штатида содир бўлган. Кенг тарқалган видеода икки аёлни эркаклар оломони судраб олиб кетгани ва улардан бири гуруҳ бўлиб зўрланганини кўрсатади.

Даҳшатли ҳужум сиёсий сабабларга кўра эди, Манипур штати Куки ва Мейтей жамоалари ўртасидаги шиддатли этник тўқнашувларга макон бўлиб қолган.

Аммо бошқа штатлардан олинган маълумотлар кўрсатишича, бундай ҳодисалар кўпинча каста ёки оилалараро низоларга боғлиқ бўлиб, аёллар танаси одатда нишонга айланади.

Август ойида Ражастанда 20 ёшли ҳомиладор аёлни эри ва эр томон қариндошлари яланғоч сазойи қилишган. Аёл бошқа эркак билан қочиб кетган экан. Гужаратда 23 ёшли аёл 2021 йил июль ойида бошқа эркак билан қочгани учун худди шундай жазоланган эди.

2015 йилнинг май ойида Уттар-Прадеш штатида бешта далит аёли ҳам яланғоч сазойи қилинди. Ўша беш нафар аёлдан бирининг қизи бир далит йигит билан қочиб кетган экан. 2014 йилда Ражастанда 45 ёшли аёл жиянини ўлдирганликда айбланиб, эшакда яланғоч ҳолда намойиш этилган эди.

Бу шов-шув бўлган ҳолатларнинг бир нечтаси, лекин умуман олганда бундай ҳодисалар ҳақида маълумотлар етарли эмас. Баъзи ишлар сиёсийлаштирилмоқда ва мухолифат партиялари уларни штат ҳукуматини шарманда қилиш учун кўтармоқда. Аммо фаоллар айтишича, аёллар кўпинча полиция ва судлар томонидан фаросатсизларча сўр��қ қилинишдан қўрқиб, бу жиноятлар ҳақида хабар бермайдилар.

"Аёлларга ҳужум ҳолатлари доим уят туйғуси сабабли яширилади. Оилалар шикоят қилмайди, чунки бу ор-номус масаласидир ва жабрланганларни қўллаб-қувватламайди ёки уларга бу жиноятлар ҳақида хабар бериш учун хавфсиз жой бермайди", дейди ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиси Сукрити Чауҳан.

Жиноятларни рўйхатга олиш Миллий бюроси маълумотларида ечинтириш "[аёлни] шарманда қилиш мақсадида ҳужум" деб номланган кенг тавсиф остида қайд этилган бўлиб, бу жиноятни кўчадаги зўравонлик, жинсий тегажоқлик ва таъқиб қилиш ҳолатлари билан аралаштириб юборади. Ўтган йили 85,3 минг нафар хотин-қиз иштирокида 83 минг 344 та шундай ҳолат қайд этилган.

Бундай ҳолатлар Ҳиндистон Жиноят кодексининг 354-моддасига мувофиқ кўриб чиқилади ва уч йилдан етти йилгача қамоқ жазоси белгиланади - Чауҳан хонимнинг фикрича, бу "мутлақо етарли эмас".

namoyish

Сурат манбаси, Getty Images

"Бу адолат устидан кулиш. Қонун жиноятни тўхтата олиши ҳам керак. Ҳозир бу қонун тўхтатувчи эмас ва аёлларни оёқ ости қилмоқда. Жазони қаттиқроқ қилиш учун унга ўзгартиришлар киритиш керак", дейди у.

Карнатака Олий судида судьялар Белагавидаги ҳужумга "50-60 қишлоқ аҳолиси гувоҳ бўлганини" таъкидлаб, "фақат бир киши ўртага тушишга ҳаракат қилган ва у ҳам калтакланган" деб қўшимча қилди.

Бундай ваҳшийликларни тўхтатиш учу�� "жамоавий масъулият" зарурлигини таъкидлаган судьялар 1830 йилларда Ҳиндистон инглизлар томонидан бошқарилганда содир бўлган воқеани келтириб, жиноят учун бутун бир қишлоқ ҳақ тўлаши кераклигини айтишди.

"Барча қишлоқ аҳолиси жавобгарликка тортилиши керак... Кимдир буни тўхтатишга ҳаракат қилиши мумкин эди", деди улар.

Бош судья Варале, шунингдек, Маҳабҳорат ��остонидаги Драупадини ечинтираётганларида қутқариб қолган ҳинду худоси Кришнанинг аёлларга қараб "қўлингизга қурол олинг, чунки сизни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай худо келмайди" деб айтганини эслатди.

Чауҳан хонимнинг айтишича, бу маслаҳат амалга ошмайди.

"Биз Драупади эмасмиз ва бизда қўлга оладиган қурол йўқ. Бундан ташқари, масъулият аёлларга юкланмайди. Қонун жиноятчи билан шуғулланади, аммо аёлларга хавфсиз қолиш йўлини топиши кераклигини ҳам уқтиради", дейди у.

"Этник, табақавий ва оилавий жанжалларимиз танамизда бўлишини тўхтатишимиз керак, баданимиз сизнинг жанг майдонингиз эмас", дея қўшимча қилади у.

Гендер тенглиги масалалари бўйича ёшлар билан ишловчи тадқиқотчи таҳлилчи Маумил Меҳражнинг айтишича, аёл танаси нишонга олиниши сабаби жанжал у билан боғлиқ бўлганлиги, унинг оиласи, табақаси ва жамоасининг ор-номуси шу билан ўлчанишидир.

"Шунинг учун аёллар номутаносиб равишда жанжаллар оғирлигини кўтармоқда", дейди у.

Бу каби ҳодисаларда ҳам вуайеризм - ўзганинг яланғоч танасини кўриб лаззатланиш элементи ҳам бор, дейди у, чунки улар кўрилади, суратга олинади.

Унинг айтишича, Белагавида ҳибсга олинганлардан бири вояга етмаган бўлиб, бу каби жиноятлар шунчалик одат бўлиб қолганки, ҳатто кейинги авлод ҳам ана шу ғоялар билан ўсиб улғаяётганини кўрсатади.

"Шундай экан, бундай ҳолатлар олдини олиш учун қонун етарли бўладими? Менимча, ягона ечим - ўғил болаларни яхшироқ тарбиялаш. Биз уларга аёл танасини унинг шаъни билан боғлаш муаммоли эканлигини ўргатишимиз керак", дейди у.

"Бу жуда оғир вазифа, лекин уни имкон қадар тезроқ бошлаш керак. Акс ҳолда аёлларга нисбатан бу шафқатсиз зўравонлик давом этаверади".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002