Россия кучаймоқчими ёки Путин қаерга кетди? O'zbekiston Rossiya Xitoy Dunyo Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Путин 7 май куни расман қасамёд келтирган ва ўзининг бешинчи президентлик ваколати ижросига киришган.

Сўнгги тафсилотлар...

Алоқадор мавзулар

Нима гап?

Xitoy prezidenti

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Си Цзиньпин 2022 йил октябрь ойида бўлиб ўтган сайловда яна бир бор ғолиб чиққан. Хитойда ҳам президент мамлакат Қуролли кучларининг Бош қўмондони ҳам саналади

Россиянинг янги сайланган президенти ўзининг илк хорижий сафарини Хитойдан бошлади.

Бу, бошқа томондан, Путиннинг сўнгги Украина уруши фонида Хитойга амалга ошираётган оз эмас, кўп эмас - учинчи ташрифи экани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.

Путин 7 май куни расман қасамёд келтирган ва ўзининг бешинчи президентлик ваколати ижросига киришган.

Россия президентининг давлат ташрифи етакчи Ғарб оммавий ахборот воситаларида сарлавҳаларга чиқди, шу соатларда жонли ёритилаётган мавзулардан бирига айланди.

Хитой жорий пайтда Россия, йилларки, ўзининг сиёсий ва геосиёсий таъсири остида тутиб келишга интилаётган Марказий Осиёда ҳам энг йирик геоиқтисодий қудрат бўлади.

Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётган худди ана шу Россиянинг ўрнига энди минтақада ўзининг геосиёсий таъсирини ҳам кучайтириш эҳтимоли юқори бўлган "янги ўйинчи" давлат.

Давлат ташрифи

Rossiya va Xitoy prezidentlari

Сурат манбаси, kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Си Цзиньпиннинг айтишича, Хитой ва Россия ўртасидаги алоқалар "йирик қудратлар ўртасидаги муносабатларнинг намунаси"га айланган.

Путин, бугун, пайшанба куни давлат ташрифи билан Пекинга келган.

Хабарларга кўра, Россия президенти "қадрдон дўсти" билан музокараларини аллақачон якунлаб ҳам бўлган.

Путин Си Цзиньпин билан нақ икки ярим соат гаплашган.

Россия президенти ўзи билан бирга Хитойга барча муҳим лавозимлардаги амалдорларини ҳам олиб келгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, Пекиндаги музокаралар чоғида Украина масаласи ҳам кун тартибида бўлган.

Буни шу соатларда Путиннинг ўзи расман тасдиқлаган.

Iqtibos

Украина уруши фонида Ғарб Хитойни турли технологиялар ва бутловчи қисмлар билан Россияга кўмак қилаётганликда айблаб келади.

Аммо расмий Пекин уларнинг "ноҳарбий" экани ва тижорат мақсадларида қўлланилишини айтиб, уларнинг айни мазмундаги айбловларини тан олмайди.

АҚШ Давлат котиби орада Хитойни бу ишини тўхтатиш, акс ҳолда Вашингтон чора кўражаги билан огоҳлантирган, аммо унинг айнан нималардан иборат бўлиши тафсилотларига ойдинлик киритмаган.

Россия Хитойга ўзининг "уруш машинаси"ни издан чиқариш учун Ғарб киритган ва киритаётган юзлаб санкциялардан паноҳ излаб кўз тиккан қудрат ҳам бўлади.

Россия президенти эса, Пекиндаги сўнгги музокаралари чоғида Украина инқирозига тинч йўл билан барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун Хитойга миннатдорчилик билдирган.

Путин ҳар икки томон бу бўҳронни "сиёсий йўл билан ҳал қилишни исташлари"ни баён қилган.

Пекиндаги баёнотлар Россия Украинага очган уруш ўзининг учинчи йилига кириб бораётган, Россия жанг жабҳасида яна фаоллашаётган бир пайтга тўғри келган.

Хитой дунёнинг Украина уруши юзасидан расман тинчлик режаси билан чиққан саноқли давлатларидан бири бўлади.

Россия президенти "Осиёда ёпиқ иттифоқларга ўрин йўқлиги"ни таъкидлаган.

Си Цзиньпиннинг айтишича эса, Хитой ва Россия ўртасидаги алоқалар "йирик қудратлар ўртасидаги муносабатларнинг намунаси"га айланган.

Путинга кўра, Москва ва Пекин ўртасидаги ҳамкорлик халқаро майдондаги асосий барқарорлаштирувчи омиллардан биридир.

Унга кўра, Россия ва Хитойнинг кўплаб глобал ва минтақавий муаммоларга ёндашуви бир хил.

Хитой ва Россия лидерлари қўшма матбуот чоғида икки давлат ўртасидаги "стратегик" муносабатларни юқори баҳолашган.

Икковлон, шунингдек, ўсиб бораётган ўзаро савдо ҳажмидан ҳам мамнунлик билдиришган, яна қатор янги шартномалар ҳам имзолашган.

Путин ва Си қўшма матбуот анжуманини оммавий ахборот воситаларининг саволларисиз якунлашган.

"Қадрдон дўстлар"

Xitoy va Rossiya prezidentlari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Си Цзиньпин Путинни "қадрдон дўстим", деб атайди, қўшни давлатларга тажовузи учун танқид қилмайди, Ғарбнинг глобал гегемонлигидан бирга шикоят қилади.

Россиянинг Украинага босқини ортидан, Путинга дунёнинг аксар ривожланган давлатларига эшиклар беркилган.

Таҳлилчиларга кўра, Хитойга икки кунлик давлат ташрифи шахсан Путин учун четга чиқишнинг камдан-кам имкониятларидан биридир.

Хитой Гаагадаги халқаро Жиноят маҳкамаси томонидан Украинада уруш жиноятларида айбланиши ортидан ҳам Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги ордер эмас, қучоқ очиб кутиб олиши аниқ бўлган дунёнинг ягона етакчи давлати.

Си Цзиньпин Путинни "қадрдон дўстим", деб атайди, қўшни давлатларга тажовузи учун танқид қилмайди, Ғарбнинг глобал гегемонлигидан бирга шикоят қилади.

Хитойнинг амалдаги раҳбари Россия президенти билан 40 мартадан кўп учрашган.

Бу дунёнинг бошқа лидерлариникидан икки баробар кўп, деганидир.

Путин Украинага босқини арафасида ҳам Пекинга сафар қилган.

Ўша пайтда томонлар "чексиз дўстлик ва тақиқланган ҳудудларсиз ҳамкорлик" тўғрисидаги баёнотни имзолашган.

Аммо бунинг "учинчи бир томонга қаратилмагани"ни ҳам қўшимча қилишни унутишмаган.

Россиянинг анъанавий иттифоқчиси саналувчи Хитой дунёдаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи, ҳарбий, иқтисодий ва ядровий қудратдан биттаси саналади.

Россия, Хитой ва Ўзбекистон президентлари

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Хитой жорий пайтда Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий таъсири остида тутиб келишга интилаётган Марказий Осиёдаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи бўлади.

Хитой ва минтақа

Хитой жорий пайтда Россия ўзининг сиёсий ва геосиёсий таъсири остида тутиб келишга интилаётган Марказий Осиёдаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи бўлади.

Хитой дунёнинг бирор бир геоиқтисодий қудрати қилмаган ишни қилган, бутун минтақа давлатларини ўз ичига олувчи бир неча миллиардлик йирик иқтисодий лойиҳалар ва яқинда, Россия Украинага очган уруш фонида улар билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган улкан режа билан ҳам чиққан.

Агар, имконли бўлган рақамларга таянилса, 2022 йилда Хитой ва минтақа ўртасидаги савдо кўлами рекорд даражага етган - жами $70 миллиард долларни ташкил этган.

Минтақанинг табиий энергия захираларига чанқоқ ва уларни ўзлаштиришга фаол бош қўшган, катта пул тикаётган давлат.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой бу каби фаоллиги билан минтақада сиёсий таъсир ва энергия ресурслари учун бўлган пойгада асосий геосиёсий рақиблари бўлган Россия ва АҚШни ортда қолдирган, пешқадам мавқеъга чиқиб олган.

Уларнинг айтишларича, бунга Россиянинг Украина уруши билан овора бўлиб қолгани ва Афғонистондан чиқиб кетиш қарори билан Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги таъсири кучсизланиб бораётгани ҳам сабаб бўлган.

Ғарбнинг Украина уруши боис Россияга устма-уст қўллаётган кескин иқтисодий ва молиявий жазо чоралари ҳам жорий пайтда Россияни энергияга чанқоқ Жанубий Осиё, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонга янада яқинлаштирувчи омил сифатида ўртага чиққан, мавжуд ҳолат ҳам ҳар икки томон учун минтақанинг аҳамиятини янада оширган.

Xitoy milliy puli

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар, Ўзбекистон томони 2021 йил март ойида эълон қилган расмий маълумотларга таянилса, мамлакатнинг Хитой банкларидан олган қарзи 4 миллиард долларни ташкил этади.

Ўзбекистон илова барча Марказий Осиё давлатлари Хитойдан миллиардлаб доллар қарз.

Хитой бугун уларнинг энг асосий кредиторларидан бири ҳам саналади.

Экспертлар бунинг сабабини Хитойдан қарз олиш Ғарб давлатларига қараганда тез ва осон экани билан изоҳлашади.

Агар, Ўзбекистон томони 2021 йил март ойида эълон қилган расмий маълумотларга таянилса, мамлакатнинг Хитой банкларидан олган қарзи 4 миллиард долларни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг хорижий кредиторлари рўйхатида Хитой банклари умумиятла тўртинчи ўринни эгаллайди.

Хитойдан олинган миллиардлаб долларлик ташқи қарзни қандай қилиб тўлаш масаласи сўнгги йилларда аксарият минтақа давлатларида жиддий хавотирга молик масалалардан бирига айлангани кўрилади.

Айнан Хитой билан иқтисодий яқинлик ҳатто минтақада ўзига нисбатан тўқ, деб кўрилувчи Қозоғистонда ҳам камдан-кам кузатилувчи норозилик намойишларининг бош мавзуларидан бирига айлангани кузатилади.

Xitoy kuchlari

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодий, ҳарбий ва ядровий қудратларидан бири бўлади

Хитой сўнгги йилларда минтақада хавфсизлик соҳасидаги ролини ҳам кучайтириш ҳаракатида бўлган давлат сифатида кўрилади.

Марказий Осиё дунёнинг нисбатан камбағал ва яқин-яқингача жангарилик муаммосига юз тутиб келган минтақаларидан бири.

Шинжон Уйғур мухтор бўлгаси ва ўзига қўшни Афғонистон мисолида эса, энергия, янги бозорлар ва транзит йўллари баробарида ички хавфсизлиги ҳам Хитойни жиддий хавотирга солиб келаётган асосий муаммолардан.

Ўтган йили Сианда томонлар яна ўзаро англашув руҳида бир-бирларининг асосий манфаатларини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашларини ҳам тасдиқлашгани айтилган.

Айрим минтақавий таҳлилчилар эътирофича эса, Ғарбнинг устма-уст жиддий санкциялари оқибатида халқаро миқёсда тобора иҳоталаниб бораётган Россиянинг ўрнига энди Марказий Осиёда ўзининг геосиёсий таъсирини ҳам кучайтириши эҳтимоли юқори бўлган "янги" ўйинчи.

Ғарб қўшинларининг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош Афғонистонни буткул тарк этишлари ортидан, Толибон муваққат ҳукумати билан ҳам фаол мулоқотда, қисқа вақтнинг ўзида улар билан 25 йиллик йирик иқтисодий битимга ҳам эришиб бўлган.

Экспертларнинг бу каби башоратлари эса, Россия айнан Украина уруши ва унинг ўзи юз тутиб турган оқибатлари боис Марказий Осиё давлатларига ҳар томонлама янада яқинлашиш, Афғонистонни ҳам ўз орбитасига тортиш ҳаракатида бўлган бир пайтда бўй кўрсатмоқда.

Мавжуд ҳолат икки анъанавий иттифоқчи ўртасидаги зимдан бораётган геосиёсий ва геоиқтисодий курашнинг тобора ошкора тус олишига оид талқинларга ҳам замин яратмай қолмаётир.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.