Суд ўрнига уруш: Россияда гумонланувчилар қандай қилиб жавобгарликдан қутилиб қолишяпти?

  • Олга Ившина
  • Би-би-си
rasm

Сурат манбаси, ALEXANDER NEMENOV/AFP

Би-би-си cуд ишларини ўрганиб ва адвокатлар билан гаплашиб, Россия куч тизимлари гумонланувчи ва айбланувчиларни урушга тарғиб қилаётганини аниқлади. Урушга бориш эвазига уларга жиноий ишни тўхтатиш таклиф қилинмоқда.

2023 йилнинг июл ойида Наталя (қаҳрамоннинг исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилди) Калининград марказий кўчаларининг бирида уйига қайтаётганди. Бир пайт уни юзининг ярмига бош чаноғи татуировкаси туширилган узун бўйли эркак қувиб етади. Унга мобил телефонни узатиб, "гаплаш", дейди.

Наталя телефонга қарайди, унинг айтишича, шу пайт эркак уни бўға бошлайди.

Кейинчалик полицияга ёзилган тушунтириш хатида ҳужумчи маст бўлганини, адашиб қолиб, телефондан харитани очиб олдидан ўтаётган аёлдан ёрдам сўраганини айтган.

"Номаълум аёл мени ҳақорат қилди. Кейин жанжаллашиб қолдик, гаплашиш мақсадида мен унинг қўли ва бўйнидан ушлаб олдим. У чиқиб кетишга ҳаракат қилди ва мен уни итариб юбордим. Кейин кетмоқчи бўлдим, аммо қайтиб келиб, номаълум аёлнинг сочидан ушладим ва тротуар бўйлаб энг яқин дарвозага судрадим".

iqtibos

Кўчадан ўтиб кетаётган икки киши аёлнинг тарафини олишади. Улар эркакка савол бераётган вақти Наталя қочишга муваффақ бўлади. Касалхонада унинг тиззасида очиқ жароҳат, билакларида қисиш аломатлари ва юзида кўкариш борлигини аниқлашади. Ўша кечаси касалхонадан қайтаётган Наталя ҳужумчини яна кўради. У йўл патрул хизмати ходимлари билан гаплашиб турарди.

Наталя полициядан эркакни ушлашни сўрайди. Кейин маълум бўлишича, у 44 яшар Иван Сиволодский экан. 2009 йили икки одамни ўлдиргани учун уни 20,5 йилга қамашган. Қамоқхонада у "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкатига қўшилади ва фронтда ярим йил бўлиб Калининградга қайтади.

Наталянинг сўрови билан полиция Иванни бўлинмага олиб кетишади, аммо уни ҳибсга олишмайди. У полицияга Бахмут учун жангларда берилган "Жасорат учун" медалини кўрсатади ва тушунтириш хати ёзиб беради. Ишни судга оширишади. Маҳакама бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб, Иван Калининграддан ғойиб бўлади.

Судга ҳарбий қисм қўмондонининг имзоси билан хат келади: Иван энди фронт ҳудудида жойлашган ҳарбий бўлинмада пулемётчи. Ўша кунлари Сиволодский ВКонтакте тармоғига ҳарбий кийимда қурол ушлаб, бир неча расмлар жойлайди. Орқадаги машинанинг рақамига "Ахмат 95" ёзилганди.

Сиволодскийнинг ҳолати ягона эмас.

"Урушга фақат терроризм, давлатга хиёнат, диверсия, ўта оғир ва айрим жинсий зўравонлик жиноятларида айбланганларни олишмаяпти. Қолганларнинг ҳаммасини тезда махсус ҳарбий амалиётга олиб кетишяпти", дейди гувоҳлар бири Би-би-сига.

Бундай ёллаш Россия колонияларидан маҳбусларни фронтга жўнатишнинг аллақачон ўрнатилган механизми билан параллел равишда амалга оширилади.

Иван Сиволодский

Сурат манбаси, vk.com

Сурат тагсўзи, Иван Сиволодский

2023 йилнинг июнига қадар россиялик маҳбуслар Украинага юборилиш арафасида авф этиларди ва аслида эса олти ойлик фронтда бўлганидан кейин озодликка чиқарди. Аммо ўтган ёзда ҳарбийлар билан шартнома шартлари ўзгарди ва энди жазодан қочиш учун улар жангларда охиригача курашишлари керак бўлади.

Биринчи схема: айбланувчидан ҳарбий хизматга

z

Сурат манбаси, Getty Images

2023 йил 14 декабрда Россиянинг кичик Углич шаҳри суди Владимир Валериевич Абрамовга нисбатан жиноий иш қўзғатди. Уни биринчи марта талончиликда айблашмаётганди. Маҳкама эртаси кунга режалаштирилганди, аммо натижада "айбланувчининг судда қатнашмаганлиги" туфайли жараён бошланмади. Шу билан бирга, ҳужжатларда "айбланувчининг манзили маълум" деб таъкидланганди.

Владимир Абрамов суд мажлиси ўрнига Украинага жангга кетди. Орадан бир ҳафта ўтмай у ҳалок бўлди.

Охирги бир неча ой ичида Би-би-си 21 та жиноий иш топишга муваффақ бўлди. Бу ишлар дастлаб айбланувчининг суд жараёнида иштирок эта олмагани учун юритишдан тўхтатилган, кейин эса уларнинг барчаси айбланувчининг ўлими туфайли ёпилган.

2023 йил ёзида Россия Давлат Думаси қонун қабул қилди, унга кўра тергов остидаги шахслар ҳарбий хизмат учун шартнома тузган тақдирда жиноий жавобгарликдан қочишлари мумкин (2024 йил март ойида ушбу меъёр янада кенгайтирилди). Шунинг учун энди терговчилар айбланувчи ва гумонланувчиларга бу имконият ҳақида айтишмоқда. Шартнома тузиш жараёни ҳарбийлар томонидан амалга оширилади.

"Коммерсант" газетаси ўз манбаларига таяниб, аввалроқ бу ёллаш тартиби Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари ва Россиянинг уларга қўшни вилоятларида қўлланилаётгани ҳақида хабар берганди.

Аммо Би-би-си бу амалиёт бошқа кўплаб минтақаларда аллақачон тарқалгани ва ҳамма жойда қўлланилаётганини аниқлашга муваффақ бўлди. Биз аниқлаган ҳолатлар Москва, Ярославл, Белгород, Тамбов ва Кемерово вилоятлари, Удмуртия ва Карелия ҳамда Красноярск ўлкасида содир бўлган.

rasm

Сурат манбаси, КИРИЛЛ КУХМАРЬ/ТАСС

Икки адвокат ва терговчининг Би-би-сига айтишича (улар хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмасликни сўраган), ишга қабул қилиш жараёни қуйидагича давом этади. Дастлаб, гумон қилинувчилар ва айбланувчиларга суд жараёнларида қатнашиш ўрнига Россия ҳарбий бўлинмалари таркибида фронтга бориш имконияти ҳақида гапирилади.

Кейин тергов вакили ишда иштирок этаётган шахснинг ёзма розилигини ёки унинг Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишдан бош тортиши ҳақида тушунтириш хатини олади. Агар келишилса, тегишли қоғоз ва номзоднинг ҳарбий хизматни бошлаш тўғрисидаги аризаси маълум бир ҳарбий қисмнинг вакилига ёки ҳарбий комиссариятга юборилади.

Агар бундай киши ҳарбий хизматга мос келса, улар аризани қаноатлантиришади. Бўлим командири терговдан ишни тўхтатишни сўрайди.

- Кейин ҳаммаси тезлашади. Армия билан шартнома имзолангандан кейин уч кун ичида жиноят иши тўхтатилади. Одам уйига бориб, нарсаларини йиғади. Яна икки-уч кундан кейин уларни урушга олиб кетишади. Бизда уч киши аллақачон кетди, - дейди терговчи.

Би-би-си 2022 йили, бунга рухсат берувчи қонунлар қабул қилинишидан олдин, судда иштирок этиш ўрнига урушга кетган бир нечта ҳолатларни аниқлашга муваффақ бўлди. Аммо ўшанда улар армияга эмас, балки "Вагнер" ва баъзи кўнгилли бўлинмаларга қабул қилинган.

Масалан, Иркутск вилоятидан Вадим Духнов шундай қилиб урушга бориб қолди.

У илгари бир неча марта, жумладан, қотиллик учун ҳам судланган. 2022 йил июлда Вадим бар ён��да бир одамга оғир мия жароҳати етказди ва тергов қилинди. Икки ой ўтгач Вадимнинг ўзи ҳам Украинадаги жангда бошидан жароҳатланди.

Янги қонунга кўра, армия билан шартнома тузган тергов остидаги шахс ҳарбий ҳаракатлар тугагунча хизмат қилиши керак бўлади. Агар у вафот этса ё ҳукумат мукофотига сазовор бўлса ёки соғлиғи сабабли қуролли кучлардан истеъфога чиқса, унинг иши буткул ёпилади.

Аммо Би-би-си суд ҳужжатларини ўрганиб, муҳим ҳолатни аниқлади. Агар шахс тергов тугагандан кейин, лекин ҳукм чиқарилгунга қадар урушга кетган бўлса, унинг иши ёпилмайди. Аслида, у фақат суд жараёнини давом эттишидан муҳлат олади ва қилмиши учун жавобгарликдан қутилмайди.

Бу фронтга кетган маҳбуслар (шартнома муддати тугаганидан кейин озодликка эришади) ва тергов остидагилар (уларнинг иши агар давлат мукофоти билан тақдирланса ёки оғир яраланса бутунлай ёпилади) учун тақдим этилган шартлардан кескин фарқ қилади.

urush

Сурат манбаси, T.ME/KRSOLDATA

Хавфсизлик кучлари айбланувчиларни урушдан қайтгач, уларнинг иши қайта очилиши ҳақида огоҳлантириши шарт. Бу Костромадаги суд қароридан шундай хулоса чиқади, суд ишни прокурорга қайтарган.

Новосибирскда гарнизон суди уруш фахрийси Евгений Нохринни манзид колониясига ҳукм қилди. У 2022 йилнинг ёзида ўз ҳамкасбларидан Ливияга хизмат сафарига боришда ёрдам беришни ваъда қилиб, 15 минг рубл олган. Бу вақтга келиб фирибгар армиядан бўшатилган эди. 2023 йил суд жараёнида у янги шартнома имзолади. Суд бу "уни жазони ўташдан озод қилишга асос бўлмайди", деб тан олди.

Шартномани имзолаган ва суд жараёнида ғойиб бўлган шахслар урушдан қайтгач, қамоққа олиниши мумкин, суд жараёни қайта тикланади ва улар судланади. Би-би-си турли минтақаларда - Смоленск вилоятидан Приморск ўлкасигача бўлган тўртта шундай суд ҳукмини топди.

Вадим Духнов билан айнан шундай бўлган кўринади. Фронтдан қайтгач, суд жараёни тўхтамайди. 2024 йил январ ойида Вадимни рецидивист сифатида одамни дўппослагани учун ҳибсга олиб, икки йилга энг оғир режимли колонияга ҳукм қилишди.

Иккинчи схема: тергов ҳибсхонасидан урушга

Ҳозирда тергов изоляторларида сақланаётганлар ҳам урушга жалб этилмоқда.

2024 йил феврал ойида Красноярскнинг Железнодорожний тумани бошлиғи Юрий Савчук ўнлаб одамларни фронтга жўнатгани ҳақида хабар берди:

"Ҳудудимизда тергов изолятори бор. Ўша йили биз 58 кишини жўнатдик, аммо уларни бизнинг ҳисобга ёзишмади".

Йиғилишда расмийлар 2000 кишини қуролли кучларга жўнатиш бўйича юқоридан келган режанинг бир қисмини қандай бажариш мумкинлигини муҳокама қилишганди. У шаҳар кенгаши веб-сайтида жонли эфирда намойиш этилди. Тадбир якунида трансляция йўқолиб қолди, бироқ ёзув NGS24.RU нашри журналистларида сақланиб қолди.

Россия Давлат думаси 2023 йилнинг ёзида Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларни тергов ҳибсхоналаридан озод қилишга рухсат берди. Аммо ўшанда янги қонуннинг қоидалари фақат кичик ва ўрта оғирликдаги (5 йилгача қамоқ муддатини назарда тутувчи) судланувчиларга нисбатан жорий қилинган.

2024 йил март ойидан бошлаб жиноятнинг оғирлиги тамойилига асосланган чекловлар олиб ташланди. Энди оғир ва ўта оғир айбловлар бўйича жиноий иш очилган шахсларни урушга юборса бўлади. Фақат кичик рўйхати тузилган маълум жиноятлар бундан мустасно.

Тергов изоляторидагиларнинг бу амалиёт ҳақида фикрлари турлича. Айрим айбланувчилар суд орқали бундай тўсиқларга эътироз билдиришди ва тергов изоляторидан урушга жўнашга ҳаракат қилишди. Улардан бири Владислав Илйин уни ҳарбий хизматга бориш ҳуқуқидан маҳрум қилган 2023 йилги қонун устидан шикоят билан ҳатто Россия Конституциявий судига мурожаат қилган. Аммо Конституциявий суд унинг шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди. Суд унинг Жиноят кодексининг қайси моддаси билан айбланганини маълум қилмаган.

Тергов изоляторларидаги нафақат тергов остидагилар, балки аллақачон судланганларни ҳам урушга таклиф қилишмоқда.

urush

Сурат манбаси, T.ME/KRSOLDATA

Масалан, тергов ҳибсхонасидаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази ҳамраиси Олег Орловга фронтга бориш таклиф қилинган. Илгари суд уни Россия армиясини "такрорий обрўсизлантир"гани учун икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси кулиб, урушга ёлловчилардан ёшимни адаштирмадингларми, деб сўраган. У бу йил 71 ёшга тўлади. Улар ёшига эътибор қаратишмаган. Орлов таклифни рад этади.

Мудофаа, Адлия ва Ички ишлар вазирликларининг қўшма буйруғи билан 2023 йил июл ойида "Ахлоқ тузатиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида номзодларни танлаш" тартиби ўрнатилган. Ҳужжат "расмий фойдаланиш учун" грифи остида чоп этилди. Аммо Би-би-сига маълум бўлишича, чоп қилинган иккита суд қарорида ҳужжатдан батафсил иқтибослар келтирилган.

Мазкур фармойишга кўра, колониялар ва тергов изоляторлари ўзларида сақланаётган маҳкумларнинг рўйхатларини ҳарбий комиссияларга мунтазам равишда юбориб туради. Ҳарбийлар уларни ўрганиш ва номзодлар билан "гуруҳ ва индивидуал маълумот тўплаш ишларини" олиб бориш учун ишчи гуруҳларни яратади.

Қизиқарли тафсилот: умрбод қамалган маҳбусларни урушга олиб кетмаслик буюрилган.

"Кўп нарса раҳбариятга боғлиқ, агар улар кимнидир қўйиб юборишни истамасалар - озод қилишни сўраб қайси деворга бош урсангиз ҳам- ҳеч нарса бўлмайди. Аммо агар одам махсус ҳарбий амалиётга бориш учун ёниб турган бўлса ва унинг банди мос келса, унда бу муаммони ҳал қилиш мумкин ", деди Вологодск вилоятидаги терго�� изоляторларидан бирининг ходими Би-би-сига (у хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг исмини бермасликни сўради).

"Озодликда юрган айбланувчига қараганда тергов изоляториги шахсни урушга юбориш қийинроқ. Улар ҳарбий комиссариятга почта орқали ариза юборишлари керак. Кейин жўнашдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш лозим. Аммо охир-оқибат, бу бироз кўпроқ вақт талаб этади. Ҳарбийлар соғлиғи тўғри келмайдиганлардан ташқари деярли ҳаммани қабул қилади. Ва гиёҳвандлар рўйхатга турмаса уларни ҳам олишади. Кўпчилиги рўйхатда турмайди, чунки яқинлари хусусий клиникаларда даволаган", — дея қўшимча қилди Би-би-си суҳбатдоши.

Украинада ўлдирилган юзлаб россияликларнинг таъзияномаларини ўрганиб чиқиб, Би-би-си сўнгги олти ой ичида аввал шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган одамларни урушга кўпроқ юбор бошлашганини пайқади. Биз 160 та шундай ҳолатни топдик. Шартли қамалганларнинг баъзилари ҳукм чиққанидан икки ой ичида урушга жўнаб кетишган.

Би-би-си билан гаплашган беш адвокатга кўра, кутилаётган жазо унчалик катта бўлмаган ёки маҳкум шартли жазога ҳукм қилинган ҳолларда, кўпинча кредитларни тўлаши керак бўлган ва "ҳаётда бошқа йўли қолмаган" одамлар шартномаларни имзолашади.

"Масалан, биз терговчи билан "Крести" тергов изоляторига мижозимни кўриш учун келдик. Ёш йигит илгари ҳеч қачон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг эътиборига тушмаган ва тергов изоляторида ўтказган вақтини ҳисобга олсак, унинг қамоқ жазоси қисқа бўлиши кутилаётганди. Тергов хонасида у яқинда хизмат қилганини, ноёб ҳарбий мутахассисликка эгалигини ва шартнома имзоламоқчи эканлигини ҳаяжон билан айта бошлади. Мен ундан қамоқда ўтириб бунча маълумотни қаердан оляпсан, деб сўрадим. У телевизордан, деб жавоб берди", дейди адвокат.

19 феврал - Россия: Украина уруши учун турмадан озод қилинган маҳбусларга энди имтиёз йўқ

Россиянинг Storm V бўлинмаси ҳарбийлари.

Сурат манбаси, T.ME/KRSOLDATA

Сурат тагсўзи, Россиянинг Storm V бўлинмаси ҳарбийлари.

Россия Украинага урушга йўллаш учун бир йилдан ошдики маҳбусларни қамоқдан озод қилиб келади. Аввалига уларга, ҳатто ўта оғир жиноят содир этган бўлса ҳам, авф ва олти ой хизматдан сўнг озодлик ваъда қилди.

Аммо, Би-би-си аниқлашича, бу тур келишув аллақачон ўтмишга айланган. Уларга энди авф берилмаяпти, оғир шароитларга дучор бўлмоқда, уйга эртароқ қайтиш у ёқда турсин, уруш охиригача жанг қилишлари керак.

"Ҳозир урушга ёзилсангиз, ўлишга тайёр бўлинг", деб ёзади Сергей исмли одам Украинада жанг қилаётган собиқ маҳбусларнинг чат гуруҳида.

Унинг айтишича, октябрь ойидан бери у маҳкумлардан иборат "Storm V" номли армия бўлинмасидадир.

"Илгари сиз олти ойда уйга қайтаман деб ишонишингиз мумкин эди. Аммо энди уруш тугагунча қолиш керак", деб ёзади у.

BBC

2022 йил ёзида россиялик маҳбусларни оммавий ёллаш бошланганида, бу бўлинмани бир пайтлар «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин бошқарган. Маҳбусларга жиноят тарихини ўчириш, тўлиқ афв этиш ва олти ой жанг майдонида бўлганидан кейин уйга қайтишга рухсат бериш таклиф қилинганди.

Август ойида авиаҳалокатда ўлишидан олдин Пригожин келишув доирасида 50 мингга яқин россиялик маҳбус фронтга жўнатилганини айтганди. Бу рақамни ҳуқуқ фаоллари ҳам келтирган. Минглаб маҳбуслар ҳалок бўлди, аммо бошқалар, масалан, шавқатсиз жиноятларда айбланган ўнлаб маҳбуслар уйларига қайтди, баъзилари эса яна жиноят содир этди, ҳатто қотиллик қилишди.

Россия армияси 2023 йил февралида ушбу лойиҳани ўз зиммасига олди ва дастлаб Пригожин билан бир хил имтиёзларни ваъда қилди.

Аммо келишувга кўра, маҳбуслар олти ойдан кейин уйларига қайтишлари ва оддий аскарларга қараганда имтиёзлироқ мавқега эга бўлиши керак эди. Бундай имтиёзлар сафарбар қилинган эркаклар ва уларнинг оилаларига ёқмасди.

T.ME/KRSOLDATA

Сурат манбаси, T.ME/KRSOLDATA

Эндиликда маҳбуслар учун қўйилаётган янги шартлар бу мувозанатни тиклайди.

Чатдаги ёзишмаларни кўриб чиқиб, жангарилар ва уларнинг яқинлари билан гаплашган Би-би-си "Storm V" бўлинмаси ҳозирда Украина жанубидаги Запорожьедан шарқдаги Бахмутгача бўлган фронт чизиғида хизмат қилаётганини аниқлади.

Узоқ Шарқдаги Трансбайкалиядан бўлган, исмини ошкор қилишни истамаган бир аёл Би-би-сига эри 2023 йил кузида "Storm V" бўлинмаларидан бирига ёлланганини айтди. У эри қандай жиноят содир этганини аниқ айтмади, аммо бу "жиддий айблов" эканлигини билдирди.

Унинг айтишича, эр-хотин биргаликда шу қарорга келишган, яъни эр Украинага урушга боради ва шу йўл билан тезроқ озод қилинади.

"Жорий йил февралида унинг ҳукми чиқарилганига 15 йил тўларди. Унинг қамоқ муддатида яна тўрт йил қоларди, - дейди у. - Қамоқхонадаги шароитлар нормал эди. У жазони ўташни давом эттириши мумкин эди, аммо шу чора уни тезроқ уйга қайтарарди".

Унинг айтишича, унинг Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномаси аввалги маҳбуслар каби олти ойга эмас, балки бир йилга тузилган. Эрининг муддати тугагач, у авф ололмайди ва дарҳол уйига кета олмайди, чунки шартнома "автоматик янгиланади".

"Storm V" бўлинмаларида хизмат қилаётган қариндошлари бўлган бошқа россияликларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари улар ҳам уруш охиригача фронтда қолишлари кераклигини кўрсатмоқда.

Шартнома тузилаётганда бу ҳақда маҳкумларга айтилмоқда. Бу Владимир Путиннинг 2022 йил сентябрдаги фармонидан келиб чиқади, яъни шартнома муддати тугаши билан у бекор қилинмайди, балки узайтирил��ди.

Эндиликда маҳкумлар тўлиқ озод этилишининг ягона йўли давлат мукофоти олиши, ногирон бўлиб қолиши, ёш чегарасига етиши ёки урушнинг тугашидир.

Авф қилиш ўрнига собиқ маҳкумлар ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, шартли озод қилинади. Бу шуни англатадики, агар улар янги жиноят содир этишда айбдор топилса, жазо муддати белгиланганда аввалги судланганликлари ҳисобга олинади.

Storm V жангчилари урушга кузатилмоқда.

Сурат манбаси, T.ME/KRSOLDATA

Сурат тагсўзи, Storm V жангчилари урушга кузатилмоқда.

Президент Путин, шунингдек, афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашда энди шахсан иштирок этмайди, яъни оммавий ахборот воситаларида қотиллик ва жинсий жиноятларда айбланганлар афв этилгани ҳақидаги ёқимсиз сарлавҳалар камаяди.

Би-би-си ушбу бўлинмаларда бўлганини даъво қилган эркакларнинг кўплаб чат ёзишмаларини кўрди.

"Шартлар яхшиланганга ўхшайди. Армиядаги каби тўлиқ маош оласиз, бошқа имтиёз ва нафақалар ҳам бор", деб ёзади маҳкумлардан бири.

"Сизнинг омон қолиш имкониятингиз тахминан 25%. Мен беш ой давомида ҳужумчи бўлдим. 100 га яқин взводимиздан атиги 38 нафари тирик қолди", дейди яна бири.

"Storm V" аскарларининг кўплари жойлашишдан олдин полигонда атиги 10 кунлик машғулот ўтаган. Маҳкумлар уч-беш кунлик машғулотлардан сўнг фронтга жўнатилган ҳолатлар бўлган. Таққослаш учун, Афғонистондаги совет ҳарбий хизматчилари жўнатилишдан олдин олти ойлик тайёргарликдан ўтган эди.

2023 йил январь ойидан бери Би-би-си Рус хизмати Россиянинг Mediazona сайти ва кўнгиллилар гуруҳи билан урушда ҳалок бўлган россиялик аскарларнинг исмларини аниқлаш устида ишламоқда. Украинада хизмат қилган 8000 дан ортиқ маҳбус ҳалок бўлган. Улардан камида 1100 нафари "Storm V" бўлинмаларида ёки улар ўрнига келган бўлинмаларда жанг қилган.

Биз маълумотлар базасига фақат эълон қилинган суд ҳукми билан тасдиқланган маҳкумларни киритамиз. Аммо барча ҳукмлар рақамлаштирилмаган ва барча ўлимлар ҳақида хабар берилмаган. Аслида, ўлган маҳкумлар сони бундан ҳам кўп эканлиги тахмин қилинмоқда.

Қанча одам ўлдирилганини ҳисоблаш жуда қийин, айниқса ўлганларнинг жасади дарҳол топилмаган бўлса.

Аксар қариндошлар ўтган ёзда алоқа узилиб қолган жангчиларни қидирмоқда.

"Бу жаҳаннамнинг ниҳояси йўқ. Унинг жасадини топсам хурсанд бўламан деб ҳеч ўйламагандим. Уларни дафн қилинг", деб ёзади чатда оналардан бири.

Илгари маҳкумларнинг ёрлиқларидаги маълумотлар ҳар доим ҳам ҳарбий маълумотлар базаларига киритилмаган, аммо вазият ўзгарган: "Storm V" бўлинмалари аъзолари энди кўнгиллилар эмас, балки ҳарбий хизматчилар ҳисобланади.

"Storm V"нинг омон қолган аъзоларининг кўпчилиги асирга олинган. Би-би-си ҳарбий асирларнинг Украина кучлари томонидан сўроқ қилинаётгани акс этган видеоларни ҳам кўрди.

Улардан бири 2014 йилдан бери баданга оғир шикаст етказиш ва ўғирлик учун бир неча бор қамоқда ўтирганини айтади. Би-би-си унинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди ва суд маълумотлари ёрдамида буни текширди.

Октябрь ойида бу одам Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва фронтга жўнаган. Кейинчалик у қўлга олинган ва "Storm V" жангчилари кўпинча "маъносиз ҳужумлар"га мажбуран жўнатилганини, улардан фақат бир нечтаси қайтиб келганини айтди. Боришдан бош тортганлар, ўрага қамаб қўйилган ва овқат берилмаган.

Унинг ҳикояси бошқаларникига ўхшайди. Масалан, Сибирдаги аёл ҳам Би-би-сига эри худди шундай деганини тасдиқлади.

Суҳбатда Сергей ўзи каби "Storm V" бўлинмаларида ҳали ҳам жанг қилаётган россиялик маҳбуслар тақдири ҳақида гапиради.

"Омад етарли бўлмайди", деб ёзади у, фронтда омон қолиш имкониятини назарда тутиб.

"Омон қолмаслигимни аллақачон биламан", дейди у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002