Ўзбекистон: Тошкент ҳар қандай эҳтимолга тайёр турмоқчими? O‘zbekiston Rossiya Putin Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Тошкент ҳар қандай эҳтимолга тайёр турмоқчими?

Кечаётган ҳафтада Ўзбекистон пойтахтидан олинган хабарлар худди шу каби саволларни пайдо қилди...

Ўзбекистон ва Марказий Осиё бугун Россия таҳдиди қаршисида нима қила олади?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар:

Нима бўлди?

O'zbek migrantlari
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон минтақанинг энг кўп сондаги фуқароси Россияда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Ўзбекистон президенти сўнгги бир неча ойнинг ўзида ташқи меҳнат миграцияси, мингратлар, аҳолини мамлакатнинг ичкарисида иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш масаласига яна бир бор эътибор қаратди.

Аммо Шавкат Мирзиёев ўзининг бу галги видеоселектор йиғилишини Москвадан қайтган куннинг эртасигаёқ ўтказди.

Мазкур факт ҳам маҳаллий кузатувчиларнинг нигоҳидан четда қолмади.

Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи Крокусдаги қонли ҳужум ортидан Россия ўзининг аксилмиграцион сиёсатини ҳали-ҳануз юмшатмаган ва бу ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳам ёппасига ортга қайтишига сабаб бўлиши мумкинлигига оид ташвишу хавотирлар ҳануз тинмаган бир пайтга тўғри келди.

Россия томонининг ташрифга оид расмий хабари тафсилотларидан икки давлат президентларининг Ғалаба куни тантаналари теграсида бўлиб ўтган мулоқотлари чоғида мигрантлар масаласининг кун тартибида бўлгани ёки йўқлиги тафсилотлари ноаён қолди.

Лекин Москвага ташрифи ортиданоқ президент Шавкат Мирзиёев ўтказган видеоселектор йиғилиши маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш, меҳнат миграциясини тартибли ташкил қилиш масалаларига қаратилгани айтилди.

"Бандлик ва аҳоли даромади масаласи биринчи даражали аҳамиятга экани экани" яна бир бор таъкидланган ва "бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарлар огоҳлантирилган"и айтилган сўнгги - 10 май кунги видеоселектор йиғилиши чоғида ўтган бир неча ойнинг ичида ортга қайтган мигрантларнинг сонига оид расмий рақамлар ҳам эълон қилинди.

Рақамлар ўша соатларнинг ўзидаёқ ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида кўплаб етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортди, ҳатто сарлавҳаларига ҳам чиқди.

Rossiyadagi migrantlar
Сурат тагсўзи, Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги фуқаролари ҳар йили ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам муҳим, йилларки, ижтимоий, иқтисодий муаммолари таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг амалий ва самарали восита бўлади.

Агар, йиғилиш чоғида тилга олинган расмий рақамларга таянилса, ўтган тўрт ой ичида 100 мингдан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат миграциясидан қайтган, улардан ярмига яқини эса, биргина апрел ойининг ўзига тўғри келган.

Бундан ташқари, шу йил охиригича яна 250-300 минг нафарининг қайтиши прогноз қилинаётгани ҳам айтилди.

Аммо эълон қилинган ҳар икки рақамлар мисолида ҳам уларнинг қай бир давлатдан қайтишгани ва қайтишлари кутилаётгани тафсилотлари расмий хабар тафсилотларидан ноаён қолди.

Маълум бўлишича, йиғилиш чоғида уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланган.

Мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, "маҳалла еттилиги" тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга кўмаклашиш, қайтганларини ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берилган.

Ўзбекистон 150 минг нафар фуқаросини хорижлик иш берувчилар талабига қараб, мақсадли тайёрлаб, яқин муддатларда даромади юқори мамлакатларга юбориш режасида экани ҳам тилга олинган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик (расман 37 миллиондан ортиқ - таҳр.) давлати бўлади, уларнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади, иқтисодий фаол аҳолисининг фоизи ҳам шунга яқин экани айтилади, четда инсон ресурслари ва катта сондаги нисбатан арзон ишчи кучига эга мамлакатлардан бири сифатида кўрилади.

Аммо аксар аҳолиси мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси бугун ҳам анчайин долзарблигича қолаётган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги фуқаролари ҳар йили ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам муҳим, йилларки, ижтимоий, иқтисодий муаммолари таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг амалий ва самарали восита бўлади.

Krokus

Сурат манбаси, SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев ўтган ой "Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият жиддий тус олаётгани"дан ташвиш билдирган.

Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонлиси бўлган ва Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи масъулиятини ўз зиммасига олган Москва вилоятидаги ҳужумни уюштирганлик ва унга алоқадорликда эса, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари айбланиб, гумон этилишган.

Аммо ҳужум ортидан Россияда кучайган аксилмиграцион сиёсат ва кайфият ўзбекистонликларни ҳам четлаб ўтмаган, Ўзбекистон фуқаролари илова Россияга киритилмаётган Марказий осиёликларни назарда тутаркан, яқинда айрим таниқли ҳуқуқбонлар "бунақаси бўлмагани"ни айтишгача боришган, мигрантларнинг ёппасига ёки оммавий ортга қайтиши эҳтимоли сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда президент даражасида эътиборга молик масалалардан бирига айлангани кўрилган.

Воқеаларнинг худди шу ривожи фонида Россиядан кейин катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари учун дунёнинг энг йирик ташқи меҳнат бозорлари саналувчи Қозоғистон ва Туркияда ҳам Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши текширувларнинг кучайганига оид хабарларнинг сони ортган, бу ҳам аксарият минтақа давлатларида жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Шавкат Мирзиёев ўтган ой "Москва вилоятидаги мудҳиш теракт оқибатида халқаро вазият жиддий тус олаётгани"дан ташвиш билдирган.

Ўзбекистон президенти "мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганликлари"ни айтган.

"Яқин Шарқдаги ва асосий ҳамкорлари ўртасидаги можаролар ечим топмаётганлиги"ни тилга олган.

Шавкат Мирзиёев, шундай деркан, "бундай мураккаб шароитда мамлакат иқтисодиётига, аҳоли даромадларига салбий таъсирни камайтириш - энг муҳим вазифалардан бири экани"ни таъкидлаганди.

Ўзбекистон минтақанинг энг кўп сондаги фуқароси Россияда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида юз минглаб ўзбекистонлик мигрантнинг ортга қайтиши истиқболи қанчалик реал? Бу Ўзбекистон учун нима дегани - муаммоми ёки имконият?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммадгa мурожаат қилди:

Iqtibos

Ботиржон Шермуҳаммад

Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари

Ботиржон Шермуҳаммад: Энди бу ерда ҳозир бир нарса дейиш қийин. Сабаби фақатгина Ўзбекистонга қайтиб келган одамларнинг рўйхати билан бир хулоса қилиш қийин. Масалан, Ўзбекистондан кетган, Россияга кетган Ўзбекистон фуқароларининг ҳам рўйхати билан солиштирилса, яхши бўларди. Агар Ўзбекистондан кетганлар билан иккаласи орасидаги фарқ 100 минг бўлса, яъни кетганлардан кўра келганлар кўпроқ бўлса, ана ўшанда, масалан, шундан келиб чиқиб бир қандайдир хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонга, демак, кетгандан кўра кўпроқ одам қайтиб келаяпти экан, деб. Балким, ўзи аслида мана шу Крокусда бўлган терактдан кейин, хабаримиз бор, Россияда мана шу мигрантлар, муҳожирларга нисбатан муносабат кескинлашганини биламиз. Ўзи шундоқ ҳам кўп назорат, шундоқ ҳам кўп текширувлар бўлаётганди, бу яна ҳам кўпайди, яна ҳам кучайди. Кимлардир шу сабаблар билан, шундан хавотирланиб, қайтиб келаётган бўлиши мумкин. Шахсан биз, масалан, мен ўзим бир мутахассис сифатида буни қаттиқ сезганим йўқ. Чунки бизга ҳали биз кетаяпмиз дея, оммавий равишда кетиш ҳақида бир хавотир қилиб, бир изоҳларда ёзишгани ёки бизнинг каналимизга мурожаат қилишгани йўқ. Бундан менинг хабарим йўқ. Агар ҳақиқатан ҳам шунақа 100 минг одамдан кўпроқ келган бўлса, демак, қайсидир қисм фуқароларимиз мана шу бўй кўрсатиб турган вазиятдан келиб чиқиб, кетиш ҳақида қарор қилган бўлиши мумкин. Ва бу нарса, бу тенденция йилнинг охиригача сақланиб қолишига мен ишонмайман. Чунки аниқ эмас. Ҳаттоки бундан олдин, дейлик, Украина билан уруш бошланган пайтларда, бундан кўра янаям ваҳималироқ, қийинроқ пайтларда ҳам, доллар курси кўтарилиб кетган вақтларда ҳам бир ой, икки ой одамларнинг келиши ҳақида ўйлашган, келганлар сони ҳам кўпайган, лекин кейинчалик, вазият озгина яхшиланганидан кейин яна ватандошларимиз бошқа бир муқобил йўллар йўқлиги учун, унақанги танлов имконияти кўп бўлмаганлиги учун барибир қайтиб кетишга ҳаракат қилганларини кўрганмиз. Бу нарсалар ҳар йили қанақадир сабаблар билан бўлиб турибди. Лекин бу нарсанинг узоқ вақт давомида, масалан, бир йил давомидаги тенденцияни ўргансак, ана шундагина хулоса қилишимиз мумкинки, демак келганларнинг сони кетганларнинг сонидан кўпайяпти экан, деб хулоса қилишимиз мумкин. Менинг фикримча, ҳозирча бу ҳақда хулоса қилишга ҳали эрта. Йилнинг, 2024 йилнинг охиридаги ўша рақамларни кўриб, статистикани кўриб, ана ўшандагина бир хулоса қилиш мумкин бўлади, холос.

Савол: Россиядаги вазият манзарасида ўзбекистонликлар учун яна энг йирик ташқи меҳнат бозорлари саналиб келувчи Қозоғистон ва Туркияда ҳам Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг яшаш ва ишлашлари қийинлашгани, турли рейдларнинг кучайгани, уларни ушлаш, ҳатто, қонуний мавқеъда бўлганларини ҳам депортация қилиш ҳолларининг ортаётгани, уларнинг бу икки мамлакатга ҳам асослию асоссиз киришларига тўсқинликлар бўлаётганига оид хабарлар олинмоқда. Агар булар ҳам назарда тутилса-чи, вазият қанчалик хавотирли? Яъни, қайтиш қанчалик кучайиши мумкин, сизнинг назарингизда?

Ботиржон Шермуҳаммад: Энди, кўриб турибмиз, Туркияда охирги йилларда муҳожирлар жудаям кўпайиб кетганлиги сабабли, маҳаллий аҳоли кескин норози, сиёсатчилардан, айнан миграция сиёсатидан норози. Шунинг учун ҳам, амалдаги ҳукумат, бошқарувдаги сиёсий партия халқнинг кайфиятидан келиб чиқиб, муҳожирларни кўпроқ текшириш, уларни имкон бўлса, Туркиядан чиқиб юборишга ҳаракат қилаётганини кўраяпмиз. Мана, ўзим ҳам шахсан бориб кўриб келдим. Яъни, ўша ҳужжати бор ёки ҳужжат расмийлаштиришига асоси бўлган ўзбекистонликларга ҳам ё ҳужжат берилмаяпти, ёки жудаям узоқ муддатда берилаяпти. Қозоғистонда ҳам охирги йилларда шунақа ҳолатларни кўриб турибмиз, бўлиб турибди. Қозоғистонда вазият ўзи илгари ҳам яхши бўлмаган. Лекин охирги пайтларда у ерда ҳам, балким, муҳожирлар кўпайгани сабаб бўлган бўлса керак, шунақанги бир чиқариб юборишлар, чегарада текширишлар ёки умуман, кўчаларда текширишлар бўлиб турибди. Бунақа ҳолатлар, яъни ўзбекистонликлар кўп борадиган Россия, Қозоғистон, Туркия - учта катта бир ҳудудда бўлаяпти. Бу, албатта, хавотирли. Энди, бунинг сабабидан келадими-йўқми, айтиш қийин. Айтаяпман-ку, бу нарсани билиш учун йилнинг статистикасини кўриш керак. Чунки бунақанги текширувлар, чиқариб юборишлар ёки ҳужжатларда муаммолар ўзбекистонликлар учун янгилик эмас. Россияда бу нарса йиллар давомида давом этаяпти. Ўтган йил, 2023 йил тўлиқ йил давомида жуда катта бир рейдлар, текширувлар, депортация қилишлар бўлди. Энди баъзи жойларда бу нарсага кўникиб ҳам қолишган. Биттасини депортация қилса, иккинчиси келади. Чунки Ўзбекистонда, тушунишимиз керакки, ҳозирги кунда Россиянинг меҳнат бозори, Туркия ёки Қозоғистонникининг ўрнини босадиган даражада янги иш ўринлари йўқ. Иш ўринлари бўлиши мумкин, лекин иш ҳақи камроқ. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда қайсидир қисм фуқаромиз Россиядан депортация бўлса, Туркияга боради ёки бир бошқа жойга боради. Туркиядан депортация бўлса, Россияга боради. Яъни, барибир, уйга бориб, бир ой турадими, икки ой турадими, пули тугаганидан кейин четга, хорижга ишлашга чиқишга мажбур бўлади. Шундан келиб чиқиб, яъни миграция бир давлатдан камайиши, лекин бошқа давлатга кўпайиши мумкин. Яъни, бир-бирининг ўрнини босиб кетади, деган фикрдаман. Ва охирги йилларда бу тенденциянинг ўзгаришига катта бир сабаб кўрмаяпмиз.

Савол: Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги сўнгги, яъни 10 май кунги видеоселектор йиғилиши чоғида Ўзбекистон яқин муддатларда 150 минг нафар фуқаросини юқори даромадли давлатларга чиқариш режасида экани яна бир бор тилга олинди. Агар Россия, Қозоғистон ва Туркия назарда тутилса, жорий пайтда дунёнинг қай бир давлати катта сондаги ўзбекистонликлар учун бу учовлонга муқобил ташқи меҳнат бозори бўлиши мумкин, сизнинг назарингизда? Бу режа қанчалик амалий? Қанчалик осон бўлади?

Ботиржон Шермуҳаммад: Биз буни ўргандик, мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Яъни, бу рақамлар жуда ҳам бўрттириб, ошириб ёзилган. Яъни, бу менинг ишончим комилки, 2024 йилнинг охиригача Миграция агентлиги томонидан ёки мана шу, умуман олганда, ташкилий равишда 150 минг Ўзбекистон фуқаросини четга юборишнинг имкони йўқ. Бунга Миграция агентлиги ҳам тайёр эмас, ватандошларимиз ҳам тайёр эмас, уёғда қабул қиладиган давлатлар ҳам тайёр эмас. Бу фақатгина яхши ният билан президент фармонига қўшиб юборилган рақамлар. У ерда кўрсангиз, мисол учун, Швейцарияга 7 минг фуқаросини юборилиши айтиб ўтилган. Ҳали бирорта Ўзбекистон фуқаросининг Швейцарияга ташкилий равишда борганини кўрмаганмиз. Ҳали бу шартнома ҳам йўқ менинг тушунишим бўйича. Яъни бу осон эмас ишлар. Биринчидан, бу ерда нафақат давлат ёки Миграция агентлигининг саъй-ҳаракатлари, балки мана шу четга чиқмоқчи бўлаётган ватандошларимиз ўзларининг ҳам тил бўйича ўша талабларга жавоб бериши, касбий малака бўйича талабга жавоб беришлари керак бўлади. Бу нарса, бу жараён тез бўладиган жараён эмас. Афсуски, кўплаб ватандошларимиз, айниқса, тил ўрганишга келганда, жудаям қийналишяпти, хорижий тилларни ўрганишлари қийин бўлаяпти. Энди, нима дейди, Россия, Туркия ёки Қозоғистонга тўлиқ бир муқобил бўладиган йўналиш йўқ ўзи аслида. Чунки бу давлатларга борадиган муҳожирларимиз сони жудаям катта. Секин-аста, биз кўраяпмиз, мана шу Европа мамлакатларига, Европа Иттифоқининг бир қанча мамлакатларига, Буюк Британияга йўллар очилиб, одамлар секин-аста боришни бошлаганини кўраяпмиз. Албатта, уларнинг рақами ҳали катта эмас. Лекин, энг асосийси, тенденция йилдан-йилга кўпайиб бораяпти, баъзи жойларда, айтиш мумкинки, йилдан-йилга икки баравар ошганлари ҳам бор. Яна Араб мамлакатлари, Яқин Шарқ давлатларига ҳам бораётган ватандошларимиз бор. Албатта, уларда иш ҳақлари, масалан, Европадагичалик бўлмаслиги мумкин, лекин шунга ҳаракат бўлаяпти. Уларга бориш осонроқ ҳам. Шунинг учун у ерда, бу ерда Миграция агентлиги шартнома тузиши ёки тузаётганлиги, музокаралар олиб бораётганлиги ҳақида хабарлар чиқиб турибди. Албатта, секин-аста бўлса ҳам, шу тенденция бўлиб боради, яъни, кўпайиб боради, янги-янги йўналишлар очилиб боради, лекин, менинг фикримча, яқин ўн йилликда, камида яқин ўн йилликда Россия, Туркия ёки шу Қозоғистоннинг ҳам ўрнини боса оладиган даражадаги муқобил йўналиш йўқ ҳозирги кунда.

Савол: Худди шу видеоселектор йиғилиши чоғида яна Ўзбекистоннинг ўзида янги иш ўринлари яратиш масаласи кўтарилди. Сизнинг назарингизда, бу катта сондаги ўзбекистонликларни Ўзбекистоннинг ўзида қолиб, ишлашга рағбатлантира оладими, бир томондан, яъни янги иш ўринлари улар учун жозибадор бўла оладими? Ва, бошқа томондан, Ўзбекистон ҳукумати шу яқин йиллар ичида жозибадор иш ўринларини яратишга қодир бўладими?

Ботиржон Шермуҳаммад: Энди, албатта, ҳаракат қилинса, менинг фикримча, иш ўринларини яратса бўлади. Бир қисми яратилаяпти ҳам. Чунки, мана, айниқса, қурилиш соҳасида. Охирги йилларда Ўзбекистонда жуда катта кўламда қурилиш ишлари амалга оширилди. Кўплаб хусусий қурилиш компаниялари ташкил қилинди. Улар ўзлари уйлар қуриб, сотишаяпти. Яна бошқа, бошқа объектлар қуриб, сотишаяпти. Яъни, умуман олганда, ҳозир Ўзбекистоннинг ўзида ҳам қурилиш соҳасида, уйларни, дейлик, ремонт қилиш соҳасида нарх-наво анча баланд, оддий уйга бир устани чақириб, ишлатаман деса, харажати жудаям катта бўлади. Шу томондан келиб чиқадиган бўлсак, албатта, бизда потенциал бор. Фақатгина, кўпчилик, айниқса, Россияда ишлайдиганлардан сўрасак, Ўзбекистонда пул топса бўлади-ку, лекин мана шу иш берувчилар билан ишлаш, улар билан келишиш тартиби, Ўзбекистондаги ишлаш амалиёти хорижга чиқиб, келган ватандошларимиз учун ҳар доим ҳам маъқул эмас. Яъни, бу ерда сал бошқачароқ ўша ишлаш маданияти шаклланган, деган жойлари бор, ҳужжатлар билан, расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар бор, вақтида иш ҳақини бериш билан боғлиқ муаммолар бор ва шунга ўхшаган нарсалар бор. Яъни, бу томондан, айниқса, қурилиш соҳасида, балким, хизматлар соҳасида бир қанча ишларни амалга оширса бўлади. Иш билан таъминласа бўлади, лекин энди бу қанчалик миқдорда бўлади, яъни миллионлаб одамларни иш билан таъминлай оладими, деган савол бор. Балким, тез орада бунинг иложи йўқдир, лекин секин-аста бу тенденцияни кучайтириб, агар имкон берилса, ишлаб чиқарувчиларга, тадбиркорларга, бу нарсани амалга ошириш мумкин. Кўраяпмиз ҳам, мана, йилдан-йилга қурилишдами, бошқа соҳаларда кўраяпмиз, қилса, бўладиган ишлар, фақатгина, ҳукумат тушуниши керакки, иложи борича монополияни йўқотиш керак, иложи борича тадбиркорларга янги иш ўринларини яратишга имкон бериб, ёрдам бериш керак. Бу томондан қилинадиган ишлар жуда ҳам кўп. Потенциал бор, балким хоҳиш ҳам бор ҳукуматда, лекин ҳар доим ҳам бу нарсалар ўша тадбиркорлар кутганидек амалга оширилмаётган бўлиши мумкин. Менинг фикримча, агар буни тўғри бошқарув бўлса, тўғри йўлга қўйилса, бемалол ўша яқин ўн йил ичида керакли, етарли иш билан таъминласа бўлади.

Савол: Ўзбекистон дунёнинг инсон ресурслари, яъни нисбатан арзон ишчи кучига бой, меҳнатга лаёқатли аҳолиси нисбатан ёш давлатларидан бири саналади. Минтақада аҳолиси энг катта давлат. Аҳолисининг сони яқинда расман 37 миллиондан ошди. Сизнингча, Ўзбекистон, унинг иқтисоди учун меҳнатга лаёқатли аҳолисини мамлакатнинг ўзида ушлаб қолгани фойдалими ёки катта сонда четга чиқаргани?

Ботиржон Шермуҳаммад: Менинг фикримча, биз четга эмас, ўзимизда кўпроқ иш ўринлари яратиб, меҳнат бозоримизнинг потенциалидан ўзимиз кўпроқ фойдаланишимиз керак. Бу ерда кўпроқ муаммо шундан келиб чиқаяптики, бизда ҳақиқатан ҳам, биринчидан, ўзи бизда арзон ишчи кучи бор, деган нарса, менинг фикримча, тўғри эмас. Чунки, агар солиштирадиган бўлсак, мисол учун, Банг��адеш ёки Ҳиндистон, ёки Шимолий Корея ёки бошқа давлатлардан келаётган муҳожирларнинг иш ҳақи билан, Россияда ҳам, мана, Ўзбекистонда ҳам хусусий компанияларда ишлашаяпти, одамларимизнинг иш ҳақи унақанги арзон эмас, нисбатан. Яъни, унақа жуда арзон ҳисобланмайди. Кейин кўп муаммолар шундаки, бизда жуда кўп инсонлар, ватандошларимизнинг касби йўқ, яъни, малакаси йўқ. Жудаям кўпи малакасиз. Нима иш билан шуғулланишдан хабари йўқ, яъни ўша нима иш тўғри келиб қолса, ўшани қилиб кетавераман, деган фикрда. Агар биз ватандошларимизни малакали қилсак, бирор бир касб-ҳунарга ўқитсак, ўргатсак, менимча, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам улар етарли даромад олиши мумкин. Биз ўзимиз кўраяпмиз таниш-билишларимизнинг орасида, бошқада. Чунки жуда кўп соҳаларда иш берувчи сифатида айтишим мумкинки, малакали мутахассислар, кадрлар етишмаяпти Ўзбекистонда. Иш берувчилар катта, катта пуллар тўлаб, ўша кадрларни ёллаш билан шуғулланадиган агенстволарга, бошқаларга пул бериб, ишга олишга тайёр. Лекин малакали ишчининг ўзи етишмаяпти. Шунинг учун биз агар малакали ишчини яратиб қўйсак, улар нафақат чет бозорида, балки ўзимиздаям жудаям кўп иш берувчилар томонидан, ўзимизнинг бозоримиз томонидан ҳам жудаям яхши қабул қилинади. Яхши иш ҳақлари, яхши даромад олиши мумкин бўлади. Ва бунга жуда катта эҳтиёж бор. Шунинг учун ҳам, агар биз битта ватандошимизни шу ёшлигидан керакли малакага, билимга, тил, бошқага ўргатиб қўйсак, менинг фикримча, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистонда иш билан таъминланади. Ёки кўпроқ пул топмоқчи бўлса, четга ҳам чиқиши мумкин ва четга чиқиб ишлашда ҳам қийналмайди. Лекин малакасиз ишсизларга ҳар жойда қийин бўлади. Четга чиқишда ҳам қийналади, ўзимизда ҳам қийналади пул топишга. Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда, менинг фикримча, вазифамиз, ватандошларимизни ўша етарли малака, билим билан таъминлаш, илмли қилиб қўйиш. Ундан кейин, албаттаки, ўша иш берувчиларга, тадбиркорларга халақит бермаслик, уларга кўпроқ янги иш ўринларини яратишга, янги бир бизнес субъектларини яратишга ёрдам бериш. Мана, ҳозир эътибор берадиган бўлсангиз, мана, Буюк Британияга ёки Германияга 10 мингта ҳамширани олиб кетиш ҳақида айтиляпти. Кечирасизлару, ўзимизда ҳам ҳамшира керак ўша, яна тилни биладиган ҳамшира ўзимизда ҳам ишлаб кетади деган нарса бор. Мана, ҳозир Яманга ўхшаган республикаларда бир неча минглаб ватандошларимиз, малакали ватандошларимиз врачлик қилаяпти ёки Ливияда шифокорлик қилаяпти, Россияда шифокорлик қилаяпти. Лекин ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам жуда кўп ўша малакали шифокорлар етишмаяпти. Ватандошларимиз ўша малакали шифокорларнинг хизматларига етарли, яхши ҳақ тўлашга тайёр ҳозирги кунда. Лекин ўша етишмаяпти. Яъни, айтмоқчиманки, бизга малакали мутахассислар, биринчи навбатда, ўзимизнинг бозоримизда керак. Унақанги ўн минглаб шифокорлар ёки ҳамшираларни четга юборсак, эртага бизнинг ватандошларимизнинг хизматини ким қилади, четдан чақирамизми, деган савол пайдо бўлади-да. Шунинг учун ҳам, бу ерда, менинг фикримча, ҳукумат у томонларини ҳам ўйлаши керак. Мақсад фақатгина четга чиқариш бўлиб қолмаслиги керак, агар бизнинг бозоримиз учун керак бўладиган кадрлар бўлса, уларни иложи борича танлаб олиб, керагича ўқитиб, ўзимизнинг бозорда улардан фойдаланиш, иш билан таъминлашга ҳаракат қилиниши керак.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002