Россияга дўст бўлмасликнинг оқибати ёмон бўладими ёки постсовет ҳудудида янги хавотир Rossiya Putin Yangiliklar

  • Катя Хинкулова
  • Би-би-си муҳаррири
Postsovet davlatlari prezidentlari

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, 1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши постсовет давлатлари учун тарихий имконият бўлди. Аммо буёғи нима бўлади?

Нима гап?

Россиядан юз ўгиришнинг оқибати ёмон бўладими?

Алоқадор мавзулар:

Грузия иккинчи Украинага айланадими?

Gruziya
Сурат тагсўзи, Грузияда Россиядан юз ўгиришнинг оқибатларидан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Грузияда оммавий намойишлар тинмаётир.

Намойишчилар "Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида"ги янги қонунга қарши.

Аммо, норозиликларга қарамай, Грузия парламенти куни-кеча янги қонун лойиҳасини якуний - учинчи ўқишда маъқуллади.

Мухолифат уни "Россия қонуни", деб атаётир.

Аммо мамлакатда Россиядан юз ўгиришнинг оқибатларидан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Агар, уларга таянилса, Европага юз буриш Грузиянинг бошига Украинанинг кунини солиши, яна ишғол ва урушга сабаб бўлиши мумкин.

Iqtibos

Грузия Россия узоқ йиллар давомида ўзининг таъсири остида, деб билган яна бир постсовет давлати.

Аҳолиси тўрт миллион атрофида, Шимолий Кавказда жойлашган.

Шимолий Кавказнинг ўзи ҳам Россия яқин-яқингача якуний сўзни айтиб келган минтақа.

1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши постсовет давлатлари учун тарихий имконият бўлди.

Улар ўшанда ўзлари истаган сиёсий тизимни танлаш ва халқаро ташкилотларга кириш имконига эга эдилар.

Болтиқбўйи давлатлари мисолида бу иш берди.

Россия бу уч постсовет республикасининг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишига қаршилик қилмади.

Аммо Россия ўзининг таъсири остида, деб билган ва Грузиядан кўра анчайин йирикроқ бўлган Украинага келганда, бундай бўлмади.

2014 йилда Европараст руҳдаги оммавий намойишлар ортидан, Украина Россиянинг ўрнига Европа билан яқин иқтисодий ҳамкорлик қилишга қарор қилди.

Расмий Киевнинг бу истаги Россиянинг Қрим ва Украина шарқининг бир қисмини босиб олиши билан якунланди.

Орадан ўн йил ўтиб эса, икки ўртада кенг кўламли уруш авжида ва Украинанинг янада кўпроқ ҳудудлари Россия томонидан ишғол қилинган.

Грузиянинг ҳам худди шундай тақдирга дучор бўлиши эҳтимоли қанчалик катта?

Грузия нега Украина эмас?

Rossiya harbiylari

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Грузия ичидаги вазият кескинлашса ва Москвага хайрихоҳ ҳукумат назоратни йўқотса, Россия яна мамлакатга кириб келадими - асл савол шунда.

Сўнгги ҳафталарда кўплаб таҳлилчилар тарихни эслашмоқда, яъни тобора яккаҳоким бошқарувга талпинаётган ҳукумат мамлакатни демократия йўлидан чалғитади, намойишлар юзага келади ва саҳнага Россия чиқади.

Чунки 2013-2014 йилларда Украина мисолида худди шундай бўлган, 2022 йилга келиб эса, аҳвол баттар ёмонлашган, 1945 йилдан кейин Европадаги энг йириги бўлган урушга айланиб кетган.

Аммо катта фарқлар ҳам мавжуд...

2003-2008 йилларда Грузияда ҳам худди Украинадагига ўхшаш воқеалар юз берган.

Мамлакат оммавий намойишларга саҳна бўлган, бунинг ортидан Россия бостириб кирган.

Грузиянинг 20 фоизча ҳудуди ҳозир ҳам Россиянинг ишғоли остида.

Аммо Грузия ичидаги вазият кескинлашса ва Москвага хайрихоҳ ҳукумат назоратни йўқотса, Россия яна мамлакатга кириб келадими - асл савол шунда.

Бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди, аммо "Грузия орзуси"нинг ҳокимиятни қўлдан бой бериши эҳтимоли ҳақиқатдан анчайин йироқ.

Би-би-си мухбири Нина Ахметели таъкидлаганидек, Грузия жамияти қутблашган ва аҳолининг салмоқли қисми вазиятнинг янада кескинлашишидан қўрқади.

Баъзилар бошқарувдаги партияни чин дилдан қўллайди.

Айримларга кўра, иқтисоди қудратли қўшнисига боғлиқ Грузияга ўхшаган кичик давлатлар учун Россия билан бирга бўлишдан бошқа амалий танловнинг ўзи йўқ.

Ҳатто Украинага босқинидан кейин заифлашган бўлса-да, Россияга қарши жанг қилиш ҳақида ўйлашнинг ўзи учун ҳам Грузиянинг Армияси жуда кичиклик қилади.

Бидзина Иванишвили "Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши арафасида қилган камдан-кам чиқишларининг бирида янги қонуннинг нега кераклигига ўзининг изоҳини берди.

Унинг айтишича, янги қонун Ғарбнинг Россия билан қарама-қаршилигида грузинлардан палахмон тоши сифатида фойдаланиш уринишларига чек қўйиш учун зарур.

Пойтахт Тбилиси кўчалари аксарияти 35 ёшдан кичик намойишчилар билан тўлалигича қоларкан, Грузиянинг келажаги қил устидадир.

Кўпчилик сиёсати Россияникига ўхшашиб бораётган мамлакатда яшаш истиқболидан даҳшатда.

Бироқ тўқнаш келиб турган моддий ва инсоний талафотларни назарда тутаркан, Украинага ўхшаб азоб чекиш эҳтимолидан қўрқаётганлар ҳам кам эмас.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002