Ўзбекистон: Франциядан келиб “Панелний”га? Камолиддин Раббимовга нима бўлди? O'zbekiston yangiliklar

analyst

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Камолиддин Раббимов ўзининг сиёсий шарҳлари билан Би-би-сининг кўп йиллик меҳмонларидан бўлиб келади. 

Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг, аввалига ҳибсга олингани, кейинроқ эса "безорилик" қилгани учун жаримага тортилгани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистонда кенг акс-садо берган.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабарига кўра, Камолиддин Раббимов ва яна бир шахс 17 апрель куни ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилган.

Шу асосда Камолиддин Раббимовга нисбатан 18 апрель куни узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, аммо Раббимов томонидан келтирилган аппеляция шикояти шу куннинг ўзида кўриб чиқилиб, суд қарори ўзгартирилган ва унга нисбатан жарима жазоси белгиланган, дейилади расмий хабарда.

Бироқ кўплаб фаоллар ва журналистлар сиёсатшуноснинг безорилик қилишига ишонмасликлари ҳақида ёзганлар.

Алоқадор мавзулар:

Йўқолиб қолиш

Ўзининг сиёсий шарҳлари билан турли ОАВ, жумладан, Би-би-сининг кўп йиллик меҳмони бўлмиш Камолиддин Раббимовнинг "йўқолиб қолгани" ҳақида биринчилардан бўлиб Kun.uz журналисти Илёс Сафаров хабар берган.

"Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов йўқолиб қолган. Унинг кечадан буён оиласи билан алоқага чиқмаётгани айтилмоқда. "Бугун жиддий мавзуда "Таҳлил" кўрсатувини суратга олмоқчи эдик, лекин Камолиддин Раббимов келмаганлиги учун қолдирилди. Бундай одатлари йўқлиги учун озгина хавотир ҳам пайдо бўлди. Укалари билан гаплашсак, кеча соат 15:00да уйдан чиққанлари бўйича қайтмабдилар. Азон гуруҳи ходимлари ҳам кеча 18:30 ларда охирги марта гаплашишган, шундан бери алоқага чиқмаяптилар" — деб ёзди Азон.уз мухбири Ғайратхўжа Сайдалиев", дея Facebook'даги саҳифасида пост қолдирган Сафаров 18 апрель куни соат 19:17 да.

Бундай хабар ортидан Раббимовнинг тақдирига доир турли фаразлар ўртага ташлана бошланган.

Уларнинг аксарида яқинда Ўзбекистонга қайтган сиёсатшуноснинг матбуотдаги чиқишлари "айрим юқори мартабали шахслар"га ёқмай қолгани тахмин қилинган.

Фикр билдирувчилар Раббимовнинг интервьюларидан парчалар келтириб, унинг қайси фикрлари "юқори"нинг кайфиятига мос келмаганини муҳокама қила бошлаганлар.

Камолиддин Раббимов ўз интервьюларидан бирида "Ўзбекистонда энг қўрқинчли нарса - бу қаттиқ авторитаризмга қайтиш" қабилида изҳор этган фикрлари кузатувчилар томонидан "юқори раҳбарлар жиғига тегган қарашлар"дан бири ўлароқ фараз қилинган.

18 апрель соат 20:36 да журналист Илёс Сафаров вазиятга бироз ойдинлик киритган пост қолдирган:

"Ҳозиргина Камолиддин ака билан боғланишга муваффақ бўлдим. Телефондаги суҳбатимиз қисқа, 5-6 сония давом этди. Камолиддин акани айтган гапи шундай бўлди: "Панелни"даман, 15 сутка". Демак, айни пайтда Камолиддин Раббимов халқ тилида "Панельный" аталувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда".

Фаоллар сиёсатшунос атрофидаги овозаларга зудлик билан изоҳ бериш заруриятини таъкидлай бошлаганлар.

Шаҳноза Соатова

Сурат манбаси, facebook

"Камолиддин Раббимов қамалибди дейишяпти, нега? Уни опкириб қўйгандаёқ жамоатчиликдан савол-сўроқ бўлишини тахмин қилиш қийинмасди. Бир суткадан бери йўқ экан. Шунча пайт жамоатчиликка бериладиган изоҳ тайёрлаб қўйилгандир. Савол билан жавоб орасидаги вақт энг кўп шубҳалар, гумонларни урчитиб, ишончни кемирадиган ва хавотирни кучайтирадиган онлардир. Бу вақт қанча қисқа бўлса, шунча яхши. Раббимов қаерда ва нимага? Тезроқ жавоб берилса яхши бўларди, вақт зарарга ишлаяпти", фикр билдирган Шаҳноза Соатова ўз Facebook саҳифасида.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам ҳолат юзасидан хавотир билдириб, фонд "бу масалани ўрганаётгани"ни тилга олган.

Ҳолатга доир илк расмий хабар эса ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов томонидан 22:38 да ёйинланган.

Сиёсатшунос исмининг фақат бош ҳарфлари тилга олинган ушбу хабарда "чет эл фуқароси" ички ишлар ходимларининг фаолиятига асоссиз аралашгани тўғрисида сўз боради:

"Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани "Чақар" маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, чет эл фуқароси К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган".

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг шу куни ярим тунда эълон қилинган юқорида тилга олинган баёнотидаги воқеа тафсилотлари эса ИИВ баёнотига у қадар мос келмайди.

"Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни К. Раббимов ва Ш. С Тошкент савдо маркази (Шайхонтоҳур тумани) олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб туришган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб, уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган", дейилади Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати баёнотида.

Баёнотда, шунингдек, Раббимов содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари "ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З. Тнинг аризаси, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топгани" тилга олинган.

Ушбу баёнотда, аввалига, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ҳуқуқбузарликларини содир этганлиги учун Раббимовга нисбатан тайинланган узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси шу куннинг ўзида аппеляция шикояти асосида БҲМнинг 2 баравари миқдоридаги жаримага ўзгартирилгани билдирилган.

"Тозаланган" постлар

Кўплаб кузатувчилар расмийларнинг бу баёнотларидаги маълумотларни савол остига олганлар, сиёсатшуноснинг "безорилик қилиши"га ишонмасликларини таъкидлаганлар.

"Устозим Камолиддин ака зиёли, олим инсон, биров Камолиддин Раббимов "маъмурий ҳуқуқ бузарлик қилди", деса ҳеч ким ишонмаса керак. Шахсан мен умуман ишонмайман!", ёзган Кобул Дусов.

Сардор Салим

Сурат манбаси, facebook

Аксар кузатувчилар сиёсатшуноснинг босимга учраганини тахмин қилган.

"Бугун Камолиддин акага осилганлар, эртага менга ёки менинг хусусий мулкимга осилмаслигига ким жавоб беради, илтимос шу саволимга кимдир жавоб берса…", ёзган таниқли тадбиркор Темурбек Адҳамов.

Facebook фойдаланувчиси Анвар Нарзуллоҳ ҳибсдан сўнг сиёсатшуноснинг ижтимоий тармоқда қолдирган постлари тозалаб чиқилганига эътибор қаратган.

"Камолиддин Раббимов ҳақидаги баёнотнинг абсурд ва ёлғон эканини битта белгиси, аканинг ФБ саҳифасидаги постлар бир сидра тозаланганида. Ва бу нарса кеча тахминан со��т 3 дан кейин рўй берди.

Охирги постлари адашмасам 12 ё 15 апрель эди. Кейин 15 сутка ҳақида гап тарқалганидан кейин қайта кирсам, бир нечта постлар ўчиб, охиргиси 5 апрель бўлиб қолибди. Майда безорилик учун қамалган одамнинг қамоқдан туриб, апил-тапил FBни тозалаши ғалати".

Жамоатчи фаол Азиза Умарова эса сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, мустақил таҳлилчи Анвар Назир, журналист Анора Содиқова билан юз бераётган воқеалар ортидан сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият хавотирли тус олаётганини тилга олган.

"Бу тенденция аллақачон пайдо бўла бошлаган. Ушбу жараёнлар айрим кучлар жазолаш тизимининг эски усулларига қайтиш орқали ҳокимиятини мустаҳкамлаб олишга уриняпти, деган фикрларни юзага чиқармоқда. Фақат ёмон замонлардагина фикрловчи инсонлар диссидентга чиқарилади", фикр қолдирган Умарова.

"Мавзуни сиёсийлаштирманг"

Кўплаб муҳокамалар ортидан, ниҳоят, 19 апрель ярим тунда Раббимовнинг ўзи юз берган воқеага ойдинлик киритган.

"Ҳозир уйдаман. Ҳаммаси яхши. 17 апрель, кечки соат 19лар атрофида Чорсу бозори ёнида рейд бўлаётганди, қонун устуворлигини шахсий талқинимда ўлчаб, ушбу вазиятга аралашган эдим. Лекин, мен ИИВ ходимларининг ишларига аралашганим хато эканлигини тушунаман.

Менга нисбатан, қонун моддаларига кўра, жарималар белгиланган, мен уларни ўз вақтида тўлаш ниятидаман. Қолган тафсилотларини кейинчалик билдиришга ҳаракат қиламан. Илтимос, бу ишни сиёсийлаштирмасликларингизни сўрайман. Бу ерда мен томонимдан йўл қўйилган хатолар мавжуд эди", дея пост қолдирган у ўзининг Facebook саҳифасида.

Орадан уч соатча вақтдан сўнг сиёсатшунос эркинлик ва инсон қадри тўғрисида яна бир пост ёзган.

"Дўстлар, бир неча соат уйга келиб, интернетдаги постлар ва мақолалар билан танишдим. Кўплаб назариялар билдирилибди. Асосийси - эркинлик ва оддий инсоний қадр-қимматни ҳис қилмоқдаман. Ҳаммага ғамхўрлик учун, каттадан катта раҳмат! Ҳозир уйдаман, оғиз ёпиб бўлдик. Уйда бамайли хотиржам ўтириш ҳам - катта неъмат! Кимки рўза тутаётган бўлса - рўзалар билан чарчаманг!".

"Хавотирга асос йўқ"

Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, facebook

19 апрель куни тушга яқин таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов сиёсатшуноснинг иши билан танишиб чиққани ва унда жамоатчиликни ташвишга солган ҳолатларни кўрмаганини маълум қилган.

Ташановнинг ёзишича, Раббимов 17 апрель куни бошқа фуқароларни ҳимоя қилиш йўлида ички ишлар ходимлари билан зиддиятга борган.

"Раббимов шу йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳар Чорсу майдонидаги китоблар растаси ёнида хизмат фаолиятини олиб бораётган Шайхонтоҳур тумани ИИБ нозирлари билан ўзаро зиддиятлашиб қолади. Яъни, ички ишлар органлари ходимларининг бошқа фуқаролар билан ўзаро тортишувида фуқаронинг ҳуқуқи камситилаётган деб ҳисоблаган Раббимов ишга аралашади. Бу хусусда Камолиддин аканинг ўзи билан суҳбатлашдик", ёзган Ташанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Раббимовга нисбатан суд чиқарган 15 суткалик қамоқ жазоси асосли бўлганига ишора қилиб, бир неча ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар жазони ўзгартириш юзасидан органларга мурожаат қилганини билдирган.

"…Камолиддин аканинг жамиятда тутган ўрни ва халқаро доираларда тутган нуфузи, унинг умуман олганда потенциал ҳуқуқбузар эмаслигини уқтиришга ҳаракат қилдик. Тошкент шаҳар Маъмурий суди ишни апелляция тартибида кўриб, К. Раббимов уйига кузатилди".

Абдураҳмон Ташанов таниқли сиёсий таҳлилчининг ҳибсга олиниши ортида сиёсий сабаблар турганига оид хавотирларга асос йўқ эканини таъкидлаган.

"…воқеалар ривожи, Камолиддин ака билан ўзаро суҳбатимиз ва иш материалларини ўрганиш жараёнимиз бундай хавотирга асос йўқлигини кўрсатди. Ишнинг бошқа тафсилотлари, сақлаш шароитларини ўз вақти билан Камолиддин Раббимовнинг ўзлари лозим топса жамоатчилик билан ўртоқлашар", ёзган Ташанов.

Матбуот билан доимий алоқада бўлган кам сонли ўзбекистонлик сиёсатшунослардан бири бўлмиш Камолиддин Раббимов 10 йилдан зиёд Франциядаги истиқоматдан сўнг ўтган йилнинг кузида Ўзбекистонга қайтган эди.

Қайтганидан сўнг ҳам Раббимов маҳаллий нашрларда чиқишлар қилиб, мамлакат ва дунёда бўлаётган сиёсий воқеаларни шарҳлаб келаётганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek