Ўзбекистон ўзининг криптовалютасини ишлаб чиқармоқчими?

NAPP

Сурат манбаси, NAPP

Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Stablecoin чиқарувчи "Tether Limited" компанияси Ўзбекистоннинг рақамли валютасини яратиш бўйича ҳамкорликка келишиб олдилар. Шунингдек, икки тараф мамлакатдаги рақамли мулкни қонуний тизимлаштириш бўйича ўзаро англашув меморандумига имзо чекканлар.

Бу ҳақида агентликнинг ўзи ўз Телеграм каналида, ҳамда криптовалюта хабарларига ихтисослашган cryptoslate ва bitcoin сайтлари хабар тарқатишди.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА), агентликнинг ўзига кўра, - крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Агентлик ва "Tether" компанияси Ўзбекистонда блокчейн технологиясини, стабил токенларни ва активларни токенизация қилишни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатда иқтисодий ўсиш ва инновацияларни рағбатлантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Агентлик хабар қилишича, "Tether" ва агентлик республиканинг тегишли идоралари билан биргаликда тезроқ, хавфсизроқ ва тежамкор транзакцияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистоннинг рақамли валютасини яратиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Сryptoslate сайтига кўра, "Tether" Ўзбекистон молия тизимида "тезроқ, хавфсизроқ ва арзонроқ" пул ўтказмаларини амалга ошириш учун амалдаги тўлов тизимини қайта ишлаб чиқишга ёрдам беради.

24 февралда Сеулда Биткойн қиймати 64 000 доллардан ошди.

Сурат манбаси, YONHAP/EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, 24 февралда Сеулда Биткойн қиймати 64 000 доллардан ошди.

"Ушбу келишув Ўзбекистонни минтақадаги блокчейн ва телекоммуникация технологиялари марказига айлантириш, ҳамда инновация ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни мақсад қилган", дейилади мақолада.

Қонунчилик

Ўзбекистон фуқароларига 2021 йил ноябридан расман рақамли валюта билан савдо қилиш ҳуқуқи берилган. "Криптобиржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби" номли ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда яшовчилар лицензияланган биржаларда миллий валюта эвазига криптовалюталарни алмашишлари, сотиб олишлари ва сотишлари мумкин.

Аммо, 2019 йилдан бери Ўзбекистонда хизматларга криптовалюта билан тўловни амалга ошириш ман этилган.

Ҳукумат бунга қарши чораларни бир неча бор, хусусан, бу йил январида яна кучайтирди. Эндиликда крипто-активлар билан ноқонуний савдо қилган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширган мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жарималар татбиқ этилди.

Маълумот учун:

Мутахассисларга кўра, криптовалюта катта таваккал қилишга тайёр бўлган одамлар учун яхши сармоя бўлиши мумкин. Айни дамда улар бор пулларини йўқотишга тайёр туришлари керак.

Криптовалюта - рақамли валюта. У криптография тизими ёрдамида ва марказлашмаган компютерлар тармоғида ишлайди. Криптовалютани ҳукумат ёки банклар тартибга солмайди ва учинчи томоннинг аралашуви мавжуд эмас. Масалан, биткойн каби криптовалюталар хусусий бойликка эришишга йўл очади ва уларни мусодара қилиб бўлмайди.

Блокчейн - оммавий ва марказлашмаган рақамли дафтар. У тизим иштирокчиларига воситачисиз бир-бирига активларини ишончли тарзда узатиш имконини беради. Унда ёзувларни алмаштириш ва сохталаштиришнинг имкони йўқ.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002