Германия таълимини олиб қатағонга учраган жадидлар - Биринчи ўзбек агрономи Абдуваҳҳоб Муродий O'zbekiston

  • Баҳром Ирзаев
  • Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими
Берлинда ўқиётган ўзбек талабалари, Берлин, 1927 йил (Ўртада Абдуваҳҳоб Муродий)

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Берлинда ўқиётган ўзбек талабалари, Берлин, 1927 йил (Ўртада Абдуваҳҳоб Муродий)

"Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм-маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда." Абдуваҳҳоб Муродий, 1922 йил

Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си келгуси йилда 100 йиллик санаси кутилаётган мазкур воқеъликлар олдидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақида навбатдаги туркум мақолаларни эътиборингизга ҳавола этади.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Абдулла Раҳимбоев, Турор Рисқулов, Файзулла Хўжаев, Фитрат сингари ҳукумат ва жамоат арбоблари Туркистонни асрий қолоқлик ботқоғидан қутқариш, ҳамда иқтисодий ва маданий таназзулга чек қўйишга интилдилар.

Бу йўлда мавжуд имкониятларнинг барчаси ишга солинди ва миллий кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратилди. Туркистон тараққийпарварлари маҳаллий ёшларни биринчи навбатда Европанинг ривожланган мамлакатлари, жумладан Германияга юбориш, улар ёрдамида бу мамлакатлар эришган илмий-техник ютуқ ва тажрибаларни ўрганиш зарур, деб ҳисобладилар. 1921 йил 23 апрелда Тошкентда ўтказилган Илмий комиссияси мажлисида ўзбеклардан хорижга талабалар юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбек илмий комиссияси йиғилишида Туркистон Маориф комиссарлигидан Туркистоннинг энг қобилиятли ёшлардан ҳеч бўлмаса 10 нафарини хорижга ўқишга масаласини ҳукумат олдига қўйиш таклиф қилинди. Хорижга талабалар юбориш ҳаракати кейинроқ Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) раҳбарлари Файзулла Хўжаев, маориф нозири Фитрат томонидан янада кенгроқ қўйила бошланди. Шундай қилиб, Туркистон ва Бухородан 1922 йил охирларида 70 дан ортиқ турли ёшдаги маҳаллий ёш йигит ва қизлар Германиянинг турли шаҳарларидаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қишлоқ хўжалиги, текстил саноати, кимё, электротехника, кончилик, фалсафа, педагогика, тиббиёт ва бошқа муҳим соҳалар бўйича ўқишга юборилди.

БХСР раиси Файзулла Хўжаев талабаларни Германияга олиб бориш ва ўқишга жойлаштиришни бухоролик зиёлилардан Абдувоҳид Бурҳонов ва Германиядан Бухорога келган татар зиёлиларидан Олимжон Идрисийлардан иборат махсус комиссияга топширди. Фитрат талабаларни Германияда яхши ўқишга, келгусида ўз юртларига яхши мутахассис бўлиб қайтиш ва унинг истиқболи учун фидоий ватанпарвар сифатида хизмат қилишга даъват қилди. Германияга БХСР ҳукумати ҳомийлигида борганларнинг 16 таси Туркистондан, 56 таси Бухородан, 2 нафари Хоразмдан эди. Шубҳасиз, бу ёшлар ватанга қайтгач ҳар қанча қийинчилик ва таъқибларга қарамай Туркистоннинг ҳар жиҳатдан ривожига ўз ҳиссаларини қўша олганлар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Большевиклар ҳукумати томонидан Германияда таҳсил олаётган Туркистонлик ўқувчиларга нисбатан ишончсизлик йилдан йилга ортиб борди. Талабаларни ҳали ўқишини тамомламасдан турли хил баҳоналар билан СССРга қайтариш бошланди.

ОГПУ (Объединённое государственное политическое управление - Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) ташкилоти бу йўналишда изчил қирғинни бошлаб юборди. 1929 йил Абдуваҳоб Муродий ва Бадри Сайфулмулклар алоҳида-алоҳида қамоққа олиниб маҳв этилди. 1932 йилда Ўрта Осиё давлат университетида дарс берувчи Германияда таҳсил олиб қайтган Азиз Алихўжаев устидан иш очилади. 1938 йилнинг 4-9 октябрь кунлари эса Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган илгари Германияда таҳсил кўрган талабаларнинг барчаси "жосус" сифатида отувга ҳукм этилди.

Абдуваҳҳоб Муродий

Германияга келган туркистонлик талабаларнинг биринчи гуруҳи. 1922 йил, Берлин

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Германияга келган туркистонлик талабаларнинг биринчи гуруҳи. 1922 йил, Берлин

Абдуваҳҳоб Муродий 1901 йил 29 май куни куни Тошкентнинг Эгарчи маҳалласида дунёга келган. Қашшоқ оилада туғилган Абдуваҳҳоб гўдаклигиданоқ ўзидаги чексиз ғайрат ва иқтидори билан Тошкент тараққийпарварларининг етакчиси Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг назарига тушди. Шундан сўнг унинг таълим ва тарбия олишига Мунаввар қори тўлиқ ҳомийлик қилди. У 1913 йил Эшонхўжа Хонийнинг "Хоний" мактабини, 1914 йил Мунаввар қорининг "Намуна" мактабларини битирган. 1915 йил Мунаввар қори тавсияси билан Наманган шаҳридаги жадид мактабига ўқитувчи сифатида йўлланиб, бир йил у ерда ишлади. 1916-1917 йиллар Тошкентдаги "Ҳаёт" мактабида дарс берди. 1917-19 йиллар Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги зироат билим юртида ўқийди. Сўнг Тошкентга қайтиб 1919-20 йиллар "Машраб" мактабида дарс берди, мудирлик қилди. Айни пайтда Саид Аҳрорийнинг "Изчилар тўдаси", Фитратнинг "Чиғатой гурунги" ташкилотлари тадбирларида фаол иштирок этди.

Абдуваҳҳоб Муродий Туркистонга келган таниқли турк генерали Жамол пошшонинг маслаҳати билан Германияда ўқишга қарор қилди. Унга Акмал Икромов "Муаллимлар жамияти" хазинасидан маълум миқдорда пул ажратди. 1920-21 йиллар Афғонистонда бўлиб, 1921 йил июлида Германияга етиб борди ва Берлиндаги Қишлоқ хўжалиги академиясига кирди.

Берлин зироат академияси талабаси Абдуваҳҳоб Муродийнинг "Қизил байроқ" газетасида "Германиядан хат" рукни остида чоп этилган илк мактубида у Тошкентда очилган "Кўмак" жамиятини қутлаб шундай ёзган: "Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг бир уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим. Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда. Бошқаларга ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусингиз бир йилдан бери кулмаган ��ўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди."

Газетанинг кейинги сонида Оврўпо мамлакатлари орасида таҳсил учун ҳар жиҳатдан маъқули Германия эканлигини таъкидлаб: "... немислар ўзларининг ҳисобсиз душманларини енгмак учун Шарқнинг уйғонмоқлигини истайдирлар. Бу кунгача Шарқ тўғрисида ёзган китоблари бутун бетарафлик билан ёзилмишдир. Фақат илмда, маорифда булар Оврупада устоз саналадирлар. Немисларнинг олий мактабларида юзлаб амриқолик, француз ва инглизларнинг бўлишини ва бу ерда муҳандис тўпламоқ учун бир мунча ҳайъатларнинг келиши меним бу давоимни исбот этадир" дейди.

Ўтирганлар (чапдан ўнгга): Абдуваҳҳоб Муродий, Мустафо Чўқай, Аҳмаджон Иброҳим. Тик турганлар: Собир Иброҳим, Абдулваҳҳоб Исҳоқ, Тоҳир Шокир, Азимбек Беримжон. Берлин,1925 й.

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Ўтирганлар (чапдан ўнгга): Абдуваҳҳоб Муродий, Мустафо Чўқай, Аҳмаджон Иброҳим. Тик турганлар: Собир Иброҳим, Абдулваҳҳоб Исҳоқ, Тоҳир Шокир, Азимбек Беримжон. Берлин,1925 й.

Сўнгги мактуби "Германияда ўқиш ва ўқитиш" сарлавҳаси остида бўлиб, унда Муродий "...Германияда 21 дорулфунун ва бошқа сонсиз юқори ва ўрта даражалик мактаблар бор. Германия дорулфунунлари мактаб бўлишдан бошқа яна бир кошифлар, ихтиро қилғучилар ётоғидир. Германия дорулфунунларидаги ўргатиш усули ҳеч бир ерда йўқдир... Дарсни эшитмак билан қолмас. Балки, дарснинг руҳига кириб кетар. Фанни ўзидан йироқ эмас, ўз ичида ҳис этар. Мана шу сурат билан унинг миясида фан туғилур ва яшар. Ихтиро фикри уйғонур. Катта имтиҳон бўлганда ана шул дарсдан ҳам сўз, ҳам ёзув билан имтиҳон берур. Сўнгра шул фан тўғрисида бир китоб ёзар. Ул китоб мударрислар орасида ўқилур. Улар танқид этарлар. Талаба исбот қилур. Шул йўл билан талабанинг фаннинг ҳар нуқтасига етишганлиги билингач қўлига шаҳодатнома берилур. Бу шаҳодатномани олган талабага ҳар қандай иш топширилур. Талаба бир назариётчи бўлиб эмас, балки, ҳақиқий бир фан олими бўлиб етишар" дейди.

1922 йил кузидан Германия тупроғига юзга яқин туркистонлик ёшлар қадам қўйди. Абдуваҳҳоб уларни иқтидорига кўра таълим соҳаларни танлаш ва ёшларни олмон хонадонларига жойлаштириш ишларига бош қош бўлди. Мунавварқори ва Фитратлар маслаҳати билан Оврўпога йўл олаётган ёшларнинг ҳар бирига учтадан дафтар тақдим этилган эди. 1-дафтарга эгаллаётган соҳасига оид чуқур илмий маълумотлар, китоблар ва энг йирик олимларини ёзиш; 2-дафтарга ўша соҳа педагогикаси, таълим даргоҳлари, кадрлар қаерда ва қай тартибда ўргатилиши; 3-дафтарга соҳанинг асосий тушунча ва терминлари, қайси тилдан олингани ва қандай маъно бериши, ўзбек тилида қайси сўзга мос тушишини ёзиш.

Абдуваҳҳоб Муродий делосида сақланаётган сурат

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Абдуваҳҳоб Муродий делосида сақланаётган сурат

Жадидларнинг фикрича, бирор фан бирор миллатда илдиз отишининг асосий шарти миллат ўша фан терминларини ўз тилида шакллантирмоғи лозим эди. Акс ҳолда, фан ҳам тили ҳукмрон бўлган миллатга тобеъ бўлиб қолади. Шунинг учун, ёшларнинг бир қисми автомобил, электр, велосипед, пойафзал, доришунослик корхоналарига жойлаштирилди. Улар уч дафтарни юритишар, соҳадаги асосий ускуналар, деталлар, уларнинг материал таркиби, ясалиш усуллари, асосий адабиётларини Ватанга йўлларди.

Шанба, якшанба кунлари илмий саёҳатлар уюштириб, шаҳарлардаги асосий корхоналар, уларнинг тузилиши ва иш усуллари, иқтисодиётдаги аҳамиятини муҳокама этишарди. Ҳар ўн беш кун, бир ойда Файзулла Хўжаев томонидан совға қилинган Берлиндаги Маориф уйида жамланишиб, талабалар ўзлари ўрганаётган соҳа ва амалга ошираётган ишлари ҳақида маърузалар қиларди. Тадбир сўнги адабий кечага айланиб, кичик театрлар саҳналаштиришар, мушоиралар уюштиришарди.

1926 йил Абдуваҳҳоб Муродий тўрт ой давомида Мисрда пахтачилик соҳасида амалиёт ўтаб, Европа таълим муассасасида олий маълумот олган биринчи ўзбек агрономига айланди. "Ер юзи" журналининг 1926 йил 11-сонида "Биринчи дипломли агроном" мақоласида муаллиф ўқувчиларга Муродий ҳақида хабар беради ва кейинга йилларда "...юзларча муҳандис, кимёгар, дўхтир, социолог мутахассисларга эга бўлурмиз" деб умидланади.

Ишончсиз мутахассис

Абдуваҳҳоб Муродий рафиқаси Марта ва қизи Потье (Марям) билан

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Абдуваҳҳоб Муродий рафиқаси Марта ва қизи Потье (Марям) билан

1927 йилда Ватанга қайтган Муродий совет ҳукумати идоралари томонидан ишончсиз деб топилди. Бир муддат ишсиз қолди. Бу вақтда у ўзининг Германиядан келтирган китоблари асосида болалар учун олмон адабиётидан таржималар қилди, қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари яратди. Жумладан, "Ботаника", "Пахта етиштириш усуллари" каби китоблари чоп этилди, вақтли матбуотда кўплаб мақолалари босилди.

Абуваҳҳоб Муродий 1927 йил сўнгида Шредер номидаги Боғдорчилик илмий-текшириш институтида директор муовини бўлди, Ўрта Осиё давлат университети қишлоқ хўжалиги факультетида ўқитувчи вазифаларида ишлай бошлади. Шунингдек, у машҳур қозоқ адиби Мухтор Авезов, академик Боровковлар билан шарқ факультетининг туркийшунослик бўлимида ҳам илмий ходим сифатида ёшларга таълим берган. Абуваҳоб Муродий тинимсиз илмий ва амалий меҳнат фаолияти билан бир пайтда матбуот саҳифаларида шарқшунослик ва ўзбек имлоси масаласига оид мақолалари билан ҳам қатнашди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовлар унинг номзодини бир неча марта Ер ишлари комиссари лавозимига тавсия этди. Бу эса айрим "қизил империя"ча сиёсат тарафдори бўлган кимсаларга ёқмади. Улар ёш ўзбек агрономининг иш жараёнига турли бўҳтон билан қаршилик кўрсатдилар. Шунга қарамай, у қисқа муддатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тажриба станциясида кўпгина иқтидорли шогирдларни етиштириб берди. Тошкент тумани Аччи овулида ўз ташаббуси билан тузилган "Қизил намуна" жамоа хўжалигида Германияда ўрганган илмларини ишга солиб жуда бой жамоа хўжалигини юзага келтиради ва ўз даври учун мисли кўрилмаган иқтисодий ютуқларни қўлга киритади.

Абуваҳҳоб Муродий 1930 йил 25 апрель куни Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигидаги "Миллий иттиҳод" ташкилоти аъзоси сифатида ОГПУ томонидан қамоққа олинди. У бир йилдан ортиқ вақт давом этган қийноқ ва таҳқирлар остида сўроқ қилинди. Бу тергов материаллари мазмуни бугун Муродийнинг жиноятчи эмас, аксинча ҳақиқий миллат қаҳрамони эканлигини исботловчи далиллардир. Жумладан, у терговчининг Германияда таҳсил олган Туркистон ёшларининг мақсади ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб беради: "... Биз Германияда фақат бир нарса ҳақида ўйлар эдик. Аввало хорижий тилларни ўрганиб, Оврўпо илм-фани ютуқларини мамлакатимизга олиб кирамиз дер эдик. Шу мақсадда тил курсларини тугатиш билан тездан энг иқтидорли йигитларни имкон қадар турли-туман саноат ва илм-фан жабҳаларига кенгроқ тақсимладик. Шу билан бирга ўша илмларнинг асосларини мукаммал эгаллаш, туркий тилда уларнинг т��рминологик луғатларини тайёрлаш, керак бўлганида ўзимизда янги авлодни етиштириш учун ўша фан ва ҳунарларнинг ўқитиш усулларини ўзлаштирдик. Китобларини тўплаб кенгроқ маълумотларни ўзлаштиришга, таржималар қилишга интилдик. Мақсад Ватанга катта илм билан қайтиш эди. Бироқ, бизга нисбатан тайзиқни кун сайин кучайтириб боришди. Ҳатто, бир қисм ёшлар мамлакатга қайтиб бориш фикридан қайтиш даражасида қўрқиб қолдилар... Мен Туркияда кўплаб танишлар орттирганман, менга у мамлакатнинг паспорти ҳам берилган эди. Бироқ, Оврўпога Ватаним равнақи учун хизмат қиламан деб йўл олган эдим. Мени Ватанга ҳам фақат унга фойдам тегади деган мақсад етаклаб келди. Ватанимда осон бўлмаслигини билганим ҳолда қайтдим. Тирик қолсам Ватанимда яшайман, акс ҳолда унга хизмат қилиб ўламан..."

Бедарак

1931 йил 25 апрель куни ОГПУ коллегияси қарори билан Абдуваҳҳоб Муродийга отув ҳукми 10 йиллик концлагер билан алмаштирилди. Айрим маълумотларга қараганда у жазони Ок денгиздаги оролларда жойлашган даҳшатли Соловки лагерида ўтаган ва шу жойда ҳалок бўлган. 1932 йил уни Тошкентда интизорлик билан кутаётган ва аллақачон ўзбек тилини ўрганиб олган турмуш ўртоғи олмон қизи Марта хоним ва қизалоғи Потье (ўзбекча исми Марям)лар шўролар мамлакатидан чиқариб юборилди. Хуллас, мустабид тузум ҳеч бири ўз исботини топмаган бўҳтонлар билан эндигина 30 ёшни қаршилаган етук мутахассиснинг ҳаётига зомин бўлди.

"Ер юзи" журналида Муродий ҳақида чоп қилинган "Биринчи дипломли агроном" номли мақола

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, "Ер юзи" журналида Муродий ҳақида чоп қилинган "Биринчи дипломли агроном" номли мақола

Бугун Абдуваҳҳоб Муродийдек миллатимиз ойдинининг сўнгги қисмати ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Минг афсуски, унинг номи Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан ҳам жой олмаган. Тўғри, у ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида Мунавварқори Абдурашидхонов билан бир пайтда оқланган. Бироқ, шундан сўнг ҳам унинг улкан илмий мероси ва ижтимоий фаолияти жиддий тадқиқ этилмади. Турмуш ўртоғи Марта хоним қизи Потьеларнинг ҳам кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Қуйида Муродий Берлиндаги таълими давомида Ватанига йўллаган мактубларнинг бир нечтасини сизга тақдим этамиз.

"Кўмак" уюшмасига Берлиндан хат

Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг бир уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим. Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда. Бошқаларга ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусингиз бир йилдан бери кунмаган кўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди.

Сиз жон ўртоқларимнинг вазифаси Туркистондан талаба юбормоқ бўлса, бу талабаларни ерлашдирмак ва бу ердан сизга лозим бўлган маълумотларни бермак, албатта, меним вазифамдир. Фақат шуларни ҳам эсимиздан чиқармайликким, бу кунгача бу мақсадга етмоқ етмак учун жуда кўп уюшмалар, тўдалар тузилганди. Таассуфга қарши ҳеч бири ҳам муваффақ бўла олмасдан йўқ бўлиб кетдилар. Албатта, бунинг учун мазкур уюшмаларнинг бошлиқлари, аъзолари билан замон ва муҳит масъулдир.

Шунинг учун "Кўмак" уюшмасига унинг аъзо ва бошлиқларига бирдан-бир тавсиям шулдирким, замон ва муҳитни диққатга олиб ҳар турлик йўқликларга ва йўлимиздан чиққан монеъларга кўкрак кериб қўрқмас бир кўз, титрамас бир иймон, чарчамас бир вужуд билан чолишингиз ва уюшмага тилак (идеал) деб ёпишингиз. Шул доирада иш қилинса, менимча албатта, мақсадга етмак мумкин бўлур.

Берлин зироат академияси талабаларидан тошкентлик Абдуваҳҳоб Муродий

"Қизил байроқ". 1922 йил 29 июль

Оврупо ва биз

Бухоро жадид мактаби, 1918 йил

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Бухоро жадид мактаби, 1918 йил

Германияга келганимдан сўнг овруполикларни яқиндан танимоққа муваффақ бўлдим. Бутун Оврупода барча ҳукумат одамларининг ва катта бойларнинг қўшилиши билан буюк-буюк жамиятлар тузилгандир ким, мақсадлари Шарқни бир умр қоронғулиқда сақламоқдир. Ул жамиятлар бир тарафдан Шарқни текширар. Шарқ тўғрисида китоблар ёзар ва унинг ҳар бир ҳаракатини орқасидан таъқиб этар.

Шарқда маориф ва тараққийга бўлган ҳар бир қимирлашни тўхтатмоқ учун бутун кучи билан тиришадир. Ҳар бир воситаға мурожаат қиладир. Фақат ўшал жамиятларни айлантиргувчилар билан кўришиб қолган чоғингизда сизга - сиз Шарқ ўғлига энг мулойим сўзларни айтадир. Сизга энг яқин дўст бўлиб кўринадир. Булар Шарқнинг тарихини текширишга ҳам кўп катта аҳамият берарлар: Мана бунингдек масхарабозлар жамияти ёлғиз Германиядагина йўқдир.

Балки, немислар ўзларининг ҳисобсиз душманларини енгмак учун Шарқнинг уйғонмоқлигини истайдирлар. Бу кунгача Шарқ тўғрисида ёзган китоблари бутун бетарафлик билан ёзилмишдир. Фақат илмда, маорифда булар Оврупада устоз саналадирлар. Немисларнинг олий мактабларида юзлаб амриқолик, француз ва инглизларнинг бўлишини ва бу ерда муҳандис тўпламоқ учун бир мунча ҳайъатларнинг келиши меним бу давоимни исбот этадир.

Сўнгра бошқа Оврупо давлатларига қараганда энг яқини ҳам шудир. Шўролар ҳукуматининг Германия билан яхши алоқада бўлиши ва Германия билан шўролар Россияси орасида мушоҳадалар бизни яна Германияга тортар. Шул сабабларга кўра Оврупога юбориладиган талабаларнинг энг аввал Германияга юборилмоғи ҳар тўғридан ақлга мувофиқдир. Бунга муваффақ бўлмоқ ҳам унча қийин эмас. Бизнинг ўз тилагимиз ва шўролар ҳукуматининг бу кунги сиёсати ҳам бу фикрга тўғри келадир.

Берлин. Абдуваҳҳоб Муродий

"Қизил бароқ". 1922 йил 1 август

Германияда ўқиш ва ўқитиш

Европада таҳсил олган туркистонлик талабалар сони бошқа миллатлар талабалариникидан анча кам эди

Сурат манбаси, BAHROM IRZAYEV/QATAG'ON QURBONLARI XOTIRASI MUZEYI

Сурат тагсўзи, Европада таҳсил олган туркистонлик талабалар сони бошқа миллатлар талабалариникидан анча кам эди

Германияда 21 дорулфунун ва бошқа сонсиз юқори ва ўрта даражалик мактаблар бор. Германия дорулфунунлари мактаб бўлишдан бошқа яна бир кошифлар, ихтиро қилғучилар ётоғидир. Германия дорулф��нунларидаги ўргатиш усули ҳеч бир ерда йўқдир. Жуда қисқа қилиб шуни ёзаман. Масалан, мактабда ўқитилмоқда бўлган ҳикмат (физика) дарсини олайлик. Талаба бу дарсни тинглар экан, мударрис (профессор) бутун тажриба қилиб кўрсатиш шарти билан бир соат сўзлар. Икки кундан кейин мударрис томонидан талабаларга бул дарс тўғрисида вазифа берилур. Вазифа бажарилганидан сўнгра бутун тажрибаларни яна талабалар ўз қўли билан қилур. Бутун нозик ерларини таъриф ва исбот этар, татбиқот ясар. Мана шу йўллар билан бир дарс устида талаба мударрис қарамоғида 4 соат чолишар. Дарсни эшитмак билан қолмас. Балки, дарснинг руҳига кириб кетар. Фанни ўзидан йироқ эмас, ўз ичида ҳис этар. Мана шу сурат билан унинг миясида фан туғилур ва яшар. Ихтиро фикри уйғонур. Катта имтиҳон бўлганда ана шул дарсдан ҳам сўз, ҳам ёзув билан имтиҳон берур. Сўнгра шул фан тўғрисида бир китоб ёзар. Ул китоб мударрислар орасида ўқилур. Улар танқид этарлар. Талаба исбот қилур. Шул йўл билан талабанинг фаннинг ҳар нуқтасига етишганлиги билингач қўлига шаҳодатнома берилур. Бу шаҳодатномани олган талабага ҳар қандай иш топширилур. Талаба бир назариётчи бўлиб эмас, балки, ҳақиқий бир фан олими бўлиб етишар. Сўнгра яна жуда кўп бўлган Дорул масоиларга давом этиб, мударрис даражасига етиша билур.

Дорулфунун мударрислари эса мамлакатнинг энг мумтоз сиймоларидир. Немис мударриси бир олим, бир ижодчи, бир кошифдир. У яхши билар ва билганини ҳам яхшилаб тушунтирар. Бу мамлакатда мударрислар илмлари кашф ва ихтиролари билан мақтансалар ўрни бордир. Бутун Германиядаги ихтироларнинг ихтирочилари мударрислардир. Қисқаси дорулфунун олами бизнинг фикримиз ва ақлимиз ташқарисида бир оламдир. Мамлакат у даражада тараққий этмишдир ким мамлакатда бир дона ўқув-ёзув билмаган бир одам топилмас. Бутун халқ ҳеч бўлмаса, бизнинг ўрта мактабдан қанча юқори бўлган 12 синфлик бошланғич мактабларни битиргандир.

Абдуваҳҳоб Муродий ("А.М.")

"Қизил байроқ". 1922 йил 4 август

Биринчи дипломли агроном (Абдуваҳҳоб Муродий ҳақида 1926 йилда "Ер юзи" журналининг 11-сонида босилган мақола)

Абдуваҳҳоб Муродий Берлин олий зироат мактабини бу йил битирди. Ўзбекистондан биринчи дипломли агроном бўлиб етишди. Тошкентда энг камбағал оиладан чиққан Муродий Ўзбекистон учун энг муҳим бўлган пахта ишларини ҳар томондан ўрганиш учун ҳукумат томонидан Америқога юборилмоқчи эса-да ҳозирча Мисргагина бориши мумкин бўлди. Мисрда пахта жинсини яхшилаш институтида тажриба қилур. Сўнгра Нил бўйи (то Судан ўлкаси ичигача) бориб, зироат ташкилотларини ўрганур ва қайтишда Италия ва Можористон ўлкаларига тушиб ундаги ипакчилик, биринж ва чорвачилик ишлари билан танишмоқчи.

Ўртоқ Муродийнинг Миср саёҳати 6 ой сурилса керак. Сўнгра йиллардан бери кўрмаган севикли Ўзбекистонга келиб ёш кучи билан ишга бошлар.

Бу йил биринчи агрономимиз билан қувонар эканмиз. Яқин келгусида юзларча муҳандис, кимёгар, дўхтир, социолог мутахассисларга эга бўлурмиз.

"Ер юзи". 1926 йил. 11-сон

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek