Тожикистон: Янги йилдан ким нима умидда, ким нимадан норози?

  • Мустақил журналист
  • Тожикистон
BBCUZBEK

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Тожикистонда бу гал Янги йил ўтган йилга нисбатан оммавийроқ ва эркинроқ нишонланмоқда. Бунга эса, кейинги ойда мамлакатда Ковид-19 га чалиниш ҳоллари қайд қилинмаганлиги асосий сабаб дея изоҳланмоқда.

Айни бир пайтда мамлакат аҳолисининг айрим қатламлари, айниқса, қариялар, нафақа ёшидаги кишилар янги йилдан умидлари аллақачон чиппакка чиққанини изҳор қилишмоқда.

Фақат аҳоли орасидагина эмас, балки Ҳукумат даражасида ҳам Афғонистондаги ўзгаришлардан хавотирлик аримас экан, ўтган йилнинг энг кўнгилсиз воқеаларидан бири қўшни Қирғизистон билан муносабатларнинг бузилгани дея тилга олинмоқда.

Кўнгли яримларнинг йўқланиши ва Вазирлик қарори

Душанбе, Хўжанд ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида, туманлар марказларида Янги йил арчаси ўрнатилиши ҳали 2022-йил кириб келишидан деярли бир ой олдин бошланиб кетган эди. Бозорларда арча безаклари, янги йил совғалари савдоси қизиди.

Маҳаллий ҳукуматлар Янги йилни аҳолининг барча қатламлари байрам қилиши учун имкониятлар ярата бошлашди.

Масалан, Хўжанд шаҳрида барча ижтимоий муассасаларда, жумладан, кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш минтақавий марказида, оила ва болаларни қўллаб-қувватлаш марказида, мактабгача махсус таълим муассасаларида, қаровчисиз қолган кишилар учун интернатда байрам тадбирлари ўтказилди.

Душанбе шаҳар Раиси - Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомали Янги йил муносабати билан пойтахт аҳолисидан 11 минг нафар муҳтож кишига модий ёрдам кўрсатди, совғалар улашди.

Янги йил совғалари ва моддий ёрдам олганлар орасида Душанбе шаҳрида яшайдиган етим-есирлар, ногиронлар, қариялар, уй-жойи йўқ кишилар, кўча тозаловчилар ва бошқалар бор.

Етим болалар уйи, карлар, кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам дастурхони ёзилди, маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Лекин уларнинг ҳаммаси санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди.

Лекин кутилмаганда оммавий ахборот воситаларида Тожикистон Маориф ва илм вазирлигининг таълим муассасаларида барча янги йил байрамларини ўтказиш, янги йил арчаси ўрнатишни тақиқлаш ҳақидаги қарори борасидаги хабарлар тарқалди..

Вазирлик матбуот котиби Эҳсон Сафарзода мазкур қарорга Ковид-19 тарқалиши олдини олиш мақсадида келинганини изҳор этди. У барча маориф бўлимларига, шунингдек, таълим муассасаларига Янги йил тадбирлари, тантаналар, кечалар ўтказиш, арчалар ўрнатишдан тийилиш бўйича кўрсатма бериб, мактуб юборилди, деб таъкидлади.

Лекин қўп ўтмай, вазирликдан Янги йил байрам дастурлари бутунлай чекланмаганлигини билдиришди.

Аммо вазирлик қабул қилган қарор ўзгартирилдими, бошқами, мактабларда ва болалар боғчаларида Арча байрамлари ўтказила бошланди. Лекин ҳеч қандай байрам дастурхони ёзилмади.

- Ҳали бундан тўққиз йил олдин вазирлик мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида Янги йил байрами ўтказишга қарши чиққан эди. Вазирлик бу қарорини ота-оналарнинг мактаб маъмуриятлари томонидан янги йил тадбирлари учун пул йиғишидан шикоят қилганликлари билан изоҳлаган эди. Менинг икки болам мактабда ўқийди. Тўғри, уларнинг қувонишларини ўйлаб, Қорбобо совға тарқатиши учун пул берганман. Лекин мени ҳеч ким мажбур қилган эмас. Вазирлик кимнингдир шикоятини ҳисобга олади-ю, нега биз каби минг-минглаб ота-оналарнинг мактаб фонди дея, мажбурий обуна дея, у дея, бу дея пул йиғишларидан норозилигимизни ҳисобга олмайди, - деди Душанбе шаҳрида яшовчи тўрт боланинг онаси Наргис.

Тадбиркор «Қорбобо»лар

Тадбиркор «Қорбобо»лар

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, Тадбиркор «Қорбобо»лар

Бундан ўн йил олдин -2012-йилга ўтар кечаси Душанбе шаҳри марказида бир гуруҳ ёш йигитлар «Қорбобо» кийимида уйига кириб кетаётган тенгдошларига ҳужум қилишади ва унга пичоқ санчишади. Яраланган йигит орадан икки кун ўтиб, беморхонада жон таслим қилади. 24 ёшли Парвиз Давлатбековнинг қариндошлари марҳумнинг диний мутаассиблик замирида ўлдирилганини иддао қилишганди.

Қотилликни амалга оширишда қатнашган уч йигит қамоққа олинади ва жазога тортилади. Лекин Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан Давлатбековнинг ўлдирилиши диний асосда эмаслиги, оддий маиший жанжалдан келиб чиққан, дея изоҳлашади.

Ана шу фожеадан сўнг «Қорбобо» кийимини киядиган кишилар камайиб кетди. Лекин йиллар ўтиши билан фожеа унутилди.

Ҳозир ҳар битта арча атрофида бир эмас, беш-олтидан тортиб, ўндан ортиқ «Қорбобо»ларни кўрасиз. Яна айримларининг ёнларида «Қорқиз»лар ҳам бор.

- Илгари биз болалигимизда Қорбобога чиппа-чин ишонардик ва унинг келишини интиқлик билан кутардик. Лекин ҳозир ҳали мактабга бормаган болалар ҳам Қорбобога ишонмай қўйишди. «Қорбобо» кийимини кийволиб, пул ишлайдиганлар кўпайиб кетган. Болаларини арча олдига сайрга олиб келган кўп ота-оналар «Қорбобо» яқинлашиши билан, бурилиб кетишади, уни четлаб ўтишади, - деди хўжандлик, етмиш ёшдан ўтганини айтган Темурбой ота.

У сўзини исботлаш учун икки нафар боласини етаклаб юрган аёлга яқинлашаётган «Қорбобо»га ишора қилади:

- Ана қаранг! Ҳозир болаларга шеър айттиради. Уларни мақтайди. Халтасидан совға олиб беради. Ва болаларнинг онасидан совға учун пул беришни талаб қилади. Совғаларини албатта бозор нархидан қимматроққа сотади.

Худди Темурбой ота айтганидек бўлди.

- Кундузи уларни четлаб ўтиш мумкин. Лекин ярим тунда эшикни тақиллатишса-чи? Эшик очишинг биланоқ сен чақирмаган «Қорбобо» ҳеч қандай такаллуфсиз уйга киради. Арзимаган совға бериб, хизматига пул талаб қилади. Ўтган йили устма-уст кириб келаверишгач, бошқа ишларинг йўкми, деб сўрасам, опа, бу тирикчилик, биз тадбиркормиз, деди биттаси уялмай-нетмай, - аччиғланди Темурбой отанинг сўзларини эшитиб турган қирқ ёшлардаги аёл.

- Пайшанбе бозорига ўтиб кўринг. Молини ўтказиш учун Қорбобо кийимини кийволган аёлларни ҳам кўрасиз, - деди аёл.

Маошларнинг ошиши ва пучга чиққан умид

BBCUZBEK

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Тожикистон Қонунларига кўра Янги йил расмий байрам ҳисобланади. Янги йилнинг эртаси куни расмий равишда дам олиш куни саналади. Янги йил кечаси мамлакат Президенти анъанавий равишда аҳолини табриклайди.

Лекин кўпчилик тожикистонликлар байрам табригидан кўра мамлакат Президентининг кўпинча Янги йил арафасида Тожикистон Республикаси Олий мажлисига йўллаган Мурожаати - Паёмни кутишади.

Бу йилги Паёмдаги маош оширилиши ҳақидаги гаплар энг аввало ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш мақомотлари ходимларини хурсанд қилди. Уларнинг иш ҳақи янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб 25 фоизга оширилади.

2022-йилнинг 1-июлидан бошлаб эса, ҳокимият ва давлат бошқаруви мақомотлари, маориф, маданият, спорт, соғлиқни сақлаш муассасалари, ижтимоий ҳимоя муассасалари, ва ижтимоий ҳимоя соҳасининг бошқа муассаса ва ташкилотлари ҳамда бюджет ташкилот ва муассасалари маоши, шунингдек талабалар стипендиялари ва стипендиянинг бошқа турлари 20 фоизга оширилади.

- Мен Паёмни қайта-қайта ўқидим. Лекин қарилик пенсияси оширилиши ҳақида гап топмадим. Давлатга қирқ йилга яқин ишлаб бериб, бор-йўғи уч юз сомонийга яқин пенсия оламан. Ҳозирги тобора ошиб бораётган нарх-навода бу арзимас пул бўлиб қолди. Агар Россияда ишлаётган ўғлим бўлмаганда эди, ҳолимиз нима кечарди, билмайман, - деди Гулистон шаҳрида яшайдиган Маҳмуд Мадисоев.

Расмий маълумотларга қараганда Тожикистон аҳолисининг 26 фоизи кам таъминланган ҳисобланади.

-Байрам дастурхони тортсиз ўтмайдиган бўлиб қолганини биласиз. Биз каби қўли қисқалар энг арзон торт қидирамиз, - деди арзон тортлар сотиладиган растада юрган аёл.

Ким нимани истайди, ким нима ташвишда?

BBCUZBEK

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Оддий тожикистонликлар Янги йилда нималар амалга ошишини умид қилаётганликларини айтар эканлар, кўпроқ Россия билан муносабатларга тўхтатилишди.

Норасмий маълумотларга қараганда Россияда ҳозир 1 миллион нафарга яқин тожикистонлик ишламоқда.

Россия фуқаролигини қабул қилаётган тожикистонликлар сони тобора ортмоқда.

Ковид-19 инфекцияси бироз юмшагандан кейин Россияга авиапарвозлар йўлга қўйилгач, у ерга ишлаш учун кетаётганл��р сони кескин кўпайиб кетди. Улар орасида шифокорлар ва муаллимлар ҳам оз эмас.

- Россия бир юзу йигирма минг нафар ҳамюртимизининг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни бекор қилибди. Билмадим, улар орасида мен бормиканман? Агар бор бўлсам, иккита сигиримдан биттасини сотаман-да, самолётга билет оламан, - деди Ашт туманида яшашини айтган ўттиз ёшлардаги Олимжон.

- Мен келаётган йилда қўшни Қирғизистон билан муносабатларимиз яхшиланишини истайман. У ерда сингилларим яшашади. Кўришмаганимизга саккиз ой бўлди. Чегарадан ўтган одамни ушлаб, қамаб қўйишяпти, жарима олишяпти. Шнинг учун ўтишга юрагим бетламайди. Менга ўхшаганлар битта эмас, - деди Бобожон Ғафуров туманининг Қирғизистоннинг Лайлак тумани билан чегарадош қишлоқларидан бирида яшайдиган Жумабой.

28-апрелда қўшни тожик ва қирғиз қишлоқлари аҳолисининг сувтақсимлагич ёнида бошланган айтишувлари аввал тош отишга, 29-апрелда эса, қуролли тўқнашувга айланиб кетган. Икки кун давом этган отишмалар натижасида 300 нафарга яқин инсон жабрланган. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра ҳар икки томондан 55 киши ҳалок бўлган.

Тожикистонликларни янги йилда ташвишлантираётган масалалардан яна бири Афғонистон муаммоси бўлиб қолмоқда.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Афғонистон ҳукумати бошига Толибон қудратга келган дамлардаги фикрини ҳамон такрорламоқда.

У Тожикистон Олий мажлисига йўллаган Паёмида «Бугун халқни бирлаштириш ва барча миллатлар, элатлар ва сиёсий кучларнинг вакиллари ҳамда манфаатларини қамраб оладиган инклюзив ҳукумат таъсис этилиши Афғонистонда тинчлик ва осойишталикка эришишнинг ягона йўли деб ҳисоблайман», деди.

Тожикистон Афғонистон билан 1400 километрлик умумий чегарага эга.

Паёмда таъкидланишича, « … ушбу чегара минтақасида юзага келадиган барча муаммолар, жумладан ҳаркунлик гиёҳванд моддалар ва қурол-яроқлар контрабандаси, ноқонуний муҳожирлик ва унга қарши масалаларга қарши курашиш тўғридан-тўғри ва аввало Тожикистон зиммасида турибди».

Эмомали Раҳмон Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида минглаб одамларнинг қони тўкилганида ҳам Афғонистондаги уруш вазиятини айблайди:

«Агар Афғонистон ўша пайтда осойишта ва барқарор бўлганида фуқароларимиздан ташкил этилган экстремист ва террорчи гуруҳлар ушбу мамлакат ҳудудидан Тожикистонга қарши қонли хатти-ҳаракатларни амалга ошириш базаси сифатида фойдаланилмаган бўларди».

Афғонистонда ҳозирда ҳам Тожикистондан кетган жангарилар борлиги айтилади.

Тожикистонликлар яна 2022-йилда бутун Ер юзида коронавируснинг йўқ бўлиб кетишини исташмоқда.

Гарчи ўтаётган йилда коронавирус Тожикистонда аввалги йилдагидек қаттиқ кечмаган бўлса-да, барибир Ковид-19нинг иккинчи тўлқини анчагина одамнинг ёстиғини қуритди. Жумладан, мамлакатда таниқли одамларни ҳам. Улар орасида Тожикистон Халқ шоири Сайидали Маъмур, унинг аёли ва ўғли ҳам бор.

Шу пайтгача Тожикистон аҳолисининг 60 фоизи коронавирусга қарши эмланган.

Дунёда коронавируснинг янги кўриниши тарқала бошлангач, Тожикистонда эҳтиёт чораларини кучайтиришга киришилди. Чет мамлакатлардан келаётганлар албатта шифокорлар назорати остига олинмоқда.

2022-2026-йиллар Тожикистон Президенти томонидан саноатни ривожлантириш йиллари деб эълон қилинди.

Юз минглаб тожикистонликлар бу режани амалга ошишига ва яхши иш ҳақи тўланадиган доимий ишга эга бўлиб, ўз юртларида, оилалари ҳузурида яшашга умид қилишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek