Ўзбекистон: Ситилар қуриш ўрнига халққа газ ва электр берса нима бўлади?

Лазиз Қудратов

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ жойларидаги аҳолининг газ ва электр муаммосини ечиш устида ишламоқда.

Бу ҳақда Би-би-сига гапирган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов биринчи марта Tashkent City лойиҳасини амалга оширишда "қандайдир хатоларга йўл қўйилган бўлиши мумкин"лигини эътироф этди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахс��й маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Жорий йил январида Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Лазиз Қудратов ва бошқа расмийлар Британиядаги Open Democracy ташкилотининг Tashkent City лойиҳасининг шаффоф эмаслиги ҳақидаги хулосаларини рад этишганди.

Open Democracy ташкилоти ўз ҳисоботларида пул ювиш эҳтимолидан огоҳлантирган.

Ўзбек расмийлари Open Democracy ташкилотининг жорий йил январида эълон қилинган илк ҳисоботидаги хулосаларни рад этишган, кейинги ҳисоботларни эса жавобсиз қолдирганлар.

Лондондаги Uzinvest Forum анжуманида қатнашган Лазиз Қудратов Би-би-си саволларига жавоб берди.

Би-би-си: Қишлоқ жойларида одамлар газсиз, светсиз ўтирибди. Ис газидан нобуд бўляпти. Бу ёқда эса миллиардлаб долларга ситилар қуриляпти. Шу маблағларни жойларда инфратузилма яратиш, аҳолига газ ва электр энергияси етказиб беришга сарфласа бўлмайдими?

Лазиз Қудратов: Йўқ, биз қишлоқ жойларидаги инфраструктураларга ҳам кўп сармоя ётқизаяпмиз. Бу(Tashkent City) хусусий тадбир��орлар ташаббуси асосидаги лойиҳа ва у бозор иқтисодиётига асосланган. Инсонлар инвестиция ётқизиб, бундан даромад топадилар. Бунда давлатнинг роли - мутаносиб инфраструктура барпо этилишини таъминлаш. Мутаносиб инфраструктурасиз сифатли инвестиция олиб келиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз халқаро молия институтлари қўллаб-қувватловида йирик маблағларни йўллар, электр таъминоти ва сув канализацияси тизимларига йўналтираяпмиз. Бу йил сиз айтаётган инфратузилма лойиҳаларига маблағлар йўналтириш икки ҳиссадан кўпроққа ортди. Биз "Обод қишлоқ" , Обод маҳалла" сингари лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Уларнинг асосий мақсади қишлоқ жойларидаги аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашдан иборат. Ўзбекистоннинг истаган ҳудуди, шаҳри ёки қишлоғида яшаётган ватандош бирдек яхши шароитларга эга бўлиши керак. Ҳукуматнинг саъйи-ҳаракатлари шунга қаратилган. Ҳеч ким одамга ўхшаб яшаш учун қишлоқдан шаҳарга кўчиб келишга мажбур бўлмасин. Бу ҳукумат сиёсати, биз шу масала устида ишлаяпмиз.

Би-би-си: Tashkent City лойиҳасига оид камида уч суриштирув, уч ҳисобот эълон қилинди. Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг дунёга очилаётгани рамзи сифатида тақдим этилаяпти. Ушбу лойиҳанинг шаффофлиги борасидаги саволлар ҳам ўртага чиқди. Бу каби лойиҳаларда шаффофликни таъминлайдиган механизм борми?

Лазиз Қудратов: Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш механизмларидан бири хусусий секторни жалб қилиб, хусусий сектор иштирокини кўпайтириш, давлат иштирокини камайтириш ҳисобланади. Биз Tashkent Cityдан кейин Ўзбекистонда бир неча ривожлантириш лойиҳаларини бошладик ва Тошкент шаҳрида қатор муваффақиятли кўчмас мулк лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этдик. Биздан янада кўп хорижий компаниялар нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам қурилиш лойиҳаларига сармоя киритаётганларини кўраяпмиз. Улар Япониядан, Кореядан, қўшни мамлакатлардан, Россия, Қозоғистондан келаётганларини ва ўзларининг пулларини ётқизаётганларини кўраяпмиз. Шундай экан, бу лойиҳа Ўзбекистоннинг илк очилиш жараёнидаги илк лойиҳалардан бири бўлган. Ва балки қандайдир хатоларга йў�� қўйилган бўлиши мумкин. Аммо бугунга келиб биз хусусий секторнинг роли ортиб бораётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Нодавлат сектор иштирокининг кўпайиши билан биз янада кўпроқ шаффофликни, бизнес юритишда очиқликни таъминлай оламиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Инвесторларни Ўзбекистонга боришдан қайтариб турган уч асосий тўсиқни айтоласизми?

Лазиз Қудратов: Мен Ўзбекистонга киришга қандайдир омиллар тўсқинлик қилиб турибди, деб айтмаган бўлардим. Агар сиз мисол учун Ўзбекистонда янгидан ташкил этилган хорижий компанияларга оид рақамларга қарасангиз, бундай ширкатларнинг сони 2018 йилда 2017 йилги рақамларга солиштирганда уч баробар кўпайганини кўришингиз мумкин. Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизилган тўғридан-тўғри хорижий сармоя эса 2,5 баробар ортган. Келгуси йил эса биз бундан ҳам кўпроқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кутмоқдамиз. Албатта, биз ислоҳотларни давом эттирмоғимиз лозим. Ўзгаришлар, айниқса, банк тизими, молия соҳасига қаратилиши керак, солиқ тизими янада мукаммаллаштирилиши талаб қилинади. Бу соҳалар муайян вазирликларнинг доимий назоратида. Улар Ўзбекистондаги бизнес муҳити, сармоя муҳитини янада жозибали қилиш устида бош қотирмоқдалар. Менинг ишончим комил, мамлакатда янгидан ташкил этилаётган компанияларнинг сони бундан ҳам ошади.

Би-би-си: Ҳукумат коррупцияга қарши етарли даражада курашмаяпти, деган танқидларга нима дейсиз?

Лазиз Қудратов: Биз бу борада фақат ҳуқуқий жиҳатдан эмас, балки ҳукуматни ҳақиқатда ҳисобдор қилиш учун амалда аниқ чора-тадбирларни кўраяпмиз, йўл хариталарини ишлаб чиқяпмиз. Шаффофликни таъминлаш учун электрон ҳукумат тизимини жорий қилиняпти. Жумладан, солиқ, божхона ва бошқа тизимларда. Онлайн тизими, электрон ҳукумат коррупцияга қарши янада самаралироқ курашишда ёрдам беради, деб умид қиляпмиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek