Савол ва жавоб: Ўзбекистон президентлиги учун номзодлар ким ва улар қандай ваъдалар беришмоқда? - Видео O'zbekiston saylov nomzod

Президент сайлови
Президентликка номзодлар

Ўзбекистон мамлакатдаги энг олий лавозимга муносиб навбатдаги инсонни танлашга тайёргарлик кўрар экан, сайлов пойгаси иштирокчилари ташвиқот ишларини жадал бошлаб юборганлар.

Президент сайловига саноқли кунлар қолар экан, халқаро майдон ва мамлакатнинг ўзида йиллардан бери гоҳ очиқ, гоҳ зимдан бериб келинган саволлар қайта янграй бошлаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Яқинлашиб келаётган сайлов халқаро кузатувчилар томонидан танқидга тутилган аввалги президент сайловларидан фарқли бўла оладими?

Ушбу сайловнинг кутилмаган натижа билан тугашидан дарак берувчи бирор ҳаракатлар кўзга ташланяптими?

Сайлов қанчалик эркин ва шаффоф ўтади ўзи?

Ўзбекистон: Сайлов 2021

Президент сайлов кампанияси бошланди

Image copyright by President.UZ

Сайлов кампаниясининг расмий бошланиши. Ўз номзодини муваффақиятли рўйхатдан ўтказган сиёсий партияга давлат бюджетидан кампания мақсадлари учун 3,1 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳар бир партия Олий Мажлисда эгаллаган ўрни учун давлатдан оладиган йиллик маблағ устига қўшиладиган маблағдир.

ЕХҲТ кузатувчилари Ўзбекистонга келишди

Image copyright by GETTY Images

ЕХҲТ мамлакат бўйлаб 28 узоқ муддатли кузатувчи жойлаштиради

Мамлакат бўйлаб узоқ муддатли кузатувчиларнинг жойлаштирилиши

Ирландиялик сиёсатчи Еоган Мёрфи раҳбарлигидаги кузатувчилар ҳайъати сайлов жараёнига боғлиқ турли жараёнларни кузатиб боради. Буларга овоз берувчилар ва номзодларни рўйхатдан ўтказиш, кампанияни молиялаш, оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, жойлардаги сайлов комиссияларининг фаолияти ва бошқалар киради.

Сайловчиларни рўйхатга олиш

Image copyright by GETTY Images

Фуқаролар ўзларининг овоз беришга тааллуқли ҳужжатларини онлайн ҳамда сайлови кунидан 15 кун илгари бевосита сайлов участкасининг ўзида текшира оладилар.

Сайлов кампаниясининг сўнгги куни

Сайловолди кампанияси расман овоз беришдан бир кун олдинги “сукут куни”да якунига етади. Овоз бериш куни барча сайлов тадбирлари тақиқланган.

Овоз бериш куни

Image copyright by GETTY

Овоз бериш маҳаллий вақт билан xx:xx да бошланади. Расман рўйхатга олинган 20,5 миллион сайловчи беш номзоддан бирини танлайдилар. Жорий Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилги президентлик сайловида қонуний сайловчиларнинг 88,6 фоизи овозини қўлга киритиб ғолиб бўлган эди.

Иккинчи давра сайлов - эҳтимолий

Image copyright by GETTY

Агар ҳеч бир номзод кўпчилик овозни эгаллай олмаса, энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида бир ой ичида иккинчи давра сайлов ўтади.

Биринчи саволнинг жавоби аён - Каримов давридаги сиёсий рақобат, бу ўринда, мухолифатга изн бермаслик анъанаси ушбу гал ҳам давом этмоқда.

Аксарият кузатувчилар ва кўплаб ўзбекистонликларда қолган саволларнинг жавоби борлиги эса сир эмас.

Саволларга атрофлича жавоб топишдан аввал, албатта, сайловнинг асосий қаҳрамонлари - номзодлар ва уларнинг сиёсий чизгиларига диққат қаратиш талаб этилади.

Расмийлар Янги Ўзбекистон дея атай бошлаган мамлакатнинг навбатдаги президент сайловида ҳам янги шахслар майдонга чиққан.

Жорий президент Мирзиёевдан ташқари қолган номзодларнинг бари мамлакатдаги биринчи лавозим учун илк бор даъвогарлик қилмоқда.

Алишер Қодиров - "Миллий тикланиш" демократик партияси

Алишер Қодиров

Мутахассислиги филолог, иқтисодчи бўлган 46 яшар Алишер Қодиров Туркиянинг Эгей олийгоҳида таҳсил олган.

2008-2015 йилларда Жиззах вилояти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

2014 йилда Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.

2017-2019 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимида ишлаган.

2019 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси.

Ўтган вақт давомида ўзининг монополия, миллий ўзлик, ЛГБТ мавзуларидаги қатор зиддиятли фикрлари ортидан одамлар орасида танилишга улгурган номзод Қодиров ўз сайловолди дастурида таълим, суд-ҳуқуқ тизими ва иқтисодиёт каби соҳаларга эътибор қаратган.

Ўзи илгари сураётган таклифлар Ўзбекистонни келаси 5 йил ичида ўзгартира олишига ишонишини айтади.

Алишер Қодиров, агар одамлар уни президент ўлароқ сайласа, аввало таълимни тубдан ислоҳ қилмоқчи.

У болалар боғчаларини тўлалигича давлат тасарруфига ўтказиш, мактаб ўқитувчиларига рейтинг баллар асосида яхши ҳақ тўлаш, олийгоҳлар фаолиятини жаҳон тажрибаси доирасида эркинлаштиришни таклиф қилмоқда.

Қодиров Олий таълим вазирлигини мамлакатдаги олий таълим ривожи йўлида тўғаноқ бўлаётганини таъкидламоқда.

У, шунингдек, мамлакатдаги сайлов тизимини ислоҳ қилиш, маҳаллий кенгашларни ҳокимлардан озод қилиш, Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиш жараёнини тезлаштириш, қўшни давлатлар билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришни ваъда қилмоқда.

Бундан ташқари, Қодиров ислом молиясини жорий этиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

Қодиров, агар мамлакатнинг навбатдаги президентига айланса, энергетика, коммунал хизматлар кўрсатиш соҳаларидаги монополияларни ҳам тугатишга ваъда бермоқда.

"Биринчи навбатда, монополиялар тугатилади. Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини кескин тугатиш бўйича аниқ чоралар белгиланиб, давлат улуши бор корхоналарда трансформация жараёнлари амалга оширилади", дейилади Қодировнинг сайловолди дастурида.

Мақсуда Ворисова - Халқ демократик партияси

Мақсуда Ворисова

Президентликка ягона аёл номзод бўлмиш 60 яшар Мақсуда Ворисованинг мутахассислиги - шифокор.

Зангиота туманидаги поликлиника собиқ мудираси 2009 йилдан сиёсат оламига кириб келган.

Ўтган вақт давомида туман, вилоят кенгашлари, Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзоси каби лавозимларни эгаллаган.

Интервьюларидан бирида фақат аёл бўлгани учун президентликка номзод этиб кўрсатилмаганини таъкидлаган Ворисова ўз сайловолди дастурида аввало ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, аҳоли даромадларига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, ногиронлиги бор шахслар, оғир аҳволдаги инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш каби асосий ваъдаларни илгари сурмоқда.

Ворисова ўзи таклиф қилаётган ижтимоий ислоҳотлар ортидан кам таъминланган аҳоли қатлами улушини 2 баробарга қисқартирмоқчи.

У, шунингдек, одамларнинг сифатли озиқ-овқат, тиббий хизматлар ва таълимдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, давлат фаолияти устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш, нархлар ошиб кетиши олдини олиш, давлат бюджетини ҳудудлар ўртасида адолатли тақсимлаш каби таклифларни ҳам илгари сурмоқда.

Аввалроқ Ворисова Ички ишлар тизими ходимларининг фуқароларга муносабатини қаттиқ танқидга тутиб, тизим катта ислоҳотларга муҳтож экани, давлат хизматчиларининг фуқароларга тазйиқ ўтказишга ҳаққи йўқлигини айтгани эътиборга тушган эди.

Баҳром Абдуҳалимов - "Адолат" социал-демократик партияси

Баҳром Абдуҳалимов

Коррупцияга қарши муросасиз кураш ваъдаси сайловолди дастуридан марказий ўрин олган 62 яшар Баҳром Абдуҳалимов илмий ҳамжамиятда ном таратган шахс, тарих фанлари доктори, профессор.

Ўтган асрда Ливия, Яман каби давлатларда таржимон бўлиб ишлаган Абдуҳалимов, кейинчалик Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети профессори, Шарқшунослик институти директори, президент маслаҳатчиси лавозимларида меҳнат қилган.

Абдуҳалимовнинг дастуридан давлат бошқаруви тузилмаларига турли ўзгартиришлар киритиш, илм-фан, таълим, тиббиёт соҳаларини ислоҳ қилиш, аҳоли қатламлари орасидаги иқтисодий тенгсизлик, нарх-наволарни тартибга солиш, ички ишлар тизими ходимлари сонини оптималлаштириш, тергов тизимини мақбуллаштириш, адолатли пенсия тизимини жорий этиш, кам даромадли аҳоли учун хавфсиз ижтимоий муҳит яратиш каби ваъдалар ўрин олган.

Шунингдек, Абдуҳалимов рақамли иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини орттириш, пойтахт ва бошқа ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликка чек қўйиш, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар биноларини Тошкентдан ташқарига кўчириб, пойтахтни халққа бериш ва мансабдорларнинг ўз мавқейидан фойдаланиб ер ва табиий ресурсларни тақсимлашига чек қўйишини ҳам таъкидлаб ўтган.

Интервьюларидан бирида сиёсатда кўпроқ олим сифатида кўринишни афзал билиши ҳақида гапирган Абдуҳалимовнинг фикрича, президентликка номзод бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди - бошига бахт қуши қўнганлар бундай номга эришиши мумкин.

Нарзулло Обломуродов - Экологик партия

Нарзулло Обломуродов

Президентликка даъвогарлар ичида навбатдаги энг ёш номзод - 46 яшар Нарзулло Обломуродов маҳаллий нашрлар томонидан жамоатчилик учун энг сирли, нотаниш шахс ўлароқ тасвирланмоқда.

Буюк Британияда таҳсил олган иқтисодчи Обломуродов узоқ йиллар банк-молия, давлат бошқарув органлари тизими ҳамда Президент Администрациясида турли лавозимларда ишлаган.

Сайловга ғалаба қилиш учун кирганини таъкидлаган Обломуродов сиёсатда ҳали янги эканини тан олади.

Унинг сайловолди дастурида ҳам партия фаолиятига монананд равишда "яшил сиёсат" бўйича ваъдалар асосий ўрин олган.

Обломуродов атроф-муҳитни асрашга қаратилган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши, хусусан, Орол фожиаси асоратларини юмшатиш, соғлиқни сақлаш, таълим, адлия, давлат бошқарувида табиатни асрашга қаратилган чораларни амалга ошириш, атроф-муҳитга зарар етказганликка нисбатан жазони кучайтириш каби таклифларни илгари сурмоқда.

У одамларнинг табиатни асраш аҳамиятини англай олишига ишонгани сабабли ҳам сайловда иштирок этаётганини таъкидлайди.

Обломуродов интервьюларидан бирида мамлакатда қурилиши режалаштирилган АЭС лойиҳасининг экологик оқибатларини инобатга олган ҳолда жамоатчилик иштирокида, халқаро экспертлар экспертизасидан ўтказиш тарафдори эканини билдирган.

Шавкат Мирзиёев - ЎзЛиДеП

Шавкат Мирзиёев

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни сайловда иштирок этиши расман маълум бўлган эди.

Мирзиёевнинг сайлов тарғиботчилари унинг дастуру амалини ярим жумлага жамлашган - "Инсон қадри учун".

Номзод Мирзиёев сайловолди дастурида кичик ва ўрта бизнес учун мақбул шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш, қишлоқ хўжалигини янги даражага олиб чиқиш, рақобатбардош иқтисодиётга йўл очиш, либерал қонунларни жорий этиш, ахборот соҳасини либераллаштириш, суд тизимига ишончни ошириш каби ваъдаларни бермоқда.

Ўз сайловолди ташвиқотини Қорақалпоғистондан бошлаган Мирзиёев ўтган вақт давомида бошқа номзодлар каби турли ҳудудларда сайловчилар билан учрашиб келмоқда, одамлар билан гаплашмоқда.

Ҳақиқатан, номзодларнинг фаоллиги, уларнинг очиқ гапириши, улар илгари сураётган ваъдалар навбатдаги президент сайлови аввалги қолипларсиз ўтмаслигига ишора қилаётгандек.

Бироқ сайловолди ташвиқоти қанчалик жонли кўринмасин, ҳозирча, номзодлар ўртасида ашаддий рақобат муҳити, уларнинг юзма-юз мунозарага киришишлари ёки бир-бирини танқидга тутиши у қадар кўзга ташланмаётир.

Энг муҳими эса ушбу сайлов йил бўйи матбуотнинг назарида бўлган муҳим мавзу - мустақил ёки мухолифат номзодларининг иштирокисиз ўтмоқда.

Президент сайлови

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek