21 яшар қиз Таиланд монархиясини сўроққа тутди Tailand
"Ичимга қўрқув ўрнашганди, оқибатлари қандай бўлишидан чуқур қўрқув," дейди Панусая Ситижираваттанакул.
Августда 21 яшар талаба қиз ҳаяжон билан саҳнага қадам қўйди ю, Таиланд монархиясини сўроққа тутиб нутқ сўзлади.
Таиланднинг энг олд университетининг олқишлаган минглаб талабалари қаршисида у монархияни ислоҳ қилишга чақириб, ҳозирда тилга тушган 10 бандлик манифестни ўқиб эшиттирди.
Одамни шокка туширадиган чиқиш бўлди. Тайлар туғилганидан монархияни севиш ва унга эҳтиром кўрсатишга ўргатилади. Шунингдек, унга қарши гапиришнинг оқибатларидан огоҳлантирилади.
"Ҳаёт аввалгидек бўлмайди"
Таиланд қироллик оиласини ҳақоратлаш жиноят деб белгиланган қонунга эга оз сонли давлатлардан бири. Кимки қиролни, қироличани, унинг ворисини ёки регентни танқид қилса, 15 йилгача қамалади.
Ўтган бир неча ой давомида мамлакатни демократия учун намойишлар қоплади. Панусая каби талабалар бу намойишларнинг марказида.
"Ҳаётим аввалгидек бўлмаслигини биламан," дейди у "BBC News Thai"га.
Манифестни Панусаяга у пойтахт Банкокдаги ноодатий катта номойишда ўқиб беришидан бир неча соат олдин кўрсатишди. Унда монархия сайланган институтлар олдида масъуллиги ҳақида гапирилиб, қирол оиласи учун бюджетдан ажратиладиган маблағни қисқартириш ва монархнинг сиёсатга аралашмаслиги кераклиги таклиф қилинган эди - аксар тайлар учун даҳшатли гаплар.
"Улар менга узатишди, истасангиз фойдаланасиз дейишди. Ўша вақтда ҳар ким унинг мазмуни фавқулодда кучлилигини биларди, ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Мен уни ўқишга қарор қилдим.
"Мен курсдошларим қўлларини ўшлаганча, тўғри иш қиляпмизми, деб баланд овозда сўрадим," дейди Панусая.
"Улар тасдиқлашди - бу тўғри иш эди. Мен яна ўтириб олдим, саҳнага чиқишдан олдин чекдим ва ҳамма нарсани хаёлимдан чиқариб ташладим."
Саҳнада турганча у деди: "Барча инсонларнинг қони қизил. Биз бир биримиздан фарқли эмасмиз."
"Бу дунёда ҳеч ким мовий қон билан туғилмаган. Баъзи одамлар бошқалардан кўра омадлироқдир, аммо ҳеч ким бошқалардан асилроқ бўлиб туғилмаган."
Панусаянинг нутқи баҳсларни уйғотди - либерал академикларнинг олқишлови ва роялистларнинг қоралови аксар тайларнинг шубҳалари билан қўшилиб кетди.
"Ўз мамлакатингдан нафратланиш касалликдир"
Норозилик акциясидан сўнг кунлар ўтиб, роялист фаолларнинг "Facebook" саҳифалари Панусаяга қаратилган лаънатлашларга тўлди, айримлар уни республикачи сиёсатчиларнинг алдовига учганликда айблади, унинг ўзи буни рад қилади.
Ҳамон ҳарбийлар назоратида бўлган бу мамлакатдаги қудратли генерал Апират Конгсомпонг намойишчиларни "chung chart" билан касалланган деди. Бу ибора тай тилида "миллатга бўлган нафрат"ни англатади. Ва бу "забтига олаётган пандемиядан ҳам ёмонроқ" деб қўшимча қилди.
"Ўз мамлакатингдан нафратланиш тузатиб бўлмас касалликдир," деди у.
Панусая болалигида тайлар ҳаётида қироллик оиласи мавқеини сўроққа тутишлар бўлганини хотирлайди.
Нафасбўғар иссиқ бўлиб турган бир куни расмийлардан бири келиб, унинг оиласини уйдан чиқиб, ташқаридаги йўлкада ўтиришни, қироллик кортежини кутишни айтган.
"Нима учун шундай иссиқ кунда ташқарига чиқиб, кортежни кўришни ярим соат кутишимиз керак экан? Нима бўлаётганини тушунмаган эдим. Кўчага чиқиб, кутаётган оламонга қўшилмадим."
Уч опа сингилнинг энг кенжаси бўлган Панусая анча эрта сиёсатга қизиқа бошлаган. Ўрта мактабда дўстлари билан сиёсатни муҳокама қилиш энг севимли машғулоти эди. 2014 йили давлат тўнтариши бўлганда оилада сиёсатни кузатиб борадиган ягона одам - унинг отаси уни кўпроқ билишга ундаган эди.
Аммо Панусая жуда тортинчоқ бўлиб ўсди, матабда ҳам уни камситишарди. Талабалар алмашинув дастури асосида беш ой Америкада яшагач, ҳаёти тубдан ўзгарди.
"Уйга гапириш ва ҳаракат қилишдан тортинмайдиган мутлақо бошқача одам бўлиб қайтдим."
Нуфузли Таммасат университетига киргач, у сиёсий жиҳатдан борган сари фаолроқ бўла борди. Икки йил олдин у талабалар уюшмасининг "Инқилоб гумбази" номли сиёсий партиясига қўшилди.
Мамлакатдаги ёшлар орасида оммалашган ислоҳотчи партия - Келажакка одим партияси тарқатиб юборилгач, Панусая демократия учун биринчи флэшмоб акциясини ташкил қилишга кўмаклашди. Партия ўз етакчисидан ноқонуний тарзда пул олгани айблови билан баҳсли суд ҳукми асосида тарқатилган эди.
Партия 2019 йили тарқатилган бўлиб, бунинг сабаби, унинг тарафдорлари фикрича, партиянинг ўсиб бораётган сиёсий таъсиридир.
Аммо бу воқеа кейинги йилларда ёшларнинг талабалар етакчилигидаги демократия учун ҳаракатларга қўшилишининг ягона сабаби эмас.
2016 йилда тахтга ўтирган қирол Маҳа Важиралонгкорн омма олдида камдан кам кўриниш беради, асосий вақтини - айниқса, коронавирус пандемиясидан сўнг - мамлакатдан ташқарида ўтказади. Унинг бундай қилаётгани ижтимоий тармоқларда тайларнинг танқидига сабаб бўлган.
Таиланд қатор коррупция можароларига ҳам гувоҳ бўлди. Энг баҳсли ана шундай қарорлардан бири "Red Bull" тетиклаштирувчи ичимликлари компанияси ворисига қарши 2012 йилги автоҳалокат сабабли қўғатилган жиноий ишнинг тўхтатилгани эди.
Тай ҳукумати сўз эркинлигини ҳурмат қилиши, танқидга тоқат қилишини, аммо талабалар ўз ҳуқуқларидан қонун доирасида фойдаланиши ва миллий хавфсизликка раҳна солмаслиги керак, дейди.
Шунга қарамай, талабалар ўз хавфсизликларидан хавотирда. 2014 йилда ҳукумат ағдарилганидан кейин хорижга қочган камида тўққиз фаол ғойиб бўлган. Улардан иккитасининг жасади дарё қирғоғидан топилган.
Тай ҳукумати бу ғойиб бўлишларга алоқаси борлигини қаттиқ инкор этиб келади.
Панусаянинг айтишича, манифестни ўқиб берган кундан буён уни кеча кундуз кузатишмоқда - ҳам кампусда, ҳам ётоқхонада.
"Гарчи улар оддий кийимда бўлса ҳам, уларнинг сочлари ва мени оммавий жойларда суратга олишларидан полициядан эканликларини биламан."
У қамоққа олинганича йўқ, аммо расмийларга ҳеч қачон таслим бўлмаслигини айтади.
Уни қироллик оиласини ҳақорат қилганликда айблашмади - саройнинг талаби билан кейинги йилларда бундай айбловлар камайган - аммо намойишлар коронавирус чекловларини бузар экан, полиция исёнга ундаш, компьютер тармоқлари орқали ёлғон ахборот тарқатиш, карантин қоидаларини бузиш важи билан одамларни қамоққа олмоқда.
Исёнга ундаш айбловининг ўзи 7 йилгача озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўлади.
"Чегарани бузиш"да айбланган бошқа талабалар сингари Панусаянинг уйида ҳам таранг вазият.
Унинг қароридан даҳшатга ��ушганлар орасида онаси ҳам бор. Онаси ундан намойишга чиқмасликни сўраяпти.
Ўшандан кейин беш кун давомида улар бир бири билан гаплашмади.
"Онам хавотир оляпти, бу аниқ, аммо буни кўрсатмасликка уринади, олдимда ўзини одатий тутади. Бироқ опам билан қолгач, у баъзида йиғлайди," дейди Панусая.
Унинг онаси ниҳоят таслим бўлди, қўлидан келган ҳамма ишни қилишини айтди ва унга монархияни тилга олмай гапириши кераклигини тайинлади.
Аммо ҳозир - 19 сентябрь кунга мўлжалланган акцияга тайёргарлик кўрар экан, Панусая ўзини қамалишга руҳан тайёрламоқда. Акцияда турли ислоҳотлар - монархия, ҳарбий соҳа, конституция ва таълимни ислоҳ қилиш ҳақида чақирувлар янграши кутилмоқда.
"Менимча, бу ишларни ўйнагани қилмаётганимизни онам тушуниши керак. Бу жиддий ва биз буни амалга оширишимиз керак. Биз буни ўз бурчимиз деб билишимизни у тушуниши керак. У бу билан фахрланишини истайман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek