Ўзбекистон яна ёпиқ мамлакатга айланяптими?

Мурод Махсудов

Сурат манбаси, Facebook/Abdurakhmon Tashanov

Сурат тагсўзи, Блогер ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мурод Махсудов устидан судни ёпиқ ўтказишга қарор қилинди.

Охирги кунларда Ўзбекистонда тарқалган уч хабар бир саволни пайдо қилмоқда: Ўзбекистон яна ёпиқ мамлакатга айланмоқдами?

Б��ринчиси - "Ўзатом"нинг Ўзбекистонда барпо этиладиган АЭС қиймати конфиденциал маълумот ҳисобланади ва шунинг учун очиқланмайди, деган баёноти.

Иккинчиси - Тошкент марказидаги боғ қайси тадбиркорга берилгани ҳақидаги Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг икки қарори ёпиқ ҳужжатлар, деб жамоатчиликка ошкор этилмагани.

Учинчиси - Ўзбекистонда яна бир блогер ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мурод Махсудовни 7,5 йилга қамаш суди ёпиқ ўтказилгани.

Ўзбекистондаги spot.uz веб-нашри Ўзбекистонда Россия қурадиган атом электр станциясининг биринчи реакторини беш йилда қуриб битказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзатом" Атом энергияси агентлиги spot.uz га хабар қилишча, АЭС Жиззах вилояти Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида барпо этилади.

"РИТМ — 200Н жиҳозидаги ўрнатилган қуввати 330 МВтли 6 реактор базасидаги кам қувватли атом станцияси қурилиши лойиҳасининг қиймати конфиденциал маълумот ҳисобланади ва очиқланмайди", дея хабар берган "Ўзатом" матбуот хизмати.

Шу йил 27 майда Президент Путиннинг Тошкентга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Россия АЭС қуриш ҳақидаги битимни имзолади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси жамоатчиликда бир хил қабул қилинаётгани йўқ: Қозоғистон ҳукумати ушбу масалани халқ референдумига қўйиб кейин ҳал этиш йўлини танлаган бир вақтда нега Ўзбекистон ҳукумати АЭС қуввати, қурилиши ва хавфсизлиги билан боғлиқ кўплаб саволларни ўзбекистонликларга очиқламади, деган саволларни қўймоқдалар фаоллар.

Тошкент шаҳридаги боғ

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Дўстлик (Бобур) боғини BPM Smart Decision Management компаниясига 49 йилга ижарага бергани қарори устидан судга мурожаат қилинди.

Тошкент шаҳри яшовчилари номидан берилган ариза бўйича иш Шайхонтоҳур туманлараро судида 10 июнда бошланиши хабар қилинмоқда.

Бу аризанинг мазмуни шундаки, шаҳар ҳокимлиги Абдулла Қодирий ва Дўстлик боғларини BPM Smart Decision Management ширкатига ижарага бериш қарорини беркитиб қўйган, ҳукумат қарори ҳам жамоатчиликка очиқланмаган.

Фаоллар ҳукуматга чиқишган, уларга эса "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ "ҳужжат давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олади" деган асос билан 2024 йил 13 мартдаги 133-сонли қарор тақдим этилмаган.

Фаоллар суддан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Дўстлик боғини ижарага бериш қарорларини бекор қилишни талаб қилмоқдалар.

"Ариза берувчилар жамоатчиликка очиқ бўлмаган ҳужжатларда "аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи маълумотлар бўлиши мумкин"лигидан хавотирда", деб ёзди gazeta.uz нашри.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг хабар қилишича, "Эзгулик" жамиятининг аъзоси ва блогер Мурод Махсудов 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мурод Махсудов устидан маҳкама жараёни Тошкент шаҳри Яшнобод туман судида бўлиб ўтган.

Ташановга кўра, блогер устидан судни ёпиқ ўтказишга қарор қилинган.

Мурод Махсудовга Ўзбекистон Жиноят кодексининг туҳмат, товламачилик, маблағ ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бандлари қўйилган ва суд уни айбдор деб топган.

Мурод Махсудов устидан суд Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистон тобора кўп одамларни президентни интернетда ҳақорат қилгани учун қамаётгани ҳақида ҳисобот чиқарган, Россия Президенти Путин ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр билдирганлар ички ишлар идораларига чақиртирилган ва Ўзбекистоннинг Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги ўрни 11 поғона ёмонлашгани манзарасида кузатилмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бошқаруви йилларида Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари вазияти абгор эди, буни бугунги ҳукумат аъзолари ҳам тан оладилар.

Айни пайтда, Ўзбекистон ўзгараётганини айтаётган паллада кечаётган айрим ҳолатлар маҳаллий миқёсда хавотирлар уйғотиб, халқаро доирада ҳам эътиборга туша бошлаган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002