Диний либосга қўйилган тақиқ кучаяди, қизларнинг бокиралиги текширилмайди - Франция янги қонунни маъқуллади, Fransiya, O'zbekiston, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

French President Emmanuel Macron

Сурат манбаси, Getty Images

Диний либосга қўйилган тақиқ кучаяди, қизларнинг бокиралиги текширилмайди - Франция янги қонунни маъқуллади. Янги қонун ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида танқидлар билан қарши олинди. Айнан мусулмонларга қаратилганига оид хавотирлар янгради.

Экстремистларнинг кетма-кет ҳужумларидан сўнг Франция ҳукумати радикал исломчиларни жиловлашни кўзда тутувчи қонунни маъқуллади.

Президент Эммануэль Макроннинг дунёвий қадриятларни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли тадбирларининг бир қисми бўлмиш ушбу қонун лойиҳаси уйда диний таълим бериш ва нафрат ваъзларига дахлдор чораларни кучайтиради.

Франция ва хориждаги танқидчилар ҳукуматни қонундан динни нишонга олиш учун фойдаланишда айбламоқда.

Аммо Бош вазир Жан Кастекс буни мусулмонларни радикаллар чангалидан халос қиладиган "ҳимоя қонуни", деб атади.

У бу қонун "динларни нишонга олмаслиги ёки хоссатан мусулмонларга қарши қаратилмаган"ини таъкидлади.

Қонунда нима дейилган?

Fransiya

Сурат манбаси, AFP

"Республика принципларини дастакловчи" бу қонун интернетдаги нафратни ифодаловчи сўзларни чеклайди ва бошқа одамларнинг шахсий маълумотларини ёвуз ниятда интернетда тарқатишни тақиқлайди.

Бу чоралар муаллим Самуэль Патининг октябрда боши олинишига жавоб сифатида кўрилмоқда. 47 ёшли Пати ўқувчиларига Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)нинг карикатурасини кўрсатгани ортидан ўзи таълим берадиган мактаб яқинида ёлғиз ҳужумчи томонидан ўлдириб кетилган эди.

Текширувларда унга қарши кампания интернетда аввалроқ бошлангани аниқланган.

Бу қонун, шунингдек, исломчи мафкурани тарғиб қилувчи "маxфий" мактабларни ҳам тақиқлайди ва уйда таълим бериш шартларини қаттиқлаштиради.

Шунингдек, қонун Францияда яшаш учун ариза берган кўпхотинлиларга ҳам рад жавоби беришни кўзда тутади. Қизларнинг бокиралигини текширган докторлар жаримага тортилади.

Мусулмон бирлашмаларининг молиявий ҳолати очиқлиги бўйича янгича тартиблар киритилади ва улар молиявий ёрдам олиши учун Франциянинг республика қадриятларига содиқлигини тан олиб имзо чекишлари керак бўлади.

Иш жойида диний либосда юришга қўйилган тақиқ транспорт ҳайдовчилари, дўконлар ва сузиш ҳавзалари ходимларига ҳам татбиқ этилади.

Шу билан бирга, Президент Макрон Франциянинг Мусулмонлар Кенгаши билан имомларнинг умуммиллий миқёсдаги кенгашини тузишга келишди. Президент хориждан келган юзлаб имомларнинг Францияда ваъз ўқишига чек қўймоқчи.

Бу қонун нега амалга киритилмоқда?

Fransiya

Сурат манбаси, Getty Images

Бу қонун лойиҳаси муҳокама қилиб келинаётган эди, аммо кейинги террор ҳужумлари уни кун тартибига чиқариб қўйди.

Патининг ўлдирилиши Францияни ғазаблантирган уч ҳужумдан бири эди. Октябрь ойида Ниццадаги черковда уч киши пичоқланди.

Сентябрь ойида Шарл Эбдо журналининг Париждаги собиқ офиси яқинида икки киши пичоқланди ва жиддий жароҳат етказилди. Бу журнал офисига 2015 йилда ҳам исломчи жангарилар ҳужум қилган эди.

Президент Макрон Франциянинг республика қадриятлари ва давлатнинг дунёвийлигини қаттиқ ҳимоячиси бўлиб чиқди. У Исломни "инқироздаги" дин деб атади ва Шарл Эбдонинг Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) карикатурасини чоп қилишга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилди.

Францияда беш миллион мусулмон яшаши айтилади, бу Европадаги энг катта мусулмон озчиликдир.

Бу чораларга муносабат қандай бўляпти?

Макрон бир неча мусулмон давлатларнинг ўткир танқидларига рўпара бўлди.

Шундоғам аввалдан яхши бўлмаган Туркия билан муносабат баттар ёмонлашди. Президент Режеп Таййип Эрдоған бу қонунни "очиқ провокация" деб атади ва Макронни "ақли ноқис", деди.

Покистон, Бангладеш ва Ливанда намойишлар бўлиб ўтди.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича вакили Сэм Браунбэк бунга танқидий баҳо бериб, "Агар қаттиққўллик қилсангиз, аҳвол оғирлашади"t, деди.

Франциянинг ўзида айрим сўлчи сиёсатчилар бу қонун мусулмонларни камситиш деб баҳоланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

"Le Monde" газетасида ёзилишича, бу қонун уйда таълим берувчи бошқа диний гуруҳларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Аммо Би-би-сининг Париждаги мухбири Льюси Уильямсоннинг айтишича, Президент Макронга бу қонунни амалга киритишга ундовчи босим кучайган.

Франция секуларизми номи билан исломчи таъсирларга қарши курашиш бу мамлакатнинг ўзида анчагина қўлланса ҳам, уни амалга ошириш нозик масала бўлиб қоляпти, дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek