Ўзбекистон: Бекобод ИИБдаги ўлим юзасидан “участковийни айбдор қилишга ҳаракат бўлаётгани” айтилди, “Бахти Ташкентский” судини ёритган журналист эса бўлимга чақирилди (Видео)

dilmurod

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Яқинлари 43 яшар Дилмурод Юсупвалиевни ички ишлар ходими аёвсиз ургани ва тепганини даъво қилмоқда.

Бекобод туман ИИБда вафот этган 43 яшар эркакнинг калтаклангани бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар қанчалик ўрганилгани ҳамон номаълум қолмоқда. "Кўча" судини ёритган Daryo.uz журналисти эса ИИБга чақирилган.

Ўтган ҳафта охирида Бекобод туман ИИБ биносида эркак кишининг ўлиги чиққани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ҳолат юзасидан биринчилардан хабар берган собиқ депутат Расул Кушербаев воқеа 19 июнь куни юз берганини ёзган.

"…Бекобод шаҳар ЖИБ судида суд қарорига эътироз билдириб, тартибсизлик қилгани учун ИИБ ходимлари фуқаролар ака-ука Дилмурод Юсупвалиев ҳамда Дилшод Юсупвалиев ИИБ биносига мажбурий олиб кетилган. Сўнгра ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида 1981 йилда туғилган фуқаро Дилмурод Юсупвалиев тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Яқинларига кўра, жараёнлар ИИБдаги виеокамерларга тушган", ёзган Кушербаев.

Би-би-си билан 22 июнь куни аноним гаплашган марҳумнинг яқинлари ҳам ички ишлар ходими "Дилмуродни аёвсиз урган"ини даъво қилди.

Уларнинг ҳикоя қилишича, суд Бекободда уч ака-уканинг энг кенжаси Ҳусан устидан бўлган.

Судда унинг отаси Аҳмадали бува, акалари Дилшод ва Дилмурод Юсупвалиевлар ҳам қатнашган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Марҳум яқинининг айтишича, судда чиққан ҳукмдан Аҳмадали бува норози бўлиб судяга қаттиқ гапирганида, ўзаро жанжал чиққан ва милиция қариянинг қўлини қайирган, судланувчининг икки акаси отани ҳимоя қилиш учун ўртага чиққанда, улар ҳам қўллари қайрилиб ИИБга олиб кетилган.

Энг катта ака — Дилшоднинг айтишича, укаси Дилмуродни бир неча ИИБ ходими "аёвсиз" қаттиқ уришган ва тепишган, унинг ўзини ҳам уришгани оқибатида бир қулоғи пардаси ёрилиб эшитмай қолган.

У укасининг "бўлди-бўлди" дея ялингани, қайта-қайта тез ёрдам сўраганини эшитган, тез ёрдам чақирилмаган.

Ниҳоят, у укасига етиб, унинг оғзига нафас бериши ва юрагини уқалашларига қарамай Дилмуродда ҳаёт белгилари бўлмаган.

Марҳумнинг яқинлари Би-би-сига 21 июнь куни вилоятдан ИИБ расмийлари келиб, оила билан учрашганини айтди.

Уларнинг сўзлашича, майит кўмилган, унинг ортидан тўрт фарзанд — 2 ўғил ва 2 қиз қолган.

Шунингдек, яқинлар ҳолатни ёритишга киришган маҳаллий блогер барча маълумотни каналидан ўчириб ташлагани, оила билан ёзиб олган видеоларини уларга бермаётганини ҳам иддао қилди.

22 июнь куни Би-би-си билан бўлган мулоқотда оиланинг даъво қилишича, "ҳозирда шу ҳудуд нозирини расмий айбдор қилиб кўрсатиш ҳаракатлари бўляпти".

Айни дамда, Би-би-си бу иддаоларни тасдиқлаш имкониятига эга эмас.

Ички ишлар вазирлиги марҳумнинг калтакланганига оид хабар-иддаоларга ҳалига қадар муносабат билдирмаган.

shohruh

Тошкент вилояти ИИББ Дилмурод Юсупвалиевнинг соғлиги ИИБ биносига кириш йўлагида ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, ��ейинроқ унинг вафот этгани аниқланганини билдирган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъий назар фавқулодда ҳолат сифатида кўрилиши ҳамда воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини маълум қилган.

Шунингдек, ИИВ марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия ҳам билдирган.

Бир вақтнинг ўзида, Омбудсман ҳолат бўйича Бош прокуратурага назорат хати юборганини маълум этилган.

"Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди", дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тарқатган расмий хабарда.

Бироқ шу вақтга қадар на ИИВ, на Бош прокуратура Дилмурод Юсупвалиев ИИБ биносида калтакланиш ортидан вафот этгани эҳтимоли қанчалик ўрганилганига ойдинлик киритмаган.

ИИБга чақирилган Daryo.uz журналисти

daryo

Сурат манбаси, Daryo.uz

"Бахти Ташкентский" лақаби билан машҳур Бахтиёр Қудратуллаев ва яна 36 нафар айбланувчи устидан бўлаётган суд мажлисини ёритиб келаётган журналист Отабек Қўлдошев ИИБга чақирилган.

Бу ҳақда Қўлдошев ишлайдиган Daryo.uz нашри хабар берган.

Хабарда журналист устидан "кўча суди"га раислик қилаётган судья Толибжон Обидов шикоят киритгани айтилган.

Daryo.uz 22 июнь куни Юнусобод туман ИИБ таянч пунктига чақиртирилган ўз журналисти июнь бошида "кўча иши"га оид очиқ судда янграган маълумотни нашр сайтида ёритгани учун гумонланувчи саналаётганидан хабар топгани ҳақида ёзган.

Шунингдек, Daryo.uz хабарида Қўлдошев шикоят нусхаси билан таништирилмагани қўшимча қилинган.

"Хўш, нима айб қилдим? Қайси ишим хато?", деган саволни берган журналист профилактика инспекторидан "Ўша кунги судда видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатганингиз учун", деган жавобни берган. Шунингдек, ИИБ ходимлари журналист олиб чиққан маълумот хорижий ОАВда чиқиб кетганини айтган", дейилади хабарда.

daryo

Сурат манбаси, Daryo.uz

Нашр ички ишлар ходимлари эътирозига сабаб бўлган хабар мазмуни "Бахти Ташкентский" судда Ўзбекистонда "кўча"ни назорат қилишни унга давлат ташкилоти ишониб топширгани ҳақида айтганидан иборат бўлганини билдирган.

"Daryo.uz журналисти Отабек Қўлдошев 2024 йилнинг 3 июнь куни Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов томонидан очиқ суд дейилган судда қатнашиб, судья саволларига жавоб берган Бахтиёр Қудратуллаевнинг қамоқдан чиққанидан сўнг, давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун "кўча"ни тартибга солишни сўраганини айтганини ёзганди. Таҳририят бу гапларнинг исботи сифатида суд жараёнида тасвирга олинган видеони ҳам эълон қилганди", ёзган нашр.

Daryo.uz ўз журналистининг ИИБга чақирилиб, унинг устидан ёзилган шикоят аризаси билан таништирилмаган ҳолда тушунтириш хати ёздириб олинганига эътироз билдирган.

"Ваҳоланки, бу хабар "Дарё" интернет нашрида эълон қилинган ва бу хабарнинг эгаси тўғридан тўғри сайт ҳисобланади — айнан бир нафар журналист эмас", дейилади таҳририят баёнотида.

Бу ҳолат кейинги вақтлар Ўзбекистонда сўз, матбуот ва бошқа фуқаровий эркинликлар билан боғлиқ вазият абгорлашиб бораётгани айтилаётган бир пайтда чиқмоқда.

"Журналист очиқ судни ёритгани учун ИИБга чақирилиб, суд ишида гумонланувчига айлантирилганини қоралайман. Бу каби кейслар янги Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ўзининг тарихий минимумига етаётганидан дарак", дея ёзган таниқли комик ва публицист Нозим Сафаров.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов Бахтиёр Қудратуллаевнинг давлат ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаганига оид иддаосини матбуотга олиб чиққани учун журналист Отабек Қўлдошевга чора кўрилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

tashanov

"Аввало, мамлакатимиз ҳуқуқий демократик ўлка бўлганида "Судья нега Ташкентскийнинг кўрсатмасига аниқлик киритишга ҳаракат қилмади? Унинг кўрсатмасидан келиб чиқиб, нега ўша давлат ташкилотини аниқламади" деган савол билан бошлардим постни. Бундай савол айни пайтда ортиқча, айтолмасак ҳам нималар бўлаётганини кўриб турибмиз. Қолаверса, судьяларимизда бунақанги жасоратнинг ўзи йўқ ёки ўғрининг нима демоқчилигини билишади улар", ёзган у.

"Журналистларга қийин замонлар келяпти. Етти ўлчаб бир кесмоқ, интиргалардан узоқ туриш даври. Бу жараёнда АОКА, Журналистлар союзи, аллақандай масс-медиаларнинг кўмагига умид боғламанг, улар ҳам Сиз каби ночор одамлар… фақат халқанинг бошқа бир бўғинида. Лекин кўнгилга таскин берадиган яна бир жиҳат бор — жамоатчиликнинг вазиятга таъсири ортмоқда. Аксинча, бечора судья бундай кулгили ҳолатга тушмасди", дея фикрини якунлаган Ташанов.

Ўхшаш фикрни илгари сурган блогер Зафарбек Солижонов Daryo.uz журналисти билан бўлган ҳолат "эски давр фишкалари ишга тушаётгани"дан дарак бераётгани ҳақида ёзган.

"Мазкур ишда эса журналистдан "йўқ жойдан айб қидириш" — эски давр фишкаси илк бор ва яна ишга тушаётганини кўряпмиз. Эски даврни танқид қилганлар ўша даврга қайтаётгани ўзлари учун аламли бўлиши керак".

Мамлакат ҳукумати журналист билан юз берган ҳолат бўйича расмий муносабат эълон қилгани кўзга ташланмаган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.