Сизни нима чарчатади? Иш? Рўзғор? Янгиликлар...

Ғазо вайроналарида кутаётган муслима аёл ва қизи

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Рейтер институти ҳисоботига кўра, Ғазодаги уруш туфайли айрим одамлар янгиликка қарамайдиган бўлганлар.

Янги глобал тадқиқот натижаларига кўра, дунёда тобора кўп одам янгиликдан ўзини олиб қочаяпти, янгиликларни тушкунликка туширадиган, шафқатсиз ва зерикарли деб атаяпти.

Жаҳон бўйлаб ҳар 10 одамдан тўрттаси, яъни сўровда иштирок этганларнинг 39 фоизи баъзан ёки тез-тез ўзини атайин янгиликдан олиб қочишини айтган.

Оксфорд Университетининг Рейтер журналистикани ўрганиш институти ҳисоботида айтилишича, 2017 йили бу кўрсаткич 27 фоиз бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Ҳисобот муаллифларига кўра, Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар одамларни янгиликдан "узилиш" қарорини қабул қилишларига туртки берган.

Ҳисоботда айтилишича, янгиликдан ўзини олиб қочиш ҳозир дунёда энг юқори рекорд даражага чиққан.

2024 йилнинг январи ва февралида дунёнинг 47 мамлакатида ўтказилган аҳоли фикрини ўрганиш сўровида 94943 катта ёшдаги одамлар қатнашганлар.

Бу йил жаҳон бўйлаб миллиардлаб одамлар миллий ёки маҳаллий сайловларда овоз беришлари мўлжалланган.

Ҳисоботда айтилишича, сайловлар айрим мамлакатларда янгиликларга бўлган қизиқиш ортишига олиб келган, шундай мамлакатлардан бири Америка Қўшма Штатлари.

Иқтибо��

Сурат манбаси, .

Аммо тадқиқотга кўра, янгиликка бўлган умумий қизиқиш сўниб бормоқда.

Жаҳон бўйлаб 46 фоиз одам янгиликларга жуда ёки ҳаддан зиёд қизиқишини айтган.

2017 йили бу гапни айтадиганларнинг фоизи 63 ни ташкил этган эди.

Буюк Британияда янгиликка бўлган қизиқиш 2015 йилдан буён тенг ярмига қисқарган.

"Табиийки, охирги йиллардаги янгиликлар кун тартиби қийин бўлди", деди Би-би-сига ҳисоботнинг бош муаллифларидан бири Ник Нюман.

"Пандемия ва урушлар бўлди, шунинг учун ҳам ё ўзининг руҳий саломатлигини асраш мақсадида ёки бундан буёғига ҳаётни давом эттириш учун ўзини янгиликдан олиб қочиш одамларнинг табиий реакцияси эди".

Собиқ АҚШ президенти Трамп яна сайловолди кампаниясида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ сайловлари америкаликларни янгиликка кўпроқ мурожжат қилишларига туртки берган сабаблардан бири бўлди

Ник Нюман айтишича, одамлар ўзларини "ожиз", "қудратсиз" ҳис қилганлари учун ҳам атайин янгиликлардан воз кечишга қарор қилганлар.

"Бу одамлар дунёда рўй бераётган улкан нарсаларга таъсир кўрсатишга қодир ўзларида мурват йўқлигини ҳис қилдилар", дейди тадқиқот муаллифи.

Айрим одамлар "янгиликларнинг сони бошимни ҳаддан зиёд тўлдириб ташлади" деган фикрга келган бўлса, бошқалар сиёсатдан чарчаганини ҳис қилган.

Ҳисобот натижаларига кўра, айниқса, аёллар ва ёшлар янгиликларнинг кўплиги ўзларининг силласини қуритгандек ҳис қила бошлаганлар.

Айни вақтда янгиликларга бўлган ишонч 40 фоиз атрофида турипти.

Бу рақам Коронавирус пандемияси пайтидагидан 4% пасайган, дейилади тадқиқотда.

Буюк Британияда бу йил янгиликка бўлган одамларнинг ишончи озроқ кўтарилган ва 36%ни ташкил этди.

Лекин Брекзит реф��рендуми бўлиб ўтган 2016 йилга солиштирганда бу 15 фоиз паст.

Би-би-си Буюк Британиядаги энг ишончли хабар манбаси деб топилди.

Сўровда кейинги ўринларни Channel 4 ва ITV телеканаллари эгаллади.

TikTok Twitterдан машҳур бўлиб бораяпти

Қўлдаги мобил телефонда очилган ТикТок

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, TikTok машҳурлиги ортиб бораяпти, айниқса ёшлар орасида

Янги ҳисоботдан аён бўлишича, анъанавий янгилик манбалари бўлган телевидение ва матбуот аудиторияси охирги ўн йилликда кескин пасайган, сабаби ёшлар янгиликдан онлайн ёки ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлишни афзал кўрмоқдалар.

Буюк Британияда одамларнинг тўртдан уч қисми янгиликлардан Интернет орқали хабардор бўлишар экан.

Бу 73% дегани.

50 фоиз одам телевидениедан, 14 фоиз одам эса матбуотдан янгиликларни билиб боради.

Янгилик учун энг муҳим ижтимоий тармоқ ҳамон Facebook бўлиб турибди, аммо Facebookнинг машҳурлиги ҳам анчадан буён пасайиб келаяпти.

Жуда кўплар учун YouTube ва WhatsApp муҳим ахборот манбаси бўлиб қолаяпти.

Бироқ TikTok машҳурлиги ортиб бораяпти, у илк марта собиқ Twitter - X дан ўзиб кетди.

Одамларнинг 13 фоизи янгиликдан хабардор бўлиш учун видео бўлишадиган платформа TikTokни афзал кўришаяпти, X фойдаланувчилари эса 10 фоизни ташкил этган.

Дунё бўйлаб 18-24 ёшдаги TikTok фойдаланувчилари сони янада юқори - 23%.

Британия сайлови иштирокчилари: Ўнгда Бош вазир, Консерваторлар етакчиси Риши Сунак ва чапда Лейбористлар раҳбари Сэр Кир Стармер сайловолди телевизион дебатида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Буюк Британияда 4 июлда парламент сайлови белгиланган

Янгиликдан хабардор бўлиш йўлидаги ўзгаришлардан бири - видео янгилик онлайн ахборотнинг тобора муҳим манбасига айланиб бораяпти, айниқса, ёш авлод орасида.

Ҳисоботга кўра, қисқа видеоларга кўп мурожаат қилинаяпти.

"Истеъмолчилар видеога мослашаяптилар, чунки ундан фойдаланиш осон ва видеолар кенг қамровдаги мос ва жозибали контентларни таклиф қилмоқда", дейди жаноб Нюман.

"Бироқ аксар анъанавий таҳририятлар ҳамон матнга асосланган маданиятга боғланганлар ва улар ўз ҳикоянавислигини мослаштиришда қийналаяптилар".

Ҳисоботда айтилишича, ноширлар учун янгилик подкастлари истиқболли нуқтадир.

Лекин подкастлар ҳам "омма орасида кам сонли фаолият" бўлиб қолмоқда, улар яхши ўқимишли аудиторияни ўзига жалб қилаётир.

Лекин журналистлар учун яхши хабар ҳам бор.

Ҳисобот жамоатчиликда сунъий идрокка нисбатан шубҳа кенг эканини кўрсатди, бу айниқса, сунъий интеллектдан ахборот тарқатишда фойдаланиш имконияти юзага келгани учун.

Булар, айниқса, сиёсат ёки урушга оид қийин хабарларга тааллуқли.

"Журналистлар ўрнини босиш эмас, гапни матнга айлантириш ва таржима сингари саҳна ортидаги вазифаларда, яъни қўллаб-қувватлашда сунъий идрокдан фойдаланиш қулайроқ", деб ҳисоблайди ҳисобот муаллифларидан Ник Нюман.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.