Доғистондаги терактлар: Ҳужумчилар орасида собиқ ММА жангчиси бўлгани айтилмоқда — сўнгги тафсилотлар

otishma

Сурат ман��аси, Reuters

Сурат тагсўзи, Махачқалъадаги отишма тасвирлари.

Дарбанд ва Махачқалъада полициячилар, православ черкови ва синагогага уюштирилган ҳужумлар ортидан, камида, 19 инсон ҳалок бўлган. Мирзиёев ҳужумларни қатъий қоралаб чиққан.

"15 нафардан зиёд полиция ходими" ва "бир неча тинч фуқаро" якшанба кечаси Доғистонда уюштирилган терактлар оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Душанба эрталаб Россия Тергов қўмитаси 15 нафар кучишлатар тизимлар ходимлари, тўрт нафар фуқаро, шу жумладан, православ руҳоний ўлимини тасдиқлаган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов Махачқалъа ва Дарбандда ўтказилган аксил-террор тадбирлар доирасида "олти нафар бандит" йўқ қилинганини билдирган.

Аммо Россия Тергов қўмитаси ва Миллий аксил-террор қўмитаси фақат беш ҳужумчи ўлдирилганини маълум қилган.

Бир вақтнинг ўзида, Меликов "ҳужум ортида ким тургани маълум"лигини тилга олган, аммо тафсилотларга тўхталмаган.

Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Марказий Осиёнинг уч давлати етакчилари Россия президентига Доғистондаги терактлар юзасидан таъзия изҳор этган.

Алоқадор мавзулар:

Воқеалар ривожи

Дарбанд ва Махачқалъада отишмалар юз бераётгани ҳақидаги хабарлар якшанба куни кечки томон ижтимоий тармоқда пайдо бўлган.

Кейинроқ, икки черков ва синагога, шунингдек, Махачқалъадаги йўл-патруль хизмати пости ўққа тутилган маълум бўлган.

Россия Ички ишлар вазирлиги ҳужумчилар нишонларни автоматдан ўққа тутгани ҳақида хабар қилган.

Тармоқда пайдо бўлган тасвирларда қора рангли кийимдаги шахслар полиция машиналарига қарата ўқ узаётгани кўринади.

Россия Яҳудийлари конгресси Дарбанддаги синагогага ҳужум кечки ибодат бошланишидан сал олдинроқ уюштирилганини маълум қилган.

"Полициячилар ва қўриқчилар асосий зарбани ўзларига олдилар, улар қаршилик кўрсатдилар ва ҳалок бўлдилар. Террорчилар ёнувчан модда солинган шиша идиш ёрдамида бинони ёқиб юборди", дея конгрессдан иқтибос келтирган РБК нашри.

Махачқалъадаги синагога яқинидаги йўл-патруль пости ҳам ўхшаш ҳужумга учраган.

Россия матбуоти бу ҳужумда ҳеч кимга жабр етмагани ҳақида ёзган.

Бироқ шаҳардаги Авлиё Успенский черкови ёнидаги отишмада ибодатхона қоровули ҳалок бўлгани хабар қилинган.

18 инсон - руҳонийлар ва ибодат қилишга келганлар черков ичига беркиниб олган, тунда полиция ходимлари уларни хавфсизликка олиб чиққан, ҳеч кимга зиён етмаган, дея гапирган Интерфакс нашри манбаси.

Шунингдек, Махачқалъадан 65 чақирим наридаги Сергокал тумани марказида ҳам номаълум шахслар полиция машинасини ўққа тутгани маълум бўлган.

Уч нафар яқини йўқ қилинган ҳужумчилар орасида бўлгани аниқланиши ортидан полиция туман раҳбари Магомед Омаровни қўлга олгани айтилган.

Ҳужумчилар кимлар эди?

cherkov

Дарбанддаги черковга ҳужумда чоғида ибодатхонада 40 йил хизмат қилган руҳоний Николай Котелников сўйиб ташлангани хабар қилинган.

Ҳужумчилар, шунингдек, Махачқалъадаги черков қўриқчисини ҳам отиб ташлагани айтилмоқда.

"Уюштирилган" дейилган бу терактларни амалга оширганлар шахси тўғрисида шу вақтгача расман хабар берилмаган.

Россия Тергов қўмитаси фақатгина йўқ қилинган ҳужумлар шахси аниқланганини айтиш билан чекланган.

Интерфакс тарқатган маълумотларда ўлдирилган ҳужумчилар орасида Сергокал тумани раҳбарининг икки ўғли ва жияни ҳам бўлгани ҳақида гап боради.

"Дастлабки маълумотларга кўра, терактларни амалга оширган жангарилар орасида Магомед Омаровнинг ўғиллари ҳам бўлган. Ҳозир амалдор қўлга олинган ва сўроқ қилинмоқда", деган РИА Новости нашри манбаси.

Якшанба тунида Омаров "Ягона Россия" партияси сафидан ўчирилгани маълум бўлган.

Доғистон жамоат кузатув кенгаши раиси ўринбосари Шамил Хадулаев ўлдирилган барча ҳужумчилар Сергокал қишлоғидан бўлганини айтган.

Доғистондаги телеграм-каналлар эса ҳужумчилар орасида собиқ ММА жангчиси ҳам бўлганини ёзган.

UFC собиқ чемпиони, доғистонлик машҳур спортчи Ҳабиб Нурмагомедов терактларни қоралаб, шундай ёзган:

"Ўзингиз, яқинларингизни асранг. Ҳар бир шахс ўзи, фарзандлари кимнинг даврасида экани, ким билан гаплашаётгани ва уларнинг даврасида кимлар бор эканига қарасин".

"Ҳужум ортида НАТО турибди"

dog'iston

Россия президенти Владимир Путин Доғистондаги терактлар юзасидан ҳозирча бирор баёнот бермаган.

Доғистонлик айрим сиёсатчилар, жумладан, республика раҳбари Сергей Меликов ҳужум хориждан туриб тайёрлангани ва Доғистон, эндиликда, "Россиянинг Украинадаги урушининг бевосита иштирокчисига айланган"и ҳақида гапириб чиққан.

Россия Давлат Думасининг Доғистондан бўлган депутати Абдулҳаким Гаджиев ҳам терактлар ортида "Украина ва НАТО давлатлари махсус хизматлари турибди" деган иддао билан чиққан.

Бироқ миллатчи қарашлари билан тани��ган россиялик сиёсатчи Дмитрий Рогозин бундай қарашларга қўшилмаслигини айтиб, жиддий баҳсларга сабаб бўлган.

"Агар миллий ва диний тоқатсизлик, нафрат, русофобия аралашган ҳар бир терактни Украина ва НАТО махсус хизматлари чекига ағдараверсак, унда бу пушти туман бизни катта муаммоларга етаклайди, деб ҳисоблайман", дея ёзган Рогозин.

Россиянинг энг қашшоқ қисмларидан бири Кавказ шимолида жойлашган Доғистонда асосан мусулмонлар яшайди.

Республика узоқ вақт радикал исломчилар билан курашиб келади.

2007 ва 2017 йиллар орасида ўзини Кавказ Амирлиги, кейинроқ Кавказ Ислом Амирлиги дея атаган жиҳодчилар гуруҳи Доғистон ва унга қўшни бўлган Чеченистон, Ингушетия, Кабардин-Балкарияда террор ҳужумларини амалга оширган эди.

Ўтган йил октябрида Махачқалъа аэропортида Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушига боғлиқ тартибсизликлар юз берган, ғазабга минган оломон Тел-Авивдан келган рейсдаги яҳудийларни излаб, аэровокзалга бостириб кирган эди.

Россия 2017 йилда жиҳодчи жангарилар устидан ғалаба қозонганини эълон қилган.

Бироқ хавфсизлик масаласи бўйича айрим экспертлар Путиннинг Украинага кенг кўламли босқини ортидан хавфсизлик хизматлари приоритетлари ўзгаргани, асосий эътибор ва куч фуқаровий эркинликларни бостиришга ташлангани, оқибатда эса, Россиянинг жиҳодчи ҳаракатлар ҳужуми олдидаги заифлиги ортганидан огоҳлантирган.

23 июнь куни юз берган терактлар шу йил апрелида Москвадаги "Крокус Сити Ҳолл"га уюштирилган ҳужумдан сўнг Россиядаги навбатдаги энг йирик қонли воқеага айланган.

Марказий Осиёдан таъзиялар

Марказий Осиёдан уч давлат раҳбари - Шавкат Мирзиёев, Қосим-Жўмарт Токаев ва Садир Жапаров Доғистондаги қонли воқеалар юзасидан Владимир Путинга таъзия йўллаган.

"Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади ҳамда ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди", дея ёзган Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Путинга ўхшаш мазмундаги мактуб йўллаган Токаев қидирув ишларида Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига кўмак таклиф этган.

Путинга йўллаган ўзининг қисқа хабарида президент Садир Жапаров „Қирғизистон терроризмнинг барча кўринишларини қоралаши ва миллий хавфсизликни таъминлашда Россия ҳукумати ҳаракатларини дастаклаши"ни билдирган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.