Исроил-Ғазо: Фаластин сиёсатини янгидан бошлаш вақти келдими?

  • Люси Уиллямсон
  • BBC News, Қуддуси Шариф
Palestinian President Mahmoud Abbas attends a press conference with Turkish president following their meeting in Ankara, Turkey, 5 March 2024

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Маҳмуд Аббоснинг нуфузи тушиб кетган

Агар сиз соғлом, ишлайдиган Фаластин ҳукуматини тузмоқчи бўлсангиз, эҳтимол, ҳаммасини олдинроқдан бошлаш керакдир.

Охирги марта 18 йил олдин фаластинликлар ўз миллий етакчилари учун овоз бериш имкониятига эга бўлгандилар.

Ўша сайловлар фуқаролар урушига сабаб бўлган эди.

Сайловларда ғалаба қозонган Ҳамас ва энг йирик сиёсий фракция Фатҳ Ғазо кўчаларида бир-бирига қарата ўқ узган эди.

Алоқадор мавзулар:

Жанглар Ҳамаснинг Ғазо секторини ўз назоратига олиши ва Фатҳнинг Ғазодан чиқиб кетиб, Ғарбий Соҳилни Фаластин маъмурияти (ФМ) орқали бошқариши билан якунланди.

Бу бир авлод давом этган сиёсий совуқ уруш эди. Саёҳат шу ердан бошланади.

Сабри Саидамдан қитибос

Сурат манбаси, .

7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилга қилган ҳужуми ва Ғазо уруши бу манзарани бузиб юборди: Исроил Ҳамасни йўқ қилиш ниятида эканини айтади. Халқаро ҳамжамият нигоҳи Фаластинликларни янги, урушдан кейинги даврга олиб борадиган ФМга қаратилган.

Олдинда кўплаб синовлар турибди.

Биринчиси синов - ишонч. Ғазо уруши Фаластин сиёсатини ларзага солган бўлиши мумкин, аммо у ўзгартирмаган кам сонли ҳолатлардан бири АҚШ Ғазони бошқаради деб умид қилаётган ФМдан ҳафсала пир бўлганидир.

ФМни кўпчилик коррупционер ва самарасиз деб, баъзилар эса Исроил ҳукуматининг Ғарбий Соҳилда хавфсизликни таъминловчи малайи деб билади.

Рамаллоҳдаги Фаластин Сиёсат ва тадқиқот маркази яқинда ўтказган сўров кўрсатдики, кўпчилик фаластинликлар ФМни тарқатиб юбориш керак, деб ҳисоблайди. Ғарбий Соҳил президенти Маҳмуд Аббосдан розилар атиги 8 фоиз экан.

Жаноб Аббос ислоҳотга ишора қилиш мақсадида бош вазир Муҳаммад Штайени алмаштирди. Лекин у ҳеч нарсани силжитмади.

Янги бош вазир, иқтисодчи Муҳаммад Мустафога технократик муваққат ҳукуматни бошқариш ва Фаластиннинг барча сиёсий гуруҳларини, жумладан, Ҳамасни янги, ягона қараш атрофида бирлаштириш вазифаси юклатилди.

Яна бир синов - бирлик масаласи.

Фатҳнинг юқори мартабали мулозимларидан бири Сабри Саидам менга ҳукумат истеъфоси Ҳамас каби бошқа фракцияларга "гапириш", "келажакда ўз сиёсий позициялари ва мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш учун имкон бериш" эканлигини айтди.

"Ҳамас билан билвосита музокаралар олиб бордик. "Биз […] икки давлат ечимини ҳурмат қилиш муҳимлигини яна бир бор таъкидладик", дея исроилликлар ва фаластинликлар алоҳида давлатлар бўлиб ёнма-ён яшашлари мумкинлиги ҳақидаги режага ишора қилдик.»

"Ижобий белгилар ҳам йўқ эмас."

Ўтган ой Фатҳ ва Ҳамас вакиллари Москвада бошқа Фаластин гуруҳлари билан учрашиб, келгуси йўлларни муҳокама қилдилар.

Ижобий белги сифатида, Ҳамас аввалроқ Исроил билан тинчлик бўйича музокаралар олиб борган Фаластин Озодлик Ташкилотини (ФОТ) қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, йиғилишни маъқуллади.

Аммо Москвадаги ўша илиқ лаҳза Ҳамас жаноб Мустафонинг Бош вазирликка тайинланишидан норозилиги ва Маҳмуд Аббосни бир томонлама ҳаракат қилишда ва миллий келишувсиз "бўш қадамлар" қўйганликда айблаши билан барбод бўлди.

"Ҳамас биз кутгандек муносабатда бўлмади", дейди Сабри Саидам, гарчи Ҳамаснинг бу қилиғи унга янгилик бўлмаса ҳам.

"Биз [Ҳамасдан] баъзи ижобий фикрларни эшитяпмиз, аммо амалий ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, ҳар доим муваффақиятсиз бўлади", дейди у менга.

"Бу сафар бошқача бўлиши керак. Қуруқ гаплашиб ўтиришга вақтимиз йўқ."

Фатҳ Ҳамасни 7 октябрда Исроилга ҳужум қилиб, Фаластин халқи учун "ҳалокат" келтирганликда, 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилганда юз минглаб фаластинликлар кўчирилишидан ҳам ёмонроқ фалокатда айблади.

Сабри Саидамнинг айтишича, ҳозир Фатҳ бу воқеа Ҳамаснинг ФОТ билан музокаралари якунига етганини ёки "бу шунчаки Ҳамас ичидаги тартибсизликни акс эттираётгани" маълум бўлишини кутмоқда.

Бу ҳали бошланиши, аммо ҳозирча ФМнинг «янгиланиши» на рақобатдош сиёсий фракциялар билан бирликни, на Фаластин халқининг ишончини таъминлади.

Сайловлар ва янги раҳбар иккала ҳолатда ҳам ёрдам бериши мумкин.

"Мендек 33 ёшда бўлиб ҳам жуда тушкунликка тушиш ёмон. Мен ўз мамлакатимда ҳеч қачон овоз бермаганман", дейди қамоқдаги сиёсий лидер Марван Барғутининг ўғли Араб Барғут.

"Менинг ёшимдаги одамлар бошқа кўплаб давлатларда вазирлар ёки парламент аъзоларидир, лекин биз учун ҳатто овоз бериш ҳам орзу, - дейди у менга. - Биз бутун тизимни янгилашимиз керак ва бу фақат сайловлардан кейин содир бўлиши мумкин."

Арабнинг қотилликда айбланиб, Исроил қамоқхонасида беш умрлик қамоқ жазосини ўтаётган отаси Марвон, эҳтимол, Фаластин сиёсатидаги энг нуфузли шахсдир. Унинг тарафдорлари уни Фаластин Манделаси деб аташади.

Palestinians walk past the ruins of houses destroyed during Israel's military offensive, amid the ongoing conflict between Israel and Hamas, in Gaza City, March 20, 2024

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил амалиётида Ғазо бўлгасининг катта қисми вайрон бўлди

У Фаластиннинг турли гуруҳларини бирлаштира оладиган кам сонли шахслардан бири. Унинг номи Ғазо секторида гаровда қолаётган исроилликларни озод қилиш эвазига Ҳамас озод қилмоқчи бўлган фаластинлик маҳбуслар рўйхатида юқорида бўлиши мумкин.

Аммо Барғут 2011 йилда маҳбусларни айирбошлаш бўйича олдинги келишувдан тўсиб қўйилган ва Исроил ҳукумати ҳозир унинг озод этилишига унчалик рағбат кўрсатмайди.

Исроил Бош вазири Бинжамин Нетаняҳу Фаластин давлати ташкил этилишига тўсқинлик қилишини фахр билан эълон қилди. У Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори ўртасидаги бўлинишни тўсқинлик учун ажойиб восита деб билади.

Исроилликларни ўлдиришда айбланган Барғут каби машҳур шахсларга фаластинликларни бошқаришда энг кам имконият берилади.

Маҳмуд Аббоснинг ҳам унинг озод бўлишидан қўрқадиган жойи бор.

Фаластин Сиёсат ва Тадқиқот Маркази ўз сўровларида Марван Барғутни Ҳамасдан Исмоил Ҳания ва ФМ раҳбари Маҳмуд Аббосга қарши ўтказди.

Башоратларга кўра, Марван Барғут иккаласидан катта фарқ билан ғалаба қозониши мумкин.

Потенциал кўприк сифатида кўрилган бошқа шахслар ҳам бор, жумладан, Муҳаммад Даҳлан. Лекин ҳатто бирлаштирувчи шахс ёки ишончли сайловлар ҳам Фаластин сиёсати олдида турган барча муаммоларни ҳал қила олмайди.

Масалан, бу билан Ҳамас билан нима қилиш кераклиги муаммоси ҳал этилмайди.

Беш ойдан ортиқ давом этган урушдан кейин ҳам Ҳамас Ғазо секторида қай даражада ҳокимиятни эгаллаб турганини баҳолаш қийин.

Ҳуқуқ ва тартибот ��узилгани ва Ғазодаги катта оилаларга алоқадор қуролли тўдалар ресурслар учун рақобатлашаётгани ҳақида хабарлар бор.

Аммо Ҳамас жангарилари Ғазо секторида ҳамон Исроил кучлари билан тўқнашмоқда, унинг юқори раҳбариятининг катта қисми ҳамон озод ва, Исроилнинг айтишича, жанубий чегарадаги Рафаҳ шаҳрида Ҳамаснинг бир неча батальони сақланиб қолган.

Ҳатто Ғазо шаҳрида ёрдам тарқатиш учун масъул бўлган фуқаролик қўмиталари ҳам Ҳамас билан боғлиқ, дейди бир ғазолик.

Ғазо секторидаги ҳар қандай янги маъмурият ҳеч бўлмаганда Ҳамаснинг сўзсиз қўллаб-қувватловини олиши керак, акс ҳолда, зиддият ёки исён давом этади.

Дилемма шуки, АҚШ ва, албатта, Исроил каби ташқи кучлар қаршилигисиз Ғазо секторидаги Ҳамасга қандай қилиб ўрин беришдир. Исроил эса ФМнинг ҳам Ғазони бошқаришини истамаяпти.

Катта савол - Ҳамасни қўллаб-қувватловчилар билан боғлиқ.

Бу дилемма иккала Фаластин ҳудудида ҳам Ҳамасни қўллаб-қувватлашнинг давом этиши билан мураккаблашади.

Урушнинг дастлабки бир неча ойларида қўллаб-қувватлаш кескин ошди ва ҳозир бироз пасаяётганга ўхшайди, лекин Фаластин Сиёсат ва Тадқиқот Маркази томонидан сўралганларнинг кўпчилиги урушдан кейин Ҳамас Ғазони бошқаришини хоҳлашларини айтган; фақат 11% одам ФМни истайди.

Фаластинликлар охирги марта 2006 йилги сайловларда овоз беришган, ўшанда Ҳамас ғалаба қозонган. Уларнинг ҳар қандай янги сайловларда қатнашиши имконияти деярли нолга тенг, аммо бу аҳоли кайфиятини ўзгартирмайди.

Исроил қўшинлари Ғазо секторини босиб ўтаётган бир пайтда, Фаластин сиёсатининг янги шакли қандай бўлиши ҳали аниқ эмас. Уруш қандай тугаши ва ундан кейин Ҳамаснинг қанчалик кучлилиги ҳал қилади.

АҚШ ҳукумати эса Фаластин раҳбарлари ва уларнинг араб иттифоқчиларини бирлашишга ундаш учун бўлажак Фаластин давлати билан қизиқтирмоқда.

Аммо халқаро миқёсда қўллаб-қувватланган тинчлик келишувлари ва улар яратган институтларнинг муваффақиятсизлиги Ҳамас каби қуролли гуруҳлар қўллаб-қувватланишига қисман сабабчидир.

Сайловга тайёргарлик кўриш, Сабри Саидамнинг фикрича, Фаластин сиёсатига ишончни тиклаш учун энг катта қадамдир.

Унинг айтишича, биринчи навбатда Ғазони қайта қуриш бўлади. "Ўйлайманки, биз тикланиш босқичига кирганимиздан сўнг, бир ярим йил ичида сайлов санасини белгиласак, бу жуда фойдали бўлади. Дунё ниятимиз жиддий эканлигимизни тушунади. "

Сўнгги йигирма йил ичида Фаластин сиёсатидаги кескин ўзгаришлар камдан-кам ва баъзан зўравонлик билан содир бўлди.

Буларнинг барчасига қарамай, Араб Барғут оптимист.

"Биз фаластинликлар умидсиз бўлмаслигимиз керак, - дейди у менга. - Умидимизни йўқотсак, юртимиздан, еримиздан айриламиз. Фаластинликлар умидга муҳтож. Бизда анчадан буён умид йўқ эди."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002