‘Блогерлар ишлариʼ умумий статистикада бир фоиз ҳам эмас – махфийликда сақланаётган Олимжон Ҳайдаров ҳибсхонадан қандай мактуб чиқарди? Янгиликлар - Ўзбекистон Видео

bloger

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq

Сурат тагсўзи, Озодлик Радиосининг 12 октябрдаги хабарида Олимжон Ҳайдаров тергов хибсхонасидан мактуб чиқаргани ва унда ўзининг қўлга олиниш жараёнини тасвирлаб бергани тилга олинган.

2023 йилнинг ўзида Ўзбекистонда бир блогер ва уч журналист етти йилдан ўн йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Ислоҳотчи етакчи ўлароқ кўрилган Шавкат Мирзиёев президентлигининг айни еттинчи йилида бундай хавотирли ҳолатнинг юзага келгани маҳаллий фаолларнинг ҳам, халқаро кузатувчиларни ҳам таажжубга солмоқда.

Август ойида суд товламачилик, фирибгарлик дохил беш модда бўйича айбланган таниқли блогер Абдуқодир Мўминовни етти йилдан зиёдга озодликдан маҳрум этган.

Сентябрь ойида Компроматузб иши ортидан журналистлар Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимовнинг ҳар бири етти йиллик муддат билан қамоққа ташланган.

Айни иш бўйича судланган журналист Мавжуда Мирзаевага беш йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган бўлса, август охирида ўтган бошқа бир судда туҳмат ва ҳақорат қилишда айбдор топилган яна бир блогер Шабнам (Нафосат) Оллашукурованинг озодлиги уч йилга чекланган.

Йил бошида ҳукумат қорақалпоғистонлик намойишчиларнинг асосий етакчиси ўлароқ кўрган журналист ва адвокат Даулетмурат Тажимуратовга нисбатан 16 йиллик қамоқ жазоси белгиланган.

Блогерлар Отабек Сатторий ва Фозилхўжа Орифхўжаев эса аллақачон қамоқда ўз жазосини ўтаб келмоқда.

Шу йилнинг июль ойида товламачиликда гумонланиб қўлга олиниб, махфийликда ушлаб келинаётган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровнинг жиноят иши судга оширилгани ҳақида 12 октябрь куни норасман хабар қилинган.

Би-би-си айни юзага келган хавотирли вазият борасида таниқли журналист Навбаҳор Имомова ва ИИВ вакили Шоҳрух Ғиёсов билан суҳбатлашди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

"Журналист-блогерлар ҳукуматга кўп баҳона бераётган эди"

bloger

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Аксар кузатувчилар Ўзбекистон медиа макони ўта коррупциялашганидан яхши хабардорлигини таъкидлаётган ҳукумат нега фақатгина Шавкат Мирзиёев президентлигининг еттинчи йилида кескин чоралар кўришга киришди, деган саволни ўртага ташламоқда.

Ўзбекистонлик айрим маҳаллий матбуот вакиллари ва фаоллар йил бошидан буён журналист-блогерларга нисбатан кетма-кет очилаётган жиноят ишлари ортидан ўзини ўзи цензура қилиш кайфияти кучайганини айтади.

Улар, бир вақтнинг ўзида, матбуот устидан давлат назорати ҳам қаттиқлашиб, маълум очиқлик-ошкоралик давридан сўнг Шавкат Мирзиёев президентлигининг еттинчи йилига келиб, матбуот ва сўз эркинлиги ҳолати ёмонлашиши ўзининг энг юқори чўққисига чиққани ҳақида ҳам гапирмоқда.

би-би-си бундай хавотирлар, айниқса, апрелда ўтган умумхалқ референдуми ва июлда ташкил этилган президент сайлови арафасида янада кучайгани ҳақида олдин ҳам хабар берган эди.

Бундай хавотирлар инъикоси хорижда ҳам аллақачон бўй кўрсата бошлаган.

Шавкат Мирзиёевнинг Америка ва Германияга сўнгги сафарлари хориждаги ўзбекистонлик фаолларнинг айни мазмундаги норозилик чиқишлари билан ёнма-ён кечган.

Алоқадор мавзулар:

Қўзғатилган жиноят ишларида матбуот вакилларига қўйилаётган асосий айб - бу товламачилик.

Август бошида - блогер Абдуқодир Мўминовга суд ҳукми ўқилаётган бино ташқарисида Би-би-си билан суҳбатлашган Навбаҳор Имомова бўлаётган жараёнлар уни ажаблантирмаётгани, маҳаллий матбуотнинг ўзи ҳукуматнинг ўзига хос "жазолаш машинаси" ишга тушиши учун замин яратиб берганини таъкидлаганди.

"Бу етилиб келаётган жараён эди. Уч-тўрт йил олдин Ўзбекистон медиа макони, шаклланаётган медиа бозорига қараб, мен қўрқиб кетаётган эдим", дейди Америка Овози журналисти.

bloger

Сурат манбаси, Facebook/Jahongir Muhammad

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёевнинг Америка ва Германияга сўнгги сафарлари хориждаги ўзбекистонлик фаолларнинг норозилик чиқишлари билан ёнма-ён кечган. Суратда 20 сентябрь куни Нью-Йоркда ўтган норозилик акцияси тасвирланган. 

Имомованинг фикрича, маҳаллий матбуот вакилларининг маълум ҳақ эвазига мавзуларни ёритиши, мурожаатларни ўрганиши, одамлар муаммоларини ҳал этиб беришга ҳаракат қилиши, PR-контентлар тайёрлаб тарқатиши ҳукуматга уларнинг "кетидан тушиш" учун етарлича асосларни яратиб берган.

"Ҳатто, бу ишлар ҳалоллиги исботлаб берилса ҳам, тизимга кучли асослар беради. Бу жараён ҳали давом этади. Биз ҳозир шу мавзуда гаплашиб турган вақтимизда ҳам мамлакат бўйлаб юзлаб блогерлар одамлардан пул олиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиб беришга ҳаракат қилишяпти", таъкидлайди Имомова.

"Бир фоиз ҳам эмас"

bloger

Айни мавзуда Би-би-си саволларига жавоб берган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов охирги вақтда матбуот вакилларига нисбатан очилаётган ишлар сони кўпайиб кетди, деган қарашларга қўшилмаслигини айтади.

"Жорий йилда бу соҳа вакиллари билан боғлиқ, адашмасам, тўртта иш очилган. Аммо ўтган олти ойни оладиган бўлсак, 250 дан ортиқ товламачилик, 11,5 мингдан ортиқ фирибгарлик жиноятлари содир этилган. Бундан келиб чиқсак, ахборот тарқатувчиларнинг кейслари бир фоизни ҳам ташкил қилмайди".

Ғиёсов давлат матбуот вакилларини атайин таъқиб қила бошлади қабилидаги хавотирлар ҳам асоссиз эканини таъкидлайди.

"Энди бизнинг талаб битта: қонунни талаб қилишдан олдин унга риоя қилиш керак. Агар шундай ишласа, бирор журналистга ҳеч кимнинг адовати йўқ. Мана қанча журналист танқид қиляпти, ёзяпти. Ҳозир барча давлат органлари конструктив танқид, ҳамкорлик муҳим эканини тушунади. Лекин жиноятга қўл урса, ишини суиистеъмол қилса, ҳеч ким кўз юмиб турмайди".

7-йил

bloger

Аксар кузатувчилар Ўзбекистон медиа макони ўта коррупциялашганидан яхши хабардорлигини таъкидлаётган ҳукумат нега фақатгина Шавкат Мирзиёев президентлигининг еттинчи йилида кескин чоралар кўришга киришди, деган саволни ўртага ташламоқда.

Бир вақтнинг ўзида, Би-би-си билан гаплашган айрим ҳукумат расмийлари ҳам медиа коррупция чирмовуқдек қулоч ёзганини даъво қилади.

Мазкур мавзуни ўрганиш жараёнида Би-би-си ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланмиш Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)га баъзи саволлар билан юзланди.

Агентликка йўлланган саволлар орасида ахборот соҳаси масъуллари қўлга олинган журналист-блогерларга нисбатан очилган ишлар уюштирилган эканига оид жамоатчиликда юзага келган тахмин-фаразлардан қанчалик хабардор экани, АОКА матбуот вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида нима ишлар қилаётгани, норасмий цензура кучаяётгани юзасидан хавотирлар ва бошқалар бор эди.

Мазкур саволларга тез орада жавоб берилишини билдирган агентлик раҳбарияти орадан бир оз вақт ўтгач, Би-би-си мухбирини микрофонсиз учрашувга таклиф қилди.

Норасмий ўтган учрашувда АОКА расмийси маҳаллий матбуот вакилларида юзага келган хавотирдан олий ҳокимият яхши хабардор экани, аммо журналист-блогерлар орасида ўз мақомидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани туфайли давлат чора кўришга мажбур бўлаётгани, шунга қарамай, ҳукумат очиқлик сиёсатидан воз кечиш ҳақида ўйламаётгани ҳақида тушунтиришлар берди.

"Албатта, вазият ўнглангунга қадар нохуш ҳолатлар юз бериб туриши мумкин, лекин ишонтириб айтамизки, гап матбуотни яна ёпиб қўйиш ҳақида кетмаяпти", деди агентлик вакили бир соатдан кўпроқ вақт давом этган суҳбат чоғида.

Навбаҳор Имомова ҳам ўзи билан суҳбатлашган давлат расмийлари айни таъкидни тилга олаётгани ҳақида гапиради.

"Менга ҳам шундай гапларни айтишяпти. Навбаҳор, сиз жон-жаҳдингиз билан ҳимоя қилаётган журналист ва блогерлар аслида ғирт жиноятчилар, биз тағин ҳам ҳаммасининг кетига тушмаяпмиз, бу айримлари, агар истасак, вилоят-ма вилоят юриб овлаш мумкин, дейишди", расмийлар иддаоларини келтиради Имомова.

Олимжон Ҳайдаровдан мактуб

bloger

Аммо расмийлар шу вақтга қадар матбуот вакилларининг тамагирлик, товламачилик билан шуғулланганини исботловчи далилларни жамоатчиликка очиқламаган.

Йилнинг энг шов-шувли ва хавотирли ҳолатлари бўлмиш Абдуқодир Мўминов, Компроматузб ишлари қатъий махфийликда кўриб чиқилган, тафсилотлар ошкор этилмаган.

Компроматузб иши бўйича Хуршид Далиев, Сиёвуш Ҳошимов ва Мавжуда Мирзаева ёпиқ маҳкамада судланган бўлса, очиқ деб эълон қилинган Абдуқодир Мўминовнинг судига мустақил матбуот турли баҳоналар билан киритилмаган.

12 октябрь куни Озодлик Радиоси июль охирида товламачиликда гумонланиб ҳибсга олинган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров устидан тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилгани ҳақида хабар берди.

Мазкур мақола чоп этилаётган вақтда ҳам бу борада бирор расмий баёнот берилмади.

Қамоққа олинганидан буён блогернинг аҳволи ёки унинг ишига доир тафсилотлар жамоатчиликка ошкор этилмаган бўлсада, август ойида АОКАда ўтган микрофонсиз учрашувда Би-би-сига гўё Ҳайдаровнинг товламачилик қилганини далилловчи оператив тасвирлар намойиш этилди.

Давомийлиги беш дақиқадан кўпроқ бўлган тасвирларда блогернинг жиноят ишида жабрланувчи ўлароқ кўрсатилган шахслар билан ўзаро мулоқоти ҳамда қўлга олиниш жараёни муҳрланган.

Видео якунида юзи кўрсатилмаган шахс Ҳайдаровнинг шахсий автомобили олд ўриндиғига оқ рангдаги конверт ташлагани кўринади, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тезкор ходимлар блогер қўлига кишан тақади.

Би-би-сида мазкур тасвирлар қандай шароитда олинганини мустақил текшириш имконияти йўқ.

bloger

Сурат манбаси, Collage/BBC Uzbek

Озодлик Радиосининг 12 октябрдаги хабарида Олимжон Ҳайдаров тергов хибсхонасидан мактуб чиқаргани ва унда ўзининг қўлга олиниш жараёнини тасвирлаб бергани тилга олинган.

"Менга нисбатан очилган иш оддий товламачилик иши эмас. ДХХ, ИИБ менинг телефон қўнғироқларимни эшитиш орқали мен билан шартнома қилмоқчи бўлган, ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган тадбиркордан катта эҳтимол билан "ихтиёрий" ариза ёзиши "илтимос" қилинган. Нормал товламачилик ишларида бундай бўлмайди, тадбиркор ўзи келиб , ўзи шартнома таклиф қилиб келишувдаги пулни ярмини бериб, кейин ариза ёзмайди. Бу иш тўлиқ сиёсий характерда бўлиб, охирги кунларда Қўқондаги айрим амалдорлар фаолиятини кескин танқид қилишим натижасида буюртма тадбири деб ҳисоблайман", дея Ҳайдаровдан иқтибос келтиган ушбу хат нусхаси таҳририят ихтиёрида мавжудлигини билдирган Озодлик Радиоси.

Озодлик Радиоси эълон қилган мактубдан парчаларда блогер қўлга олиш вақтида ўз ҳуқуқлари бузилганини ҳам таъкидлаган.

"Аввалдан одам йиғилишини олдини олиш мақсадида ГАИ ходимлари ҳам тадбирга жалб қилинган бўлиб, тадбир давомида табиий холис гувоҳларни воқеа жойидан қасддан кетишга мажбурлашди, ИИБ ходимлари ўзлари билан олиб келган махсус гувоҳларгина ўша ерда қолишди. Мен тадбир вақтида улар олиб келган адвокатдан фойдаланишдан бош тортиб ўзимга таниш адвокатга алоқага чиқишни сўрадим, лекин ИИБ ходимлари алоқа воситаларимни тортиб олиб, мени тадбир вақтида холис адвокат хизматидан фойдаланиш хуқуқимдан махрум қилишди".

Шундай бир манзарада айрим кузатувчилар давлат хизматчиларининг ўзи ҳам медиа коррупцияга чирмашиб кетганини таъкидлайди.

bloger

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, 7 октябрь куни апелляция суди аввалроқ 7 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилган блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Уларнинг фикрича, амалдорлар кўп ҳолларда матбуот вакиллари билан тандемда ишлайди, "сендан угина, мендан бугина" нақлига амал қилган ҳолда қонун бузилиш ҳолатларига кўз юмади.

Навбаҳор Имомова эса жазолаш машинаси ишга тушганда, тош матбуот вакиллари бошига келиб тушаётгани, улар содир этишда айбланаётган жиноятларга йўл қўйиб берган, ҳатто, иштирок этган давлат хизматчилари бир четда қолаётганини тилга олади.

"Мен билан гаплашган мутасаддилар орасида ҳозир журналистлар билан бўлаётган ҳолатларни кераксиз бошоғриқ, деб ҳисоблайдиганлари ҳам бор. Аммо ҳозир бундайларни йўқотиш керак, улар медиа муҳитни бузяпти, деяётганларнинг овози устун келяпти. Бу эса Абдуқодир Мўминов, Компроматузб ва бошқаларнинг бошига бало бўляпти. Тасаввур қилайлик, Компроматузб ҳақиқатан ўша ишларни қилган. Лекин бу ишларни тўрт журналист, ҳатто, Меҳнат вазирлиги ёки Ўзбекнефтгазнинг матбуот котиби бир ўзи эплолмас эди. Уларни қўллаб-қувватлаган армия бўлган тизимда. Қани улар?"

"Бу цензура эмас"

Журналист-блогерлар қанчалик товламачилик ва бошқа айбларда айбланмасин, айби исботланмасин, айрим фаоллар уларга нисбатан қўлланилаётган жазолар ўта қаттиқ, деган фикрда.

Сентябрь ойида Би-би-си мухбири билан ўзаро суҳбатда хорижлик бир дипломат Ўзбекистонда бўлаётган мазкур ҳолатга қараб шундай деган эди: "Менинг ватанимда бундай айбловлар учун журналистларга нари борса жарима қўлланилади".

Ижтимоий тармоқда мавзуга оид қолдирилган кўплаб пост ва изоҳларда эса аксар ўзбекистонликлар матбуот вакилларига нисбатан илгари сурилаётган айбловларга жиддий шубҳа кўзи билан қараётганини кўриш мумкин.

Ички ишлар вазирлиги вакили эса ҳибсга олинаётган матбуот вакилларига нисбатан сохта айбловлар қўлланилмоқда, деган қарашлар асоссиз эканини таъкидлайди.

Шу билан бирга блогерлар шартнома эвазига матбуот хизмати кўрсатишини яширишмаётган бир вақтда, кўплаб фаоллар мурожаатчи билан ўртада низо келиб чиққудек бўлса, блогерга нисбатан жиноят иши очилиши шарт эмас, низони фуқаролик судида кўриб чиқишнинг ўзи етарли, деган фикрда.

Ички ишлар вазирлиги вакили айни қарашга шундай муносабат билдирди.

"Жиноят тўртта таркибдан иборат. Уларнинг йиғиндисидан жиноят келиб чиқади. Жиноят ёки фуқаролик тартибида кўриб чиқиш бизнинг ихтиёримизда эмас. Агар блогер бирор ишни моддий манфаат эвазига қилиб беришга ваъда қилсаю, лекин ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб туфайли қилиб беролмаса, унда фуқаролик тартибида кўриб чиқилади. Сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор этиш билан таҳдид қилинган пайтда товламачилик моддаси қўлланилади. Бу жиноят таркиби. Терговчи ўз хоҳиши билан ундай квалификация қиламан ёки бундай квалификация қиламан, деёлмайди".

Шунингдек, охирги пайтда қатор маҳаллий матбуот вакиллари давлат томонидан норасмий, кўринмас цензура авж олаётганидан шикоят қилмоқда.

Улар цензорлар орасида Ички ишлар вазирлиги асосий ўринларда туриши, турли мазмундаги материаллар ёки ижтимоий тармоқда қолдирилган пост, изоҳлар ортидан бўлимларга чақирилишлар кўпайгани, вазирлик нафақат матбуот, балки сўз эркинлиги устидан ҳам назоратни кучайтирганини даъво қилмоқдалар.

ИИВ вакили бу даъвони ҳам рад этди.

"Ўзим шундай ўйлайман - ҳозир кимдир журналистларга босим қилса, уларга яна бир инфоповод бўлади. Ҳозирги пайтда журналистлар билан гаплашиб, уларга цензура қўйишнинг ўзи мантиқсиз. Лекин баъзида журналистларга ўзим телефон қилиб, нега буни ёзишдан аввал биздан расмий маълумот сўрамадингиз, дейишим мумкин. Бу цензура эмас".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.