Украина уруши: Россияга қарши 11-санкциялар пакетида Ўзбекистон ширкатлари ҳам бор O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, ЕИ 11-санкциялар пакети ҳақида Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Киевга борганида гапирди(Архив фото)

Европа Иттифоқи Украинага бостириб киргани учун Россияга қарши қаратилган санкцияларнинг 11-пакети муҳокамасини бошлади.

Унда ўнлаб янги компанияларни Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритиш таклиф қилинмоқда, улар орасида Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдамлашишда гумон этилаётган Ўзбекистон, Хитой, Эрон ва Қозоғистон компаниялари ҳам бор.

Янги жазо чоралари нималарга қаратилгани ҳақида 9 май куни Киевга борган Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен гапирди.

Янги санкциялар Россияга нисбатан аллақачон кучга киритилган савдо чекловларини айланиб ўтиш олдини олишга қаратилган.

"Агар биз товарларнинг Европа Иттифоқидан учинчи мамлакатларга бораётганини ва охир-оқибат Россияга етиб бораётганини кўрсак, биз аъзо мамлакатларга бу товарлар экспортига қарши санкция жорий этишни таклиф қиламиз", деди ЕИ президенти.

Янги жазо чоралари Россияга илғор технология маҳсулотлари ва самолётлар эҳтиёт қисмларини экспортини тақиқлайди.

Шунингдек, нефть танкерларига GPS сигналларини ўчирган ҳолда денгизга чиқиш ва бандаргоҳларга киришларини маън этишни кўзда тутган.

Хабар қилинишича, Россия Украинага уруш бошлаганидан бери нишонга олинган жазо чоралари орасида илк бор Хитой ҳам бор, бу Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлган.

Пекин бундай санкция оқибатларидан огоҳлантиришга ҳам улгурган.

Санкциялар матни билан таниш дипломатларнинг мухбирларга айтишларича, бундан олдин бу санкциялар оқибатида Россия кўрадиган савдо зарарлари 11 миллиард долларни ташкил этади, деб кўрилган.

Лекин Россиянинг олмос импорти ва ядровий энергетика борасидаги ҳамкорликни тўхтатиш каби чораларни ўз ичига олмаган.

Бу эса Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатларнинг норозилигини ҳам уйғотган.

Яқинда Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид O'Салливан Россияга кўмаклашиш оқибатларидан огоҳлантириш мақсадида Марказий Осиёга сафар қилган, расмийлар билан учрашган эди.

Февраль ойи охирида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган, таҳ��илчилар бу ташрифдан ҳам асосий мақсад Марказий Осиёни Россияга ёрдам бериб, билвосита санкцияларга гирифтор бўлиш оқибатларидан огоҳлантириш бўлганини тахмин қилган эди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002