Ўзбекистон: “Акам ҳибсхонада очлик эълон қилган” – блогер Олимжон Ҳайдаровнинг укаси O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

bloger

Сурат манбаси, Facebook/Olimjon Haydarov

Сурат тагсўзи, Олимжон Ҳайдаров тақдиридан хавотир билдирган кўпчилик фаоллар унинг товламачилик билан шуғуллангани тўғрисидаги хабарни савол остига олган

Товламачиликда гумонланиб қўлга олинган блогер Олимжон Ҳайдаровнинг укаси тергов ҳибсхонасида акасига нисбатан руҳий босим ўтказилаётгани эҳтимолидан хавотирда эканини билдирмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Кўзга кўринган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тадбир доирасида қўлга олинган.

Фарғона вилояти ИИБ берган расмий маълумотда блогер салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига $10 минг талаб қилгани айтилади.

Таниқли блогернинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқда катта шов-шувга сабаб бўлган, аксар фикр билдирувчилар расмий баёнотда келтирилган маълумотларни шубҳа остига олган.

Блогернинг Би-би-си билан гаплашган укаси Ҳайдаровнинг 30 июль куни адвокат билан кўришиш талаби рад этилгани, оила ёллаган адвокат шу куни 19.30 дагина мижози билан учрашишга муваффақ бўлганини маълум қилди.

"14:00 дан бошлаб 19:30 гача адвокатни ҳам ичкарига киргазишмаган. Мени хавотирим шу вақт оралиғида ҳар хил руҳий босим ўтказилган, деган гумондаман. Кейин етарли маълумот олишолмагандан кейин оиласига тазйиқ ўтказишган".

Бироқ у акасига айнан қандай руҳий босим ўтказилган бўлиши мумкинлигига ойдинлик киритмади.

Уканинг даъво қилишича, тазйиқ ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан Ҳайдаровнинг турмуш ўртоғига нисбатан ўтказилган.

"Келинойимизнинг олдига боришган. Сўроқ-савол қилмоқчи бўлишган. Гапиришга рози бўлмагандан кейин 15 суткага тиқиб қўяман, деб босим қилишган".

Блогернинг яна бир туғишган укаси Ҳайдаров билан гаплашишга муваффақ бўлган адвокат унинг очлик эълон қилганидан хабар топганини билдирди.

"Ичкарига кирган куниёқ акам очлик эълон қилибди. Ҳозир аҳволи яхши экан. Ҳаммага салом айтибди. Аммо биз унинг тақдиридан ҳам, оила аъзоларига нисбатан босимлардан ҳам хавотирдамиз. Қайнотасининг уйига боришибди. Суриштириб, уларни ҳам қўрқитишибди. Оила аъзоларига босим қилинса, ҳар нарсага қўл қўйиб беради, деб ўйлашяпти шекилли".

"Салбий мазмундаги мақола"

Олимжон Ҳайдаров ҳибси

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, Расмий хабарда Олимжон Ҳайдаров товламачиликда гумонланиб ушлангани айтилади

Таниқли блогернинг қўлга олингани борасидаги илк тасдиқланмаган хабарлар 29 июль куни тушдан сўнг айрим ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан тарқатилган.

Шу куни соат 17:14 да Фарғона вилояти ИИБнинг Телеграмдаги каналида ҳолатга ойдинлик киритилган расмий баёнот пайдо бўлган.

Расмий хабарда Олимжон Ҳайдаров товламачиликда гумонланиб ушлангани айтилади.

Фарғона вилояти ИИБ блогер Ҳайдаров июнь ойида катта қисми ёниб кетган "Қўқон бозори" ҳудудидаги савдо комплекси расмийларидан "салбий мазмундаги" мақолани тарқатмаслик эвазига пул талаб қилганини қўшимча қилган.

"…умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган", маълум қилинган расмий баёнотда.

29 июль куни соат 21:10 да Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида ўтган ёпиқ суд мажлисида шаҳар прокурорининг Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича илтимосномаси қаноатлантирилган.

Шунингдек, айни куни судья Қ.Абдуллаев Қўқон шаҳар прокурори томонидан блогернинг Қўштепа туманидаги хонадонида тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосини ҳам ижобий қондирган.

"Бу спектаклга ишонмайман"

Ажрим қоғози

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, 29 июль куни соат 21:10 да Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида ўтган ёпиқ суд мажлисида шаҳар прокурорининг Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича илтимосномаси қаноатлантирилган

Асосан Фарғона водийсидаги муҳим аҳамиятга молик ҳолатларни ёритиб келиши ортидан охирги йилларда жамоатчиликка яхши танилган блогернинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқни жунбишга келтирган.

Кўплаб тармоқ фаоллари Ҳайдаровни яқиндан таниши, расмийлар унга нисбатан келтирган айбловларга ишонмаслигини таъкидлаган.

"Фаолларни фирибгар қилиб кўрсатиш авжига чиқаяпти. Навбатчи модда бўлиб қолди фирибгарлик. Э етарей, қачонгача халқни ахмоқ қилади булар? Олимжон ёзган ёзувлари учун олингани аниқ", дея ёзган фаол Фарруҳ Самарқандий.

Таниқли фаол, жамиятшунос Кобул Дусов блогер билан юз берган ҳолатни "спектакль" дея атаган.

"Муаммо бу каби репрессив қилиқлар билан эмас, сиёсий плюрализм технологиялари асосида ҳал қилинади азизлар", қўшимча қилган Дусов.

Иқтисодчи, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар бош директори биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров блогернинг маълум мақсадда ушлангани эҳтимолига ишора қилинган пост қолдирган.

"Олимжон Хайдаров. Товламачилик?! Умид қиламан-ки, бу англашилмовчилик. Мақсад кенгроқ. Тушунарли. Лекин бу методлар билан эмас", ёзган у.

Олимжон Ҳайдаров тақдиридан хавотир билдирган кўпчилик фаоллар унинг товламачилик билан шуғуллангани тўғрисидаги хабарни савол остига олган.

"Кейинги ойларда Олимжон Ҳайдаров билан кўп марта кўришиб, ўзаро суҳбатлашдик. Олимжон жуда эҳтиёткорлигини, унга нисбатан босимлар борлигини кўп марта айтганди. Провокация ва уйдирмалардан хавотирларини ҳам билдирган эди. Вазиятни жиддий кузатиб борамиз. Лекин, бу ҳолат — бутун бир ватандошлик жамиятига хавотирли сигнал", дея ёзган жамоатчиликка кенг танилган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Илёс Сафаров

Сурат манбаси, .

Журналист Илёс Сафаров эса кейинги пайтлар журналист-блогерлар орасида "қама-қамалар" кўпайиб кетганидан ташвиш билдириб, расмийлардан ўзи "туманли" дея атаган вазиятга доир изоҳ сўраган.

"Кеча ёнимизда юрган ҳамкасбимизни бугун панжара ортида кўряпмиз. Эртага ким, буни ҳеч ким билмайди. Ҳамма хавотирда. Товламачи ё фирибгар эканидан эмас, вазият туманли, ўта тушунарсиз… Бу - одамларнинг сиз бўлган команда юритаётган сиёсатга ишончи учун ҳам муҳим аслида", ёзган Сафаров.

Журналист, шунингдек, ўзининг фаолияти ҳам зимдан суриштирилганини тилга олган.

"Бундан 2 ойча аввал туғилиб ўсган туманимдан қандайдир пулли ишларга аралашган ё аралашмаганим ҳақида суриштирув ўтказишаётгани ҳақида хабар топгандим. Сабаби номаълум. Бу ҳақда ҳеч қаерда ёзмадим, чунки хотиржамман. Лекин ҳайрон бўлдим, ахир, инсон бирор ноқонуний иш қилса ва у исботланса, суриштирув ўтказилмайдими? Хўп, расмий муносабатларга ишондик ҳам дейлик, лекин, нега масалан, мамлакат қонунлари асосида фаолият юритаётган нашрда ва шу нашр бераётган ойликка кун кўраётган журналист ҳам текширилмоқда? Илтимос, кимдир чиқиб вазиятни батафсил тушунтириб берсин ва бизни очиқлик сиёсатидан қайтмаётганимизга ишонтирсин".

Фикр билдирувчиларнинг кўпчилиги Олимжон Ҳайдаровнинг ҳибсга олинишида унинг шу пайтга қадар эълон қилиб келинган танқидий мақолалари сабаб бўлганига ишонишини таъкидлаган.

"Олимжон Ҳайдаровни ИИБга олиб кетишипти. Бу жуда ёмон хабар ва нотўғри иш. Кечагина Қўқон шаҳар ҳокимлиги телеграм канали Президент танқид қилган Қўқонни кўрсатмаган ҳолда ахборот бераётганини айнан Олимжон Ҳайдаров маълум қилган эди.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги маъмурияти қасд олаётганга ўхшаб қоляпти. Ким шу ишни қилаётган бўлса ҳам, Президентга, давлат сиёсатига қарши иш қиляпти. Олимжон жуда қаттиқ назорат остида эканлигини билади, била туриб жиноятга қўл урганига ман ишонмайман", дея ёзган адвокат Бобир Муқадамов.

"Ўзбекистон журналист-блогерларига қирон келяптими?!"

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, .

Олимжон Ҳайдаровнинг товламачиликда гумонланиб қўлга олиниши бир қатор матбуот вакилларига оид таркибида айни айблов ҳам бўлган жиноят ишлари юзасидан суд мажлислари давом этаётгани манзарасида юз берган.

Шу сабабдан кўплаб таниқли инсонлар мамлакатда сўз эркинлиги "орқага кетаётгани" борасидаги хавотирни яна тилга олган.

Блогер билан юз берган воқеадан сўнг Kun.uz нашрида сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг таҳлилий мақоласи эълон қилинган.

Мақолада ҳукумат юзага келган вазиятни тартибга солишга чақирилган, матбуот вакиллари билан юз бераётган охирги вақтдаги ҳолатлар Ўзбекистоннинг репутацияга салбий таъсир қилаётгани таъкидланган.

"Ташқи дунёда эса "Ўзбекистон журналистлари ва блогерларига қирон келаяптими?!" деган савол туғилиши табиий, ва айни кунларда шу савол туғилмоқда ҳам. Дунёнинг кўплаб давлатлари Ўзбекистон босиб ўтган босқични аллақачон ўтиб бўлган. Улар марказлашган давлатчилик нима-ю, танқид нима эканини яхши билишади. Давлат шундай бўлиши керакки, ўзининг манфаатларини ҳар жиҳатдан тўғри чамалай олиши керак. Ички вазиятни деб, ташқи глобал репутацияни қурбон қилиш...".

Раббимов ўз мақоласида ОАВ билан боғлиқ салбий воқеаларга вақтида ечим топилмаса, мамлакатга инвестициялар оқими камайиб кетиши, халқаро қарз ва грантларни олиш қийинлашиши мумкинлиги борасида мулоҳаза қилган.

"Журналистлар ва блогерлар хато ёки жиноят қилган бўлишининг эҳтимоли бордир. Лекин, сиёсий тизим шундай бўлиши керакки, улар хато қилишга қадар огоҳлантириш тизими ишлаши керак. Шу билан бирга, холис тергов ва адолатли суд таъминланиши зарур. Чунки қамалаётган ҳар бир журналист ёки блогер давлатга қимматга тушади".

Шунингдек, у журналист ва блогерларга ўз фаолиятини молиялаштириш учун аниқ имкониятлар берилиши заруриятини тилга олган.

"Ҳеч бир ҳокимият беқарорликни ёқтирмайди. Танқидни эса - беқарорлик ва анархия элчиси сифатида кўриш одатий. Лекин давлат жамоатчилик билан ишлашни тўғри йўлга қўя олса, ҳеч қандай беқарорлик ёки анархия тинчликка раҳна сола олмайди", ёзган сиёсий таҳлилчи.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002