Ўзбекистондан келган ишчилар Британияда жинсий зўравонлик айбларига тортилмоқда (Подкаст)

BBC

Лондонда Ўзбекистон фуқароси иккита жинсий тажовуз жиноятида айбдор деб топилди.

Снейрсбрук Қироллик судининг Би-би-сига тасдиқлашича, 26 ёшли ўзбекистонлик эркак бир аёлни жинсий зўрлашга ҳаракат қилиш, ҳамда тана аъзосини ёки жиҳозни танага тиқиш айбларида айбдор, дея қарор чиқарилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар:

Суд айбдорга нисбатан жазо ҳукмини 29 августда ўқиши кутилади.

Суд ишидан хабардор бўлган манбанинг билдиришича, Лондон шарқидаги мазкур суд иши икки ҳафта давом этган ва 23 июнда ниҳоясига етган.

Ўзбекистон фуқароси тўққиз ойдирки ҳибсда ушланмоқда.

Судда жабрланувчи аёл ҳодиса вақтида кўчада маст ҳолда бўлгани, айбдор эса унга ёрдам бериш баҳонасида уни бутазор��а тортгани, ҳамда ерга ётқизиб зўрлашга урингани ва бармоқларини унинг жинсий аъзосига тиққанини айтиб кўрсатма берган.

У ёрдам сўраб қичқиришни бошлаши ортидан айбдор қочганини ҳам айтган.

Ўзбекистонлик айбдор барча айбларни инкор қилган. Бироқ, полиция кузатув камераларидаги тасвирлар ёрдамида уни топишга ва шахсини аниқлашга муваффақ бўлган.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик йигит Британияга қишлоқ хўжалик ишларида ишлаш учун олти ойлик мавсумий виза асосида келган. Аммо, виза муддати тугагач ҳам Британияни тарк этмай, Лондонда овқат етказиб берувчи бўлиб ишлаган.

Британия қонунларига биноан, жинсий зўрлаш ва жинсий зўрлашга уриниш оғир жиноят деб кўрилади ва икки ҳолда ҳам максимум жазо этиб умрбод қамоқ жазоси белгиланган.

Аммо, умрбод қамоқ жазоси камдан-кам ҳолларда, ўта оғир ҳолатларда берилади. Жинсий зўрлашга ҳаракат қилиш учун қамоқ жазоси муқаррар ва бу одатда минимум 4-5 йил бўлиши мумкин.

Британияда гап отиш ва тикилиб қараш ҳам жинсий тажовуз дея ифодаланиши мумкин.

Сурат манбаси, TFL

Сурат тагсўзи, Британияда гап отиш ва тикилиб қараш ҳам жинсий тажовуз дея ифодаланиши мумкин.

Танага тана қисмини ёки жиҳозни тиқиш ҳам оғир жиноят ҳисобланади. У жиноятнинг оғирлигига қараб тартиб-интизом ишларидан тортиб 19 йилгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Ўзбекистонликлар

Британия Миллий статистика идорасига кўра, охирги йилларда полициянинг жинсий тажовуз ҳолларини қайд этиш тажрибаси яхшилангани ва жабрланувчиларнинг полицияга мурожаат қилиш ҳолатлари ошгани туфайли мамлакат бўйлаб жинсий зўравонлик ҳоллари ошган.

Миллий статистика идораси айбланувчи ёки жиноятчиларнинг этни�� келиб чиқиши ёки фуқаролиги каби шахсий характеристика бўйича маълумот сақламайди.

Аммо, охирги йилларда, Британияга Ўзбекистондан миграция даражаси ошар экан, Ўзбекистон фуқароларининг жинсий тажовузда айбдор деб топилиши ҳоллари бот-бот хабар қилинмоқда.

Хусусан, ўтган февраль ойида Британия жануби-ғарбидаги Веллингтон шаҳрида 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўз айбига иқрор бўлгач, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Судда у виза муддати тугагач кабоб дўконида ишлаб келгани, тунда базмдан қайтаётган ёш аёлга ташлангани ва жинсий тегажоқлик қилгани, аёл қочишга муваффақ бўлиб полицияни хабардор қилгани айтилди.

Веллингтондан қочиб кетган ўзбекистонликни полиция кузатув камералари ёрдамида аниқлаб, бир неча ойдан сўнг Эссекс вилоятида ҳибсга олган.

Маданий фарқлар

BBC

Британия 2016 йилги Брексит қарори билан Европа Иттифоқи сафидан чиқиши ва бунинг оқибатида мамлакатдаги далаларда ишчи кучининг камайиши ортидан охирги йилларда Ўзбекистондан мавсумий ишчилар оқими кучайган.

Ишчилар ҳам расмий ва норасмий йўллар - Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йўлланмаси ва хусусий агентликлар орқали Британияга сафар қиладилар.

Айни дамда, Британияда, ва умуман Ғарбда, жинсий тажовуз ифодаси янада кенгайиб, ҳар қандай жинсий эркинликларни чекловчи ҳаракатлар жазоланиши ҳоллари кўпайган.

Жумладан, Лондон метросида аёлларга гап отиш, тикилиб қараш, тегиш, суратини олиш, жинсий очиқ сурат юбориш каби ҳаракатлар жинсий тегажоқлик эканини эслатувчи маълумотлар осилган. Бундай тажовузга учраган аёлларга полицияга мурожаат қилиш тавсия қилинади.

Би-би-си давлат йўлланмаси билан ��елаётган ўзбекистонлик эркакларнинг жинсий маданияти ҳақида Ташқи меҳнат миграция агентлигига саволлар йўллади. Хўш, сафарга отланаётган ишчиларга Британия ва Ўзбекистон орасидаги маданий фарқлар, аёлларнинг спиртли ичимлик ёки очиқ кийинган ҳолатда бўлиши жинсий таклифни англатмаслиги, маҳаллий менталитет борасида ўқув машғулотлари ўтказиладими?

"Агар Миграция агентлиги орқали кетса, кетиш олди кўниктириш тадбирлари, яъни дарслари албатта ўтилади. Ўзи билан телефонни қувватлагич ёки ёмғирли мавсумда керак бўладиган кийим олиш каби майда нарсалардан тортиб, Британия миграция қонунчилиги, диний, маданий фарқлар ҳақида тушунчалар берилади. Бу каби кетиш олди кўниктириш дарслари фақат Британияга кетаётган фуқаролар учун эмас, бошқа давлатларга кетаётганлар учун ҳам ташкил этилади", - дея жавоб берди агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.