Видеофильм: Амир Олимхон ва Ўзбекистоннинг унутилган шаҳзодaлари

  • Гулсевар Замон
  • bbcuzbek.com
Амир Олимхоннинг сурати Сергей Прокудин-Горский коллекциясидан

Сурат манбаси, Сергей Прокудин-Горский

Сурат тагсўзи, Амир Олимхоннинг сурати Сергей Прокудин-Горский коллекциясидан

Бундан роппа-роса 100 йил олдин юз берган Шўролар инқилоби таъсири Россия Туркистонига ҳам етиб келади. Минтақа сиёсий саҳнаси ва сарҳадлари кескин ўзгаради.

Бухоро Амирлиги ҳам тугатилиб, янги Ўзбекистон жумҳурияти таркибига киради. Амир ва оиласи эса Афғонистонга қочишади.

Уларнинг кейинги тақдири ва бугунги ҳаёти қандай кечди?

Биз шу саволларга жавоб излаб Амир оиласининг энг кўп аъзоси бошпана топган Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрига сафар қилдик.

Мухбир: Гулсевар Замон

Продюсер: Рустам Қобил

Тасвирчи: Ўзгур Арслан

Монтаж: Питер Болл

Шаҳзода Саид Абдулсаттор Олимхон

Сурат манбаси, BBCuzbek

Сурат тагсўзи, Шаҳзода Саид Абдулсаттор Олимхон

Ватансиз шаҳзода

Ғозиантепда Амир Олимхон набиралари уйида меҳмон бўлдик. Маълумки, Туркия Амир Олимхоннинг бир неча авлодига бошпана берган.

Биз Амирнинг энг кичик ўғли Саид Абдулсаттор Олимий, қатор набиралари, хонадон тарихини ўрганган невара куёви Нуриддин Хотунўғли ва невара келини Мастура опа билан суҳбатлашдик.

"Отам вафот этганда 6 ойлик ёки бир ёшда бўлганман, уни кўрмаганман. 15 ака-ука, 24 опа-сингил бўлганмиз".

"Деворда бир катта соат бўларди. Онам "сенга отангдан мана шу соат қолган", дерди. Катта соат эди, дранг - дранг овоз чиқарарди", деб эслайди шаҳзода Саид Абдулсаттор.

Саид Абдулсаттор Олимийнинг Амир Олимхон ҳақидаги тасаввурлари онасию акалари хотиралари асосида шаклланган.

"Отамни одобли ва тартибли бир инсон бўлганини айтганлар. Шундай инсон бўлганки, ҳамма ҳам унинг олдиган тўғридан-тўғри бора олмаган. Уни олдига бориш учун онам ҳам изн олишлари керак бўлган экан".

Шаҳзода ҳаёти дарбадарликда кечгани, ҳамон ватансиз экани ҳақида гапиради.

"Зоҳиршоҳ даврида бизнинг туғилганлик гувоҳномамиз йўқ эди, аммо хорижий паспортимиз бор эди. Бухоро подшоҳининг ўғли бўлганимиз учун паспортимизни ҳар йили янгилаб турардик... 1372 (ҳижрий) йилдан кейин уруш бошланди, толиблар келди, мужоҳидлар келди, ундан кейин ҳамма мамлакатни тарк эди. Охирида мен чиқдим. Ҳамма акаларим Покистонга кетишганди, мен Кобулга келгандим. Кейин мен Покистонга кетдим. 27 йил Покистонда яшадим. Пешоварда Фақиробод минтақасида яшадим".

"Жангдан қутулдик деб хурсанд бўлдик. Лекин вазиятимиз ёмонроқ бўлди. Бир томондан, иқтисод ўтказиш қийин эди. Иккинчи тарафдан, полициянинг қўлида азоб кўрдик. Ишонинг, нон олишга борсак, қўлимиздан нон пулимизни тортиб оларди. Агар пулни бермасак, бизни ҳибс қиларди. Ўғлим Ирландиядан ойига 200 евро юборарди. Қизимнинг Покистонда пардозхонаси бор эди. Шу йўсин пул топарди. Кундан кун вазиятимиз ёмонлашиб борди. Покистон полицияси оқ соқолимга қараб ўтирмасди, 1-2 кун олиб кетарди, изн сўрамасдан уйимизга кирарди, "Афғонистонга кет", деб уйдан чиқарарди".

"Биродарларим, ҳатто онамнинг қабри шу ерда, Туркияда. Шунинг учун Туркияга келдим. Икки йил бўлади, лекин ҳануз аросатдаман. Ҳали ҳам муҳожирман".

Мастура опа Амир хонадонининг биз билан суҳбатга рози бўлган ягона аёл аъзоси эди. У ҳам инқилобдан кейин Афғонистонга қочиб ўтган оилалардан бири фарзанди ва Амир Олимхонга келин бўлганидан ниҳоятда фахр туярди.

"Ҳар замон ифтихор қиламиз, ҳозир ҳам ифтихоримиз бор. Қайинбобом: "Менинг отам 5 вақт намозини қилган, Қуръонни ўқиган ва миллатини севган бир инсон эди", деб айтарди".

"Афғонистон давлати Амир Олимхонга: "Сиз болаларингизга бир мерос қолдирасизми, нималардир берасизми?" дебди. Қўлида гугурт қутиси бор экан, бармоғи билан гугуртни четибди, у ҳар ерга сочилганмиш. "Авлодларим шундай бўлади, ўз ризқларини ўзлари топади. Ўз авлодларини ўзлари катта қилишади. Мен уларга қолдирсам, қолдирмасам ҳеч фарқ қилмайди. Аллоҳ таолло уларга ризқ беради, менга иш тушмайди", деган эканлар".

"Мени раҳматли бегим бобоси қучоғига ёстиқ қўйиб овқат ейиши ҳақида айтарди. Мутлақо бир дона ёстиқни қучоғига олар экан. У раҳматли-да, оларди. "Эй шу ёстиқни у ёққа қўйсангизчи", десам: "Отадан мерос қолган, шунақа яхши роҳат овқат еймиз..." Шунақа ён ўтирарди. Амир Олимхон ҳам ён ўтираркан", дея хотирлайди Мастура опа.

Бухоро хаёли

Амир Олимхон шахси ва унинг Ўзбекистон тарихидаги ўрни мени доим қизиқтириб келган.

Шу боис Амир Олимхон авлодлари яшовчи Ғозиантеп шаҳрига илк бор боришим эмас эди. 2009 йил ҳам бу оила ҳақида радиолавҳа тайёрлаш мақсадида у ерга сафар қилгандим. Ўшанда Амир Олимхоннинг ўғли Абдулкабир Азимий ва қатор набиралари билан учрашгандим. Бу гал у киши билан учрашиш насиб этмади. Абдулкабир Азимий бир неча йил олдин ҳаётдан кўз юмган экан.

Шаҳзода Азимий мен билан суҳбатда отаси Олимхоннинг Афғонистондаги ҳаёти ва унинг шахсига оид кўп қизиқарли фактларни сўзлаб берганди.

У Амир Олимхон Бедилни севиб ўқигани, бир неча хорижий тилларда бемалол сўзлаша олгани, мусиқани севгани, Омонуллохон таваллуд кечасида пианино чалиб, Ғарб элчиларини лол қолдиргани ҳақида гапирганди.

Азимий отасининг вафотини шундай эслаганди.

"Қиблагоҳим 1944-йилда Кобулда оламдан ўтдилар. Ўшанда мен 13-14 ёшларда эдим. Менга: "Болаларга қара, жаноза пайтида ташқарига чиқиб, бақир-чақир қилишмасин",- дея топшириқ бердилар. Ҳарамдан ташқарида, катта ҳовли бўларди. Ўша ерда қорилар йиғилиб, Қуръон тиловат қилишарди. Отамни бир хонага ювиб, ўраб, ётқизиб қўйишганди. Аёллари чиқиб кетгач, биз фарзандлари саф тортиб, бирма-бир кириб, отамнинг қўллари ва оёқларини ўпиб чиқдик. Отамнинг бош вазири Ҳошимхон ва яна бир қанча амалдорлар у ерда саф тортиб туришарди. Падаримизни олиб чиқишаётганда, мени бир нарса ҳайратга солди. Йиғламаган одамнинг ўзи қолмаганди. Жанозага ҳаттоки Бухоро яҳудийлари ҳам келишганди. Улар шунчалар кўз ёш қилишар эдики, мен кўриб кўзимга ишонмасдим. Одамлардан бири улардан: "Сиз нимага йиғлайсиз?"-деб сўраганида, улар: "Ахир у бизнинг подшоҳимиз эди",- деб жавоб қайтаришганди. Ўша куни Афғонистонда байроқлар ярим туширилди, ҳатто, баъзи элчихоналар байроқлари ярим туширилганди".

Бу энди шахсий хотиралар ва қарашлар эди. Хонадон тарихини ўрганган ва Амир Олимхон ҳақида китоб ёзган невара куёв Нуриддин Хотунўғли ўтмишга тарихчи кўзи билан қарашга уринарди.

"Ҳа, Амир Олимхоннинг мусбат ва манфий ишлари бўлган... Биринчидан ўлкасини ишғолдан қутқармаган. Урушда мағлуб бўлиб ўлкасини тарк қилган. Бу тўғри. Уни қаҳрамон дея олмайсиз, аммо хоин ҳам эмас. Хоин деганингизда бошқача бир гап бўлиб қолади. Ўз тарихимизга хоин ёки қаҳрамон кўзи билан қараш тўғри эмас деб ўйлайман", дейди у.

"Ўз хотираларида "Афғонистонга кетиб келаман", деб ёзган. Баъзи кишиларни вазифадор қилиб кетган. Келмайман, деб кетса, у кишиларга вазифа бермас эди. Энди Афғонистонга кирганидан кейин чиқишига рухсат берилмайди. Ҳатто, ҳажга кетишига ҳам рухсат берилмайди. Хотираларини ўқиганингизда, у Афғонистонда мажбур туриб қолганини билиб турасиз".

"Охирги пайтда Амир Олимхон иқтисодий жиҳатдан кўп заиф ҳолда вафот қилади", дейди суҳбатдош.

Мени ҳайратга солгани суҳбатдошларим барчаси Афғонистонда ёки Туркияда туғилишган бўлишса-да, ҳамон Бухорони ватан деб билишлари ва ҳали ҳамон Бухоро хаёли билан яшашлари эди.

"Бухорога бориш армони юрагимда. Ҳеч қурса бир марта борсам, Бухорони кўрсам. Мен Афғонистонда туғилдим, аммо ватан ёди бошқача. Ёлғиз мен эмас, барча бошқа оға-иниларимиз бир марта бўлса-да, Бухорога боришни орзу қиламиз", дейди Саид Абдулсаттор Олимий.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02