Янгиликлар: Туркия энди ўзгарадими ёки Ўзбекистон ўйламаса, ўзбекистонликлар қўрқмаса ҳам бўладими? Turkiya O‘zbekiston Мирзиёев Dunyo Yangiliklar

O'zbekiston va Turkiya prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Туркия Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчиларидан саналади. Ўн минглаб Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири сифатида ҳам муҳим.

Эрдоған нима деди?

Алоқадор мавзулар:

Бугун янги саволлар ўртага чиқмоқда...

Turkiyadagi mahalliy saylovlar

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, Туркиядаги асосий мухолифат партияси президент Эрдоған бошқаруви даврида илк бор сайловда унинг "Адолат ва тараққиёт" партиясини ортда қолдирди. Сайлов энди мамлакат сиёсий фазосида ўзгаришлар, янгиланишларга йўл очажаги айтилди, қудрат посангисида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳарлар назорати мухолифат назорати остига ўтди.

Туркиядаги бу галги муниципиал сайловлар янги саволларни ўртага келтириб чиқарди, Ўзбекистон, Марказий Осиёда ҳам эътибор топди, аксарияти четда меҳнат муҳожирлигида банд аҳолиси орасида бир қадар қўрқув ва хавотир ҳам уйғотмай қолмади.

Туркиядаги воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Москвадаги қонли ҳужум ортидан марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат саноқли кунларнинг ўзида ҳатто минтақа давлатлари ҳукуматларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлиш даражасига етган бир пайтга тўғри келгани билан ҳам хос аҳамият касб этди.

Россия, йилларки, аксарият Марказий Осиё аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.

Якшанба кунги сайловда эса президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг бошқарувдаги партияси кутилмаганда йирик мағлубиятга учради.

Бунақаси у қудратга келган сўнгги 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида кузатилмагани билан ўзига эътибор тортди.

Туркиядаги асосий мухолифат партияси президент Эрдоған бошқаруви даврида илк бор сайловда унинг "Адолат ва тараққиёт" партиясини ортда қолдирди.

Сайлов энди мамлакат сиёсий фазосида ўзгаришлар, янгиланишларга йўл очажаги айтилди, қудрат посангисида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳарлар назорати мухолифат назорати остига ўтди.

Мазкур шаҳарларнинг Туркия иқтисодидаги улуши мухолифатнинг сўнгги ютуғи аҳамиятини янада бўрттирди.

Сўнгги ўзгаришлар мухолифатнинг кейинги президент сайловидаги имкониятини бу яқин йилларда кузатилмаган бир даражада яхшилашига оид башоратлар янгради.

Буларнинг барчасини назарда тутаркан, кўпчилик экспертлар сўнгги сайлов президент Эрдоғаннинг "тарихдаги энг катта мағлубияти" эканини айтишди.

Бу Туркиянинг амалдаги узоқ йиллик президенти ва унинг бошқарувдаги партиясига берилган "жиддий зарба", деган хулосалари билан ошкора ўртоқлашишди.

Сайлов натижаси уларнинг Туркияда чуқур сиёсий ўзгаришлар ибтидоси ва президент Эрдоғаннинг қарийб чорак асрлик бошқаруви интиҳоси далолати эканига оид баҳоларига сабаб бўлди.

Янгилик айни шу мазмунда халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиқди, хос таҳлил ва талқинларга сабаб бўлди.

Туркиядаги сўнгги сайлов Ўзбекистонда ҳам аксарият йирик оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилди ва унинг натижаси етакчи маҳаллий таҳлилчилар диққат-эътиборидан ҳам четда қолмади.

Стратегик шерик ва яқин иттифоқчи

Туркия ва Ўзбекистон президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги йилларда бу икки қардош мамлакат стратегик шерикликларини янги бир даражага олиб чиқиш режасини изҳор этишган.

Туркия Ўзбекистоннинг халқаро саҳнадаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ҳамкори, стратегик шериги ва яқин иттифоқчиларидан саналади.

Айнан президент Режеп Таййип Эрдоған бошқаруви остидаги бугунги Туркия Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан Ўзбекистон ўзаро алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган йирик геосиёсий, геоқтисодий ўйинчи давлат, ҳарбий қудратлардан бири.

Сўнгги йилларда бу икки қардош мамлакат стратегик шерикликларини янги бир даражага олиб чиқиш режасини изҳор этишган.

Икки ўртада тижорат ва эркин савдо битимини имзолаш, савдо айланмасини ҳам икки баробарга ошириш ниятини билдиришган.

Ўзбекистон-Туркия президентлари

Сурат манбаси, .

Туркия орада Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлигини кенгайтириш истагини расман изҳор этган, минтақадаги геосиёсий рақобат ва танглик манзарасида янгилик ўшанда четда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган.

Туркия дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ - НАТОнинг ягона мусулмон ва туркий тилли давлати бўлган тўлақонли аъзоси.

Айниқса, сўнгги йилларда минтақа учун дунёнинг глобал қуддатлари ўртасида кучайиб бораётган геосиёсий зиддият ва курашда мувозанат посангисида тош босиш салоҳияти, ўз сўзи ва ўз вазнига эга халқаро ўйинчи.

Жаҳоннинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатларидан биттаси.

Ўн минглаб Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозорларидан бири сифатида ҳам муҳим.

Президенти дунёнинг ўзбекистонликларга катта виза енгилликларини берган оз сонли мамлакатларидан.

Ҳам тижорат ва ҳам саёҳат илинжида бўлган катта сондаги ўзбекистонликларни ўзига жалб этиб келаётган ўлка.

Ўзбекистонга қардош, тилдош ва диндош.

Меҳнат миграцияси эса, минтақада аҳолиси энг йириги бўлган ва улардан аксарияти ишсизлик ва камбағаллик ҳануз жиддий муаммолигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга молик.

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Сурат тагсўзи, Туркияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони ўн мингларга нисбат берилади

"Аср сайлови"га нисбат берилган ва Режеп Таййип Эрдоған яна ғалаба қозонган ўтган йилги президент сайловида айнан мухолифат номзодининг кескин аксилмиграцион дастури Туркиянинг ўзидаги ўзбекистонликлар қолиб, Ўзбекистондаги кўпчилигини ҳам жиддий хавотирга солмай қўймагани кўрилган.

Ҳали ўша сайловдаёқ президент Эрдоғаннинг узоқ йиллик бошқаруви ортидан қудратдан кетажаги эҳтимоли уларни ҳақиқатан ташвишга солган истиқбол экани кузатилганди.

Шундай экан, Туркиядаги сўнгги сайловнинг "тарихий" натижаси ва мамлакат сиёсий фазосида кутилаётган ўзгариш ва янгиланишлар Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун нимани англатади? Президент Эрдоған ва бошқарувдаги партияси учун улар натижасига катта умид кўзларини тиккан сайлов, таъбир жоиз, нега тескарисига кетди? Бу ростдан ҳам туркияликларнинг сиёсий янгиланишлар истагига далолат қиладими? Туркия ўзгарса нима бўлади? Президент Эрдоған ва унинг бошқарувдаги партияси сайловдаги йирик мағлубиятидан ўзини қанчалик ўнглай олади? Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан Туркиядан Анқара Ҳожи Байрам Валий университети Халқаро Алоқалар бўлими докторанти Фазлиддин Мадиевга мурожаат қилди:

Iqtibos

Фазлиддин Мадиев

Халқаро сиёсий-иқтисод магистри, Анқара, Туркия

Фазлиддин Мадиев: Шундай, Туркияда деярли йигирма йилдан ошиқ ҳукмрон партия, яъни биринчи партия бўлиб келаётган АК PARTi - Адолат ва Тараққиёт партияси бу даври ичида энг йирик мағлубиятга учради. Дзюдо тилида айтадиган бўлсак, "Иппон" ишораси билан елкаси ерга тегди. Лекин бу АК PARTi яъни, Туркия президенти жаноб Эрдоған партиясининг биринчи бор енгилиши эмас, бунга ўхшаш жараён 2019 йилда ҳам кўрилган. Аммо 2019 йилдаги маҳаллий сайловда умумий кўрсаткич фоизи (2,95%) CHP - Республика Халқ партияси фойдасига ишлаган бўлса ҳам асосий ҳал қилувчи фоизлар барибир Адолат ва Тараққиёт партиясида қолган ва бу уларни ўзларини оқлай олиш учун баҳона бўлган эди. Лекин бу сафар ундай бўлмади ва шахсан президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг ўзи ҳам балкон мурожаатида енгилганини тан олди. Ҳа, Туркияда ўтган йили бўлиб ўтган президент сайлови ҳам ва бу йилги ички сайловлар ҳам дунё матбуотида жуда жиддий ёритиб борилди. Лекин мен кузатган жуда қизиқ бир факт, президент сайловида Ғарб давлатлари оммавий ахборот воситалари Республика Халқ партияси вакили Кемал Қиличдарўғлини тараф тутган бўлса, маҳаллий сайловларда негадир Адолат ва Тараққиёт партияси ҳукмронлигининг ўз ўрнида қолиши учун тараф тутишди. Буни, агар Адолат ва Тараққиёт партияси ўз ўрнида қолмаса, Ғарб матбуотида мунозараларга сабаб бўлаётган Туркиядаги қочоқларнинг Европага оқишидан қўрқишаётгани билан изоҳлаш мумкин. Чунки Туркиядаги ички сиёсатнинг ўзгариши бу борада ҳам жиддий ўзгаришлар бўлишига сабаб бўлиши ва янги ҳукумат бу ҳақдаги келишувларни қайтадан кўздан кечириши мумкинлиги эҳтимоли борлиги Ғарбни ташвишга қўйган кўринади. Адолат ва Тараққиёт, яъни ҳукмрон партиянинг енгилишини учта фактор билан асослаш мумкин: Албатта, энг биринчи навбатда иқтисодий фактор, иккинчиси президентлик сайловидан кейинги олиб борилган сиёсат ва учинчи сабаб ҳукмрон партия ҳамда жаноб Режеп Таййип Эрдоғанда "сиёсий кибр" нинг ўта қавариб кетиши. Бунга жавобан Туркия халқи ички сайловда ўз сўзини айтди. Негаки, президентлик сайловида Эрдоғаннинг ғалаба қилиши аслида халқ томонидан унга берилган бир имкон эди. Халқ тарафидан берилган бу имконга ҳукмрон партия ё панжа ортидан қаради ёки "сиёсий кибр"дан туғилган "эго"дан туша олмади дейиш мумкин. Туркия сиёсатида шундай бир рамзий тарих бор, "сандиққа кўмилган ҳукмрон партиянинг қайта яна биринчи партия бўлиши жуда, жуда камёб воқеа". Бундан хулоса қилиш мумкинки, Адолат ва Тараққиёт партиясининг Туркия ҳокимиятида сиёсий умри тугаб бормоқда. Лекин президентлик мақомида бўлган партия раҳбари, яъни Режеп Таййип Эрдоған учун ҳали имкониятлар тугади дегани эмас. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, мухолифат партия - Республика Халқ партиясида ортиқ Туркия президентлиги учун ўз номзодини қўйишга 99.99 % аниқ бўлган иккита номзод аниқ бўлди. Лекин Адолат ва Тараққиёт партияси томонида бу муаммо сифатида қолмоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Туркия халқи монотон сиёсатдан чарчади ва сиёсатда ортиқ янгиланишлар ва янги юзлар бўлиши кераклиги ҳақида хулосага келган. Туркия халқи мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни Адолат ва Тараққиёт партияси ортиқ ҳал қила олмаслигини англаб етиши билан бир қаторда, янги даъвогарларга бу имкониятни беришни маъқул кўрди.

Савол: Мухолифатдаги Республика Халқ партияси раиси " тарихий сайловлар"даги мисли кўрилмаган ютуқларини сайловчиларнинг "мамлакат сиёсий фазосидаги янгиланишлар"истаги билан изоҳлади. Сайлов натижаси Туркияда чуқур сиёсий ўзгаришлар ибтидоси ва президент Эрдоғаннинг қарийб чорак асрлик бошқаруви интиҳоси далолати эканига оид баҳоларга ҳам сабаб бўлмай қолмади. Танқидчилар ҳам бошқарувдаги партиясининг ғалабаси Эрдоғаннинг Туркия конституциясини ўзгартириш ва яна қудратда қолишга руҳлантириши мумкинлигини айтишганди. Уларга кўра, партиясининг бу қадар йирик мағлубияти Эрдоған учун энди бу каби эҳтимолни деярли йўққа чиқарган. Навбатдаги президент сайловида мухолифат номзодининг имкониятларини яхшилаган. Аммо президент Эрдоған ўз партиясининг бу қадар йирик мағлубияти "интиҳолари эмас, ўзлари учун туб бурилиш - ижобий ўзгаришлар нуқтаси" эканини айтди. Агар Туркиянинг ташқи сиёсати назарда тутиладиган бўлса, сизнингча, буларнинг барчаси Туркиянинг яқин стратегик шериги ва иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади?

Фазлиддин Мадиев: Режеп Таййип Эрдоғаннинг бундай мурожаати унинг сиёсий бошқаруви даврида ва айниқса, сайловлар пайтида кўп такрорланган. Масалан, унинг сайлов пайтларидаги нутқларига қарасангиз, буни дарров сезасиз. Яъни бу ўзига хос сиёсий ибора. Лекин юқорида айтиб ўтганимиздек, Адолат ва Тараққиёт партиясининг мағлубиятга учрагани, учраганда ҳам Туркия сайлов тарихида мисли кўрилмаган фавқулодда "қулаши" албатта партиянинг ички кайфиятига таъсир қилмасдан қолмайди. Адолат ва Тараққиёт учун бу мағлубият ўзгариш нуқтаси эмас, қулаш нуқтасидир. Таҳлилларга қараганда, Адолат ва Тараққиёт партияси ва президент ўртасида узуқ чизиқли муносабат шаклланиб қолди, деган қарашлар ҳам бор. Яъни, президент учун муҳим бўлган маълумотлар унга етказилмаган ёки информацион вакуум - бўшлиқда қолдирилган. Бундай маълумотлар қанчалик тўғрилигини вазиятни кузатиш билан хулоса қилиш мумкин. Лекин бундай маълумотлар тўғри бўлса, бу партиянинг қайта оёққа туриши жуда қийин ва бунинг имкони йўқ десак ҳам бўлади. Иккинчи жиҳат эса, катта умри сиёсатда ўтган ва Туркия сиёсий тарихида ўчмас из қолдира олган перезидент Режеп Таййип Эрдоғаннинг биологик ёши ҳам жиддий аҳамиятга эга. У бундан кейин олдингидек қайноқ ва жозибадор сиёсатга ўзида илҳом ва энергия тополадими? Бу ҳам таҳлиллар ичида энг кўп берилаётган саволлар ичида энг бошда турганларидан бири. Дунё давлатлари ташқи сиёсатида шаклланган характерга кўра, ташқи сиёсатда қандай қарор олиши мумкинлигини тахмин қилиш жуда қийин бўлган иккита давлат бор: бу давлатларнинг биринчиси Россия бўлса, иккинчиси Туркиядир. Албатта, уларнинг бундай ташқи сиёсат юртишлари учун маълум сабаблар мавжуд. Бу бошқа мавзу. Лекин Туркиянинг Марказий Осиёдаги туркий тилли давлатлар билан муносабатига Туркияда бўлиб ўтган ички сайловларнинг жиддий таъсири бўлмайди деган фикрдаман. Негаки, бу ҳар иккала томон ҳам манфаатли бўлган ҳамкорликдир. Эътибор қилишимиз керак бўлган бир жиҳат, бундан кейинги муносабатларда Туркия томони яна шаффоф ва талабчан сиёсат юргизишини кузатиш мумкин. Яна бир алоҳида жиҳат эса, Марказий Осиё давлатларида ҳам 30 йил вақт давомида ташқи сиёсат юргизишда анчагина тажриба тўпланди. Жуда катта ва фавқулодда таъсирга эга сабаблар бўлмаса давом этиб келаётган муносабатларни оқсатиш ҳеч бир томоннинг манфаати учун маъқул эмас. Менинг тахминим, Туркияда ҳукуматда пайдо бўлган сиёсий этикет икки томонларни муносабатларни яна ҳам чуқурлаштириши эҳтимоли катта. Бу эса, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида либералликни илгарилатишга сабаб бўладиган фактор бўлишига умид берадиган жиҳат.

Савол: Туркия ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозорларидан бири бўлиб келади. Президент Режап Таййип Эрдоған қайта сайланган ўтган йилги президент сайловида миграция ва мигрантлар масаласи ҳам номзодлар (айниқса, мухолиф номзод Кемал Қиличдарўғли) ва ҳам сайловчилар диққат-эътиборидаги энг муҳим масалалардан бири экани кўрилганди. Маҳаллий ҳокимият органларига сўнгги сайловлар ортидан мухолифатчи Республика Халқ партияси Туркиянинг аксарият ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигидаги банд ва Туркия иқтисодида муҳим ўрин тутувчи йирик шаҳарлар назоратини қўлга киритди. Ҳам бу ва ҳам тўрт йилдан кейинги президент сайловида мухолифат номзодининг сайланиши эҳтимоли ортгани назарда тутилганда, буларнинг барчаси Туркиядаги меҳнат қилаётган ва меҳнат қилиш истагидаги ўзбекистонликлар учун нимани англатади ?

Фазлиддин Мадиев: Тўғри, Туркия кейинги пайтларда қўшни давлатлар, жумладан, Марказий Осиё ва Африка давлатларидан келаётган муҳожирлардан жуда чарчаган. Туркия аҳолиси бу ҳолатдан безовта ва кейинги пайтларда бу расмий партиялар томонидан кескин тилга олина бошлади. Туркия давлати билан Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бирида деярли виза талаби йўқ. Фақат Туркманистон бундан мустасно. Туркия Туркманистоннинг талаби билан алоҳида муносат қиладиган бўлди. Лекин Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва маълум фоиз тожикистонлик меҳнат мигрантлари учун Туркияда ички сиёсий ўзгаришларнинг таъсири бўлмайди деган қарашдаман. Чунки Туркия аҳолисида пенсияга чиқиш ёшида бўлганлар ёки пенсияга чиққанларнинг фоизи йилдан йилга ортиб бормоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, аҳоли қарияпти. Бу эса Туркия учун ташқаридан ишчи мигрантларнинг келишига талаб ортиб бораверади, деганидир. Ҳа, албатта, агар ҳукумат ўзгарадиган бўлса, бу борада маълум ўзгаришлар ҳам бўлади. Лекин бу ишчи мигрантларнинг зарарига эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқи яна ҳам такомиллашган ва иш берувчилардан ҳам қонуний талабларга кўра иш бериш мажбурияти шарти жиддийлашиши мумкин. Хуллас, Ўзбекистондан келадиган ишчи мигрантларимиз Туркиядаги сиёсий ўзгаришлардан хавотир олмаса ҳам бўлади. Фақат битта сабабдан ташқари, агар Туркияда инфляция шундай давом этадиган бўлса, ишчи мигрантлар учун ҳам Туркия жозибасини йўқотади. Бундай сиёсий иқтисод эса, Туркиянинг ўзига ҳам керак эмас. Зотан, ҳукмрон партиянинг йиқитган энг асосий сабаб ҳам мана шу. Сўнгги сайловлар кўрсатдики, Туркияда асосий масала муҳожирлар масаласи эмас, иқтисодий ва ижтимой масалалар экан. Асосан, Туркияда катта ҳажмда пайдо бўлган Сурия, Ироқ, Афғонистон ва бошқа давлатлардан келиб қолган мигрантлар (қочоқлар) мавзуси билан сиёсий баҳо олаётган партияларга берилган овозлар эътибор қиладиган даражада кўп фоизга эга бўлмади.

Савол: Сизнингча, президент Эрдоғаннинг бошқарувдаги партияси келаси тўрт йил ичида йўқотилган сайловчиларни ўзига қайтара оладими, тарихий йўқотишидан туб ижобий ўзгаришлар қила оладими ва бу нимага боғлиқ?

Фазлиддин Мадиев: Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, амалда бўлган Адолат ва Тараққиёт, яъни ҳукмрон партиянинг асоси қаттиқ задаланди. Энди уларда яна қайта ҳукуматга келиш ва биринчи партия бўлишлари учун куч-ғайрат борми ва халқнинг уларга бўлган ишончини қайтариб олишадими - буни кузатиш билан жавоб бериш мумкин. Лекин бу катта эҳтимол билан имконсиз кўринмоқда. Аммо президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг ҳукуматни ва давлатни бошқарувидаги ваколатида бирор ўзгариш бўлмайди, то президентлик сайловларигача.

Савол: Сўнгги сайлов натижаси Туркиядаги ўзбекистонликлар томонидан қандай кутиб олинди ва улар орасида қандай гап-сўзлар, ташвиш ва хавотирларга сабаб бўлди?

Фазлиддин Мадиев: Ўзбекистонликлар томонидан сайловга бўлган диққат- эътиборнинг юрак ўлчашини аниқ таҳлили ҳали натижа сифатида чиқмади. Шахсан ўзимнинг кайфиятимни ифода қиладиган бўлсам, Туркия ва Туркия халқи учун хурсанд бўлдим. Чунки Туркия халқи энг муҳим нуқтада демократик овоз бериш йўли билан ўз сўзини айта олди. Лекин тахмин қилиш мумкинки, Туркиядаги кутилмаган натижа Ўзбекистонда ҳам кутилмаган туйғуларга сабаб бўлган. Ҳеч қачон енгилмас президентнинг енгилиб қолгани натижасида ўртага чиққан кайфиятни ифодалаш, менимча, ўзбекистонликлар учун бироз қийин бўлаяпти. Чунки Ўзбекистон сайлов сиёсатида ва катта сиёсатида Туркиядаги каби сиёсий жўшқинлик кайфияти ва бу кайфиятни ифода қилиш усули ҳали шаклланмаган. Лекин бу Ўзбекистон аҳлосининг сиёсий тафаккурида ўзгаришлар, янгича қарашлар уйғотмаяпти ҳам дегани эмас. Яъни, ўзбекистонликлар Туркиядаги сайлов жараёнларини ҳавас билан кузатмоқда. Бу эса тажриба дегани.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002