Видео: Путиннинг ўлдирилган рақиби Борис Немцовни ФСБ агентлари таъқиб қилган

  • BBC Eye Investigations
  • Жаҳон хизмати
People march in memory of Russian opposition leader and former Deputy Prime Minister Boris Nemtsov on March 01, 2015 in central Moscow, Russia. Nemtsov was murdered on Bolshoi Moskvoretsky bridge near St. Basil cathedral just few steps from the Kremlin on February 27 (Photo by Alexander Aksakov/Getty Images)

Сурат манбаси, Getty Images

Суриштирувлар шуни кўрсатдики, россиялик мухолиф сиёсатчи Борис Немцов отиб ўлдирилишидан олдин уни деярли бир йил давомида сиёсий қотиллар гуруҳига алоқадор агент кузатиб келган.

Немцов президент Владимир Путиннинг ашаддий рақиби эди. Унинг 2015 йилда ўлдирилиши Путин ҳокимиятга келганидан бери энг шов-шувли сиёсий қотиллик бўлди.

Расмийлар қотилликка ҳар қандай алоқалари борлигини рад этади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

«Bellingcat», «The Insider» ва Би би си Немцов ўлдирилишидан олдин 13 марта қилган сафарида уни кузатишганини тасдиқловчи далиллар топди.

Борис Немцов 1990 йилларда номи чиққанди, президент Борис Ельцин даврида Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган ва кўпчилик унга Ельциннинг вориси сифатида қараган.

Унинг ўрнига Путин ҳокимиятга келди ва Немцов Россия сиёсатидан четга суриб қўйилди. У коррупцияни фош қилиб, 2014 йилда Россиянинг Украина шарқига ҳужумини қоралаб, самарали ташвиқотчига айланди.

2015 йилнинг 27 февралида Немцов Кремл яқинида отиб ўлдирилган. У бир неча кун кейин урушга қарши режаланган намойишга етакчилик қилиши керак эди.

Асли чечен бўлган беш киши тезда қўлга олиниб, қотиллик учун қамоққа тиқилди. Аммо расмий тергов энг долзарб саволларни жавобсиз қолдирди: суиқасдга ким ва нима учун буйруқ берган?

Етти йил ўтгач, Би би си «Bellingcat» ва «The Insider» суриштирув веб-сайтлари билан ҳамкорликда суиқасддан бир неча ой олдин Немцовни Россия бўйлаб яширин суиқасд гуруҳига алоқадор ҳукумат агенти кузатиб боргани ҳақидаги далилларни топди.

Поездлар ва рейслар ҳақидаги қўлга киритилган маълумотлар орқали, суриштирувчилар Немцовни камида 13 марта сафарда таъқиб қилишганини аниқлади.

Агент Немцовни охирги марта 2015 йилнинг 17 февралида, суиқасддан 10 кун олдин кузатиб борган.

Russian police investigators stand near the body of killed Russian opposition leader and former Deputy Prime Minister Boris Nemtsov, covered by plastic, on Bolshoi Moskvoretsky bridge near St. Basil cathedral on February 28, 2015 in central Moscow, Russia (Photo by Sasha Mordovets/Getty Images)

Сурат манбаси, Getty Images

Унинг ҳужжатларига кўра, агентнинг исми Валерий Сухарев. Барча далиллар кўрсатишича, у ўша пайтда Россиянинг бош хавфсизлик агентлиги ФСБда хизмат қилган. ФСБ ваколатларидан бири Кремль номидан ички сиёсий таҳдидларни ўрганиш, жумладан, мамлакат бўйлаб одамлар ҳаракатини кузатишдир.

Чипталар ва поэздлар учун барча бронлар ФСБнинг «Магистраль» деб номланган маълумотлар базасида қайд этилади. Лекин маълумотлар базасида нафақат россиялик агентлар кузатмоқчи бўлган одамларнинг ҳаракатлари ёзилади, балки унда агентларнинг ўзлари - Сухарев каби одамларнинг ҳаракатлари ҳам ёзиб борилади.

Бундай маълумотлар кўпинча қора бозорга чиқиб кетади ва журналистлар қўлига тушади.

«Россия каби коррупциялашган жамиятда [Магистраль] икки тиғли қиличдир», дейди «Bellingcat» бош директори Христо Грозев.

«Бу эса бизга ўхшаган одамлар бориб, ўша айғоқчиларнинг ўзини, ўша ФСБ зобитларини кузатишга имкон беради.»

Ушбу суриштирув учун дастлабки маълумотларнинг бир қисмини «Bellingcat» рус ўртакашлардан сотиб олган. Ушбу ўртакашлар «Магистрал»га кириш ҳуқуқига эга бўлган коррупцион мансабдор шахслардан маълумотларни олган. Би-би-си, шунингдек, «Магистраль» нусхалари мавжуд бўлган манбалар бизга бепул берган маълумотлардан ҳам фойдаланган.

«Bellingcat» аввалроқ «Магистраль» маълумотларидан Россияда қотиллик уринишларини суриштириш учун фойдаланган. Уларнинг текширувлари ФСБ таркибида Кремль мухолифларини таъқиб қилган махфий қотиллар гуруҳи борлигини тасдиқловчи далилларни аниқлади. Россия ҳукумати бу айбловларни доимо рад этиб келади.

Ушбу суриштирув учун биз Сухаревнинг поездлар ва рейсларига буюртмаларни олдик ва уларни Борис Немцовнинг маълум ҳаракатлари билан таққослаганимизда, аниқ бир схема пайдо бўлди.

Немцов ўзининг аксарият сафарларини ўзи яшаган Москвадан 272 километр шимоли-шарқда жойлашган Ярославлга қилган ва у ерда минтақавий парламентда ўтирган.

Афтидан, Сухарев жаноб Немцовнинг режалари ҳақида аввалдан маълумотга эга бўлган, чунки у кўпинча ўша шаҳарга жаноб Немцовдан бир неча дақиқа ёки соатлар олдин борган.

Айниқса, бир сафар Немцов қанчалик диққат билан кузатилганини ошкор қилади. 2014 йилнинг ёзида мен Сибирга бордим. Немцов 2 июль куни ярим тундан кейин ўз парвозини онлайн бронь қилган. Орадан роппа-роса 10 дақиқа ўтгач, Сухарев ўша манзил — Новосибирскга чипта сотиб олиб, Немцов билан бир кунда етиб борди.

Грозевнинг сўзларига кўра, фақат ФСБ агенти «Магистраль» ёрдамида нишонни шу даражада аниқлик билан кузатиши мумкин.

«Агар сиз ФСБ ходими бўлсангиз, шунчаки ушбу маълумотлар базасига киришингиз ва маълум бир шахс учун у ҳозирда сотиб олган, сотиб олаётган ёки сотиб олмоқчи бўлган барча чипталарни кўришингиз мумкин», дейди у Би би сига.

Заҳарловчилар гуруҳи

Россияда хавфсизлик идораларининг таниқли мухолифат етакчилари ортидан жосуслик қилиши ноодатий ҳол эмас.

Аммо Сухарев ФСБнинг паст мартабали ходими эмас эди. У «Bellingcat»нинг олдинги суриштирувида Путиннинг таниқли танқидчилари нишонга олинган иккита суиқасд уриниши билан боғланган.

Биринчи нишон Немцовнинг дўсти ва ҳимоячиси, у ўлгандан бир неча ҳафта ўтиб Кремлни айблаган мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурза эди.

2015 йил май ойида Сухарев Кара-Мурза билан бир вақтда Россиянинг Қозон шаҳрига сафар қилган гуруҳнинг бир қисми эди. Жаноб Кара-Мурза Москвага қайтганидан икки кун ўтгач, нафас ололмай, ҳушини йўқотганди. У комага тушиб, кўп аъзолари яхши ишламай қолди, аммо тузалиб кетди.

2017 йилда у иккинчи марта заҳарланган ва яна тирик қолган. Россия ҳукумати ўз ходимларининг заҳарланишга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этди.

Russian agent Valery Sukharev
Сурат тагсўзи, Валерий Сухарев

Иккинчи нишон коррупцияга қарши видеоларини миллионлаб россияликлар томоша қилган ҳозирда қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальний эди.

2020 йилда Навальний Совет Иттифоқида ишлаб чиқилган ва халқаро ҳуқуқда тақиқланган асабни фалажловчи «Новичок» билан заҳарланган эди. «Bellingcat» ФСБ гуруҳи Навальнийни заҳарланишидан олдин шарқий Томск шаҳригача кузатиб борганини аниқлади.

Сухарев жаноб Навалнийни жисмонан таъқиб қилган қуруқликдаги гуруҳнинг бир қисми эмаслиги аниқланди. Аммо телефон журналлари шуни кўрсатадики, заҳарланишдан бир неча ой олдин Сухарев гуруҳнинг камида тўрт нафар аъзоси, шунингдек, юқори мартабали ФСБ ходими билан 145 та телефон қўнғироғи ёки СМС хабар алмашган.

Булардан тўрт нафари ФСБнинг етти нафар агенти орасида бўлган ва кейинчалик АҚШ ва Британия ҳукуматлари томонидан суиқасдга алоқадорликлари учун санкцияга учраган.

Россия ҳукумати доим Навальнийнинг заҳарланишига алоқадорлигини рад этиб келади.

Би би си Россия ҳукумати ва ФСБдан Немцовни қотиллик гуруҳига алоқадор агент кузатгани ҳақидаги далилларга изоҳ беришни сўради.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков: "Буларнинг барчаси Россия ҳукуматига алоқаси йўқ. Бу бошқа ёлғонга ўхшайди", деб жавоб берди. ФСБ жавоб бермади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek