Ҳиндистон учун ким АҚШ президенти бўлгани яхши?

  • Зарина Бухорий
  • Деҳли
Байден ва Трамп

Сурат манбаси, GETTY IMAGES / REUTERS

Дунё бўйлаб бир йилда саноқсиз сайловлар ўтказилиши камдан-кам учрайди. 2024 йил шундай йиллардан. Тайван, Бангладеш, Индонезия ва Покистонда сайловлар аллақачон якунланди. Ҳиндистонда бошланган парламент сайловлари бир миллиард киши овоз бериш ҳуқуқига эга дунёдаги энг йирик демократик жараён. Йил охирида Буюк Британияда парламент сайло��лари кутилмоқда.

Бутун дунё интиқлик билан кутаётган АҚШ президентлик сайловлари ноябрь ойида ўтказилади. Ҳиндистон парламент сайловлари билан банд бўлишига қарамай, оммавий ахборот воситалари АҚШдаги сайловни Президент Жо Байден ва собиқ президент Дональд Трамп ўртасидаги сиёсий кураш майдонига айлантирди.

Ҳиндистонликлар назарида АҚШнинг кейинги президенти ким?

Дҳананжай Дасдан иқтибос

Сурат манбаси, .

Ҳиндистонликлар АҚШнинг кейинги президенти сифатида кимни кўришни афзал кўришлари ҳақида мунозаралар давом этмоқда.

Алоқадор мавзулар:

АҚШнинг навбатдаги президенти Доналд Трамп ёки Жо Байден?

Деҳли 1
Сурат тагсўзи, Бу йил Ҳиндистонда ҳам парламент сайлови. Овоз бериш мартдан июнгача давом этади

Бу индивидуал қарашлар, мафкуралар ва манфаатларга қараб фарқ қилади. Аммо ҳиндлар кўпроқ Доналд Трампга мойил кўринадилар. Доктор Файсал Аҳмад Хитой ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси бўйича геосиёсий эксперт, Янги Деҳлидаги FORE Менежмент институти профессори.

Унинг сўзларига кўра, "оддий ҳиндистонлик учун" Доналд Трамп маъқулдек туюлади. Трамп президент бўлганида Ҳиндистонга нисбатан ўта қаттиққўл бўлди. У президентлик даврида, бир қанча қатъий чоралар кўрди. Масалан, у Ҳиндистон олган умумий имтиёзлар тизимини олиб ташлади. У шунингдек, АҚШнинг Ҳиндистон билан савдо тақчиллигига оид масалаларни кўтарди ва Американинг Ҳиндистон билан савдо камомадини камайтириш учун Ҳиндистондан АҚШ билан савдо шартномасини имзолашга хайрихоҳлик қилди. Бироқ, бу таклиф қилинган савдо битими амалга ошмади. У Бош вазир Нарендра Моди билан умумий манфаатларга асосланган яхши ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолди, холос.

Профессор давом эттириб, дейди: "Президент Жо Байден, аксинча, АҚШ президентлигини эгаллаганида, Ҳиндистонда умид уйғотди ва биз "у чуқур дипломатия билан шуғулланади ва Ҳиндистонга фойда келтиради" деб умид қилган эдик. Бироқ, Байден Ҳиндистоннинг иқтисодий ва стратегик манфаатларига хизмат қилишга етарли даражада аҳамият қаратмади".

Байденнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги кўп ҳаракатлари асосан ўз иттифоқчилари, шу жумладан, Ҳиндистон манфаатларидан кўра, кўпроқ Америка манфаатларини қондиришга қаратилди.

Модининг Трамп ва Байден билан яқин муносабатлари

Деҳли вокзалларидан бири

Бош вазир Нарендра Моди ҳам Доналд Трамп ва Жо Байден билан яқин алоқани сақлайди. Ҳиндистон-АҚШ алоқалари иккала президент бошчилигида мустаҳкамланди. Лекин, улардан қайси бири Модига яқинроқ эди? Буни икки воқеа мисолида англаш мумкин:

2019-йил 22-сентабрда Техас штатининг Хюстон шаҳридаги NRG стадионида 50 000 дан ортиқ киши йиғилди. Асосан, ҳинд миллатига мансуб томошабинлар Президент Доналд Трамп ва Бош вазир Моди ўртасидаги илиқ муносабатнинг гувоҳи бўлишди. Хюстондаги ҳинд жамоатчилиги иштирокида ташкил этилган "Howdy Modi" яъни "Салом Моди" тадбири ҳиндистонликлар томонидан жуда қадрланган Трамп-Моди дўстлигининг чўққиси бўлди.

Стратегик нуқтаи назардан, "Howdy Modi" тадбири иккала раҳбар учун қатор мақсадларга хизмат қилди. Моди учун бу оммавий ҳинд диаспораси аудиториясига мурожаат қилиш, ўзининг машҳурлигини кучайтириш ва Ҳиндистонни унинг раҳбарлиги остида глобал куч сифатида кўрсатиш эди. Трамп учун эса, бу 2020-йилги АҚШ президентлик сайловлари олдидан ҳинд-америкалик сайловчиларни эътиборини қозониш ва Хитой таъсирини мувозанатлаш бўйича ўз маъмуриятининг Ҳинд-Тинч океани стратегиясидаги асосий иттифоқчиси бўлган Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўрди.

2023-йил 22-июнда эса, Моди АҚШга давлат ташрифи билан сафар қилди. Президент Жо Байден уни қаҳрамондек кутиб олди. У Ҳиндистон бош вазирлари ичида, биринчи марта Конгрессда нутқ сўзлади. Агар Хюстон Трампнинг Модига ҳайратини оширган бўлса, Оқ Уйдаги давлат ташрифи Байден томонидан Ҳиндистонни ўзининг яқин ҳамкори сифатида қадрлашини яққол ифода этди. Бу Моди учун шахсий ғалаба эди. У 2002-йилда Гужарат штати бош вазири бўлганида, у ердаги ҳинд-мусулмон можаролари чоғида, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳақидаги даъволар туфайли киришини тақиқлаб қўйган мамлакатда қаҳрамонларча кутиб олинди.

Доктор Файсал Аҳмаднинг айтишича, "Аслида Байденнинг сиёсати ўз иттифоқдошларини, жумладан, Ҳиндистонни ҳам АҚШ манфаатларига бўйсуниб ёки АҚШ манфаатларига мос ҳолда ушлаб туришга қаратилган. Бироқ, Ҳиндистон учун Трамп билан президент сифатида муносабатда бўлиш янада машаққатли бўлиши мумкин. Бу Ҳиндистонга глобал геосиёсатга таъсир ўтказиш учун етарли имкон беради ва шу тариқа ўзининг "стратегик автономия" бўлган ташқи сиёсат мақсадини янада аниқроқ амалга оширади.

Дҳананжай Дас
Сурат тагсўзи, Дҳананжай Дас Байден президент бўлгани яхши деган фикрда

Шундай экан, ҳиндистонликлар учун Президент Трамп яхшироқ танлов бўлиши мумкинлигини қўшимча қиладди у.

Аммо, коммуникация мутахассиси Чалини Нараянан фикрича, ҳиндулар учун икки етакчи ўртасида танлов қилиш мураккаб вазифадир. Унинг айтишича, "бу саволга жавоб бериш мушкул. Ҳиндистон ҳар икки президент билан яхши муносабатларга эга".

Асли Ғарбий Бенгалиялик дўкондор Дҳананжай Даснинг айтишича: "Трамп фақатгина Моди учун яхши номзод, Байден эса, Ҳиндистон учун. Умид қиламанки, Байден қайта президент бўлади, аммо телевизорда янгиликларни кузатиб, Трамп яна президент бўлиши мумкинлигини сезяпман".

Деҳлига Уттар Прадеш штатидан қатнаб меҳнат қиладиган Гурчаран эса Америка сайловлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди. "Ўзимизда яқинда парламент сайловлари бўлишини биламан ва унда қайта Моди 3-маротаба ютишига аминман", дея қўшимча қилди Гурчаран.

Имтиёз Хан Деҳлида фаррош бўлиб ишлайди. "АҚШ сайловлари ҳақида билишга ҳаракат қилмадим. Лекин, ким президент бўлса ҳам, у бутун дунёни босс сифатида бошқаради" деди Имтиёз.

Доналд Трамп айниқса ўнг қанот ҳиндулари орасида танилган. Ўнгдаги кўпчилик Трампни илоҳдек қабул қиладилар. 2016-йилда Ҳиндистондаги ўнг қанот "Ҳинду Сена" гуруҳи янги Деҳлида Доналд Трампнинг туғилган кунини нишонлади. Туғилган кун пойтахтдаги Жантар Мантар ёдгорлигида бўлиб ўтди. Унда рангли торт, шунингдек, Трампнинг плакатлари ҳам осилган эди. Бу президент этиб сайланишидан олдин ҳам ташкиллаштирилган эди. Ўша пайтда Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ҳинду сенати дунёни ислом террори "эпидемияси"дан фақат Трамп қутқара олишига ишонганини хабар қилган эди. Бу сафар Ҳинду Сена 2016-йилдаги каби ҳиндуизм динида учрайдиган маросимлар ўтказиб, Трампнинг қайта сайланиши учун ибодат қилиш билан банд ва бу республикачиларга яна бир бор устунлик бериши мумкинлигига ишонади.

"Биз Доналд Трампни 2016-йилда АҚШ президенти бўлишига кўплар ишонмаганига, уни қўллаб-қувватлаган эдик. Шубҳасиз, бизнинг ибодатларимиз унга ёрдам берган ва бу сафар ҳам шундай бўлади" дейди аноним бўлишни истаган Ҳинду Сена аъзоларидан бири.

Ҳиндистон иккала партиянинг эътиборида

Имтияз Хан
Сурат тагсўзи, Ким АҚШ президенти бўлса ҳам, ўша одам дунёни бошқаради, дейди Имтиёз Хон

Ҳиндистон Конгрессда ҳар иккала партиянинг(бипартизан) қўллаб-қувватловига эга бўлган дунёдаги кам сонли давлатлардан биридир. Демократлар ҳам, республикачилар ҳам ҳинд миллатига мансуб юқори обрўли сиёсатчиларга эга ва бу АҚШга Ҳиндистонни Тинч океани минтақасида Хитойга қарши кенг коалициянинг бир қисмига айлантиришга ёрдам берди.

Доктор Файсал Аҳмад шундай дейди: "АҚШ ўз иттифоқчилари, жумладан Ҳиндистон билан Ҳинд-Тинч океани минтақасида Хитойнинг юксалишини ушлаб туриш учун ҳамкорлик қилмоқчи эканини тушуниш жуда зарур. Бу Трамп ҳукмронлиги даврида аллақачон қарор қилинган эди. Бугунги кунда Байден маъмурияти Хитой билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда, чунки у Хитойга қимматга туша олмайди. Ўйлашимча, АҚШнинг ўз иттифоқчилари жумладан, Ҳиндистон билан тузган Ҳинд-Тинч океани иқтисодий асоси IPEF каби жамоатлари мавжуд. IPEF Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббусига қарши туради".

Профессор Чалини Нараянаннинг айтишича, "Ҳинд-АҚШ муносабатлари юксалмоқда. Ҳиндистон АҚШнинг минтақадаги стратегик ҳамкорига айланди".

Ҳиндистон диаспораси фактори

Ҳиндистон диаспораси ҳам федерал, ҳам штат даражасидаги сайловларга номзодлар учун катта донор бўлди. Шунинг учун улар бугунги кунда АҚШ сиёсатида катта таъсирга эга. Трамп президентлигида 80 га яқин ҳиндистонлик америкаликлар бор эди. Аммо Байден маъмурияти даврида бу рақам 130 дан ошиб кетди. Вице-президент Камала Ҳаррис ҳиндистонлик, Никки Хейли ва губернатор Бобби Жиндал каби республикачилар ҳам. Уларнинг Америка сиёсатидаги юксалиши ўнг ҳиндуларни Америка сайловларига қизиқтирди.

Гурчаран
Сурат тагсўзи, Гурчаран АҚШ сайловига қизиқмайди, лекин Ҳиндистондаги парламент сайловида яна Бош вазир Моди партияси ғолиб бўлади, деб ишонади

Шунингдек, АҚШдаги кўплаб глобал технология компаниялари ҳиндистонликлар ёки ҳинд-америкаликлар томонидан бошқарилади. Бу айниқса, ҳиндуларни фахрлантиради. Мicrosoft раиси ва бош директори Сатя Наделла, Аlphabet ва Google бош директори Сундер Пичай ва IBM бош директори Арвинд Кришна Ҳиндистондаги энг машҳур номлардан.

Республикачи Доналд Трамп ва демократ Жо Байден ўртасида АҚШ президентлик сайловлари натижалари бир неча ойларда маълум бўлади. Ўта ўнг қанот ҳиндлар Трамп фойдасигадек кўринсалар-да, қолган ҳиндларнинг қайси номзодга ён босишини англаш мураккабдек.

АҚШдаги энг нуфузли гуруҳлардан бири бўлган ҳинд диаспораси ҳам Трамп ёки Байденга содиқлигини кўрсатишда иккига бўлинган. Анъанага кўра, ҳинд америкаликлар Демократик партияга овоз бериб, партиянинг президентликка номзодларини қўллаб-қувватлаган. Аммо, бу Трампнинг 2016-йилда илк бор сайловда иштирок этиши билан ўзгарганга ўхшайди. АҚШдаги сайловлар асл ҳиндистонликларни қамраб олди.

Йил охиригача 60 дан ортиқ мамлакатларда сайловлар, жумладан, АҚШ сайловлари ҳам якунланади.

Доктор Файсал Аҳмад айтганидек, бу демократиянинг ғалабаси бўлиши кутилмоқда: "Менимча, АҚШ, Буюк Британия ва Ҳиндистондаги сайловлар демократик етукликнинг намуналарини кўрсатиши керак. Ва ишончим комилки, демократик ғоялар ғалаба қозонади ва сайловлар бу мамлакатлар ўз электоратлари орасида демократик қадриятларни мустаҳкамлашга бўлган иштиёқнинг юқорилигига гувоҳ бўлади".

Айни пайтда, Ҳиндистон парламент сайловлари бошланмоқда.

Ҳиндлар АҚШ президентлиги учун кескин бўлиши кутилаётган сайлов ва унинг натижаларини ҳам сабрсизлик билан кутишади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002