Ўзбекистон: кун тартибида яна аёллар мавзуси. Ким ҳақ?

Дилбар Наж��утдинова

Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитасидан айтишларича, оммавий ахборот воситалари ва социал тармоқларда тарқалган 23 гуруҳдан иборат рўйхат - муаммолари ҳал этилиши талаб қилинадиган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар категорияларидир.

Бундан олдин Тошкент шаҳрида жиноят содир этишга мойил аёлларнинг рўйхати тузиб чиқилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Бу рўйхатга

1.Муқаддам озодликдан маҳрум этилганлар

2. Жиноят содир этишда айбдор деб топилганлар

3. Синов муддатини ўтаётганлар

4. Гиёҳвандликка ружу қўйганлар

5. Ичкиликбозликка ружу қўйганлар

6. Руҳий бузилишлардан изтироб чекаётганлар

7. Жиноят содир этишга мойиллар

8. Узоқ вақт бўлмаганлар

9. Ватанига узоқ муддатдан кейин қайтганлар

10. Маънавий қўллаб-қувватловга муҳтожлар

11. Болаларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиганлар

12. Ахлоқсизлик мазмунидаги жиноят содир этганлар

13. Оиласидаги муҳит носоғлом бўлган аёллар

14. Ички ишлар органлари рўйхатида турадиган аёллар

15. Ўз жонига қасд қилишга мойиллар

16. Ажрашиши мумкин бўлган оилалар

17. Ишсиз аёллар

- мутахассислиги бор аёллар

- мутахассислиги йўқ аёллар

18. Кам таъминланганлар

19. Тошкент шаҳрида вақтинча яшаб турганлар

20. Регистрациясиз яшаётган аёллар

21. Тиланчилик билан шуғулланадиган аёллар

22. Вояга етмаганлар(18 ёшгача) ва ёш қизлар(18 дан 30 ёшгача)

23. Ногиронлиги бор, ажрашган аёллар, боқувчисини йўқотган ёлғиз оналар киритилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Видео тагсўзи, Дилбар Нажмутдинова: 23 - ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар гуруҳи

Ушбу хабар жамоатчилик томонидан норозилик билан кутиб олинди.

Нега оиласида муҳит носоғлом бўлса, аёл айбдор бўлиши керак, деган саволлар қўйилди.

Тошкент шаҳри ҳокимининг ўринбосари, шаҳар Хотин-қизлар қўмитасининг раиси Дилбар Нажмутдинованинг Би-би-сига айтишича, қўмита муаммоси бор ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни аниқлаш ва бошқа идора-ташкилотлар билан аниқланган муаммоларни ҳал қилиш йўлида ишлашни бошлаган.

Ва бу рўйхат жиноят содир этишга мойил аёлларнинг эмас, муаммоси бор ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг рўйхати деб қаралиши лозим, дейди Тошкент шаҳар аёллари раҳбари Дилбар Нажмутдинова.

Нажмутдинова хонимнинг айтишича, ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларнинг муаммоларини ўрганиб ҳал қилиш йўли билан хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни камайтиришга кўмаклашиш амаллари бундан бир йил олдин бошланган ва нафақат Тошкент шаҳри, балки бутун республикада олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бундай рўйхат тузилишини қоралаши ҳақида баёнот эълон қилди:

"Айтиш жоизки, дарҳол омма эътиборини тортиб, аҳолида хавотир ҳиссини уйғотаётган(чиндан ҳам, бундай хабар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта) бу маълумотлар аслида ҳақиқатдан мутлақо йироқдир!

Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, пойтахт Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова бошчилигида 10 та туманда ўтказилган йиғилишлар натижасига кўра, ҳар бир маҳаллада маҳалла мутахассиси ва профилактика нозирлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг (жиноятчиликка мойилларнинг эмас, барча хотин-қизларнинг) 23 та тоифа бўйича электрон картотекаларини шакллантириш вазифаси белгилаб олинган.

Чунончи, шу асосда 27 июнь куни "Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар" ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан имзоланган.

Мазкур қўшма қарор Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, унинг асл мақсади жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифасини аниқлаш эмас, балки барча хотин-қизларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган ҳамда бошқа тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир.

Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид, деб ҳисоблайди", дейилади қўмита 1 август куни эълон қилган баёнотда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek