Россия: Туғилишдан ўлиш кўп. Уруш таъсир қилдими? Yangiliklar, Dunyo, Putin

  • Мария Киселева
  • Би-би-си
бола

Сурат манбаси, Egor Aleev/TASS

Уруш забтига олар экан, Россия ҳақиқий демографик чоҳга тушиб қолди: туғилиш даражаси бир неча йиллардан бери пасайиб бормоқда ва келгуси йилларда ўсиш томонга ўзгариши даргумон. Бу нафақат ҳозирги урушнинг таъсири, балки мамлакатнинг сўнгги ўн йилликлардаги бутун мураккаб тарихи натижасидир. Би-би-си Россия қандай қилиб демографик чоҳга тушиб қолганини ўрганди.

Март ойида мамлакатда туғилиш кўрсаткичи - ҳар минг кишига тўғри келадиган болалар сони 3 фоиздан кўпроққа камайди. Февраль ойида у 6% дан кўпроққа тушди.

Бу биринчи марта кузатилиши: 2022 йил охирида у деярли 7% га тушди. 2015 йилдан буён бу кўрсаткич ҳар йили пасайиб бормоқда. Россияда туғилиш даражаси охирги марта 2000-йиллар бош��арида бир неча йил давомида барқарор ўсган.

Тушиш сабаби асосан иккитадир. Биринчидан, 1990-йилларда туғилган кам сонли авлод туғиш ёшига кирди - яъни бола туғиши мумкин бўлган ёшдагилар сони аввалгига қараганда ҳозир камроқ.

Иккинчидан, аёллар борган сари камроқ туғмоқда - буни туғилиш даражаси, яъни репродуктив даврдаги ҳар бир аёл ўртача нечта бола туғаётганида кўриш мумкин. Бу ерда демографларнинг прогнозлари жуда хавотирли: бу йил туғилиш даражаси 1990-йиллар охиридаги даражага тушиши мумкин.

она ва бола

Сурат манбаси, ITAR-TASS

Буларнинг барчаси демографик чоҳга келади: туғилаётган чақалоқлар сони ўлим сонидан камроқ, яъни аҳоли табиий ўсиши йўқ.

Россия президенти деярли ҳар бир оммавий нутқида демография ва оилаларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги ҳақида гапиради. Бунинг учун расмийлар бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиққан.

Аммо мамлакат ҳали ҳам демографик чоҳда, ундан қандай чиқиш кераклиги номаълум - аҳоли фақат камаймоқда. Уруш эса муаммони янада кучайтирмоқда.

Нима учун Россияда туғилиш даражаси пасаймоқда?

Фундаментал омиллар асосий роль ўйнайди - улар Украина билан уруш ёки мамлакатдаги ҳозирги вазият билан боғлиқ эмас. Аксинча, бу ўтган йиллардаги ўзгаришлар ва мамлакатнинг мураккаб тарихи акс-садосидир.

Туғилиш

"Ҳозир аҳоли пасайиши тенг асосларда ёш таркиби ва унинг ўзгариши билан боғлиқ - яъни биз ҳеч нарса қила олмайдиган объектив омил бу. Пасайишнинг иккинчи ярми - туғилиш интенсивлиги пасайишидир", деб тушунтиради демограф Игорь Ефремов.

Оддий қилиб айтганда, ҳозир Россияда ёш аёллар ва эркаклар кам, боз устига, улар кўпроқ бола туғишга тайёр эмас.

Ушбу тенгламанинг биринчи қисми айнан мамлакат тарихи билан боғлиқ. Иккинчи жаҳон урушидан бери аҳоли сони ва туғилиш коэффициенти ўзгариб кетди: кўп сонли авлод ўрнини кам сонли авлод эгаллади. Демографлар буни синус тўлқин - кўтарилиб пасайиб борувчи тўлқинли график шаклида ифодалайдилар.

Кўк ранг: Аҳоли сони. Қизил ранг: Туғилиш (ҳар минг кишига туғилган чақалоқ сони)

Сурат манбаси, Манба: Росстат

Сурат тагсўзи, Кўк ранг: Аҳоли сони. Пушти ранг: Туғилиш (ҳар минг кишига туғилган чақалоқ сони)

"Улуғ Ватан урушидан бери синусоид сўниб, кўринмас бўлиб қолиши керак эди. Аммо ҳар сафар бу синусоиднинг пасайиши туғилишни камайтирадиган баъзи алоҳида салбий ҳодисаларга уланиб кетади. Синусоиднинг ўсиши билан эса, ёки ҳеч қандай ёмон нарса содир бўлмайди, ёки яхши воқеа содир бўлади. Шунинг учун қайиқ тебранаверади", деб тушунтиради мустақил демограф Алексей Ракша.

1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошларидаги тўлқин тушиши рецессияга тўғри келди - кейин болалар туғилиши камайди. Натижада "демографик тўлқин" нафақат йўқолмади, балки кўп марта кучайиб, давом этди.

Бундан ташқари, энди бу таъсир бир неча авлодларда кузатилади. 2010 йилдан 2030 йилгача одатда бола туғадиган ёшдаги аёллар сони 40 фоизга камаяди, чунки 1990-йилларда улар кам туғилган, дейди Алексей Ракша.

2022 йил май ойида Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова сўнгги ўн йил ичида репродуктив ёшдаги аёллар сони 2010 йилдан 2021 йилгача 4,5 миллионга камайгани ва ҳозирда 7,5 миллионни ташкил этишини маълум қилган эди.

Потенциал оналар сони қисқариши туғилажак болалар сонининг камайишига олиб келади - бу ҳар йили тахминан 2,5-3% га камайиш демакдир.

она ва бола

Сурат манбаси, ITAR-TASS

Сурат тагсўзи, ​​​​

Расмийлар доимий равишда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва демографик чоралар кўриш ҳақида гапиради. Аммо бу чоралар иш берадими?

Агар ёш аёллар сонини кўпайтириш мумкин бўлмаса, унда иккинчи сабабларни кўриб чиқиш мумкин - уларни кўпроқ бола туғишга кўндириш керак.

Сўнгги йилларда ҳукуматнинг демографик сиёсати айнан шунга қаратилди - Владимир Путин аҳоли сони қисқариши муаммоси ва болали оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида мунтазам гапиради. Мамлакатда ҳатто бутун бошли «Демография» миллий лойиҳаси ҳам бор - у Путиннинг 2018 йилда навбатдаги қайта сайланиши олдидан берган ваъдаси асосида йўлга қўйилган.

Ҳукумат кўпинча иқтисодий рағбатлар орқали туғилиш даражасини оширишга ҳаракат қилади. Улардан энг машҳури ва самаралиси оналик капитали - бошқача айтганда, бола туққанлик учун тўловлар эди. Бу ҳақда президентнинг 2006 йилги мурожаатида эълон қилинган эди, дастур 2007 йилда кучга кирди.

Дастлаб оналик капитали икки ёки ундан ортиқ болали оилаларга тўланган. Аммо 2020 йилда у биринчи бола туғилгандан ёки асраб олингандан кейиноқ тўланадиган бўлди. Дастурнинг ўзи Владимир Путиннинг Федерал Мажлисга мурожаатидаги таклифига биноан 2026 йилгача узайтирилди.

2022-ҳарбий чақирув йилнинг ўрталарида у яна туғилиш даражасини ошириш бўйича "қўшимча чора-тадбирлар" ишлаб чиқишни буюрди.

Декабрь ойи ўрталарида Стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар бўйича кенгаш йиғилишида Путин "коронавирус пандемияси оқибатларини енгиб ўтишга, ўлимни камайтиришга муваффақ бўлдик", бироқ "туғилиш даражаси пасайиши буларни йўққа чиқарди», деди. 2022 йилда ўлим даражаси 2021 йилга нисбатан ҳақиқатан ҳам 22,1% га камайди - аммо 2021 йилда 2020 йилга нисбатан ўсган эди.

Шундан сўнг, декабрь ойида президент 17 ёшгача бўлган болалари бор эҳтиёжманд оилалар учун ягона ойлик нафақани эълон қилди.

2023 йил январь ойи охирида президент яна "туғилиш даражасини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар комплекси"ни ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.

2012 йил майида Путиннинг фармонларида туғилишнинг умумий коэффициентини 1,7 га ошириш вазифаси қўйилган эди. 2018 йилда ҳам худди шундай мақсад қўйилган эди. Бу нисбат 2013 йилдан 2016 йилгача бу даражадан юқори эди. Аммо 2017 йилда у пасайишни бошлади ва 1,6 га тушди.

Молиявий чоралар иш беради, лекин ҳар доим ҳам расмийлар хоҳлаган тарзда эмас. Мисол учун, оналик капитали биринчи болага «ўтказилиши» иккинчи болалар туғилиш даражаси пасайишига олиб келди.

Оналик капитали асосан иккинчи бола учун тўланганда, у туғилиш даражасини оширди ёки сақлаб турди, дейди мустақил демограф Алексей Ракша. Тўловнинг асосий қисми биринчи болага ўтказилгандан кейин бир мунча вақт ўтгач, самарадорлик пасая бошлади.

"Яъни, оналик капитали ҳали ҳам туғилиш даражасига ижобий таъсир кўрсатади, аммо бу таъсир пасаймоқда, чунки биринчи боланинг туғилиш даражасига рағбатлантиришлар деярли таъсир қилмайди", деб таъкидлайди Ракша.

Чақалоқлар

Сурат манбаси, Vyacheslav Prokofiev/TASS

Украина билан уруш туғилиш даражасига қандай таъсир қилди?

Россиянинг Украинага ҳужуми, санкциялар ва натижада келиб чиққан иқтисодий инқироз "демографик тўлқин" пасайишига хизмат қилди.

Демограф Игорь Ефремовнинг таъкидлашича, ҳозирча, 2022 йилги маълумотларга қараганда, ҳарбий ҳаракатлар асосий кўрсаткичларга кам таъсир этган.

2022 йил февраль-март ойларида ваҳима юзага келди, рубль курси кескин тушди, хорижий компаниялар мамлакатни тарк эта бошлади, минглаб одамлар чиқиб кетди. "Бундай вазиятда туғилиш даражаси ҳали ҳам бир оз пасайганлиги аниқ эди. Тўғрироғи, доимий пасайиш эмас, балки қисқа муддатли ", дейди Ефремов.

"Ноябрь ойида [2022], биз туғилиш даражаси бироз пасайганини кўрдик, айниқса Москвада. Аммо жами бу беш мингга яқин бола камайишидир. Яъни, бу ҳеч нарса эмас", дейди Ракша. Шундай қилиб, уруш бошланиши русларнинг кўпчилиги учун фарзанд кўришни истамаслиги учун сабаб эмас эди. Буни социология ҳам тасдиқлайди.

Апрель ойида рубль курси бироз барқарорлашди ва оммавий ишдан бўшатишлар олди олинди - одамлар яна фарзанд кўришни режалай бошлади. Буни 2023 йил январь ойидаги маълумотларда ҳам кўриш мумкин: ўшанда туғилиш даражаси ҳатто 0,4 фоизга ошган. Булар апрел ойидаги ҳомиладорликдандир.

Бу силжиш ҳеч қандай катта ўзгариш келтирмади. Ўтган йиллардаги худди шундай туғилиш тўлқини коронавирус карантинлари жорий этилиши билан бирга келган.

Чапел-Хиллдаги Шимолий Каролина университетининг халқаро алоқалар профессори Клаус Ларрес Би би си билан суҳбатда айтишича, 2022 йилнинг март-апрель ойларида русларнинг асосий қисми урушнинг ҳақиқий кўлами ҳақида билмаган бўлиши мумкин, шунинг учун уларнинг режаларига бу таъсир қилмаган.

Бир аёл ўртача қанча бола туғади?

Туғилишнинг йиғинди коэффициенти аёл киши умри давомида ўртача қанча фарзанд дунёга келтиришини кўрсатади.

Туғилишнинг йиғинди коэффициенти

Сурат манбаси, Манба: Росстат

Сурат тагсўзи, Туғилишнинг йиғинди коэффициенти

"[Урушнинг] дастлабки икки ойида ўлимлар кўп бўлди. Улар ҳақида армияда бўлганлардан бошқа ким ҳам билар эди? Аммо кейин бу ҳақда маълумотлар тарқалди. Ўлимлар, санкцияларлар оқибатлари аста тўпланиб таъсир қилади дейди Ларрес. Ефремов ҳам ҳарбий амалиётларнинг салбий таъсири аста-секин тўпланиши ҳақида гапиради.

"Аммо, худди шу сўровларга кўра, сафарбарлик бошланиши руслар учун зарба бўлган", дейди Ракша. Бироқ, ҳозир унинг туғилиш кўрсаткичига таъсирини баҳолаш имконсиз - сентябрь ойи охирида ҳомиладор бўлган болалар фақат июнь ойи иккинчи ярмида туғилиши керак. Шунга кўра, ўзгаришни фақат июль-сентябрь ойларида чиқадиган 2023 йил июнь-июль ойлари учун оператив статистикада кўриш мумкин.

Ҳарбий йўқотишлар туғилиш даражасига ҳам таъсир қилиши мумкин - мамлакатда потенциал оталар камаяди. Бу Россияда туғилиш даражаси синусоидини чуқурлаштириши мумкин. Ва умуман олганда, ҳарбий йўқотишлар туфайли аҳоли сони камаяди.

Инсоний йўқотишлар асосан 2022 йил учун ўлим статистикасида акс этади - аммо тўлиқ эмас, деб ҳисоблайди Алексей Ракша. Мисол учун, агар шахс жорий йил апрелига қадар вафот этган деб эълон қилинмаган бўлса, у 2022 йил маълумотларига киритилмаган.

Алексей Ракша ўзининг Telegram каналида ёзганидек, 2023 йил март ойи бошидаги дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилда урушда ҳалок бўлганларнинг 30 фоиздан 50 фоизигача бўлгани статистик маълумотларга киритилган.

2022 йил охирига келиб, очиқ манбаларга асосланиб, Би би си Украинадаги урушда ҳалок бўлган 10 500 дан ортиқ россиялик аскарни аниқлашга муваффақ бўлган эди.

Эмиграция туғилиш даражасига таъсир қилдими?

Уруш Россияда сўнгги ўн йилликлардаги энг катта эмиграция тўлқинини келтириб чиқарди. Демографлар Россияни тарк этганлар сонини ишончли ҳисоблашнинг иложи йўқлигини айтишади.

Аксар ҳисоб-китобларга кўра, бу миллиондан ортиқ одам бўлиши мумкин. Мисол учун, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россияни тарк этганларнинг эҳтимолий сони 1,3 миллион деди. Худди шундай рақамларни Россия ОАВлари ҳам берган.

Хорижга кетган руслар ҳам туғади ва бу болалар туғилиш статистикасида қайд этилган. Лекин уларни ҳар ойда чоп этиладиган оперативда эмас, балки йиллик рақамлардагина кўриш мумкин. Яъни, 2022 йилги статистикада хорижда туғилган болалар, ҳатто урушнинг дастлабки ойларида муҳожирликда ҳомиладор бўлган аёллардан туғилган болалар ҳам ҳисобга олиниши керак.

Демографларнинг таъкидлашича, ушбу маълумотлардан чет элда туғилган болалар сонини ажратиб кўрсатиш деярли имконсиз. Фақат уларнинг миқёсини чамалаш мумкин.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин 2023 йил февралида ёзган эдики, 2022 йилда 25 мингга яқин россиялик аёл фарзанд кўриш ва уларга иккинчи фуқароликни олиш учун бошқа мамлакатларга сафар қилган. Агар бу кўрсаткич тўғри бўлса, бу бир йилда туғилган барча болаларнинг 2% дан озроғини ташкил этади.

Сентябрь ойи охирида, сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, русларнинг янги тўлқини мамлакатни тарк этди.

"Эҳтимол, эркакларнинг 2% дан ортиғи Россияни тарк этган - 20 ёшдан 40 ёшгача... Уларга оддий ҳарбийлар, кўнгиллилар, сафарбар қилинганлар қўшилади, афтидан эркакларнинг катта қисми, тахминан 2-3 фоизи. Буларнинг барчаси биргаликда 5% ёки ундан ҳам кўпроқни ташкил қилади ", дейди Алексей Ракша.

Украинага босқин ва Украинадан келган қочқинлар Россиядаги демографик вазиятга таъсир қилдими?

БМТнинг ўтган йил октябри бошидаги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан сўнг 2,9 миллион украиналик қочқин Россияда бўлган.

Тўғри, афтидан, улардан оз қисми буни расмийлаштиришга муваффақ бўлган. Шундай қилиб, РБКнинг Ички ишлар вазирлиги маълумотларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда 300 мингга яқин украиналик Россия фуқаролигини олган, бу умумий манзарада жуда кичик кўрсаткич.

Агар қочқинлар, фуқароликни олган ёки олмаганидан қатъи назар, Россия ҳудудида фарзанди бўлса, улар Россиянинг туғилиш статистикасида акс этади - мамлакат ҳудудида туғилган барча чақалоқлар рўйхатга олинади.

2022 йил сентябрида Россия Украинанинг яна тўрт вилояти - Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьени аннекция қилганини эълон қилди. Росстат ушбу ҳудудларда ўлим ва туғилиш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олмайди.

Донецк

Сурат манбаси, Egor Aleev/TASS

Сурат тагсўзи, Росстат Россия Украинанинг босиб олган ерларидаги туғилиш ва ўлиш маълумотларини юритмайди

Мамлакат қачонгача демографик чоҳда қолади?

Ҳар бир аёлга 2,1 дан паст туғиш даражаси аҳоли кўпайишини таъминламайди - ҳар бир янги авлод аввалгисидан камроқ бўлади. Айнан шу нарса Россияда содир бўлмоқда.

Росстат маълумотларига кўра, туғилиш даражаси 2022 йил охирида ҳар бир аёлга 1,42 болани ташкил этди, 2021 йилда бу рақам 1,5 эди. Бу рақамлар бироз кам баҳоланган бўлиши мумкин, дейди демографлар, чунки улар қисман аҳолини рўйхатга олишга асосланган ва охирги рўйхатга олиш ишонарли эмас. Алексей Ракшанинг ҳисоб-китобига кўра, ҳақиқий коэффициент 1,47-1,48 бўлиши мумкин.

"1990-йиллар охирлари ва 2000-йиллар бошларида бизда 1,2 (1999 йилда - 1,16) эди. Бу даража - 1,2 энг ёмон йилларда (ва ҳозир) Испанияда, Италияда, бирлашгандан кейинги Шарқий Германияда ва ҳозир Шарқий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бир қатор мамлакатларида кузатиляпти", дейди Ракша.

Замонавий Россияда бу даража тушиш, демографнинг прогнозига кўра, фақат энг қийин сценарийларда бўлиши мумкин. Бунинг учун аҳвол ҳозиргидан ҳам баттар бўлиши керак.

"Агар даромад пасайса, умуман турмуш даражаси қандайдир тез ва ҳалокатли тушса, шундай бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча бунинг белгиларини кўрмаяпмиз. Мен туғилиш даражаси аста-секин камайиши ҳақида гапиришим мумкин», дейди Ракша.

Росстатнинг 2019 йил кузида берган асосий прогнозига кўра, 2023 йилда туғилиш даражаси ҳар бир аёлга 1,4 болани ташкил қилиши мумкин. Ҳозирча бу башорат амалга ошмоқда.

2022 йилда Россияда 1,306 миллион бола туғилган. Росстат ўзининг асосий прогнозида 2023 йилда 1,292 миллион туғилишни тахмин қилмоқда. Ракша тахминан 1,2-1,25 миллион бола туғилишига ишонади.

Шу билан бирга, мамлакатнинг замонавий тарихидаги мутлақ минимал кўрсаткич 1999 йилда 1,25 миллионни ташкил этган (бу маълумотлар 2014 йилда Россия томонидан аннекция қилинган Қрим бўйича статистик маълумотларни ҳам ўз ичига олади, фақат ўша вақтдаги ҳисоблар олинган).

"Агар бу йил 1,25 миллиондан кам бўлса, бу умуман барча тинчлик йилларидагидан анча паст бўлади. Ва, эҳтимол, 1943 йилдагидан ҳам пастроқ бўлар. Ўтган йилги кўрсатгич вақт бўйича 18-19-асрларнинг қаеригадир мос келади, деб тушунтиради Ракша.

Шунга ўхшаш ҳолатни Европанинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, одамлар камроқ туғмоқда, лекин болаларни катта қилиб, тарбиялашга кўпроқ маблағ сарфламоқда.

Иқтисодий вазият ва умуман келажакнинг мавҳумлиги, демографлар фикрича, узоқ йиллар давомида мамлакатда туғилиш даражасига таъсир қилади.

"Агар сулҳ бўлса, қандайдир келишувга эришилса ва санкциялар ҳеч бўлмаганда қисман олиб ташланса, аҳоли сони ҳам аста тикланади, деб ўйлайман", дейди Ларрес Би би сига.

Муҳаррир Ольга Шамина

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002