Ўзбекистон: Мени кўп сўккансиз... Сўкяпсиз – ўзи “аномал совуқ” нима ва унга қандай тайёргарлик кўрилди? - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

winter

Сурат манбаси, Uchtepa tumani hokimligi

Сурат тагсўзи, Ҳокимликлар «аномал қишга қарши кураш» ишларини кўз-кўз қилганлар.

Энергияни иқтисод қилишга чақирувчи мультфильм, тизимга уланмаган радиаторни ушлаб кўраётган ҳоким, ярим тунда бекор қилинган таътиллар, скотчланган деразалар, мажлисдан қор курашга ҳайдалган амалдорлар, кетма-кет огоҳлантириш ва тавсиялар - Ўзбекистонда "аномал" аталмиш совуқ кунларга қандай тайёргарлик кўрилди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Ўтган декабрь ойи бошида кузатилган аёзли кунларда ишни яхши ташкилламагани учун қаттиқ танқидга тутилган расмийлар янги йилнинг илк совуқ даврига олдиндан фаол тайёргарлик кўргани кузатилган.

Тайёргарлик ишлари аҳолини 10-15 январь кунлари "аномал совуқ" бўлиб ўтишидан огоҳлантиришдан бошланган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Биринчилардан бўлиб Энергетика вазирлиги ўзига хос усулда - анимацион ролик орқали одамларни аёзга маънан тайёр бўлишга чақирган.

Кетма-кет турли вазирлику идоралар, ҳокимликлар огоҳлантиришу тавсиялар билан халққа мурожаат қилган.

Айрим ўзбекистонликлар бу сафар ҳукумат табиат инжиқлиги олдида қўл қовуштириб ўтирмаганини эътироф этган бўлса, бир вақтнинг ўзида, кўплаб одамлар бошланиши олдиндан прогноз қилинган совуқ кунлар бошқарувдаги тартибсизликни яна бир бор очиб ташлаганини таъкидлаган.

Би-би-си "аномал совуқ"қа кўрилган тайёргарлик ишларининг энг муҳим нуқталарини эътиборингизга ҳавола этмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Мени кўп сўккансиз. Сўкяпсиз…"

address

Сурат манбаси, Energetika vazirligi

Янги йилнинг илк ҳафтасида Ўзгидромет Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши ортидан 10-15 январь кунлари мамлакатда аномал совуқ кузатилиши, ҳарорат кечаси ўртача 12-17 даража совуқ, чўл ҳудудларида эса 25-27 даража совуққа қадар тушиб кетишидан огоҳлантирган.

Бу хабар эса ўтган йилнинг декабрь ойи бошида ёққан қор ва кузатилган аёз ижтимоий ҳаётни жиддий фалажлантириб қўйгани ҳали ёдидан чиқмаган ўзбекистонликларни ташвишга солган - кўплаб одамлар келажак совуқ олдидан ўтин-кўмирларни ғамлай бошлагани ҳақида хабар бериб, видео-суратларни илова қилганлар.

Бир қанча тармоқ фойдаланувчилари олдинги аёзда ҳукумат ишни яхши ташкил эта олмаганини таъкидлаб, бу сафар ҳам одамлар фақат ўз имкониятига таяниши мумкинлиги ҳақида ёзганлар.

Бир вақтнинг ўзида "аномал" сўзи ижтимоий тармоқда трендга чиқа бошлаган - фойдаланувчиларнинг бир қисми мазкур тушунча расмий даражада қўлланилаётганини кулги остига олган бўлса, бошқалар ҳукуматни бу сўз орқали вазиятни бўрттириш ва масъулиятни гардандан соқит қилишга уринишда айблаган.

"Нормал қиш келса ҳам аномал совуқ дейилавераркан-да. Аслида, шу пайтгача аномал иссиқ қиш эди. Мартгача шунақа қиш бўлсин", дея ёзган таниқли ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад.

Шунингдек, свет ва газ ўчиши янада кучайишидан кўплаб хавотирлар билдирилган.

Шундай манзарада 7 январь куни Энергетика вазирлиги анимацион ролик шаклида халққа мурожаат эълон қилган - мультфильмда, асосан, энергетика тизими мустақилликнинг илк даврларида абгор аҳволга тушиб қолгани, янгиланмаганига урғу берилиб, одамлар энергияни иқтисод қилишга чақирилади.

"Айнан мен болачаларингиз ёруғ, иссиқ уйда ўтиришига масъулман. Мени кўп сўккансиз, сўкяпсиз - биламан", сўзлайди вазирлик номидан гапираётган сухандон.

Мультфильм-мурожаатда одамларга чироқларнинг ортиқчасини ўчириб қўйиш, уйларнинг деразасини мустаҳкамлаш, чўмилиш вақтида иссиқ сувни кўп оқизмай, идишга олиб қўйиш, мактабга болаларни қўшнилар билан бирга келишиб, бир машинада юбориш каби тавсиялар берилган.

Аксар одамлар вазирлик мурожаатини танқидлар билан қабул қилган - улар шундоқ ҳам қишлоқларда энерготаъминот ёмон аҳволда эканини тилга олганлар.

"Ўзи тинимсиз ўчайотган электр, 20 йил олдин узиб қўйилган газни қандай тежаймиз экан? Вазирлик шу ҳақида ҳам мультфильм тайёрласа, яхши бўларди", дея ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.

snow

Сурат манбаси, O'zgidromet

Сурат тагсўзи, Сирдарёда қор 29 сантиметргача етгани хабар қилинган.

Ушбу мультфильм-мурожаат эълон қилинишидан икки кун олдин - 5 январь куни Энергетика вазирлиги электр энергияси етказиб беришда, заруратга қараб, қисқа (2 соатдан ошмаган) чекловлар киритилишидан огоҳлантирган эди.

"Бор қорни кура!"

Тармоқ бўйлаб кенг бўй чўзган танқидларга қарамай, қатор вазирлик-идоралар аёзни ўтказиб олиш давомида қўл келадиган хос тавсияларни эълон қилган.

Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги "аномал совуқ" кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслигини тавсия этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса чорва моллари ва экинларни совуқдан асраш йўллари билан ўртоқлашган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги иситиш жараёнини автоматлаштириш, иситиш радиаторларида кийимларни қуритмаслик, қуёш чиққанда пардаларни очиш каби усуллар билан хона ҳароратини ушлаб туришга чақирган.

Тошкент шаҳар ИИББ транспорт воситаларини дарахтлар ва темир қурилмалар тагига қўймаслик, эшик ва деразаларни мустаҳкам ёпиш, ёш болаларни қаровсиз кўчага чиқармасликни сўраган.

"Юксалиш" ҳаракати барча иш берувчилар - ҳам давлат, ҳам хусусий секторни совуқ кунларда ходимларни қулай ҳарорат билан таъминлаш, агар иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, уларнинг онлайн ишлашига рухсат беришга даъват этган.

Тарғибот ишларига, ҳатто, таниқли шахслар ва жамоатчилик фаоллари ҳам қўшилган.

Таниқли тадбиркор Мурад Назаров ўз уйидаги ромлар четини скотчлаб чиққани ҳақида ёзган.

"Мақсад — иссиқликни максимал даражада уйда ушлаб қолиш ва энергия сарфини қисқартириш. Энг кўп фойдаланадиган хоналардан ташқари ҳамма хоналарни батареяларини ўчириб қўйдим. Ҳатто болаларимни ҳам бир хонада 2 киши эмас, 3-4 киши бўлиб ухлашларига шароит яратдим".

snow

Сурат манбаси, BBC Uzbek

10 январь куни кўплаб ҳудудларда кучли қор ёғаётган бир пайтда эса қатор вилоят ва туман ҳокимликлари сурат ва видеолар билан табиат инжиқлиги оқибатларини бартараф қилиш ишларини кўз-кўз қилганлар.

Айниқса, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов шу куни ўтказган йиғилишдан олинган қисқа видео тармоқда "қўлма-қўл бўлган".

Видеода Турдимов кўчалар, троутарларда қор куралмаётганидан жаҳл қилиб, бир неча маҳаллий амалдорларни мажлисдан ҳайдаб чиқаргани кўзга ташланади.

"Ийе, сен нимага бу ерда ўтирибсан? Чиқиб кет залдан! Қорни кура бориб!" ўшқирган Турдимов қўл остидагилардан бирига қарата.

"Ҳей, бу қор эримайди. Бу қор кўпчиликнинг ёстиғини қуритади, кўп одамга моддий зарар етказади - машинасини уриб олади. Шунинг учун ҳамма бутун вилоятнинг техникасини жалб қилиб, керак бўлса, ҳашар қилиб, тозалаш керак", таъкидлаган ҳоким.

Ўқишми? Ўқишмасми?

"Аномал совуқ"қа тайёргарлик даврида энг кўп танқидга тутилган қарор эса таълим масканларига берилган қўшимча таътил муддатини бекор қилишга оид бўлган.

10 январь куни турли ҳудудлар ҳокимликлари "аномал совуқ" туфайли бундан бир неча кун олдин 17 январга қадар узайтирилгани айтилган қишки таътил тугаганини тартибсиз тарзда эълон қила бошлаган.

Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 11 январь киришига бир соатдан сал кўпроқ вақт қолгандагина пойтахт мактабларида шароитга қараб, босқичма-босқич ўқиш бошланишини хабар қилган.

Бу пайтга келиб эса мамлакат бўйлаб мактаблар иш бошлашига оид пайдар-пай вазият юзага келган - вилоят ҳокимликлари ўз ҳудудларида 11, 12, 13, 16 ва 18 январдан ўқишни бошланишини айтиб чиққан.

snow

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ҳокимлар пала-партиш қабул қилган қарор туфайли қишки таътил бекор қилинган, аммо 11 январь куни аксар ота-оналар болаларини мактабга юбормагани хабар қилинган.

Кўплаб ўзбекистонликлар таътил вақтини нега ҳокимлар белгилаётгани сабабидан ажабланган - кейинроқ ҳукумат баёни билан қишки таътил муддатини мавжуд шароитни инобатга олган ҳолда белгилаш ваколати маҳаллий ҳокимликларга берилгани маълум бўлган.

Бу эса одамларнинг норозилигига сабаб бўлиб, улар ҳокимларни "аномал совуқ" бўйича "аномал қарор" олиб, беқарор вазиятни юзага келганда айблаганлар.

"Сифатли таълим" йилидаги 1-дарсимизга масъуллардан ҳеч ким тайёрланмай келибди, ҳаммаси "2" баҳо олишди", дея ёзган ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

"Ўзбекистон, унинг халқи, мустақиллиги, келажаги учун энг катта ва жиддий хавф аномал совуқ ё иссиқ эмас, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган аномал ўзбек чиновниклари ҳамда улар қабул қиладиган аномал қарорлардир", дея фикр билдирган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Собиқ депутат Расул Кушербаев эса ҳокимлар юзага келтирган мавҳум вазият ортидан фарзанди 11 январь куни ўзи ўқийдиган мактабга келган ягона ўқувчи бўлгани ҳақида ёзган.

Қишки таътилга оид вазият фақат норозилик билдириш билан қабул қилинмаган - тармоқда Шовот тумани ҳокими Одилбек Артиқовнинг мактабда тизимга уланмаган радиаторга қўлини теккизганча, гўё унинг иссиқлигини текшираётгани тасвирланган сурат яшин тезлигида тарқалиб, фойдаланувчиларнинг захарҳанда муносабатига сабаб бўлган.

hokim

Сурат манбаси, Shovot tumani hokimligi

Сурат тагсўзи, Шовот тумани ҳокимининг тизимга уланмаган радиаторни ушлаб турган сурати яшин тезлигида тарқалган.

"Ҳокимбува таътил муддати қандай ҳал қилингани сирини сотиб қўйдилар. Болаларимиз энди уланмаган радиатор иссиғида маза қилиб ўқишади", дея киноя қилди фойдаланувчилардан бири.

11 январь куни Шовот тумани ҳокимлиги расмий муносабат билан чиқиб, ҳоким иситиш қозони таъмирга олиб кетилган мактабнинг иситиш тизими сувдан тозалангани ёки йўқлигини шахсан кўздан кечирганини даъво қилган.

Бир вақтнинг ўзида "Юксалиш" ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов қатор ҳудудлардаги мактаб ва боғчаларда иситиш тизимлари тўлақонли йўлга қўйилмагани тўғрисида мурожаатлар келаётгани, шу сабабдан ўқиш бошлашнинг аниқ муддати муассасалар маъмуриятлари, ота-оналар ҳамда педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда белгиланиши лозимлиги ҳақида ёзган.

Ўзи "аномал совуқ" нима?

habi

Сурат манбаси, Habi Katura

Сурат тагсўзи, Кўплаб ўзбекистонликлар ҳавонинг "атиги" 15 даража совуққа тушиши расмийлар томонидан нега "аномал" дея аталаётганидан ҳайрон бўлган

Бу сафар ҳам масъуллар ўз гарданидаги вазифаларни етарлича адо эта олмагани, совуққа яхши тайёргарлик кўрмагани таъкидлангани билан бир қаторда кўплаб ўзбекистонликларни расмийлар нега "аномал" сўзини ишлатаётганига қизиққан.

Асли юнонча бўлган ушбу сўзни ўзбек тилига "норма, меъёрдан четдаги, ноодатий" дея таржима қилиш мумкин.

"Қишда "аномал-совуқ", баҳорда "аномал-ёмғир", ёзда "аномал-иссиқ"… Биз қандайдир аномал ҳудудда яшаймизми? Камига аномал-ҳокимларга йўлиққанмиздан, ҳамма жойни *** қилиб ташлашди. Ўзи бизда бирор нормал нарса борми?" дея ўртага савол ташлаган Муфаса тахаллуси билан ёзадиган блогер Мирсаид Ҳайдаров.

Айрим фикр билдирувчилар расмийлар энергетик бўҳрон аҳоли кайфиятини таранглаштирган бир пайтда "аномал" тушунчаси ёрдамида вазиятни юмшатишга уринаётганини таъкидлаган.

"Ёшлигимизда тахмондек қалинликда қор ёғарди. Тўғри, охирги йилларда қор кўп ёғмаяпти, лекин -15-17 даража совуқни аномал дея ваҳима кўтаришдан не мақсад? Менимча, булар вазиятни эплай олмаслигига кўзи етиб, борини об-ҳавога тўнкаб қўйишмоқчи", фикр қолдирган Facebook фойдаланувчиси.

Телеграмдаги Uzb_Meteo канали муаллифи, Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов кузатилаётган аёз Ўзбекистон учун қанчалик "аномал" эканини аниқлаш мақсадида пойтахт Тошкентда охирги 20 йилликда бўлган энг совуқ кунларни таҳлил қилиб чиққани ҳақида ёзган.

"Жорий асрнинг 2008 йил қиши пойтахтда узоқ давом этган қаҳратон, қуруқ қиш мисолида гавдаланади. Ўшанда пойтахт Тошкентда қарийиб 40 кун тунлари ҳарорат минимумлари -5 даражадан паст давомли совуқ бўлган. Энг паст ҳарорат -17 даражага етган".

Унинг ёзишича, 2014, 2018 йилларда ҳам Тошкентда қисқа муддатли совуқ тўлқин кузатилган.

"Умуман олганда, пойтахтда деярли ҳар йили -10 даражагача кичик совуқлик тўлқинлари тез тез кузатилиб туради. Масалан, ўтган йилнинг декабрь ойи бошларида Тошкентда ҳарорат -10 даражагача пасайган. Ҳозирги совуқ ҳаво тўлқини Тошкентга -17 даражалик совуқларни тақдим этишини инобатга олсак, эҳтимолий охирги саккиз йилликдаги энг совуқ ҳарорат тўлқинларига гувоҳ бўлишимиз мумкин".

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek