Қўқон ИИБда жони узилган 15 яшар Равшанбек – фожиа қандай содир бўлган эди? O'zbekiston

ravshan

Сурат манбаси, Videodan skrinshot/Olimjon Haydarov

Сурат тагсўзи, Равшанбекнинг онаси 20 кундан кўпроқ вақт ўтган бўлсада, фарзандининг ўлими сабабини аниқ билмаслигини айтмоқда.

Интернет ижтимоий тармоқларида Қўқон ички ишлар бошқармаси биносидан 15 яшар ўсмирнинг мурдаси чиққани тўғрисидаги хабар яшин тезлигида тарқалган. Орадан қарийб бир ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, марҳумнинг онаси фарзандининг вафоти сабаблари борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтмоқда.

7 ноябрь куни ижтимоий тармоқда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Султон қишлоғида яшовчи 9-синф ўқувчиси дўконда ўғирлик қилишда гумонланиши ортидан ИИБга олиб кетилиб, у ерда вафот этгани тўғрисида хабар тарқалди.

Дастлаб тарқалган хабарда ўсмир Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғидаги дўконлардан бирида ўғрилик қилаётган пайт ушланиб, участка нозири томонидан Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборилгани ва бир кундан сўнг у ердан мурдаси чиққани тўғрисида сўз боради.

Фарғона вилояти прокуратураси орадан кўп ўтмай, тарқалган хабарларни тасдиқлади ва ўсмирнинг ўлими 17 октябрь куни юз берганини билдирди.

Би-би-си мазкур фожиали ўлим тафсилотларига янада аниқлик киритиш мақсадида ҳолатни ўрганган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров билан суҳбатлашди.

Алоқадор мазвулар:

16 минг 700 сўм

2007 йилда туғилган Равшанбек Абдусатторовнинг фожиали ўлими тўғрисида илк бор блогер Олимжон Ҳайдаров ижтимоий тармоқ орқали хабар берган.

8 ноябрь куни Ҳайдаров марҳум йигитнинг онаси билан интервьюни ҳам эълон қилган.

ravshan

Сурат манбаси, Videodan skrinshot/Olimjon Haydarov

Сурат тагсўзи, Боламни ким ўлдиргани, нималар бўлгани ҳозир менга қоронғи, дейди Равшанбекнинг онаси блогер Олимжон Ҳайдаров билан суҳбатда.

Интервьюда она фарзандининг на ички ишлар ходимлари томонидан ушлаб турилгани, на ўлими тўғрисида ўз вақтида хабар берилмагани ҳамда орадан йигирма кундан кўп вақт ўтган бўлса-да, ҳали Равшанбекнинг ўлими сабабларига оид бирор аниқ маълумотга эга эмаслиги ҳақида сўзлайди.

"Жиноятчилар билан учрашилганда, тергов қилинганда, терговда сиз ҳам қатнашишингиз мумкин, деб ваъда беришганди. Ҳали терговга чақиришган йўқ, ҳаммаси жим-жит. Боламни ким ўлдиргани, нималар бўлгани ҳозир менга қоронғи. Ҳар куни шу ҳақида ўйлаб, миям чарчаб, тугаб бўлдим", дейди она интервью давомида.

Ҳолатни синчиклаб ўрганган блогер Олимжон Ҳайдаров шу вақтгача аниқлашга муваффақ бўлган тафсилотларни Би-би-си билан ўртоқлашди.

Қуйида унинг мухтасар ҳикоясини келтирамиз:

"Равшанбек ёшлигидан тоғалари қўлида катта бўлган, хокисор, қўли калтароқ оила экан. Бобосининг ёши ҳам катта. Иш ўргансин, деб уни мебелчи устага шогирд беришган экан. Якшанба кунлари бозор бўлганидан шанба куни устаникида қолиб ишлар экан. Фожиа содир бўлиш арафасида ҳам устаникида қолган.

16 октябрь - якшанба кундузи устаникида ишлаб, тушдан кейин уйига қайтиб келган. Ювиниб, тараниб уйдан яна чиқиб кетган. Уйидагилар устаникига кетди, деб ўйлаб, бефарқ қолишган. Равшанбекнинг уйидан Бувайда маркази бўлмиш Янгиқўрғонгача масофа 4-5 километр. Соат 15:00 ларда у Янгиқўрғондаги савдо марказини роса айланган. Кейин бу ерда битта Флеш ичимлиги ва қурт олган. Жами 16 700 сўм бўлар экан. Соддалик қилиб, эсидан чиққанми ё ўғрилик қилиш ниятидами - буни энди аниқ билмайман - олган нарсалари пулини тўламай чиқиб кетган.

Буни кўрган охрана Равшанбек энди велосипедига ўтираётган пайт уни ушлаб, ичкарига - бошлиқнинг олдига олиб кирган. Бошлиқ "ўғрилик қилиш яхши эмас", деб унга насиҳат қилган ва уйидагиларини чақиришни сўраган. Лекин бола бирор маълумот айтмагач, участка нозирини чақиришган. Участковойга, ҳатто, исмини ҳам айтмаган. Энди нега бунчалик ўзи ҳақида гапиришдан қўрқаётгани сабабини ҳам тушунтириб ўтган - тоғалари қаттиққўл экан. Ўғрилик қилди, деган гап уйига етиб боришдан қўрққан.

Участковой болани Учкўприк туман ИИБга олиб борган. У ерда Равшанбек билан психолог гаплашган. Равшанбек унга исми, шу Султон қишлоғида туришини айтган. Кейин улар боланинг қишлоғидаги участковойни излашган, лекин топа олишмаган. Шу ерда бир нарса борда - бу воқеалар юз бераётган пайт жуда кеч ҳам бўлиб кетмаган, тахминан, кечки соат 18-19 атрофида бўлган. Туман ИИБдан боланинг уйигача борса, уч километр чиқади. Шу бир дело очиб, уйига ташлаб келишса ҳам бўлар эди, лекин уни 30-40 километр наридаги Қўқонга олиб кетишган.

Қўқондаги вояга етмаганларга ёрдам бериш маркази соат 21:00 атрофида болани соғлом қабул қилиб олган, чунки бу жойда ўз махсус шифокорлари бор, агар шахсда тирноқча шилинган ери бўлса ҳам, қабул қилмайди. Бу ерда турли ҳуқуқбузарликлари учун 20 суткалаб қамоқда ётган ўзидан бироз каттароқ болаларнинг ичига қўшиб қўйишган. Энди уёғи нима бўлган - ҳозирча бизга қоронғи. 17 октябрь - душанба куни эрталаб Равшанбекнинг жони узилган".

Вақтида етказилмаган шум хабар

Равшанбекнинг онаси Ҳайдаровга берган интервьюсида фарзанди иш кўпайиб кетса, якшанба кунлари ҳам мебелчи устаникида қолиши сабаб уни изламагани, аммо душанба кундан хавотирга туша бошлаганини айтади.

ravshan

Сурат манбаси, Videodan skrinshot/Olimjon Haydarov

Унинг сўзлашича, фарзандининг ўлимидан бир неча соат ўтгач - 17 октябрь куни кечки соат 21.30 атрофида Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан қўнғироқ келади.

"Душанба эрталабдан юрагимга ғулғула тушиб, устасига телефон қилдим. У боламнинг бир кун аввалоқ уйга кетганини айтди. Янада қўрқдим. Бобоси Янгиқўрғонга тушиб, излаб ҳам келди. Кун бўйи "Келиб қолар" деб кўчага чиқиб, уйга кириб вақт ўтказдим. Кечаси шунақа марказданмиз, деб телефон қилишди. Болангиз кўчада айланиб юрганда биз уни олиб келдик, дейишди. Қўрқиб кетганимни сезиб, ҳаммаси жойида, дея тинчлантиришди. Машина юборишлари, бошлиқ гаплашмоқчилигини айтишди. Улар юборган машина келгач, ўтириб, ичидаги йигит билан гаплашиб кетдим. У ер қанақа жойлигини сўрадим. "Опа, хижолат бўлманг, яхши жой, шунақа айланиб юрган болаларни олиб борамиз, адресини аниқлаб, ота-онасини чақириб бериб юборамиз", дея тинчлантирди. Йўлма-йўл ўғлимнинг соғлиғида бирор муаммо бор-йўқлигини сўради. Мен ҳеч бир шикояти йўқлигини айтдим. Марказга боргач, бошлиқни тунги соат биргача кутдик. Бошлиқ ўғлингиз уришқоқ эмасми, деб сўради. Мен, йўқ ювош бола, дедим. Ўғлимни ўзим билан олиб кетишим мумкинми, деб сўрадим. Озроқ ҳужжат ишлари борлиги, эрталаб соат 8 ларга ўзлари уйга олиб боришларини айтиб, мени жўнатиб юборишди. Ҳа, ўғлим яхши экан, деб хотиржам уйга қайтдим", дейди она интервью давомида.

Она Равшанбекни кўриш истагини билдиргани, аммо марказ ходимлари кеч бўлиб қолгани, ҳамма болалар дам олаётганини айтганини ҳам қўшимча қилади.

"Эрта тонгдан ходимлар келишини кутмай ҳам боламни ўзим олиб келай, деб йўлга чиқдим. Шаҳарга етганимда, кичик акам телефон қилиб, синглим қайт уйга, болангни ўзлари олиб келишар экан, деди. Кейин билсам, улар аллақачон фарзандимга нима бўлганидан хабар топишган экан", давом этади она.

Расмий баёнот

pro

Сурат манбаси, Farg'ona viloyat prokuraturasi

Фарғона вилоят прокуратурасининг 7 ноябрь куни эълон қилган баёнотида Равшанбек Абдусатторов 16 октябрь куни "Бувайда тумани, Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган "Ансор" савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида, ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМ (Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази)га жойлаштирилган"и айтилади.

"17.10.2022 йилда вояга етмаган Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетганлиги сабабли шаҳар Тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига "бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши" сабаб бўлганлиги кўрсатилган", дейилади расмий баёнотда.

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми "д" банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини ҳам қўшимча қилган.

Шунингдек, расмий баёнотда жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳамда ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани билдирилган.

Би-би-си мазкур иш бўйича ҳибсга олинган икки нафар шахс ИИБ ходимларими ёки марказда сақланаётган фуқаролар, деган савол билан Бош прокуратурага мурожаат қилди, аммо ушбу мақола чоп этилаётган вақтга қадар бу борада ҳеч қандай жавобни қўлга кирита олмади.

Би-би-си ихтиёрида мавжуд Равшанбекнинг вафотидан сўнг олинган суратларда марҳумнинг юз қисмидаги калтак зарбларини яққол кўриш мумкин.

Бироқ, ҳозирча, 15 яшар ўсмирнинг эҳтимолий калтакланиши ортида ким тургани мавҳумлигича қолмоқда.

Равшанбек билан юз берган ҳолат расмийлар ҳуқуқ-тартибот органларининг фуқароларга нисбатан ноинсоний муносабати ва ҳибсхоналардаги қийноқларга кескин чек қўйилганини таъкидлаётган бир пайтда жамоатчилик эътиборига қалқиб чиққан навбатдаги фожиалардан бирига айланди.

Январь ойида Ғиждувон туман ИИБ биносига олиб келинган фуқаро оламдан ўтган ва тиббий экспертиза марҳумнинг танасида тан жароҳати излари топилмаганини эълон қилган эди.

Август ойида Қувасой шаҳрида ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган эркак вафот этгани хабар қилинган, кейинроқ, эркакнинг ўлимига расмий сабаб ўлароқ унинг соғлиғи ёмонлашгани кўрсатилган эди.

Октябрь ойи сўнггида Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшаб келган 34 яшаш эркак 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўташ вақтида танасида кўплаб жароҳат излари билан оламдан ўтгани овоза бўлган ва ҳолатни ўрганган журналистлар расмийлар бераётган маълумотларда кўплаб чигалликлар мавжудлиги ҳақида ёзган эдилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek